«Кўз эвазига кўз» нима дегани?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
«Кўз эвазига кўз» қонунини Худо қадимда Исроил халқига Мусо пайғамбар орқали берган. Бу қонунни Исо Масиҳ ҳам Тоғдаги ваъзида такрорлаб ўтган. (Матто 5:38; Чиқиш 21:24, 25; Қонунлар 19:21) Бу, жиноятчи ҳукм қилинаётганда жазо унинг қилмишига яраша бўлиши кераклигини англатганa.
Бу қонун қасддан зиён келтирган кишини ҳукм қилаётганда қўлланилган. Қасддан жиноят содир этган киши тўғрисида Мусонинг Таврот китобида қуйидагича ёзилган: «Шикаст эвазига шикаст, кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш. У бошқа инсонга қанақа жароҳат етказса, унга ҳам худди шунақа жароҳат етказилсин». (Левилар 24:20)
«Кўз эвазига кўз» қонуни нима мақсадда берилган?
«Кўз эвазига кўз» ҳақидаги қонун кишига шахсан қасос ёки ўч олиш ҳуқуқини бермаган. Бу қонун ҳакамларга ҳукм чиқарганда ҳаддан ошиқ шафқатсиз бўлмасликка ёки кўнгилчанлик қилмасликка ёрдам берган.
Бу қонун бошқаларга қасддан зарар етказишни ният қилган ёки буни амалга оширишни режалаштирган ҳар қандай кишига огоҳлантирув бўлган. Тавротда шундай тушунтирилган эди: «Шунда буни эшитган ҳар ким [Худонинг адолати намоён бўлаётганини кузатаётганлар] қўрқиб қолади ва орангизда ҳеч ким бундай ёмон ишга асло қўл урмайди». (Қонунлар 19:20)
Бу қонун масиҳийларга ҳам тегишлими?
Йўқ. Мазкур қонун масиҳийларга тегишли эмас. У Мусонинг Таврот китобида келтирилган эди, лекин Исонинг тўлов қурбонлиги бу қонунни бекор қилди. (Римликларга 10:4)
Шундай бўлса ҳам, мазкур қонун Аллоҳнинг фикрлаш тарзини кўпроқ тушунишимизга кўмаклашяпти. Масалан, ундан Худо ҳаққониятни севишини кўряпмиз. (Забур 89:14) Қолаверса, бу Худонинг адолат борасидаги меъёрини, яъни гуноҳкорлар етарлича жазоланиши кераклигини очиб беряпти. (Еремиё 30:11)
«Кўз эвазига кўз» қонуни борасидаги нотўғри фикрлар
Нотўғри фикр: «кўз эвазига кўз» қонуни ҳаддан ташқари шафқатсиз эди.
Факт: бу қонун фақатгина адолатни кўзлаб, шафқатсизлик ёки золимлик билан амалга оширилмаган. Аксинча, мазкур қонун тўғри қўлланилганда холис ҳакамлар жазо чиқаришдан аввал, биринчи навбатда, вазиятни ҳар томонлама кўриб чиқишга ва қилмиш қанчалик қасддан қилинганига диққат қаратишган. (Чиқиш 21:28–30; Саҳрода 35:22–25) Шу йўсин, «кўз эвазига кўз» қонуни жазони ҳаддан ташқари ошириб юбормасликка ёрдам берган.
Нотўғри фикр: «кўз эвазига кўз» қонуни кишига истаганча қасос олишга ваколат берган.
Факт: Мусонинг Қонунида: «Халқингиз ўғилларидан ўч олманглар ва уларга кек сақламанглар», деб ёзилган эди. (Левилар 19:18) Бу қонун ўч олиш ваколатини бермаган. Аксинча, у Худога таянишга ҳамда нотўғри йўл тутганларни жазолаш учун Худо ўрнатган қонуний тизимга ишонишга ундаган. (Қонунлар 32:35)
a Баъзида лотинча лекс талионис ибораси остида ишора қилинган мазкур ҳуқуқий принцип айрим қадимий жамиятнинг қонуний тизимларида ҳам топилган.