50- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Тангри Яҳова сизларни озод қилади
Юртингизнинг бутун аҳолисига озодлик эълон қилинглар. ЛЕВ. 25:10
22- ҚЎШИҚ Шоҳлик ерга ҳам келсин!
БУ МАҚОЛАДАa
1–2. а) Озодлик йили қандай йил бўлган? («Озодлик йили» номли рамкага қаранг.) б) Луқо 4:16–18 га кўра Исо нима ҳақида айтган?
БАЪЗИ мамлакатларда шоҳ ёки қиролича бошқарадиган ҳар 50- йил ўзгача тарзда нишонланади. Одамлар бу байрамни бир кун, бир ҳафта ёки кўпроқ вақт давомида нишонлар, лекин у ўз ниҳоясига етади ва улар уни бора-бора унутади.
2 Ҳозир қадимги Исроилда ҳар 50- йили нишонланган анча муҳимроқ ва бир йил давом этган байрам ҳақида билиб оламиз. Уни нишонлаган инсонлар озодликка эришарди. Нега бу биз учун аҳамиятли? Сабаби, у Яҳова биз учун қилган ажойиб нарсани эслатади. У туфайли биз абадий давом этадиган озодликка эришамиз ва ҳатто бугуннинг ўзида фойда кўрамиз. Исо Масиҳ бу озодлик ҳақида айтган. (Луқо 4:16–18 ни ўқинг.)
3. Левилар 25:8–12 га биноан Озодлик йили исроилликларга қандай фойда келтирган?
3 Исо тилга олган озодлик нимани англатишини яхшироқ тушуниш мақсадида, Худо Исроил халқи учун ташкиллаштирган Озодлик йили тўғрисида кўпроқ маълумотга эга бўлишимиз керак. Яҳова исроилликларга шундай деган: «Аллоҳнинг назарида эллигинчи йил муқаддас бўлиб, юртингизнинг бутун аҳолисига озодлик эълон қилинглар. Ўша йил сизлар учун Озодлик йили бўлсин ва ҳар ким ўз ер-мулкига ҳамда ўз оиласига қайтсин». (Левилар 25:8–12 ни ўқинг.) Ўтган мақолада исроилликлар ҳар ҳафта Шаббатдан қандай фойда олишганини кўриб чиққанмиз. Қизиқ, Озодлик йили уларга қандай фойда келтирган? Айтайлик, исроиллик киши қарзга ботди ва уни тўлаш учун ерини сотишга мажбур. Ўша Озодлик йили давомида бу кишига унинг ери қайтариб бериларди. Шу йўсин, у ўз ер-мулкига қайта эгалик қиларди ва у бола-чақаларига мерос бўлиб ўтарди. Бошқа вазиятда эса, исроиллик киши қарзидан қутилиш учун болаларининг бирини ёки ҳатто ўзини қулликка сотарди. Озодлик йили мобайнида эса, у «ўз оиласига қайтарди». Демак, ҳеч ким абадий қул бўлиб қолмасди. Ҳа, бундан Яҳова Ўз халқига ростдан ҳам ғамхўрлик қилганини кўряпмиз.
4–5. Нима учун Озодлик йили бизни қизиқтириши керак?
4 Озодлик йилининг яна қандай фойдаси бўлган? Яҳова қуйидагиларни тушунтирган: «Орангизда камбағал одам бўлмасин, чунки Тангрингиз Яҳова эгаллашингиз учун мерос қилиб бераётган юртда Яҳова сизларга албатта барака беради». (Қонун. 15:4) Ҳозирги замонда бўлаётган нарсалардан бу анча фарқ қилади. Негаки, одатда бойлар бойиб кетяпти, камбағаллар эса баттар қашшоқлашиб кетяпти.
5 Масиҳийлар сифатида биз Мусонинг Қонунига тобе эмасмиз. Ўтмишда Озодлик йили борасидаги қонун туфайли қуллар озод этиларди, қарзлар бекор қилинарди ва ер-мулк қайтариб бериларди, бизга эса бу қонунга амал қилишнинг кераги йўқ. (Рим. 7:4; 10:4; Эфес. 2:15) Қандай бўлмасин, Озодлик йили ҳақида кўпроқ билиб олишимиз муҳим. Сабаби, бу туфайли озодликдан завқ олишимиз мумкин ва Яҳова исроилликлар учун ташкиллаштирган нарсани эслаймиз.
ИСО ОЗОДЛИК ЭЪЛОН ҚИЛГАН
6. Инсонлар нимадан озод бўлиши керак?
6 Ҳар биримиз озод этилишга муҳтожмиз, чунки даҳшатли қуллик, яъни гуноҳ қуллигидамиз. Гуноҳкор бўлганимиз боис, қариймиз, касал бўламиз ва ўламиз. Кўпчилик кўзгуга қараганда ёки шифокорнинг қабулига борганда бу чиндан ҳам шундай эканини ҳис этади. Гуноҳга қўл урганимизда ҳам руҳимиз тушади. Ҳаворий Павлус гуноҳ ҳақида шундай деган: «[У] танамдаги гуноҳнинг қонунига мени асир қиляпти. Эҳ, қандай бахтсиз одамман-а! Ўлимга дучор бўладиган мана шу танамдан мени ким қутқаради?» (Рим. 7:23, 24)
7. Ишаё озодлик ҳақида нимани башорат қилган?
7 Яхшиямки, Аллоҳ бизни халос қилиш ёки гуноҳдан озод этиш учун чора кўрган. Айнан Исо туфайли бу озодликка эришиш мумкин. Милоддан аввалги саккизинчи асрда Ишаё пайғамбар келажакда аълороқ озод этилиш юз беришини башорат қилган. Бу, исроилликлар Озодлик йили давомида кўрган баракалардан анча аълороқ бўлади. У шундай деб ёзган: «Олий Ҳукмдор Яҳова менга Ўз руҳини берди, Яҳова камтарларга хушхабарни эълон этиш учун мени мойлади. У мени дили вайронларга шифо бериш учун, асирларга озод этилиши... тўғрисида айтиш учун юборди». (Ишаё 61:1) Бу башорат ким билан боғлиқ?
8. Ишаёнинг озодлик ҳақидаги башорати кимда амалга ошган?
8 Бу муҳим башорат Исонинг ер юзидаги хизмати бошлангандан кейин амалга ошишни бошлади. У ўсиб-улғайган Носира шаҳридаги ибодатхонага борган ва у ердаги яҳудийларга Ишаё пайғамбарнинг ушбу сўзларини ўқиб берган. Исо қуйидаги сўзларни ўзига нисбатан қўллаган: «Яҳова менга Ўз руҳини берди, камбағалларга хушхабарни эълон қилиш учун мени мойлади. У мени асирларга озод этилиши, кўрларга кўзлари очилишини ваъз этиб, эзилганларни озодликка чиқариш ҳамда Яҳова учун мақбул вақт тўғрисида гапириш учун юборди». (Луқо 4:16–19) Хўш, у бу башоратни қандай амалга оширган?
ИЛК ОЗОД ЭТИЛИШ
9. Исонинг давридаги кўплар нимадан озод бўлишни истаган?
9 Ишаё башорат қилган ва Исо ўқиб берган эркинлик ёки озодлик ҳақидаги сўзлар биринчи асрда амалга оша бошлаган. Исо: «Сизлар ҳозиргина эшитган бу сўзлар бугун амалга ошди»,— деб таъкидлаган сўзларидан бу чин эканига ишонамиз. (Луқо 4:21) Исонинг сўзларини эшитган кўплар сиёсий ўзгаришлар юз беришига, Рим бошқарувидан халос бўлишга умид қилган. Эҳтимол, улар ҳам: «Биз эса у киши Исроилни озод қилади, дея умид қилгандик»,— деб айтган икки киши каби ўйлашгандир. (Луқо 24:13, 21) Лекин шуни биламизки, Исо издошларини золим Рим бошқарувига қарши исён кўтаришга ундамаган. Аксинча, у: «Подшоҳнинг ҳақини подшоҳга... беринглар»,— деган. (Мат. 22:21) Унда, ўша пайтда Исо қанақасига одамларни озод қилган?
10. Исо одамларга нимадан озод бўлишга ёрдам берди?
10 Исо Масиҳ одамларни иккита нарсадан озод этиш учун ер юзига келган. Биринчидан, Исо дин раҳбарлари олға сурган нотўғри таълимотлардан халос бўлишга ёрдам берди. Кўпгина яҳудийлар ўшанда урф-одатлару сохта таълимотлар исканжасида эди. (Мат. 5:31–37; 15:1–11) Ўзини диндор деб ҳисоблаганлар аслида маънан ожиз эди. Улар Масиҳни ва у ўргатган ҳақиқатни рад этишгани учун, маънавий зулматда қолишган ва гуноҳлари кечирилмаган эди. (Юҳан. 9:1, 14–16, 35–41) Ҳақиқатни етказиш ва яхши ўрнак орқали у камтар инсонлар сохта таълимотлардан қай йўсин халос бўла олишини кўрсатган. (Марк 1:22; 2:23–3:5)
11. Яна қай йўсин Исо инсонлар озод бўлишига имкон яратди?
11 Иккинчидан, Исо барча инсонларга мерос бўлиб ўтган гуноҳ қуллигидан озод бўлиш имконини яратди. У ўз ҳаётини қурбон қилгани учун, Худо бу тўловга ишонган ва уни тан олган кишиларнинг гуноҳларини кечиради. (Иброн. 10:12–18) Исо: «Агар Ўғил сизларни озод этса, чиндан ҳам эркин бўласизлар»,— деб айтган. (Юҳан. 8:36) Бу озодлик исроилликлар Озодлик йили давомида эга бўлиши мумкин бўлган озодликдан аълороқ! Масалан, ўша пайтда исроиллик киши Озодлик йили ўтгач, яна қул бўлиши мумкин эди ва охир-оқибат вафот этарди.
12. Исо эълон қилган озодликдан биринчи бўлиб кимлар фойда кўрди?
12 Мил. 33 йили Ҳосил байрамида Яҳова ҳаворийларни ва бошқа садоқатли эркагу аёлларни муқаддас руҳ билан мойлаган. У уларни ўғилликка қабул қилган, яъни улар Исо билан осмонда ҳукм суришлари учун тирилиш умидига эга бўлган. (Рим. 8:2, 15–17) Бу, Исо Носирадаги ибодатхонада эълон қилган озодликнинг биринчи баракаси эди. Ўша эркагу аёллар яҳудий дин раҳбарларининг сохта таълимотларию урф-одатларининг исканжасидан халос бўлишган. Аллоҳ шунингдек, уларни ўлимга етакловчи гуноҳдан озод қилган. Мажозий Озодлик йили мил. 33 йили Масиҳнинг издошлари мойлангани билан бошланган ва Исонинг Минг йиллик бошқаруви охирида якунланади. Хўш, бу пайт мобайнида нималар амалга оширилади?
МИЛЛИОНЛАБ ОДАМЛАР ОЗОД БЎЛАДИ
13–14. Мойланган масиҳийлардан ташқари, Исо эълон қилган озодлик яна кимларга фойда келтириши мумкин?
13 Бугунги кунда ҳамма халқлардан бўлган миллионлаб самимий инсонлар «бошқа қўйлар» қаторига қўшилмоқда. (Юҳан. 10:16) Худо уларни Исо билан бирга осмонда бошқаришлари учун танламаган. Аксинча, Муқаддас Китобдан билиб олаётганимиздай, улар ер юзида яшаш умидига эга. Сиз ҳам бунга умид қиляпсизми?
14 Ҳатто ҳозирнинг ўзида, сиз ҳам мойланган масиҳийлар эга бўлган баъзи баракалардан баҳраманд бўляпсиз. Исонинг қурбонлигига ишониб, Яҳовадан гуноҳларингиз кечирилишини сўрасангиз бўлади. Натижада, Худо билан яхши муносабатларга ва пок виждонга эга бўласиз. (Эфес. 1:7; Ваҳ. 7:14, 15) Қолаверса, чуқур илдиз отган сохта таълимотлар исканжасидан озод бўлганингиздан нақадар бахтиёр эканингиз ҳақида бир ўйлаб кўринг. Исо: «Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади»,— деган. (Юҳан. 8:32) Ҳа, озод эканимиздан бошимиз кўкка етяпти!
15. Келажакда қандай озодлик ва баракаларга эришамиз?
15 Яқинда бутунлайин озод бўлиш вақти келишини кутишингиз мумкин. Тез орада Исо сохта дин ва ноҳақ инсоний ҳукуматларни йўқ қилади. Аллоҳ Унга хизмат қилаётган «улкан оломонни» ҳимоя қилади ва улар ер юзидаги жаннатда бахтли бўлиб яшашига йўл очади. (Ваҳ. 7:9, 14) Сон-саноқсиз кишилар ҳаётга қайтади ва Одаматонинг гуноҳи келтирган барча ёмон оқибатлардан озод бўлиш имкони туғилади. (Ҳавор. 24:15)
16. Инсонларни келажакда қандай ажойиб озодлик кутяпти?
16 Минг йиллик бошқарув пайтида Исо ва у билан бирга ҳукм сурадиганлар тирилганларга жисмоний ҳамда маънавий жиҳатдан мукаммал бўлишга кўмаклашишади. Ўша тикланиш ва озод бўлиш даври худди Исроилдаги Озодлик йили каби бўлади. Бу дегани, Яҳовага садоқатли бўлиб хизмат қиладиган барча бутунлайин мукаммалликка эришади ва гуноҳ ўтмишда қолиб кетади.
17. Ишаё 65:21–23 да Худонинг халқи билан боғлиқ қандай башорат ёзилган? (Муқовадаги расмга қаранг.)
17 Ишаё 65:21–23 да (ўқинг) келажакда ер юзида ҳаёт қандай бўлиши тасвирланган. Аммо бу қўл қовуштириб ўтирадиган давр бўлмайди. Аксинча, Муқаддас Китобда ёзилишича, Худонинг халқи фойдали ва мамнуният бахш этадиган иш билан банд бўлади. Масиҳнинг Минг йиллик бошқарувининг якунида «яратилганларнинг ўзи ҳам чириш қуллигидан озод этилиб, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлади». (Рим. 8:21)
18. Нега бизни порлоқ келажак кутаётганидан шубҳамиз йўқ?
18 Яҳова исроилликлар ишлаши ва дам олиши учун вақти бўлишига ғамхўрлик қилгандай, келажакдаги Масиҳнинг Минг йиллик бошқарувида ҳам Ўз халқи учун худди шундай қилади. Маънавий ишлар билан шуғулланиш учун муайян вақт ажратилади. Маълумки, бугунги кунда бахтли бўлиш учун Худога топиниш муҳим ва янги дунёда ҳам худди шундай бўлади. Ҳа, Масиҳнинг Минг йиллик бошқарувида ҳамма садоқатли инсонлар хурсанд бўлиб яшайди, чунки улар мамнуният бахш этадиган иш ва Худога хизмат қилиш билан банд бўлишади.
142- ҚЎШИҚ Умидни мустаҳкам ушлайлик
a Яҳова Исроил халқи эркин ёки озод бўлиши учун ўзгача бир нарсани ташкиллаштирган. Бу Озодлик йили эди. Биз масиҳийлар Мусонинг Қонунига тобе эмасмиз. Унда, Озодлик йили биз учун нимани англатади? Ушбу мақоладан Озодлик йили қай йўсин Яҳова биз учун қилган нарсани эслатишини ва бу бизга қандай фойда келтириши мумкинлигини билиб оламиз.
b РАСМГА ШАРҲ. Озодлик йилида қулликдаги одамлар озод бўлиб, оиласига қайтиши ва ўз ер-мулкига қайта эга бўлиши мумкин эди.