Яҳова астойдил излаётганларга барака беради
Худо Уни изловчиларга мукофот беради. ИБРОН. 11:6
1, 2. а) Кўп одамлар барака топиш умидида нималарга боришади? б) Нега Яҳованинг муборакларига муҳтожмиз?
«ХУДО хайрингизни берсин!» Баъзи мамлакатларда, кимдир ёрдам бериб юборса, миннатдорчилик тариқасида шундай сўзларни эшитади. Айрим динларда руҳонийлар одамларга, ҳайвонларга ва ҳатто жонсиз нарсаларга ҳам яхшилик тилаб дуо қилишади. Саёҳатчилар эса, баракалар топиш умидида муқаддас жойларни зиёрат қиладилар. Сиёсатчилар бўлса, халқи учун Худодан баракалар сўрашади. Сизнингча, Эгамизнинг марҳаматига эга бўлиш учун буларнинг ўзи етарлими? Аллоҳнинг қут-баракаларига ким эришиши мумкин ва нега?
2 Яҳова башорат қилганидек, охирзамонда У халқлар аро пок ва тинчликпарвар кишиларни йиғиб олади. Улар, қаршилик ва нафратга қарамай, бутун ер юзида Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни тарқатишади (Ишаё 2:2–4; Мат. 24:14; Ваҳ. 7:9, 14). Биз ҳам мана шу халқнинг бир қисми бўлиб, Эгамизнинг баракаларига эга бўлишни хоҳлаймиз. Зеро, муборакларсиз муваффақиятга эриша олмаймиз (Заб. 126:1). Бироқ, қандай қилиб Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлишимиз мумкин?
Итоатли кишини Яҳова албатта мубораклайди
3. Исроил халқи итоатли бўлганида, натижаси қандай бўларди?
3 Ҳикматлар 10:6, 7 ўқинг. Исроилликлар ваъда қилинган юртнинг остонасида туришганда, Эгамиз Яҳова улар Унга итоатли бўлишса, доимо ҳимояси остида бўлиб, ғамхўрлик қилишини ваъда этган (Амр. 28:1, 2). Дарҳақиқат, Яҳованинг баракалари рамзий маънода Унинг халқи ортидан қувиб, унга етиб оларди. Шак-шубҳасизки, итоаткор киши Худонинг муборакларига мўл-кўл даражада эга бўларди.
4. Чинакам итоаткорлик нима демакдир?
4 Исроил халқи итоаткорликка қандай муносабатда эди? Тавротга биноан, қалби тўла қувонч билан хизмат қилган киши Яҳовага маъқул келарди (Амр. 28:45–47). Чиндан ҳам, ҳайвонлару жинларга сажда қилишнинг ўрнига, Тангри Яҳованинг аниқ йўл-йўриқларига соф дилдан бўйсуниш афзалроқдир (Марк 1:27; Ёқб. 3:3). Самимий итоаткорлигимиз билан Аллоҳга бўлган севгимизни исботлаймиз. Бунинг учун эса, Яҳованинг амрларига риоя қилиб, Уни астойдил излаётганлар мукофотланишига ишонишимиз муҳим. Зеро, Отажонимизнинг амрлари сира ҳам оғир эмас (Иброн. 11:6; 1 Юҳан. 5:3).
5. Яҳованинг ваъдасига ишониш, Амрлар 15:7, 8 даги сўзларга амал қилишга қандай ёрдам беради?
5 Келинг, Амрлар 15:7, 8 даги (ўқингa) қонунга амал қилиш орқали бундай итоаткорликни қандай намоён этиш мумкинлигини кўрайлик. Бу қонунга юзаки риоя қилган киши камбағал одамга ёрдам бериши мумкин эди. Бироқ бу, Худонинг халқи орасидаги муносабатлар мустаҳкамланишига ҳисса қўша олармиди? Ва бу орқали Яҳова Таоло Ўз хизматчилари ҳақида ғамхўрлик қилишига ишонаётганини ҳамда оз бўлса-да, Сахий Отамизга миннатдорликни кўрсатиши мумкинмиди? Қайдам! Ахир Тангри Таоло биринчи навбатда самимий инсоннинг қалбини эътиборга олиб, унга қут-баракалар беришини ваъда қилади (Амр. 15:10). Айнан бу ваъдага ишониш муайян ҳаракатларга ундайди ва натижада кўпгина мубораклар келтиради (Ҳик. 28:20).
6. Ибронийларга 11:6- оят бизни нимада ишонтиряпти?
6 Худо Ўз хизматчиларини мукофотлашига ишонч ҳосил қилишимиз муҳим. Аллоҳнинг баракасига эга бўлиш учун қандай фазилатни ривожлантиришимиз кераклиги ҳақида Ибронийларга 11:6 да ёзилган. Дарҳақиқат, Яҳова «Уни изловчиларга» мукофот беради. Бу ерда қўлланилган қадимги юнонча сўз, ғайратли ва саботли бўлишни англатади. Шундай экан, баракаларга эришиш учун анча уринишлар керак! Зеро, уларнинг манбаи «ёлғон гапирмайдиган» Ҳақ Тангри Таолодир (Титус. 1:2). Ахир, минг йиллар мобайнида бу сўзлар ишончга сазовор эканини Яҳованинг Ўзи исботлаб келяпти-ку! Ҳа, Унинг гапи сира ҳам ерда қолмаган! (Ишаё 55:11). Агар, мустаҳкам имонга эга бўлсак, Яҳова албатта бизга мукофот беради.
7. Иброҳимнинг «зоти» орқали қандай қилиб Аллоҳнинг қут-баракаларига эриша оламиз?
7 Исо Масиҳ, Иброҳим «зоти»нинг муҳим қисми эканлиги исботланган. Мойланган масиҳчилар эса, бу «зот»нинг иккинчи қисмидир. Ҳаворий Бутрус улар ҳақда шундай ёзган: «Худо сизларни қоронғиликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар» (Галат. 3:7–9, 14, 16, 26–29; 1 Бутр. 2:9). Ҳазрати Исо, мойланганларни мол-мулкига ғамхўрлик қилишга тайинлаган экан, уларга қулоқ солмаганлар Яҳова билан дўст бўла олишмайди. «Ишончли ва ақлли хизматкор»нинг кўмагисиз, Худонинг Каломини тушуна олмаймиз ва уни ҳаётимизда қандай қўллаш кераклигини ҳам билмаймиз (Мат. 24:45–47). Муқаддас Китобдан билиб олаётганимизни амалда қўллаб, Аллоҳнинг қут-баракаларига эришамиз.
Худонинг иродасига кўз тикайлик
8, 9. Ёқуб Яҳовага ишонганини қандай намоён этган?
8 Худонинг марҳаматига сазовор бўлиш учун келинг, Ёқуб пайғамбарнинг астойдил ҳаракатларини эслайлик. Гарчи у, Эгамизнинг Иброҳим Халилуллоҳга берган ваъдаси қандай рўёбга чиқишини билмаса-да, отасининг насли кўпайиб, улкан халқ келиб чиқишига ишонарди. Шундай қилиб, мил. авв. 1781- йили Ёқуб хотин топиш ниятида Хоронга йўл олади. У ўзига нафақат чиройликкина, балки Яҳовага садоқат ила хизмат қиладиган ва бўлажак болаларига меҳрибон она бўла оладиган умр йўлдош излаб топмоқчи эди.
9 Биламизки, Ёқуб қариндоши бўлган Роҳилани учратган. Ёқуб уни ёқтириб қолган ва унга уйланиш учун, отаси Лобонга етти йил хизмат қилиб беришга рози бўлган. Бироқ, бу воқеа шунчаки ишқий ҳикоя эмас. Чунки, Ёқуб унинг бобоси Иброҳимга ва дадаси Исҳоққа Қодир Тангри Таоло қандай ваъда берганини яхши биларди (Ибт. 18:18; 22:17, 18; 26:3–5, 24, 25). Исҳоқ ўғли Ёқубга шундай деган: «Қодир Тангри сени баракали қилсин, сенга фаровонлик бериб, наслингни кўпайтирсин, сендан халқлар жамоатини вужудга келтирсин. Иброҳимнинг баракатини сенга ҳамда зурриётингга берсин, токи сен мусофир бўлиб юрган ерни — Худо Иброҳимга берган ерни эгаллаб олгин» (Ибт. 28:3, 4). Демак, Ёқуб яхши хотин излаб, оилали бўлиш учун Яҳованинг айтганларига ишонган.
10. Нега Яҳова Ёқубнинг баракасини берган?
10 Ёқуб шунингдек, оиласи билан бойлик пайидан бўлмаган. Зеро у, Яҳова унинг наслига ғамхўрлик қилишига ишонарди. Шу боис, Ёқуб Худонинг иродасини амалга ошириш билан банд эди. Ҳеч қандай қийинчиликларга қарамай, у қўлидан келганича Яҳованинг марҳаматига эга бўлишга интилган. Буни қарангки, Ёқуб кексайганида ҳам шундай нуқтаи назарни сақлаган. Эгамиз эса, унга барака берган (Ибтидо 32:24–29 ўқинг).
11. Худонинг Каломига мувофиқ биздан нима талаб этилади?
11 Ёқубга ўхшаб, биз ҳам Яҳованинг нияти қандай амалга ошишини батафсил билмасмиз. Аммо-лекин, Худонинг Каломини тадқиқ қилиб, «Раббимизнинг маҳшар куни» борасида муайян белгиларни билиб олишимиз мумкин (2 Бутр. 3:10, 17). Тўғри, ўша кун қачон келишини аниқ билмаймиз, лекин у жудаям яқин эканлиги ҳаммамизга аён. Аминмизки, Аллоҳнинг Каломида айтилганидек мана шу қисқа вақт ичида ваъз қилиб, ўзимизни ҳам, тинглаётганларни ҳам қутқара оламиз (1 Тим. 4:16).
12. Нимада ишончимиз комил?
12 Ўша кун, кутилмаган вақтда келиб қолишини тушуняпмиз. Яҳованинг Ўзи ҳам, ер юзидаги ҳар бир кишига ҳақиқатни айтиб беришимизни кутиб ўтирмайди (Мат. 10:23). Худога минг қатла шукурки, ваъзгўйликда самарали бўлишимиз учун аниқ йўл-йўриқлар олиб турибмиз. Шунингдек, бу фаолиятга барча қобилиятларимизни ишга солиб, маблағларимизни ҳам аямаяпмиз. Зеро, ҳудудимизда ваъзгўйлик фаолияти қандай самаралар келтира олишни олдиндан билмаймиз (Воиз 11:5, 6 ўқинг). Ваъзгўйликда қатнашаётганимиз орқали Яҳова бизга баракаларини бераётганини кўряпмиз (1 Кор. 3:6, 7). Хайриятки, самовий Отамиз астойдил уринишларимизни кўриб турибди ва муқаддас руҳи орқали керакли кўрсатмаларни ўз вақтида тақдим этмоқда (Заб. 31:8).
Муқаддас руҳга эга бўлайлик
13, 14. Худонинг халқи муқаддас руҳ кўмаги билан қандай ишларни бажаряпти?
13 Бирон вазифани бажаришга тажрибасиз ёки ваъз қилишга тайёр эмаслигимизни ҳис қилсак-чи? Унда, Яҳовадан муқаддас руҳни ва бор қобилиятимизни ривожлантиришига ёрдам сўраб ибодат қилайлик (Луқо 11:13 ўқинг). Вазиятингиз ёки тажрибангиз қандай бўлишидан қатъи назар, Худонинг мадади билан хизматингизни бажара оласиз. Мисол учун, исроилликлар Мисрдан чиқишгандан сўнг, жанг олиб боришга қобилиятсиз қул ва чўпонлар бўлишига қарамай, Худонинг руҳи билан душманларини енгишган (Чиқ. 17:8–13). Кейинчалик эса, Яҳова ноёб муқаддас чодирни қуриш учун Базалил ва Охолиёвга Ўз руҳини ато этган. Токи улар ҳаммасини Худонинг айтгани бўйича бажаришсин (Чиқ. 31:2–6; 35:30–35).
14 Бизнинг замонимизда ҳам, Худо Ўз хизматчиларига ташкилотининг турли эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишга муқаддас руҳини бермоқда. Айниқса адабиётларимиз чоп этилиши бошланганида, бу яққол кўринган эди. Босмахонанинг нозири бўлган биродаримиз Роберт Мартин 1927- йилда юз берган ҳодисалар ҳақида шундай деган: «Ҳозирги пайтда кенг эшик очилган. Энди, биз чоп этиш машиналарига эга бўлдик. Гарчи, уларни ишлатиш тўғрисида ҳеч нарсани билмасак ҳам, аминмизки, улардан тўғри фойдаланиш учун Ҳазратимизнинг Ўзи қобилият ҳамда идрок беради. [...] Мана бир неча ҳафта бўлдики, босма машиналарни ишлатиб келяпмиз. Фойдаланишни билмаган кишилар уларни ишлаётган бўлса-да, ҳали ҳеч қайсиниси бузилмади». Ҳа, Тангри Яҳова бугунги кунгача мана шу муҳим ишимизга барака бериб келмоқда.
15. Васвасаларга дуч келаётган бўлсак, Римликларга 8:11 дан қандай далда олишимиз мумкин?
15 Шуни айтиш жоизки, Яҳованинг руҳи бизни ҳар томонлама бошқармоқда. Бу муқаддас руҳ, Худонинг ҳар бир хизматчисига таъсир қилиб, мураккаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдамлашади. Васвасаларга дуч келаётган бўлсак-чи? Ҳаворий Павлуснинг римликларга йўлланган мактубидан далда олишимиз мумкин (Рим. 7:21, 25; 8:11). Ҳа, Исо Масиҳни тирилтирган муқаддас руҳ, тана эҳтиросларига қарши туриб, уларни енгишимизга ҳисса қўшади. Гарчи, Павлус мактубини мойланган масиҳчиларга қарата ёзган бўлса-да, лекин у ердаги маслаҳатлар Аллоҳнинг барча хизматчиларига тааллуқлидир. Ҳаммамиз Исо Масиҳга ишониб, ҳар қанақа ёмон хоҳиш-истакларга бардошли бўламиз. Қолаверса муқаддас руҳ таъсири остида яшашга интиламиз.
16. Муқаддас руҳга эга бўлиш учун нима қилиш зарур?
16 Худонинг муқаддас руҳи бизни бошқаришини хоҳласак, ўзимиздан ҳам ҳаракатлар керакми? Албатта. Муқаддас руҳни ибодатда сўрашдан ташқари, Аллоҳнинг Каломини ҳам доимо ўқишимиз зарур (Ҳик. 2:1–6). Қолаверса Эгамиз, руҳи билан жамоат учрашувларига ҳам бош-қош бўляпти. Демак, йиғилишларга қатнаб, муқаддас руҳ «жамоатларга айтаётган гапларини» эшитиш истагимизни уйғотамиз (Ваҳ. 3:6). Шу тариқа, ўрганаётган билимларни камтаринлик ила қабул қилиш ўта муҳим. Ҳикматлар 1:23 да қуйидаги маслаҳат мавжуд: «Панд-насиҳатларимга қулоқ солинглар. Мана, сизларга руҳимни бераман». Дарҳақиқат, «Худога итоат қилганлар» муқаддас руҳга эга бўлишлари тайин (Ҳавор. 5:32).
17. Худо ҳаракатларимизга баракасини беришини қайси мисол орқали кўрса бўлади?
17 Худонинг баракасига эришиш учун ҳаракатлар керак бўлса-да, фақат савоб ишларимизгина етарли эмас. Буни овқат тановул қилиш билан солиштирсак бўлади. Тўғри, овқат еганимизда баданимизда қандай жараёнлар содир бўлаётганини охиригача тушунмаймиз. Бироқ шуни биламизки, ейишимиз керак ва фойдали овқат есак, ўзимизни яхши ҳис қиламиз. Ахир Аллоҳимиз нафақат озиқ-овқатни, балки баданимиз бу овқатдан керакли моддаларни чиқара оладиган қилиб яратган. Шунга ўхшаб, Яҳова бизнинг абадий яшашимизни хоҳлар экан, бизга керакли йўл-йўриқлар берди. Қолаверса уларни амалда қўллашимизга ҳам ёрдамлашади. Хулоса, фақат Аллоҳ билан ҳамкорлик қилибгина ва Унинг иродасини бажарибгина улкан баракаларга эришамиз (Хаг. 2:18, 19).
18. Нима қилишга қарорингиз қатъий ва нега?
18 Ҳар бир топшириқни бажариш учун бор қобилиятингизни ишга солишга жон куйдиринг. Бунинг устига, доим Яҳова кўз олдингизда бўлсин (Марк 11:23, 24). Шундай қилиб «излаган топар», деган сўзлар ҳақ эканига амин бўласиз (Мат. 7:8). Мойланган масиҳчиларни оладиган бўлсак, улар осмондаги «ҳаёт тожига» эга бўладилар (Ёқб. 1:12). Иброҳимнинг наслидан келиб чиққан Масиҳнинг «бошқа қўйлари»га эса, мана шу сўзлар қаратилган: «Эй, Менинг Отамнинг олқаганлари, келинглар! Дунё яратилганидан бери сизлар учун мерос сифатида тайёрлаб қўйилган Шоҳликни эгаллангиз» (Юҳан. 10:16; Мат. 25:34). Ҳа, «Худованд олқаганлар ер юзини эгаллаб олур. [...] Унда мангу яшайдилар» (Заб. 36:22, 29).
[Изоҳ]
a Амрлар 15:7, 8, ЯДТ: «Худованд Яҳова сенга берган юртдаги шаҳарларнинг бирида биродарларингдан бирортаси камбағал бўлиб қолса, унинг олдида бағритош бўлма ва камбағал биродарингга албатта ёрдам қўлингни узат. Унга нисбатан сахий бўл, унга нима керак бўлса гаров эвазига етарлича қарзга бергин».
Илтимос тушунтиринг
• Чинакам итоаткорлик нима демакдир?
• Эгамизнинг баракасига эришиш учун нима қилиш лозим?
• Муқаддас руҳга қандай эга бўлиш мумкин ва у бизга қанақа фойда келтиради?
[9- саҳифадаги расмлар]
Ёқуб, Яҳованинг баракасига эришаман деб, фаришта билан курашган
Сиз ҳам астойдил ҳаракат қиляпсизми?
[10- саҳифадаги расм]
Базалил ва Охолиёв муқаддас руҳ орқали вазифасини бажаришган