Ёҳу ҳақ топиниш учун жон куйдирган
ЁҲУ ҳақ топинишни ғайрат ила қўллаб-қувватлаган. У, бу ишни фаоллик, илдамлик, қатъиятлик, ғайрат ва жасорат ила бажарган. Чиндан ҳам, Ёҳу тақлид қилишга арзийдиган фазилатларни намоён этган.
Ёҳу топшириқ олганида, Исроил аянчли аҳволда бўлганди. Чунки мамлакат шоҳ Йўрамнинг онаси ва Ахабнинг беваси бўлган Изабелнинг ёвуз ҳукми остида эди. Изабел исроилликларни Яҳовага топинмасдан Баал худосига сажда қилишга ундаган ва Худонинг пайғамбарларини ўлдириб, халқни «зиною сеҳр-жоду» билан булғаганди (4 Шоҳ. 9:22; 3 Шоҳ. 18:4, 13). Шунда Тангри Яҳова Ахабнинг бутун хонадонини, шу қаторда Йўрам билан Изабелни йўқ қилиш тўғрисида амр чиқарганди. Ёҳу эса буни амалга оширишда бошчилик қилган.
Муқаддас Китобда илк бор Ёҳу ҳақида, Гиладдаги Рамўтда сурияликлар билан жанг қилаётган лашкарбошилар билан бирга ўтирган киши, дея тилга олинган. Ёҳу лашкарбоши ёки ҳатто бутун Исроил қўшинининг қўмондони бўлгандир. Элишай, пайғамбарлар ўғилларидан биттасини, Ёҳуни шоҳ этиб тайинлаб, Ахабнинг хонадонидаги муртад бўлган барча эркак зотини қириб ташлашни айтиш учун юборган (4 Шоҳ. 8:28; 9:1–10).
Ёҳунинг лашкарбоши дўстлари, бу киши унинг олдига нима мақсадда келганини сўрашганда, унинг жавоб бергиси келмайди. Лекин улар туриб олишганда, Ёҳу ростини айтади ва у дўстлари билан бирга Йўрамга қарши фитна уюштиришни бошлайди (4 Шоҳ. 9:11–14). Эҳтимол қўшин аъзолари бошқараётган сиёсатдан ва Изабелнинг таъсиридан норози бўлиб, унга қарши чиқмоқчи бўлишгандир. Қандай бўлмасин, Ёҳу ўз топшириғини бажаришнинг энг самарали усулини ўйлаб топишга ҳаракат қилган.
Шоҳ Йўрам урушда яраланган бўлиб, даволаниш ниятида Йизрил шаҳрига қайтган эди. Ёҳу эса, режаси ривож топиши учун, Йизрилда яшовчилар бундан хабардор бўлмасликлари кераклигини биларди. Шу боис, у: «Шаҳардан [Гиладдаги Рамўтдан] бирор кимса чиқиб кетишига ва Йизрилга хабар олиб боришига йўл қўйманглар»,— деди (4 Шоҳ. 9:14, 15). Ёҳу, шоҳ Йўрамга садоқатли одамлар қаршилик кўрсатишади дея шубҳаланган бўлиши мумкин. У ҳеч ким қаршилик кўрсата олмаслигига амин бўлишни хоҳлаган.
ЖАЗАВА БИЛАН КЕЛИШ!
Кутилмаганда Ёҳу отига миниб, Гиладдаги Рамўтдан 72 километр узоқликда жойлашган Йизрил шаҳрига йўл олди. У манзилига яқинлашиб қолганида, минора устидаги қоровул: «Бир талай одамни кўряпман»,— деди (4 Шоҳ. 9:17). Афтидан, Ёҳу мақсадини амалга ошириш учун катта лашкар билан келаётган эди.
Ёҳунинг важоҳатидан хабардор бўлган қоровул: «Ўпкаси оғзига тиқилгандай ҳовлиқиб от чоптириб келишидан Ёҳуга ўхшайди»,— дея хитоб қилди (4 Шоҳ. 9:20). Ёҳу одатда шундай от чоптирарди. Лекин бу сафар янада важоҳат билан келаётгани сезилиб турарди.
Юборилган иккита чопарга Ёҳу бирор нарса дейишни хоҳламагач, шоҳ Йўрам билан унинг иттифоқдоши Охазиё ўз араваларида уни кутиб олгани чиқдилар. Йўрам: «Тинчлик билан келдингми, Ёҳу?» — деб савол берганида, у: «Онанг Изабел бошлаган зиною сеҳр-жоду бизда ҳанузгача давом этиб келар экан, қанақасига тинчлик бўлсин?!» — дея жавоб берди. Бундай жавобдан қўрқиб кетган Йўрам қочишга тушди. Аммо Ёҳу чаққонлик қилди! У камонни кучи борича тортиб отган эди, ўқ Йўрамнинг қоқ юрагини тешиб ўтди ва у араваси ичига йиқилиб ўлди. Гарчи Охазиё қочишга улгурган бўлса-да, Ёҳу уни ҳам қувиб етиб ўлдирди (4 Шоҳ. 9:22–24, 27).
Йўқ қилиниши керак бўлган Ахаб хонадонининг яна бир аъзоси малика Изабел эди. Ёҳу уни «лаънати» дея тўғри айтган. У Йизрилга кириб келганида, малика деразадан қараб турганди. Шу пайт Ёҳу, ҳарам оғаларига Изабелни деразадан улоқтиришни буюрди. Унинг оти бутун Исроилни булғаган Изабелни эзғилаб ташлади. Бундан кейин Ёҳу ёвуз Ахаб хонадонининг қолган-қутганларини йўқ қилишга отланди (4 Шоҳ. 9:30–34; 10:1–14).
Гарчи шафқатсизлик ҳақида ўқиш ёқимсиз бўлса-да, ўша даврда Яҳова Ўз ҳукмини ижро этиш учун хизматчиларидан фойдаланганини тушунишимиз керак. Масалан Муқаддас Китобда, шоҳ Охазиё шоҳ Йўрамнинг олдига келиб, улар биргаликда Нимшининг набираси Ёҳуни кутиб олгани чиққанда ҳалок бўлгани Худонинг иродаси бўйича юз бергани ҳақида ёзилган. Қолаверса, Ёҳу Ахабнинг хонадонини қириб ташлаш учун Яҳова томонидан тайинлагани тўғрисида айтилган (2 Сол. 22:7). Йўрамнинг жасади Навўтнинг даласига олиб бориб ташланганида, Ахаб Навўтни ўлдирган пайтда Яҳова уни жазолаши ҳақида берган ваъдасини шу тарзда бажарганини Ёҳу тушунди. Бундан ташқари Ёҳуга, Худо қулларининг тўкилган қонлари учун Изабелдан ўч олиш амр этилган эди (4 Шоҳ. 9:7, 25, 26; 3 Шоҳ. 21:17–19).
Бугунги кунда, Яҳованинг ҳеч бир хизматчиси ҳақ топинишнинг душманларига қарши жисмоний куч ишлатмайди. Зеро Аллоҳ: «Қасос Менинг қўлимда»,— деб айтган (Иброн. 10:30). Бироқ жамоатни булғовчи таъсирдан озод этиш учун, оқсоқоллар Ёҳу сингари жасорат ила йўл тутишлари керак (1 Кор. 5:9–13). Йиғилишдагилар эса жамоатдан четлатилган киши билан мулоқот қилмасликлари лозим (2 Юҳан. 9–11).
ЁҲУ ЯҲОВА УЧУН ЖОН КУЙДИРГАН
Ёҳу ўз топшириғини қандай бажаргани, Ёҳунадовга: «Мен билан юр, мен Эгамиз учун қанчалик жон куйдиришимни кўриб қўй»,— деган сўзларидан кўринади. Ёҳунадов бу таклифни қабул қилиб, унинг аравасига ўтиради ва у билан бирга Самарияга кетади. Шу маҳалда, «Ёҳу Баалга сиғинганларни ўлдириш мақсадида бир ҳийла ўйлаётган эди» (4 Шоҳ. 10:15–17, 19).
Ёҳу «Баалга жуда катта қурбонлик» келтириши ҳақида эълон қилди (4 Шоҳ. 10:18, 19). Бир илоҳиётшунос: «Ёҳу сўзларни уддабурона қўллаган»,— дея фикр билдирди. Бу ердаги «одатда “қурбонлик” деган маънога эга сўзни, шунингдек муртадларни “бўғизлаш” дея ишлатса ҳам бўлади». Ёҳу, Баалга сажда қилувчиларнинг ҳеч бири ушбу маросимга келмай қолмаслиги учун, уларнинг барини Баалнинг уйига йиғди ва уларга бошқалардан ажратиб турадиган либослар ҳам тарқатиб чиқди. «Қурбонлик куйдириб бўлиниши биланоқ», 80 та қуролланган кишига Баалнинг тарафдорларини бўғизлашни буюрди. Сўнг Баалнинг уйини вайрон қилди ва бу жойни ҳожатхонага айлантириб, сажда қилишга яроқсиз ҳолатга келтирди (4 Шоҳ. 10:20–27).
Тўғри, Ёҳу жуда кўп қон тўккан. Аммо, Муқаддас Китобда у Исроилни Изабел ва унинг оиласининг шафқатсиз ҳукмидан озод этган жасоратли киши сифатида тасвирланган. Эҳтимол, Исроилнинг бирор раҳбари бу ишни бажаришга муваффақ бўлиши мумкин эди, лекин Ёҳу жасоратли, журъатли ва ғайратли киши бўлгани аниқ. Бир Муқаддас Китоб луғатида шундай дейилган: «Бу жуда мушкул вазифа бўлиб, узил-кесил амалга оширилган. Агар уни бажаришда оз бўлса-да бўш келинса, Баалга сажда қилишни Исроилдан йўқ қилиб бўлмасди».
Шубҳасизки, бугунги масиҳийлар дуч келаётган вазиятлар ҳам Ёҳуга хос бўлган хислатларни намоён этишни талаб этади. Мисол учун, бизни Яҳова қоралайдиган бирор ишга қўл уришга оғдиришса, қандай йўл тутамиз? Буни рад этишда илдам, жасоратли ва ғайратли бўлишимиз даркор. Художўйлигимиз ҳақида гап кетганда эса, Яҳова учун жон куйдиришимиз лозим.
ЯҲОВАНИНГ ҚОНУНИГА АМАЛ ҚИЛИШГА ИНТИЛИНГ
Ушбу ҳикоянинг якунида: «Байтил ва Дандаги олтин бузоқларга сажда қилишдан Ёҳу қайтмади»,— деб айтилган. Бу биз учун бир сабоқдир (4 Шоҳ. 10:29). Ҳақ топинишни ғайрат ила қўллаб-қувватлаган киши қандай қилиб бутпарастликка йўл қўйди?
Балки, Ёҳу агар дин бошқа-бошқа бўлса, Исроил шоҳлигини Яҳудо шоҳлигидан ажрата олишига ишонгандир. Шу боис у, Исроилнинг собиқ шоҳлари каби, бузоққа сажда қилиш орқали уларни ажратишга уринди. Аммо Ёҳу бу билан, уни шоҳ этиб тайинлаган Яҳовага таянмаганини кўрсатди.
Яҳова Ёҳуни: «Менинг олдимда тўғри иш қилиб муваффақият қозондинг»,— дея мақтаган эди. Лекин «Ёҳу Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг қонунларига бутун қалби билан итоат қилмади» (4 Шоҳ. 10:30, 31). Ёҳунинг бундан аввал қилган ишларини билгач, бундай қилмишидан ҳайрон бўлиб, кўнглингиз чўкар. Бироқ, бундан сабоқ олишимиз мумкин. Яҳова билан бўлган муносабатларимизни оддий ҳол деб билмаслигимиз керак. Ҳар куни Муқаддас Китобни ўрганиш, унинг устидан мулоҳаза юритиш ва самовий Отамизга ибодат қилиш орқали Унга бўлган садоқатимизни мустаҳкамлашимиз лозим. Шундай экан, келинг бутун қалбимиз билан Яҳованинг қонунларига амал қилишга интилайлик (1 Кор. 10:12).
[4- саҳифадаги рамка]
Ёҳу дунёвий тарихда
Танқидчилар кўпинча Муқаддас Ёзувларда учраган инсонларнинг мавжуд бўлганини шубҳа остига солишади. Хўш, Ёҳу Муқаддас Китобдан ташқари бошқа манбаларда ҳам учрайдими?
Қадимги Оссурияга тегишли камида учта ҳужжатда ушбу Исроил шоҳининг исми келтирилган. Уларнинг бирида Ёҳу ёки эҳтимол унинг элчиларидан бири Оссурия шоҳи Шалманасар III га ҳадялар келтириб, унинг олдида тиз чўкаётган ҳолатда тасвирланган. Шу ҳужжатнинг иловасида эса шундай дейилган: «Омри (Hu-um-ri) ўғли Ёҳунинг (Ia-ú-a) ҳадялари; Мен ундан кумуш, олтин, олтин саплу-қадаҳ, таги қиррали олтин кўза, поясиз олтин қадаҳлар, олтин чўмичлар, қалай, шоҳ учун салтанат ҳассаси ва ёғоч пурухту (ушбу қадимги сўзнинг маъноси ноаниқ) қабул қилдим». «Омрининг ўғли» деган ибора Ёҳу тўғридан-тўғри унинг ўғли эмас, балки меросхўри эканига ишора қилади. Эҳтимол, Омри ўз шуҳрати ва Исроил пойтахти Самарияга асос солгани билан машҳур бўлгани учун тилга олингандир.
Оссурия шоҳи талаб қилган тўлов, Ёҳу томонидан тўланганини исботлаб бўлмайди. Шундай бўлса-да, Ёҳу уч марта — юқоридаги ҳужжатда, Шалманасар ҳайкалининг устунида ва Оссурия салтанати тарихида тилга олинган. Бу манбалар, Муқаддас Китобда учраган ушбу кишининг чиндан ҳам мавжуд бўлганига шубҳа қолдирмайди.