Муқаддас Китоб рамзий иборалари — сиз уларни тушуняпсизми?
БАЪЗАН расмни таърифлаш учун жуда кўп сўз керак, бироқ бир-икки рамзий ибора билан тасаввурда расм чизса бўлади. Муқаддас Китобга келсак, ундаги рамзий ибора ва турли-туман тимсоллари ўқувчиларнинг фикрларида ранг-баранг тасвирлар келтирадиa. Масалан, Исо алайҳиссалом кўпларга таниқли бўлган тоғдаги ваъзида 50 тадан ортиқ рамзий ибора қўллаган.
Нима учун Муқаддас Китобда рамзий иборалар учрайди? Авваламбор, улар Аллоҳнинг Каломини жонли қилиб, Худонинг ҳикмати учун миннатдорлик ҳиссини уйғотади. Қолаверса, рамзий ибораларни тўғри тушунсангиз, ҳақиқатни янада қадрлай оласиз. Аммо уларни нотўғри талқин қилсангиз, янглишиб, хато хулоса чиқаришингиз ҳеч гап эмас.
Рамзий ибораларни тушуниш
Кўпинча рамзий иборалар бир нарсани бошқа нарса билан солиштирганда қўлланилади. Нима ҳақда гап кетиши мавзу деб аталса, солиштирилган нарса тимсол деб юрилади. Уларни бир-бири билан боғлайдиган нарса эса — ўхшатмадир. Рамзий иборанинг мағзини чақиш учун, ушбу учта нарсанинг бир-бирига қандай алоқаси борлигини кўра билиш керак.
Гоҳо мавзу билан тимсолни аниқлаш қийин эмас. Бироқ уларнинг ўхшатмаси ҳақида турли хулосага келиш мумкин. Хўш, рамзий иборани тўғри тушунишга нима ёрдам берар экан? Аксарият вазиятларда матн таркиби кўмаклашадиb.
Мисол учун Исо пайғамбар Сардис шаҳридаги имонлилар жамоатига шундай деб айтган: «Агар бедор бўлмасанг, Мен ўғридай босиб келаман». Исо ўзининг келишини (мавзу) ўғрининг келиши (тимсол) билан таққослаган. Бироқ улар ўртасидаги ўхшатма нимадан иборат? Бунда матн таркибини кўриб чиқиш ёрдам беради. Исо давом эттириб: «Сен эса қайси соатда сени босиб олишимни билмайсан» (Ваҳий 3:3). Шундай қилиб, рамзий ибора Исонинг келиши ҳақида экан. Аммо у бир нарсани ўғирлаш учун келмайди, аксинча келиши ногаҳон бўлишини таъкидлаб, бедор туришга чорлаяпти.
Дарвоқе, Муқаддас Китобда такрорланган рамзий ибораларнинг маъносини, солиштириш орқали тушунса бўлади. Мисол учун Исонинг шогирди Павлус, устози қўллаган рамзий иборадан фойдаланган. Мана у нима деб ёзган: «Ўзларингиз яхши биласизларки, кечаси ўғри қандай келса, маҳшар куни ҳам шундай келади» (1 Салоникаликларга 5:2). Павлуснинг сўзларини матн таркибига қараб тушуниш эҳтимол қийиндир. Аммо Исо Масиҳнинг Ваҳий 3:3- оятида келтирган рамзий ибора билан солиштирилганда, қандай ўхшатма ҳақда гап бораётганини тушунса бўлади. Ушбу рамзий ибора Аллоҳ Яҳованинг ҳар бир хизматчиси маънан ҳушёр туришга наҳотки чорламаса?!
Аллоҳ ҳақида тасаввур берадиган рамзий иборалар
Ҳеч бир инсон Қодир Аллоҳнинг шахсияти ва куч-қудратини охиригача тушуна олмайди. Шунинг учун ҳам ҳазрати Довуд Худованднинг «буюклигига ақл етмас», дея ёзганлар (Забур 144:3). Забурнинг бошқа оятида эса қуйидагиларни ўқиймиз: «Ишларинг қандай буюкдир, эй Худованд, жуда терандир андишаларинг Сенинг!» (Забур 91:6).
Аммо-лекин, Муқаддас Китобнинг рамзий иборалари озгина бўлса ҳам Парвардигорнинг шахсини очиб беряпти. Масалан, Аллоҳимиз Яҳова, эҳтиром ҳиссини уйғотадиган Подшоҳ, Қонун Чиқарувчи, Ҳакам ва Сарвари Олам деган унвонлар билан аталади. У, шунингдек қалбга жуда ёқимли — Чўпон, Маслаҳатчи, Устоз, самовий Ота, хасталикларга даво Берувчи ҳамда Қутқарувчи сифатида тасвирланган (Забур 15:7; 22:1; 31:8; 70:17; 88:27; 102:3; 105:21; Ишаё 33:22; 42:13; Юҳанно 6:45). Ушбу турли ўхшатмалар қалбимизда илиқлик ҳиссини уйғотади. Бунга ўхшаш рамзий иборалар қисқа бўлса ҳам, чуқур маъносини очиб беришяпти.
Муқаддас Китобда Яҳова Таоло шунингдек, жонсиз нарсалар билан таққосланган. Мисол учун У — «Қоя» ва «Қўрғон» дея аталади (2 Шоҳлар 23:3; Забур 17:3; Амрлар 32:4). Хўш, ушбу рамзий иборалар қандай маънога эга? Мустаҳкам ва баҳайбат қоя каби, Худованд Яҳова ҳам Унга умид боғлаганлар учун ҳимоя манбаи бўлиб, ҳеч тебранмас.
Забур китоби Тангри Яҳова шахсиятининг бошқа томонларини ҳам ёритиб бермоқда. Масалан, Забур 83:12- оятида: «Худованди карим қуёш ва қалқондир»,— дея айтилар экан, шубҳасизки, У ёруғлик, ҳаёт, қувват ва ҳимоя манбаидир. Забурнинг 120:5- оятида эса Аллоҳ Таоло Ўз хизматчиларининг «ўнг томонидаги соябон» деб аталган. Соябон жазирама офтобдан сақлагани каби, Яҳова ҳам азизларини бошга тушаётган оғир кулфатлар пайтида сақлаб, «Ўз қанотларинг соясида яширади» (Ишаё 51:16; Забур 16:8; 35:8).
Исо ҳақида тасаввур берадиган рамзий иборалар
Инжилда Исо алайҳиссаломга ишора қилиб, кўп маротаба «Худонинг Ўғли» деган ибора ишлатилган (Юҳанно 1:34; 3:16–18). Одамларда бу ибора саволлар туғдиради. Улар ҳайрон қолиб: «Қандай қилиб Худо руҳий шахс бўла туриб, фарзанд кўриши мумкин экан?» — деб савол беришади. Тўғри, Аллоҳ инсон эмаски, том маънода фарзандга эга бўлса. Шунинг учун ҳам ушбу ибора рамзийдир. Аллоҳнинг Каломини диққат билан ўқиётган инсон, Тангри Таоло ҳамда Исо Масиҳнинг ўртасидаги муносабатлари, ота ва ўғил ўртасидаги муносабатлари билан солиштирилганини тушуниб олиши қийин эмас. Устига-устак, Худованд Яҳова Исо Масиҳни шахсан Ўзи яратгани учун, уни ўғил деб аташга ҳаққи бор. Шунга ўхшаб Одам Ато ҳақида ҳам «Худо ўғли» деб айтилган (Луқо 3:38).
Исо Масиҳ Худонинг ниятида қандай ўринни эгаллашини кўрсатиш мақсадида турли хил рамзий ибораларни учратамиз. Мисол учун, Исо шундай деган: «Мен ҳақиқий токман, Отам эса Боғбондир». Сўнгра шогирдларини ток новдаси билан таққослаган (Юҳанно 15:1, 4). Ушбу рамзий иборанинг мазмуни нимада? Узум новдаси кўкариб мева солиши учун токдан узилмаслиги керак. Исонинг шогирдлари ҳам самара келтиришлари учун у билан доимо ҳамкорликда бўлишлари лозим. Мана нима сабабдан Исо давом эттириб: «Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар»,— дея хулоса чиқарди (Юҳанно 15:5). Боғбон токдан узум ҳосилини йиғишни умид қилганидек, Яҳова Таоло ҳам Исо билан ҳамжиҳатликда бўлганлардан мажозий мева беришларини кутади (Юҳанно 15:8).
Рамзий ибораларнинг асл моҳиятини тушуниш
Рамзий иборани шунчаки ўқиб туриб тушуниш амри маҳол. Мана бир мисол. Инжилда: «Агар душманинг оч қолган бўлса, уни тўйғазгил, агар чанқаган бўлса, унга сув ичиргил. Мана шунда унинг бошига ёнаётган чўғлар йиққандай бўлурсан»,— деб ёзилганини ўқиймиз (Римликларга 12:20). Бошга ёнаётган чўғларни йиғиш ибораси инсонни жазолашни англатадими? Йўқ, бу нотўғри тушунча. Аксинча ушбу ибора қадимда темирни эритиш жараёни билан боғлиқ. Темир рудасини эритиб чиқиндидан тозалаш учун чўғлар билан қоплашган. Шу каби душманларимизга яхшилик қилиб, кўнглини юмшатамиз ва ундаги яширин фазилатлари юзага чиқади.
Рамзий иборалар нафақат фикрни яхши етказа олади, балки қалбимизга ҳам таъсир қилади. Масалан, гуноҳларимиз қарз билан солиштириляпти экан, Худо олдида айбдорлигимизни янада кўпроқ ҳис этамиз (Луқо 11:4). Бироқ меҳрибон Яҳова Таоло қарзларимиздан кечганида ўзимизни қанчалик енгил ҳис қиламиз! Зеро У, худди дафтардаги хатони ўчирғич ёрдамида «ўчириб», гуноҳимиздан «ўтди». Шу орқали Аллоҳ, гуноҳларимизни ҳеч қачон ёдга келтирмайман деб бизни ишонтирмоқда (Забур 31:1, 2; Ҳаворийлар 3:19). Яҳова Таоло гуноҳларимизни ювиб, қордан ҳам оппоқ қилишга тайёр эканлигини билиш, чиндан ҳам барчамизга тасалли беради (Забур 50:9).
Кўриб чиққан рамзий ибораларимиз, Муқаддас Китобда қўлланилган иборалардан худди денгиздаги бир томчи каби, холос. Шундай экан, Аллоҳни Каломини ўқиётиб, келтирилган рамзий ибораларга ҳам диққатли бўлайлик. Уларнинг асл моҳиятини тушуниш учун чуқур мулоҳаза юринг. Бу эса ҳақиқатни янада яхшироқ англашга ҳамда миннатдорчилигимизни оширишга ёрдам беради.
[Изоҳлар]
a Ушбу мақолада рамзий иборалардан истиора, муқояса ва бошқа-бошқа услублари келтирилган.
b Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда нашр этилган «Муқаддас Китобни англамоқ» 2 жилдли энциклопедия кўп рамзий ибораларни тушунтиради.
[13- саҳифадаги рамка]
Рамзий ибораларнинг фойдаси
Рамзий иборалар ёрдамида ҳатто мураккаб фикрларни оддий мисолни қўллаб тушунтирса бўлади. Қолаверса бир неча рамзий ибора билан муайян мавзунинг турли томонларини ёритиб бериш мумкин. Асосийси эса, рамзий ибора диққатни жалб қилиб, муҳим фикрларни эслаб қолишга кўмаклашади.
[14- саҳифадаги рамка]
Рамзий иборанинг тузилиши
РАМЗИЙ ИБОРА: «Сиз — ернинг тузисизлар» (Матто 5:13)
МАВЗУ: Сиз (Исонинг шогирдлари)
ТИМСОЛ: Туз
ЎХШАТМА: Сақловчи восита
САБОҚ: Шогирдлар одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлган хабарни тарқатиши керак эди
[15- саҳифадаги расм]
Худованд — Чўпоним менинг, Мен муҳтожлик кўрмайман асло.