Яҳовадан қўрқиб, ҳаётдан шодланинг
Худованддан қўрқинг, эй Унинг азизлари! Ундан қўрққан киши муҳтожлик кўрмас ЗАБУР 33:10.
1, 2. а) Худодан қўрқишга нисбатан қандай тасаввурлар мавжуд? б) Қандай саволларни кўриб чиқамиз?
КЎП динларнинг руҳонийлари Аллоҳ гуноҳкорларни оташли дўзахда абадий қийнайди, деб Худодан қўрқишга ундашади. Аслида бундай таълимот Муқаддас Китобга асосланмаган. Ҳолбуки унда, Худованд Яҳова меҳрибон ва адолатли дейилган (Ибтидо 3:19; Амрлар 32:4; Римликларга 6:23; 1 Юҳанно 4:8). Баъзи динлардаги руҳонийлар эса Худодан қўрқиш ҳақида умуман оғиз очишмайди. Бунинг ўрнига, инсон қандай ҳаёт кечирмасин, Аллоҳ уни қабул қилишга тайёр, деб таълим беришади. Бу ҳам Муқаддас Китобга зид (Галатияликларга 5:19–21).
2 Чиндан ҳам, Муқаддас Китоб бизни Худодан қўрқишга ундайди (Ваҳий 14:7). Лекин баъзи саволлар туғилмоқда. Нима учун меҳрибон Худо Ундан қўрқишимизни истайди? Худодан қўрқишнинг қандай фойдаси бор? Келинг, бу саволларни Забурнинг 33- саноси асосида кўриб чиқайлик.
Нега Худодан қўрқиш керак
3. а) Худодан қўрқиш амрига қандай муносабатдасиз? б) Нима учун худотарс инсонлар бахтли?
3 Сарвари коинот ва Яратувчи бўлмиш Яҳова Таоло Ундан қўрқишимизга лойиқдир (1 Бутрус 2:17). Бироқ бундай қўрқув аллақандай қаттиққўл худодан ваҳимага тушишни англатмайди. Бу, Аллоҳнинг улуғворлиги олдида чуқур эҳтиром ҳис этишни, яъни Унга маъқул келмасликдан қўрқишни билдиради. Бу эҳтиром ҳисси асло даҳшатга ва тушкунликка солмайди, аксинча у шарафли ва улуғвордир. «Муборак Худо» инсонлар ҳаётдан баҳра олиб яшашларини истайди (1 Тимўтийга 1:11). Бунинг учун биз Худонинг талабларига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз лозим. Кўпчилик учун эса, бу ҳаёт тарзини ўзгартиришни англатади. Бундай ўзгаришни қабул қилаётган кишилар ҳазрати Довуднинг қуйидаги сўзлари ҳақлигини фаҳмламоқдалар: «Худованддан лаззат олиб кўринг-чи, У қанчалик мурувватли экан! Бахтли Ундан паноҳ топган одам! Худованддан қўрқинг, эй Унинг азизлари! Ундан қўрққан киши муҳтожлик кўрмас» (Забур 33:9, 10). Яҳовадан қўрққан ва у билан яхши муносабатда бўлган инсонлар зарурий нарсаларда мухтожлик кўрмайдилар.
4. Ҳазрати Довуд ва Исо бизни нимада ишонтирганлар?
4 Эътибор берган бўлсангиз, Довуд ўз дўстларига ҳурмат билан «азизлар», деб мурожаат қилган. Чунки улар Худонинг муқаддас халқининг аъзолари эди. Шунингдек улар, Довуднинг орқасидан эргашиб, ҳаётларини хавф остига қўйишди. Гарчи Довуд ўз одамлари билан шоҳ Шоулдан беркиниб юришган бўлишса-да, Довуд, Яҳова уларни ташлаб қўймаслигига амин бўлган. У шундай деб ёзган эди: «Арслонлар оч ва муҳтож бўлур, художўйлар ризқ-насибаси эса бут бўлур» (Забур 33:11). Ҳазрати Исо ҳам ўз издошларини худди шунда ишонтирган (Матто 6:33).
5. а) Исонинг издошларидан кўпчилиги қандай инсонлар бўлишган? б) Қўрқиш ҳақида Исо қандай маслаҳат берган?
5 Исо Масиҳни тинглаганларнинг кўпчилиги камбағал инсонлар бўлган. «Исо уларга ачинди; чунки чўпонсиз қўйлардай довдираган ва ҳолдан тойган эдилар» (Матто 9:36). Бундай оддий инсонларнинг Исонинг кетидан эргашишга жасоратлари етармиди? Бунинг учун улар одамдан эмас, балки Яҳовадан қўрқишлари керак эди. Исо шундай деб айтди: «Баданни ўлдириб, кейин бошқа бирон нарса қилишга қодир бўлмаганлардан қўрқманглар. Бироқ кимдан қўрқишингиз кераклигини сизларга уқтирай: кишини ўлдиргандан кейин жаҳаннамга ташлашга ҳам қодир бўлган Худодан қўрқинглар. Ҳа, сизларга айтаман, Ундан қўрқинглар! Бешта чумчуқ икки тангага сотилмайдими? Худо ҳузурида буларнинг бириси ҳам унутилмаган. Сизларга келсак, бошингиздаги сочлар ҳам бари саноқли. Демак, қўрқманглар, сиз кўпдан-кўп чумчуқлардан қадрлироқсиз» (Луқо 12:4–7).
6. а) Исо Масиҳнинг қайси сўзлари бизга далда беради? б) Нега ҳазрати Исо худотарсликнинг энг яхши намунасидир?
6 Душманлар худотарс инсонларнинг Яҳовага бўлган хизматларига тўсқинлик қилишганда, улар Исо Масиҳнинг қуйидаги сўзларини эслайдилар: «Кимда-ким инсонлар олдида Мени тан олса, Инсон Ўғли ҳам Худо фаришталари олдида уни тан олади. Бироқ кимда-ким инсонлар олдида Мени инкор этса, у Худо фаришталари олдида ҳам инкор этилади» (Луқо 12:8, 9). Бу сўзлар айниқса, фаолиятимиз тақиқланган давлатлардаги имондошларимизга далда беради. Лекин улар эҳтиёткор бўлиб, жамоат учрашувларида ҳамда воизлик хизматида Яҳовани улуғлашни давом эттиришмоқда (Ҳаворийлар 5:29). Исо Масиҳ «художўйлик», яъни худотарсликда яхши ўрнак қолдирди (Ибронийларга 5:7). Исо пайғамбар, Яҳованинг руҳига эга бўлиши ҳамда Ундан қўрқишда шодлик топиши ҳақида башорат қилинган эди (Ишаё 11:2, 3). Бинобарин, худотарсликнинг қандай фойдаси борлиги ҳақида айнан Исо Масиҳдан ўрганишимиз мумкин.
7. а) Забур 33:12- оятида қандай таклиф мавжуд? б) Қандай қилиб ота-оналар Довуднинг ўрнагига эргашишлари мумкин?
7 Исо Масиҳнинг ўрнагига эргашиб, таълимотларини татбиқ этаётганлар Забур 33:12- оятида ёзилган қуйидаги таклифга қўшилган бўлишади: «Эй ўғилларим, келинг, мени тингланг! Худованддан қўрқишни сизларга ўргатай». Довуд учун одамларига «ўғилларим», деб мурожаат қилиш табиий бўлган, чунки улар Довудни раҳбар, деб билишган. Довуд ўз навбатида, издошлари Худонинг марҳаматига эга бўлишлари ва ораларида бирлик ҳукм суриши учун, уларга маънан ёрдам берган. Бу ота-оналарга яхши ўрнак бўла олади! Зотан ота-оналарга фарзандларини «Раббимизнинг таълим-тарбияси билан ўстириш» ҳуқуқи берилган (Эфесликларга 6:4). Улар болалари билан Муқаддас Китоб асосида мунтазам суҳбатлар ўтказиб, уларга Яҳовадан қўрқишни ўргатадилар (Амрлар 6:6, 7).
Худотарсликни қандай намоён этиш мумкин
8, 9. а) Нима учун худотарслик ҳаётни мазмунли қилади? б) Тилни тийиш нимани англатади?
8 Юқорида айтиб ўтилганидай, худотарслик бизни қувончдан маҳрум қилмайди. Ҳазрати Довуд: «Ҳаёт яхши, умрим узоқ бўлсин, яхши кунлар кўрай, деган одам ким?» — деб савол берган эди (Забур 33:13). Дарҳақиқат, Яҳовадан қўрқиш узоқ умр кўриб, яхши кун кечиришнинг гаровидир. Бироқ «Мен Худодан қўрқаман» дейиш бошқа-ю, буни амалда кўрсатиш бошқа. Шу сабабли Довуд худотарсликни қандай намоён этиш кераклигини тушунтирган.
9 «У тилини ёмон сўздан тийсин, оғзини эгри гапдан сақласин» (Забур 33:14). Пир Бутрус имондошларига бир-бирларини биродарларча севишни насиҳат қилганидан сўнг, Забурдан юқоридаги оятни келтирди (1 Бутрус 3:8–12). Тилни ёмон сўздан тийиш, бемаъни гапларни тарқатмасликни англатади. Аксинча суҳбатда доимо бошқаларга далда беришга интиламиз. Боз устига, жасорат ила ҳақиқатни гапиришга интиламиз (Эфесликларга 4:25, 29, 31; Ёқуб 5:16).
10. а) Ёмонликдан қочиш нимани англатишини тушунтиринг. б) Эзгу ишларга нима киради?
10 «Ёмонликдан қочиб яхшилик қилгин, тинчликни қидириб унинг пайидан бўлгин» (Забур 33:15). Биз жинсий ахлоқсизлик, беҳаё суратлар, ўғирлик, спиритизм, зўравонлик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик каби Худо қоралайдиган ишлардан қочамиз. Шунингдек, юқорида санаб ўтилган жирканч ишлар билан боғлиқ бўлган ўйин-кулгиларни рад этамиз (Эфесликларга 5:10–12). Бундан кўра вақтимизни хайрли ишларга бағишлаймиз. Энг эзгу иш эса, воизлик қилиш ва шогирд орттириш фаолиятида мунтазам қатнашиб, бошқаларнинг нажот топишига ёрдам беришдир (Матто 24:14; 28:19, 20). Яхшилик қилиш — жамоат учрашувларига тайёрланиш, умумжаҳон фаолиятига хайр-эҳсон бериш, Йиғилиш Залига ғамхўрлик қилиш ва муҳтож бўлган имондошларимизга ёрдам кўрсатишни ҳам англатади.
11. а) Қандай қилиб Довуд тинчлик пайидан бўлган? б) Жамоатда тинчликни сақлаш учун нима қилишингиз мумкин?
11 Довуд қандай қилиб тинчликка эришиш мумкинлигини кўрсатган. Унда икки маротаба шоҳ Шоулни ўлдириш имкони бўлган эди. Лекин у бундай қилишдан ўзини тийиб, тинчлик ўрнатиш мақсадида шоҳ билан ҳурмат ила гаплашганди (1 Шоҳлар 24:9–12; 26:17–20). Бугунги кунда ҳам жамоатдаги тинчлик хавф остида бўлганида, нима қилишимиз мумкин? Биз «тинчликни қидириб, унинг пайидан бўлишимиз» даркор. Шундай экан, мабодо жамоатда бирор имондошимиз билан ўртамизда тушунмовчилик бўлса, Исонинг: «Аввал биродаринг билан ярашгил»,— деган маслаҳатига риоя қиламиз. Шундан сўнггина топинишга оид бўлган ишлар билан шуғулланишимиз мумкин (Матто 5:23, 24; Эфесликларга 4:26).
Худотарслик қут-барака келтиради
12, 13. а) Бугунги кунда худотарслар қандай баракаларга эга бўлишмоқда? б) Худонинг содиқ хизматчилари қандай улуғ мукофотга эга бўлишади?
12 «Худованднинг кўзлари солиҳлардадир, солиҳлар фиғонига У қулоқ солар» (Забур 33:16). Яҳованинг Довудга бўлган муносабати бу сўзлар ҳақлигидан далолат беради. Бугун ҳам, Яҳова устимиздан кузатаётганини билганимиз учун қувонч ва хотиржамлик ҳис этяпмиз. Ҳатто тушкунликка тушганимизда ҳам, Яҳова эҳтиёжларимизни назаридан четда қолдирмаслигига аминмиз. Шунингдек, яқинда Яҳованинг барча хизматчилари башорат қилинганидай, Яъжуж-Маъжужнинг ҳужумини ҳамда Худонинг улуғвор ва қўрқинчли кунини бошдан кечиришларини биламиз (Йўэл 2:11, 31; Ҳизқиё 38:14–18, 21–23). Қандай вазиятда бўлмайлик, Довуднинг қуйидаги сўзлари бизга ҳам тегишли: «Солиҳлар фарёд этгач, Худованд эшитар, барча дардларидан уларни халос этар» (Забур 33:18).
13 Яҳова Таоло Ўз исмини улуғлашини кўриш, биз учун катта шарафдир. Бундан қалбларимиз чуқур эҳтиром ҳиссига тўлади. Душманларимизнинг охирати эса аянчли бўлади. «Бадкирдорлардан эса У [Худованд] юз ўгирар, ер юзидан йўқ қилар уларнинг хотирасин» (Забур 33:17). Худонинг адолатли янги дунёсида яшашга муваффақ бўлиш нақадар ажойиб мукофотдир!
Бардошли бўлишга ёрдам берувчи ваъдалар
14. Қийинчиликларга қарамай, бардошли бўлишга нима ёрдам беради?
14 Бу ёвуз ва нопок дунёда Яҳовага бундан буён ҳам бўйсуниш учун бардошли бўлиш лозим. Худотарслик итоатли бўлишга ёрдам беради. Оғир вақтларда яшаётганимиз учун, баъзи имондошларимиз дилни вайрон қилувчи ва руҳий тушкунликка солувчи қийинчиликларга дуч келишяпти. Лекин улар, агар Яҳовага умид боғлашса, У албатта бардошли бўлишга ёрдам беришига амин бўлишлари мумкин. Довуднинг қуйидаги сўзлари чинакам тасалли бера олади: «Худованд дили вайронларга яқиндир, руҳи тушкунларни Ўзи қутқарар» (Забур 33:19). У давом этиб: «Солиҳнинг дардлари кўп бўлар, бироқ Худованд уни барчасидан халос этар»,— деб далда берган эди (Забур 33:20). Шубҳасиз, қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, Яҳова бизни халос қилишга қодир.
15, 16. а) Забурнинг 33- саносини ёзганидан кўп ўтмай, Довуд қандай ҳалокат юз берганини эшитди? б) Қийинчиликларга бардош беришимизга нима ёрдам беради?
15 Забурнинг 33-саносини ёзганидан кўп ўтмай, Довуд шоҳ Шоул Нав шаҳрининг аҳолисини ва кўпчилик руҳонийларини ўлдирганидан хабар топди. Эҳтимол Довуд, Шоул айнан унинг дастидан Нав шаҳрига қаҳрини сочганини тушуниб, ғам чеккан бўлиши мумкин (1 Шоҳлар 22:13, 18–21). Албатта Довуд бундай пайтда Тангри Яҳовадан ёрдам сўраб, Унга мурожаат қилган ҳамда келажакда солиҳлар тирилиши ҳақидаги Худонинг ваъдасидан тасалли топган (Ҳаворийлар 24:15).
16 Бугунги кунда ҳам, тирилишга бўлган умид имонимизни мустаҳкамлайди. Зеро душманларимиз тузатиб бўлмайдиган зиён етказа олмаслигини биламиз (Матто 10:28). Довуд ўз аминлигини қуйидаги сўзлар билан изҳор қилди: «Суякларининг ҳеч бири синмасин дея, уларнинг барчасини ўз ўрнида тутар» (Забур 33:21). Бу башоратли сўзлар, том маънода Исо Масиҳда амалга ошди. Гарчи ҳазрати Исо азоб чекиб ўлган бўлса ҳам, унинг бирор суяги ‘синдирилмаган’ эди (Юҳанно 19:36). Забур 33:21- оятини кенг маънода қўлласак, мойланган масиҳчилар ҳамда «бошқа қўйлар» қандай қийинчиликларга дуч келишмасин, уларга тузатиб бўлмайдиган зиён етмаслигига ишонтиради. Уларнинг суяги мажозий маънода ҳеч қачон синмайди (Юҳанно 10:16).
17. Худонинг халқига қарши чиқаётганлар қандай ҳалокатга йўлиқишади?
17 Фосиқларнинг охирати эса ўзгачадир. Тез орада улар эккан ёвузликларини ўриб олишади. «Ёвуз одам ёвузларча ўлиб кетар, солиҳга душманлик қилувчилар айбдор бўлар» (Забур 33:22). Худонинг халқига қарши чиққаётганлар энг даҳшатли ҳалокатга йўлиқишади. Исо Масиҳ зоҳир бўлган пайтда, улар «абадий ҳалокат жазосига маҳкум бўладилар» (2 Салоникаликларга 1:9).
18. Улкан оломон» ҳозирги кунда нимадан халос бўлди ва келажакда нимадан халос бўлади?
18 Довуднинг саноси бундай далда берувчи сўзлар билан якунланади: «Қулларининг жон тўловини Худованд берар, Ундан паноҳ сўраган ҳеч ким айбдор бўлмас» (Забур 33:23). Довуд 40- йиллик шоҳлигининг охирида: «Мени ҳар қандай балолардан доимо сақлаб келган Худойим шоҳид!» — деб ёзган эди (3 Шоҳлар 1:29, 30). Довуд сингари худотарс инсонлар ўтмишга қараб, Яҳова уларни гуноҳлардан ва барча балолардан халос этганидан қувонишади. Мойланган масиҳчиларнинг кўпчилиги аллақачон самовий мукофотларига эга бўлишган. Ҳар хил миллатдан бўлган «улкан оломон» эса мойланган масиҳчилар билан бирга Худога хизмат қилиб, натижада Яҳованинг олдида пок виждонга эга бўлганларидан хурсандлар. Чунки улар Исо Масиҳнинг қурбонлигига эътиқод қилмоқдалар. Улар Исо Масиҳнинг бўлажак Минг йиллик шоҳлиги давомида унинг тўлов қурбонлигидан тўла фойда олиб, мукаммалликка эришадилар (Ваҳий 7:9, 14, 17; 21:3–5).
19. «Улкан оломон» нима қилишга қарори қатъий?
19 Нега «улкан оломон»га бундай қут-баракалар ёғдирилади? Чунки улар бундан буён ҳам Яҳовадан қўрқиб, унга эҳтиром ила хизмат қилишга қатъий қарор қилишган. Дарҳақиқат, худотарслик ҳаётимизни мазмунли қилиб, «абадий ҳаётни қаттиқ ушлаб туришга» ёрдам беради (1 Тимўтийга 6:12, 18, 19; Ваҳий 15:3, 4).
Ёдингиздами?
• Нега Худодан қўрқиш керак ва бу нимани англатади?
• Худодан қўрқиш бизнинг хатти- ҳаракатимизга қандай таъсир қилиши керак?
• Худотарслар қандай баракаларга эга?
• Қандай ваъдалар бардошли бўлишга ёрдам беради?