ИЛОВА
Ҳукм куни нима дегани?
ҲУКМ кунини қандай тасаввур қиласиз? Кўпларнинг фикрича Ҳукм кунида миллиардлаб одамлар Худонинг тахти олдига келтирилади. Уларнинг ҳар бирига ҳукм чиқарилади. Айримлари осмондаги жаннатга юборилиб мукофотланади, бошқалари эса дўзахда абадий жазоланади. Бироқ бу вақт Муқаддас Китобда бутунлай бошқача тасвирланган. Худонинг Каломида бу вақт даҳшатли эмас, балки умидга тўла қайта тикланиш вақти сифатида тасвирланган.
Бу кун тўғрисида Ваҳий 20:11, 12 да шундай дейилган: «Мен катта оқ тахтни ва унда Ўтирганни кўрдим. Унинг ҳузуридан еру осмон қочар эди, лекин уларга жой топилмади. Бундан ташқари, мен тахт олдида турган катта-кичик ўликларни кўрдим. Шунда китоблар очилиб, ҳаёт китоби деган яна бир китоб ҳам очилди. Ўликлар китобларда ёзилгани бўйича, қилмишларига яраша ҳукм қилинди». Хўш, одамларни ким ҳукм қилар экан?
Инсониятнинг олий Ҳаками Аллоҳ Яҳовадир. Бироқ ҳукм қилиш ҳуқуқини У бошқасига топширган. Ҳаворий Павлус айтгандай, Худо «Ўзи тайинлаган зот орқали, бутун ер юзини адолат билан ҳукм қиладиган кунни белгилаб қўйган». (Ҳаворийлар 17:31) Ҳакам сифатида Худо тирилтирилган Исо Масиҳни тайинлаган. (Юҳанно 5:22) Аммо Ҳукм куни қачон бошланади ва қанча давом этади?
Ваҳий китобига биноан, Ҳукм куни Армагеддон жангидан сўнг Шайтоннинг дунёси бартараф қилинганида бошланадиa. (Ваҳий 16:14, 16; 19:19–20:3) Армагеддондан сўнг Шайтон ва унинг жинлари минг йилга тубсизликка қамаб қўйилади. Ушбу вақт давомида Масиҳнинг 144 000 та ворисдоши ҳакамлар сифатида у «билан 1 000 йил ҳукмронлик» қилади. (Ваҳий 14:1–3; 20:1–4; Римликларга 8:17) Бундан кўриниб турибдики, Ҳукм куни том маънода 24 соатдан иборат эмас. У минг йил давом этади.
Ушбу минг йил давомида Исо Масиҳ «ўлигу тирикларни ҳукм қилади». (2 Тимўтийга 4:1) «Тириклар» Армагеддондан омон қолган «улкан оломонни» ташкил этади. (Ваҳий 7:9–17) Ҳаворий Юҳанно ҳукм қилиниш учун «тахт олдида турган... ўликларни» ҳам кўрган эди. Ҳа, Исонинг ваъдасига кўра, «мозорларда бўлган ҳамма унинг овозини эшитиб чиқади», яъни тирилади. (Юҳанно 5:28, 29; Ҳаворийлар 24:15) Бироқ одамлар нима асосида ҳукм этилади?
Юҳанно кўрган ваҳийда «китоблар очилиб,.. ўликлар китобларда ёзилгани бўйича, қилмишларига яраша ҳукм қилинди». (Ваҳий 20:12) Бу китобларда одамларнинг ўтмишда қилган ишлари қаламга олинганми? Йўқ, одамлар ўлимидан олдин қилган ишлари асосида ҳукм этилмайди. Буни қаердан биламиз? Муқаддас Китобда: «Ўлган одам гуноҳдан озоддир»,— деб айтилган. (Римликларга 6:7) Бошқача қилиб айтганда тирилганлар ҳаётини янгидан бошлайди. Демак, юқорида эслаб ўтилган «китобларда» Худонинг талаблари ёзилган бўлади. Абадий яшаш учун Армагеддондан омон қолганлар ҳам, тирилганлар ҳам Худонинг амрларига, жумладан, У минг йил давомида берадиган йўл-йўриқларга итоат этишлари лозим. Хуллас, одамлар Ҳукм куни давомида қилган ишлари асосида ҳукм этилади.
Ҳукм кунида миллиардлаб одамлар Худонинг иродасини ўрганиш ва унга мувофиқ яшаш имкониятига илк бор эга бўлади. Бу дегани, таълим бериш иши кенг миқёсда олиб борилади. Дарҳақиқат, «ер аҳолиси адолатга ўрганади». (Ишаё 26:9) Бироқ ҳамма ҳам Худонинг иродасига мувофиқ яшашни истамайди. Ишаё 26:10 да: «Ёвуз кишига илтифот кўрсатилса ҳам, у адолатга ўрганмайди. Тўғрилик юртида ҳам ёмонлик қилади, Яҳованинг улуғворлигини кўрмайди»,— деб айтилган. Ҳукм куни давомида бундай ёвуз кишилар абадий йўқ қилинади. (Ишаё 65:20)
Ҳукм кунининг охирида омон қолганлар мукаммал одамлар сифатида тўла маънода тирилади. (Ваҳий 20:5) Бу давр мобайнида бутун инсоният дастлабки мукаммал ҳолига қайтади. (1 Коринфликларга 15:24–28) Сўнг одамлар охирги синовдан ўтади. Шайтон озод қилинади ва охирги марта одамларни йўлдан оздиришига йўл қўйилади. (Ваҳий 20:3, 7–10) Унга қарши турганлар Муқаддас Китобдаги қуйидаги ваъда тўлиқ амалга ошганини ўзида ҳис қилишади: «Одил кишилар ер юзига эгалик қилади, улар ерда умрбод яшайди». (Забур 37:29) Дарҳақиқат, Худога содиқ инсонлар учун Ҳукм куни ҳақиқий барака бўлади!
a Армагеддон тўғрисида маълумот олиш учун «Танҳо Ҳақ Худога топининг» номли китобнинг 20- бобига ҳамда кўп тилларда нашр этилган «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясининг «Яҳованинг куни» ва «Ҳор-Магидўн» мавзуларига қаранг. Иккала китоб ҳам Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган.