Қадимда Тангри Яҳова қандай қутқарган?
Эй Худо, менга тез келгин! Сенсан ёрдамчим ва Қутқарувчим. ЗАБ. 69:6
1, 2. а) Айниқса қайси дамларда Яҳовадан ёрдам сўраймиз? б) Қандай савол юзага келяпти ва унинг жавобини қаердан топса бўлади?
ТАЪТИЛ пайтида бир эр-хотин турмушга чиққан 23 яшар қизининг бедарак йўқолганини билиб қолишади. Полициянинг фикрича жиноят содир бўлган. Шу заҳоти ота-она нарсаларини йиғиб, йўлга отланишади. Яҳовага илтижо қилишда эса бир лаҳза ҳам тўхташмайди. Эндигина 20 га кирган Яҳованинг Шоҳиди, жиддий касалликка чалинганини ва яқинда шол бўлишини билиб қолади. У тинмай Яҳовага ибодат қилади. 12 яшар қизини тарбиялаётган бир она уй-рўзғорини тебратаман, деб ҳеч қандай иш топа олмаяпти. У юрагидаги бор дардини Яҳовага тўкиб-сочади. Ҳа, Аллоҳнинг хизматчилари қийинчиликларга дуч келаётиб, доимо Унга мурожаат қилиб ёрдам сўрашади. Тангри Яҳовага ёлвориб ибодат қилган дамларингиз бўлганми?
2 Шу ўринда муҳим бир савол юзага келяпти: Яҳова илтижоларимизни эшитиб, ёрдам беришига ишонамизми? Жавобини Забурнинг 69- саносида топишимиз мумкин. Уни, кўп машаққатларни бошдан кечирган Худонинг хизматчиси Довуд ёзган. Мана нега у, Яҳова ҳақда: «Сенсан ёрдамчим ва Қутқарувчим»,— дея айтган (Заб. 69:6). Бу санони диққат ила кўриб чиқсак, машаққатли пайтларда Яҳовага мурожаат қилиб, У Қутқаравчимиз эканида амин бўламиз.
«Сенсан... Қутқарувчим»
3. а) Забурнинг 69- саноси нима билан бошланиб тугайди? б) Довуднинг нимада ишончи комил эди?
3 Забурнинг 69- саноси ёрдам илтижоси билан бошланиб тугайди (Забур 69:2–6 ўқиб беринг). Бу санода ҳазрати Довуд Яҳовадан халос этишини сўрайди. Ва бир нечта оят «бўлсин», деган истак сўзи билан якунланади. Ушбу санонинг илк уч ояти, Довуднинг жонига қасд қилганларга тегишли. У қатъиян Яҳовадан душманларини шармандаю расвои олам қилишини сўрамоқда. Кейинги иккита ояти эса Худонинг халқига дахлдор. Чунончи, Эгамизни қидирувчиларнинг барчаси қувонч ила Худони улуғлашлари ҳақида Довуд ибодат қилган эди. Санонинг охирида у Яҳова тўғрисида шундай деб ёзди: «Сенсан ёрдамчим ва Қутқарувчим». Эътибор берган бўлсангиз, ҳазрати Довуд Тангри Яҳовадан Қутқарувчи бўлишини сўрамаяпти. Аксинча, Аллоҳ унга ёрдам беришига ишончи комил.
4, 5. Довуд тўғрисида Забурнинг 69- саносидан нимани билиб оляпмиз ва нимада аминмиз?
4 Забурнинг 69- саносидан Довуд тўғрисида нимани билиб оляпмиз? Душманлари уни ўлдиришни режалаштирганда, Довуд вазиятни ўзи ҳал қилишга тушмади. Сабаби, вақти келиб Яҳова уларни жазолашига ишонган (1 Шоҳ. 26:10). «Худо Уни изловчиларни» қўллаб-қувватлаб, халос қилишига Довуднинг шубҳаси йўқ эди (Иброн. 11:6). Чунки у, Аллоҳнинг хизматчиларида суюнишга ва Яҳовани улуғлашга барча асослари борлигини ҳамда бошқаларга буни айтиб юришларини биларди (Заб. 5:12; 34:27).
5 Ҳазрати Довуд каби, Яҳова Ёрдамчимиз ва Қутқарувчимиз эканида аминмиз. Шу учун муаммоларга дуч келиб, ёрдамга муҳтож бўлганимизда Яҳовадан мадад сўрашга шошилайлик (Заб. 70:12). Аммо ибодатларимиз қандай ижобат бўлади? Бу саволга жавоб олишдан аввал келинг, Довуд азоб чеккан дамларда Яҳова унга қандай ғамхўрлик қилганини кўриб чиқайлик.
Душманлардан халос қилади
6. Яҳова садоқатли инсонларни халос қилишини Довуд қаердан билган?
6 Садоқатли инсонлар Яҳованинг ёрдамига умид қилишлари мумкинлигини Довуд Муқаддас Ёзувлардан билар эди. Нуҳ ва унинг художўй оила аъзоларини Яҳова Тўфондан қутқарган (Ибт. 7:23). Шунингдек, Садўм билан Ғамўра устига Худованд осмондан оловли олтингугурт ёғдириб, Лут ва иккита қизини сақлаб қолган (Ибт. 19:12–26). Ўжар фиръавн ва лашкари Қизил денгизда ғарқ қилинганда, Яҳова халқини ҳимоялаб ўлимдан қутқарди (Чиқ. 14:19–28). Мана нима сабабли, Довуд Яҳовани «Халоскор Тангридир», деб юксалтирган (Заб. 67:21).
7–9. а) Яҳованинг қудратига умид боғлаши учун Довуднинг яна қанақа сабаби бор эди? б) Довуд душманларидан халос этилишида кимдан миннатдор бўлган?
7 Яҳованинг қудратига умид боғлаш учун Довуднинг яна бир асосли сабаби бор эди. Аллоҳ Ўз хизматчиларини доим ҳимоя қилишга тайёр эканини, Довуд бошдан кечирганлар орқали аниқ билди (Амр. 33:27). Ҳа, Яҳова Таоло уни бир неча марта «зўравонлар панжасидан халос қилган» (Заб. 17:18–20, 49). Мана битта мисол.
8 Исроилдаги аёллар Довудни жасорати ва довюраклиги учун мақташганда, шоҳ Шоул унга жуда ҳасад қилиб, уни ўлдириш ниятда икки марта найза отганди (1 Шоҳ. 18:6–9). Лекин у иккаласида ҳам чап берди. Хўш, Довуд жангларда орттирган чаққонлиги туфайли ўлимдан қутулиб қолдими? Йўқ. Чунки «Эгамиз Довуд билан бўлган» (1 Шоҳлар 18:11–14 ўқиб беринг). Кейинчалик Шоулнинг, «Довуд Филистлар қўлига тушиб нобуд бўлиш» режаси пучга чиққанда, у «энди аниқ билдики, Эгамиз Довуд билан бирга экан» (1 Шоҳ. 18:17–28).
9 Довуд душманларидан халос этилишида кимдан миннатдор эди? Забур 17- саносининг сўз бошида айтилишича, «Шоул қўлидан озод этган кунда, Довуд ушбу қўшиқ билан Худовандни тараннум этди». У ҳис-туйғуларини шундай ифодалади: «Худованд — суянчиғим менинг, Қўрғониму Халоскорим менинг! Тангрим — бошпана топган қоям» (Заб. 17:3). Яҳова Ўз халқини халос қилишда қудратли эканини тушунганимиз наҳот далда бермаса? (Заб. 34:10).
Оғриб ётганда мустаҳкамлайди
10, 11. Довуд қачон хасталикка йўлилиққанини белгилаш учун нима ёрдам беради?
10 Забурнинг 40- саносидан Довуд жиддий касалликка чалинганини билиб оляпмиз. Қанчадир вақт мобайнида у хасталик тўшагида ётарди. Аҳволи шунчалик оғир эдики, душманлари уни «жойдан турмас», деб ўйлашарди (8-, 9- оятлар). Бундай бахтсизликка Довуд қачон дуч келган? Унинг ўғли Абсалом шоҳликни қўлга киритишга уринган даврда содир бўлди (2 Шоҳ. 15:6, 13, 14).
11 Масалан, Довуднинг айтишича унинг ишонган ва бирга нон еган дўсти сотқинлик қилган (10- оят). Бу, Довуднинг ҳаётида содир бўлган бир воқеани эслатади. Абсалом фитна уюштирганида, Довуднинг содиқ маслаҳатчиси Охитўфел ҳам исёнчилар орасида эди (2 Шоҳ. 15:31; 16:15). Бир тасаввур қилинг: ҳатто туришга ҳоли йўқ шоҳ тўшагида ётибди-ю, атрофини эса маккор ниятларини амалга оширишга шай турган душманлар ўраб олган (6- оят).
12, 13. а) Нимада Довуднинг ишончи комил эди? б) Яҳова Довудни қандай қўллаб-қувватлади?
12 Довуднинг Халоскорига нисбатан ишончи сўнмади. Боиси, солиҳ киши касал бўлиб қолса, Худо уни қўллаб-қувватлашини у аниқ биларди. Довуд қуйидагича айтган: «Офат кунида Худованд уни қутқарар. У оғриб ётганида уни мустаҳкамлайсан, хасталик тўшагини Ўзинг ағдариб юборасан!» (Заб. 40:2, 4). Унинг: «Мустаҳкамлайсан»,— деган сўзларида эса заррача иккиланиш йўқ. Яҳова илгаригидек ёрдам беришига ҳазрати Довуднинг ишончи комил эди. Бироқ, Аллоҳ буни қандай амалга оширар экан?
13 Тўғри, Худованд мўъжиза қилиб шифо беришини Довуд кутмаган. Лекин оғриб ётганида, Яҳова «уни мустаҳкамлашига» ишонган. Ўша пайтда у айниқса бундай ёрдамга зор эди. Ўзи касал бўлиши етмагандай, ёлғон сўзлаган душманлар қуршаб олган (6-, 7- оятлар). Эҳтимол Яҳова Довуднинг фикрларини тасалли берадиган нарсаларга қаратиб қўллаб-қувватлагандир. Шунингдек: «Софдиллигим туфайли менга мададкорсан»,— деган Довуднинг сўзларига ҳам эътибор беринг (13- оят). Душманларнинг ёмонлаб гапиришига ҳамда ночор аҳволига қарамай Яҳова уни софдил деб билгани, ҳойнаҳой Довудга далда берарди. Ниҳоят вақт ўтиб у соғайиб кетди. Дарвоқе, хасталикка чалинган кишиларни Яҳова мустаҳкамлашини билиш тасалли бахш этади! (2 Кор. 1:3).
Ташлаб кетмас
14, 15. Нега Довуд шериклари билан мушкул вазиятга тушиб қолди ва уларга қандай ёрдам кўрсатилди?
14 Довуд шоҳ бўлгандан бери дастурхонида озиқ-овқат тўкин-сочин эди. У ҳатто бошқаларни ҳам бирга тановул қилишга таклиф этарди (2 Шоҳ. 9:10). Қолаверса, у очликда яшаш нима эканини ҳам билган. Абсалом фитна уюштириб, шоҳликни қўлга олмоқчи бўлганда, Довуд ва унинг содиқ тарафдорлари Қуддусдан қочиб кетишди. Улар Иордан дарёсидан шарқ томонда жойлашган Гилъад томон йўл олишди (2 Шоҳ. 17:22, 24). Саргардон бўлиб юрган Довуд ва унинг ҳамроҳларида озиқ-овқат ҳамда дам олишга эҳтиёжи бор эди. Хўш, керакли нарсаларни қаердан олишсин?
15 Довуд ва шериклари Моханайимга келишганида, у ерда Шўви, Мохир ва Борзулай исмли жасоратли кишиларни учратиб қолишди. Улар Худо томонидан тайинланган шоҳга ёрдам бериш ниятда ҳатто ҳаётларини хавф остига қўйишган. Ахир Абсалом шоҳликни қўлга киритганида Довуднинг барча тарафдорларини жазоламай қўймасди. У ҳамроҳлари билан бўлган мушкул аҳволини кўриб, бу учта содиқ киши уларга керакли нарсаларни жумладан кўрпа-тўшаклар, буғдой, арпа, кепакли ун, қовурилган дон, ловия, ясмиқ дони, асал, сузма ва қўй олиб келишди (2 Шоҳлар 17:27–29 ўқиб беринг). Уларнинг вафодорлигию ажойиб сахийлиги Довудга таъсир қилди. Ҳа, уларнинг меҳрибонлигини Довуд бутун умр эслаб юриши эҳтимолдан йироқ эмас.
16. Ўз вақтида олган ёрдам учун Довуд билан ҳамроҳлари кимдан миннатдор бўлишлари керак эди?
16 Довуд билан ҳамроҳлари, ўз вақтида олган ёрдам учун авваламбор кимдан миннатдор бўлишлари керак эди? Яҳова халқига ғамхўрлик қилишига у астойдил инонган. Ёрдамга муҳтож бўлган кишиларни қўллаб-қувватлаш ниятини, Аллоҳ хизматчиларининг дилига солиб қўйиши мумкин. Довуд содир бўлган воқеани эслаб, уч киши кўрсатган меҳрибонлик борасида мулоҳаза юритиб, Яҳованинг севгисию ғамхўрлиги намоён этилганини тушунди. Қариган чоғида у қуйидагиларни айтди: «Мен ёш ҳам эдим, қариб ҳам қолдим, аммо солиҳнинг ташлаб кетилганини, ёки унинг зурриёти нонга зор бўлганини кўрмадим» (Заб. 36:25). Яҳованинг қўли қисқа эмаслигини билиш қанчалар тасалли! (Ҳик. 10:3).
«Художўйларни қандай қутқаришни... Худованд билади»
17. Яҳова нимани такрор-батакрор намоён этган?
17 Яҳова кўп хизматчиларини қутқарган ва Довуднинг мисоли улардан бири холос. Ўшандан бери «художўйларни васвасадан қандай қутқаришни... Худованд билади». Ва буни, У такрор-батакрор намоён этган (2 Бутр. 2:9). Келинг, яна иккита мисолни кўриб чиқайлик.
18. Ҳизқиё даврида Яҳова халқини қандай халос қилди?
18 Мил. авв. VIII асрда оссуриялик қўшин Яҳудога бостириб, Қуддусга яқинлашиб келганда шоҳ Ҳизқиё Яҳовага мурожаат қилиб, душманлардан халос этишини сўради. Токи ҳамма У, ягона Аллоҳ эканини билишсин (Ишаё 37:20). Ҳизқиё Яҳованинг исмига шарафлар келтиришни ўйлаган экан, Худо ибодатини ижобат айлади. Бир кечанинг ўзида Эгамизнинг фариштаси оссурияликларнинг қароргоҳида 185 000 кишини ўлдирди. Шу тариқа Яҳованинг содиқ хизматчилари омон қолишди (4 Шоҳ. 19:35; Ишаё 37:32, 36).
19. Қуддус вайрона қилинганда масиҳчилар нима туфайли қутқарилишди?
19 Исо, ўлимидан бир неча кун олдин Яҳудия хароб бўлиши ҳақда шогирдларини огоҳлантирганди (Луқо 21:20–22 ўқиб беринг). Ўн йиллар оша милодий 66- йилда Рим лашкари яҳудийларнинг ғалаёнини тинчитиш учун Қуддусга бостириб киришди. Беҳисоб қўшин Цестий Галл қўмондонлиги остида маъбад деворининг тагида йўл ковлашди-ю, бироқ кутилмаганда орқага қайтишди. Худога итоатли кишилар Исо башорат қилган бу вазиятни қўлдан бой бермай, тоғларга қочиб кетишди. Милодий 70- йилда римликлар қайтиб, бу сафар Қуддусни бутунлайин яксон қилишди. Исонинг гапига қулоқ тутган масиҳчилар бундай даҳшатли ҳалокатдан қутулиб қолишди (Луқо 19:41–44).
20. Нега Яҳова Қутқарувчимиз бўлишида ишонч ҳосил қилишимиз мумкин?
20 Яҳова қадимда халқини қандай халос қилгани тўғрисида фикр юритиш имонга имон қўшади. Муқаддас Китобда қаламга олинган бундай мисоллар Аллоҳга ишонишга асос солади. Ҳозир ва келажакда бошимизга қандай кулфатлар тушмасин, Яҳова Қутқарувчимиз бўлишида тўла-тўкис ишонч ҳосил қилсак бўлади. Лекин Яҳова бизга қандай ёрдам беради? Бу мақоланинг биринчи хат бошида айтиб ўтилган инсонлар билан нима содир бўлди? Ушбу саволларга келаси мақолада жавоб топамиз.
Ёдингиздами?
• Забурнинг 69- саноси бизни нимада ишонтиряпти?
• Довуд оғриб ётганда Яҳова уни қандай мустаҳкамлади?
• Яҳова халқини душманлардан халос қилишга қодир эканини қайси мисоллар кўрсатяпти?
[6- саҳифадаги расм]
Яҳова Таоло Ҳизқиёнинг илтижосига жавоб берди