15- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Исонинг сўнгги сўзларидан сабоқлар
Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар. МАТ. 17:5
17- ҚЎШИҚ «Албатта истайман!»
БУ МАҚОЛАДАa
1, 2. Исо сўнгги сўзларини айтганида вазият қандай бўлганини тасвирлаб беринг.
МИЛОДИЙ 33 йил 14 нисон, кундузи. Исога туҳмат қилишгач ва содир этмаган жиноятида айблашгач, уни ҳақоратлашди, шафқатсизларча қийнашди, сўнг азоб устунига михлашди. Унинг оёқ-қўллари михланган. У ҳар нафас олганда ва гапирганида оғриқни ҳис этяпти. Лекин у гапириши керак. У айтиши керак бўлган муҳим нарсалар бор.
2 Келинг, Исо азоб устунида ўлаётганида айтган сўзларни ва улардан нималарни ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик. Бошқача қилиб айтганда, келинг, «унга қулоқ соламиз». (Мат. 17:5)
«ОТАЖОН, БУЛАРНИ КЕЧИР»
3. Исо: «Отажон, буларни кечир»,— деб айтганда, кимларни назарда тутган бўлиши мумкин?
3 Исо нима деган? Азоб устунига михлангач, Исо: «Отажон, буларни кечир»,— деб ибодат қилган. Исо кимларни назарда тутган? Қуйидаги сўзларидан буни тушуниш мумкин: «Улар нима қилишаётганини билишмайди». (Луқо 23:33, 34) Эҳтимол, Исо унинг оёқ-қўлларини михлаган Рим аскарларига ишора қилган. Чунки улар у аслида кимлигини билишмаган. Балки Исо унинг қатл этилишини талаб қилган, аммо кейинчалик унга ишонган оломон орасидаги баъзи кишиларни назарда тутгандир. (Ҳавор. 2:36–38) Исо адолатсизлик дастидан азоб чекаётган бўлса ҳам, бу аччиқланишига ва кек сақлашига сабаб бўлишига йўл қўймаган. (1 Бутр. 2:23) Аксинча, у Яҳовадан уни ўлдираётганларни кечиришни сўраган.
4. Исо унга қарши чиққанларни кечиришга тайёр бўлганидан нималарни ўрганишимиз мумкин?
4 Исонинг сўзларидан қандай сабоқ олсак бўлади? Исо каби бошқаларни кечиришга тайёр бўлишимиз керак. (Колос. 3:13) Баъзилар, жумладан, қариндош-уруғимиз эътиқодимизни ва ҳаёт тарзимизни тушунмагани учун бизни таъқиб қилиши мумкин. Улар биз ҳақимизда ёлғон гапириши, бошқаларнинг олдида камситиши, адабиётимизни йўқ қилиши ё ҳатто жисмоний зарар етказишини айтиб, дўқ-пўписа қилиши мумкин. Кек сақлашнинг ўрнига, Яҳовадан бизга қарши чиқаётганларнинг кўзини очишни сўрасак бўлади. (Мат. 5:44, 45) Шунда улар бир кунмас-бир кун бу ҳақиқат эканини тушунишлари мумкин. Гоҳида, айниқса, бизга нисбатан адолатсиз йўл тутишганида, кечириш қийин бўлар. Аммо ғазаб ва хусумат туйғулари юрагимизда илдиз отишига йўл қўйсак, ўзимизни жароҳатлаймиз, холос. Бир имондошимиз қуйидагича бўлишди: «Кечиримли бўлиш, мени хафа қилганларни оқлаш ёки бошқалар мендан фойдаланишига йўл қўйиш эмаслигини тушунаман. Бу хусумат каби туйғуни қўйиб юбориш дегани». (Заб. 37:8) Кечиришга қарор қилганимизда, салбий вазият бизни ғазаблантиришига йўл қўймаган бўламиз. (Эфес. 4:31, 32)
«СИЗ МЕН БИЛАН БИРГА ЖАННАТДА БЎЛАСИЗ»
5. Исо ёнидаги қароқчилардан бирига нимани ваъда қилган ва нега у бундай ваъдани берган?
5 Исо нима деган? Исонинг ёнида иккита қароқчи ҳам қатл қилинаётган эди. Аввалига иккаласи ҳам уни ҳақоратлади. (Мат. 27:44) Аммо кейин улардан бири қалб ҳолатини ўзгартирди. У Исо ҳеч қандай ёмонлик қилмаганини англади. (Луқо 23:40, 41) Қолаверса, у Исо тирилишига ва бир кун келиб шоҳ сифатида бошқаришига ишонишини билдирди. У жон бераётган Нажоткорга: «Исо, Шох бўлганингизда мени эсланг»,— деди. (Луқо 23:42) Ҳа, бу киши кучли имонни кўрсатди. Жавобан Исо унга қуйидагича деди: «Сизга ваъда бераман, сиз мен билан бирга [Шоҳликда эмас, балки] жаннатда бўласиз». (Луқо 23:43) Эътибор беринг, Исо «сизга» ва «мен» каби сўзлардан фойдаланиб, унга шахсан ваъда бераётганини кўрсатган. Исо Отаси шафқатли эканини билгани учун қароқчига умид бахш этувчи сўзларни айтган. (Заб. 103:8)
6. Исо қароқчига айтган сўзлардан қандай сабоқ оляпмиз?
6 Исонинг сўзларидан қандай сабоқ олсак бўлади? Исо Отасининг шахсиятини мукаммал тарзда акс эттиради. (Иброн. 1:3) Ўтмишдаги ёмон ишларимиздан чин дилдан пушаймон бўлсак ва Исо Масиҳнинг тўккан қони орқали гуноҳларимиз кечирилишига ишонсак, Яҳова бизни кечиришга ва раҳм-шафқат кўрсатишга тайёр. (1 Юҳан. 1:7) Баъзилар Яҳова уларнинг ўтмишдаги хатоларини кечиришига ишонишга қийналар. Сиз ҳам гоҳида шундай ўйлаётган бўлсангиз, қуйидаги фикрга диққат қаратинг: Исо ўлимидан сал олдин ёнидаги қароқчи эндигина ишонч ҳосил қилишни бошлаганда унга раҳм-шафқат кўрсатган. Унда Яҳова Унинг амрларига бўйсуниш учун қўлидан келганини қилаётган садоқатли хизматчиларига қанчалик раҳм-шафқат кўрсатишини бир тасаввур қилинг. (Заб. 51:1; 1 Юҳан. 2:1, 2)
«БУ СИЗНИНГ ЎҒЛИНГИЗ... БУ СИЗНИНГ ОНАНГИЗ»
7. Юҳанно 19:26, 27 га кўра, Исо Марям ва Юҳаннога нима деган ва нега у бундай айтган?
7 Исо нима деган? (Юҳанно 19:26, 27 ни ўқинг.) Исо, эҳтимол, бева бўлиб қолган онаси ҳақида қайғурган. Балки ука-сингиллари онасининг жисмоний ва моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилгандир. Аммо маънавий эҳтиёжларига ким ғамхўрлик қила оларди? Исонинг укалари ўша пайтда унинг шогирдлари бўлгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Аммо Юҳанно ҳам садоқатли ҳаворий, ҳам Исонинг яқин дўстларидан бири эди. Исо Яҳовага топинишда унга қўшилганларни маънавий оиласи деб билган. (Мат. 12:46–50) Шу боис, Исо онасини яхши кўргани ва у ҳақида қайғургани учун Юҳаннога унга ғамхўрлик қилишни топширган. Сабаби, унинг маънавий эҳтиёжларига Юҳанно ғамхўрлик қилишини билган. Исо онасига: «Бу сизнинг ўғлингиз», Юҳаннога эса: «Бу сизнинг онангиз»,— деб айтган. Ўша кундан бошлаб, Юҳанно Марям учун ўғилдай бўлиб қолди ва унга ўз онасидай ғамхўрлик қилган. Ҳа, Исо туғилганидан бери унга меҳр ила ғамхўрлик қилган ва ўлаётганида ёнида турган онасини қаттиқ яхши кўришини кўрсатган.
8. Исонинг Марям ҳамда Юҳаннога айтган сўзларидан нимани ўрганишингиз мумкин?
8 Исонинг сўзларидан қандай сабоқ олсак бўлади? Яқин қариндошларимизга қараганда имондошларимиз билан бўлган муносабатларимиз қалинроқ бўлиши мумкин. Қариндошларимиз қаршилик қилиши ё ҳатто биздан юз ўгириши мумкин. Бироқ Исо ваъда берганидай, Яҳовага ва ташкилотга яқин бўлсак, йўқотганларимиздан юз баробар ортиғига эга бўламиз. Кўплар биз учун суюкли ўғил, қиз, она ёки ота каби бўлиши мумкин. (Марк 10:29, 30) Имон ва севги, яъни Яҳовага ҳамда бир-биримизга бўлган севги бирлаштирган маънавий оиланинг аъзоси бўлишдан нималарни ҳис қиляпсиз? (Колос. 3:14; 1 Бутр. 2:17)
«АЛЛОҲИМ, НЕГА МЕНИ ТАШЛАБ ҚЎЙДИНГ?»
9. Матто 27:46 даги Исонинг сўзларидан нималарни билиб оляпмиз?
9 Исо нима деган? Ўлимидан сал олдин Исо баланд овозда қуйидагича деган: «Аллоҳим, Аллоҳим, нега мени ташлаб қўйдинг?» (Мат. 27:46) Муқаддас Китобда Исо нега бу сўзларни айтгани тушунтирилмаган. Бу сўзлардан нимани ўрганишимиз мумкинлигига диққат қаратинг. Масалан, Исо мазкур сўзларни айтганида Забур 22:1 даги башорат амалга ошганb. Шунингдек, бу сўзлар Тангри Яҳова Ўғлини «ҳимоя қилиб турмаганини» исботлаяпти. (Аюб 1:10) Исо шуни тушунганки, Отаси душманлар унинг имонини тўлиқ синашига йўл қўйган. Инсоният тарихи давомида ҳали ҳеч ким Исо каби синалмаган. Қолаверса, бу сўзлар Исо беайб эканини ва ўлимга лойиқ ҳеч қандай жиноят қилмаганини тасдиқларди.
10. Исо Отасига айтган сўзлардан нималарни ўрганишимиз мумкин?
10 Исонинг сўзларидан қандай сабоқ олсак бўлади? Мисол учун, имонимиз синалганда Яҳова бизни қийинчиликлардан ҳимоя қилишини кутмаслигимиз керак. Исо ўлимигача синалгани каби, биз ҳам керак бўлса сўнгги нафасгача садоқатли қолишга тайёр туришимиз даркор. (Мат. 16:24, 25) Лекин шунга амин бўлишимиз мумкинки, Худо дош бера олмайдиган даражада синалишимизга йўл қўймайди. (1 Кор. 10:13) Қолаверса, биз ҳам Исо каби адолатсизларча азоб чекишимиз мумкин. (1 Бутр. 2:19, 20) Бизга қарши чиқаётганлар бирон нотўғри иш қилаётганимиз эмас, балки бу дунёга тегишли бўлмаганимиз ва ҳақиқатни ваъз қилаётганимиз учун бундай йўл тутяпти. (Юҳан. 17:14; 1 Бутр. 4:15, 16) Исо Яҳова нега у азоб чекишига йўл қўйганининг сабабини тушунган. Бундан фарқли равишда, садоқатли топинувчилар қийинчилик пайтида баъзида нега Яҳова бу нарсалар содир бўлишига йўл қўйди, деб ҳайрон қолиши мумкин. (Хаб. 1:3) Шафқатли ва сабрли Аллоҳ бундай инсонларнинг имони суст эмаслигини билади. Худо улар фақат У тақдим этиши мумкин бўлган тасаллига муҳтож эканини тушунади. (2 Кор. 1:3, 4)
«ЧАНҚАДИМ»
11. Нега Исо Юҳанно 19:28 даги сўзларни айтган?
11 Исо нима деган? (Юҳанно 19:28 ни ўқинг.) Нега Исо: «Чанқадим»,— деб айтган? Исо «Муқаддас Ёзувлардаги сўзлар», яъни Забур 22:15 даги башорат «бажо бўлсин деб» шундай қилган. У ерда қуйидагича айтилган: «Кучим тугади, сопол идиш парчасидай бўлиб қолдим, тилим танглайимга ёпишиб қолди». Бундан ташқари, Исо шунча қийинчиликни, жумладан, азоб устунидаги даҳшатли оғриқни бошдан кечиргач, жуда чанқаган бўлса керак. Исога чанқоғини қондириш учун ёрдам керак эди.
12. Исо: «Чанқадим»,— деб айтганидан нимани ўрганишимиз мумкин?
12 Исонинг сўзларидан қандай сабоқ олсак бўлади? Исо ҳис-туйғуларини айтишни заифлик белгиси, деб билмаган. Биз ҳам у каби йўл тутишимиз даркор. Баъзиларимиз бошқалардан ёрдам сўрашни ёқтирмасмиз. Бироқ ёрдамга муҳтож бўлсак, кўмак сўрашдан тортинмаслигимиз керак. Масалан, ёшимиз ўтган бўлса ёки касал бўлсак, дўстимиздан дўконга ё шифокор кўригига олиб бориб келишни сўрашимиз мумкин. Руҳимиз тушса ёки ғамга ботсак, оқсоқол ё етук масиҳий дўстимиздан бизни тинглашни ё бўлмаса, «яхши сўзи» билан кўнглимизни кўтаришини сўрасак бўлади. (Ҳик. 12:25) Биродару опа-сингилларимиз бизни яхши кўришини ва улар «оғир дамда» бизга кўмаклашишни истаётганини ёдда тутайлик. (Ҳик. 17:17) Лекин улар ичимизда нималар бўлаётганини билмайди. Ташаббусни қўлга олиб нима бизни безовта қилаётгани билан бўлишмасак, улар ёрдамга муҳтож эканимизни сезмаслиги мумкин.
«АМАЛГА ОШДИ!»
13. Исо ўлимигача бенуқсонликни сақлаб нималарни амалга оширди?
13 Исо нима деган? 14 нисон кундузи соат учларда Исо баланд овозда: «Амалга ошди!» — деб айтди. (Юҳан. 19:30) Бир пастдан кейин Исонинг нафаси узилди ва у Яҳова ундан кутган барчасини амалга оширди. Исо бенуқсонликни сақлаб бир нечта нарсани амалга оширди. Биринчидан, у Шайтон ёлғончи эканини исботлади. У Шайтоннинг уринишларига қарамай, мукаммал одам мутлақ бенуқсон бўлиб қолиши мумкинлигини кўрсатди. Иккинчидан, Исо ҳаётини тўлов сифатида берди. Унинг фидойи ўлими туфайли номукаммал инсонлар Худонинг олдида одил деб саналиши ва абадий яшаш умидига эга бўлиши мумкин. Учинчидан, Исо Яҳованинг ҳукмдорлиги адолатли эканини исботлади ва Унинг исмини оқлади.
14. Ҳар бир кунни нима деб билишимиз керак? Тушунтиринг.
14 Исонинг сўзларидан қандай сабоқ олсак бўлади? Ҳар куни бенуқсон бўлиб қолиш қароримиз қатъий бўлиши лозим. Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабида таълим берган Максвел Фрэнд биродаримиз нималар деганига эътибор беринг. Халқаро анжуманда у садоқат борасидаги нутқида шундай деган: «Бугун қилишингиз ёки айтишингиз мумкин бўлган нарсаларни эртанги кунга қолдирманг. Эртага ҳаёт бўлишингизга аминмисиз? Ҳар бир кунни абадий яшашга лойиқ эканингизни кўрсатишнинг сўнгги имкони деб билинг». Келинг, ҳар бир кунни бенуқсонлигимизни сақлаш учун сўнгги имконият деб билайлик. Шунда, ўлимга дуч келсак ҳам қуйидагича айта оламиз: «Яҳова, бенуқсон бўлиб қолиш, Шайтон ёлғончи эканини исботлаш ҳамда исмингни ва ҳукмдорлигингни оқлаш учун қўлимдан келганини қилдим».
«ҲАЁТИМНИ СЕНИНГ ҚЎЛЛАРИНГГА ТОПШИРЯПМАН»
15. Луқо 23:46 га кўра, Исо нимага амин бўлган?
15 Исо нима деган? (Луқо 23:46 ни ўқинг.) Исо тўла аминлик ила: «Ота, ҳаётимни Сенинг қўлларингга топширяпман»,— деб айтган. Исо келажаги Яҳовага боғлиқ эканини билган. Қолаверса, у Отаси уни эсидан чиқармаслигига амин бўлган.
16. Жошуа билан юз берган воқеадан нимани ўрганяпсиз?
16 Исонинг сўзларидан қандай сабоқ олсак бўлади? Ўзингизни Яҳованинг қўлларига топширишга тайёр бўлинг. Бунинг учун Яҳовага бутун қалбингиз билан таянишингиз лозим. (Ҳик. 3:5) Оғир касалликка чалинган 15 ёшли Жошуанинг мисолига диққат қаратинг. У Худонинг қонунига зид бўлган тиббий муолажадан бош тортган. Ўлимидан сал олдин у онасига қуйидагича деган: «Онажон, мен Яҳованинг қўлларидаман. Онажон, шуни ишонч билан айта оламанки, тирилиш бўлганда, Яҳова мени албатта ҳаётга қайтаради. У қалбимдагиларни билади. Мен уни жуда яхши кўраман»c. Ҳар биримиз ўзимизга қуйидаги саволни беришимиз ўринлидир: «Хавфли ва имонимни синайдиган вазиятга дуч келганимда, ҳаётимни Яҳованинг қўлларига топшириб, У мени эслашига ишонаманми?»
17, 18. Қандай сабоқлар олдик? («Исонинг сўнгги сўзларидан нималарни ўрганяпмиз?» номли рамкага ҳам қаранг.)
17 Исонинг сўнгги сўзларидан ажойиб сабоқлар олишимиз мумкин. Масалан, бошқаларни кечиришимиз ва Яҳова бизни кечиришига ишонишимиз кераклигини эсладик. Ёрдам беришга тайёр бўлган биродару опа-сингилларимиздан ташкил топган ажойиб маънавий оиламиз каби баракага эгамиз. Бироқ ёрдамга муҳтож бўлганимизда, ташаббусни қўлга олиб кўмак беришларини сўраймиз. Аминмизки, биз дуч келаётган ҳар қандай қийинчиликни енгишимизга Яҳова ёрдам беради. Ҳаётдан кўз юмсак, Яҳова бизни тирилтиришига тўлиқ ишониб, ҳар бир кунни бенуқсонлигимизни исботлашнинг сўнгги имкони, деб билишимиз муҳим эканини кўрдик.
18 Дарҳақиқат, Исо азоб устунида жон бераётиб айтган сўзлари чуқур маънога эга. Бу мақолада билиб олган сабоқларимизни ҳаётимизда қўллаб, Яҳова Ўғли ҳақида айтган қуйидаги сўзларга амал қилган бўламиз: «Унга қулоқ солинглар». (Мат. 17:5)
126- ҚЎШИҚ Мустаҳкам, ҳушёр ва мард бўлинг
a Матто 17:5 га кўра, Яҳова Унинг Ўғлига қулоқ солишимизни истайди. Ушбу мақолада Исо азоб устунида ўлаётганда айтган сўзларидан қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.
b Нега Исо Забур 22:1 дан иқтибос келтирган бўлиши мумкинлигининг сабабларини билиш учун ушбу сондаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.
c «Уйғонинг!» журналининг 1995 йил 22 январь (ингл.) «Жошуанинг имони — болалар ҳуқуқлари борасида ғалаба» номли мақолага қаранг.