ЎҚУВЧИЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Воиз «минглар орасида битта солиҳ кишини топдим, шуларнинг орасидан битта ҳам солиҳ аёл топа олмадим» деб нимани назарда тутган? (Воиз 7:27).
Илоҳий илҳом билан ёзилган бу сўзларни тўғри тушуниш учун, аввало Худонинг аёлларга бўлган муносабатини билиб олиш зарур. Муқаддас Китобда Наима исмли бева аёлнинг келини Рут «олижаноб аёл» деб аталган (Рут 3:11). Ҳикматлар 31:10 да яхши аёл ҳақида «унинг баҳоси гавҳардан ҳам баланд» дейилган. Хўш, унда қадимги Исроил шоҳи Сулаймон «минглар орасида битта солиҳ кишини топдим, шуларнинг орасидан битта ҳам солиҳ аёл топа олмадим» деб нимани назарда тутган?
Матн таркибидан кўриниб турганидек, Сулаймон даврида кўп аёллар юксак ахлоқий меъёрларни оёғости қилган шекилли (Воиз 7:26). Эҳтимол бундай аҳвол, Баалга сиғинган ажнабий аёлларнинг дастидан юзага келгандир. Ҳатто шоҳ Сулаймон ҳам кўпгина ажнабий аёлларнинг таъсирига қарши тура олмаган. «Унинг етти юзта хотини шоҳлар қизларидан бўлиб, уч юзта канизаги ҳам бор эди. Хотинлари сабабли шоҳ бегона худоларга юз бурди» (3 Шоҳ. 11:1–4). Эркакларнинг ҳам ахлоқий аҳволи яхши эмасди — минглар орасида битта солиҳ киши деярли ҳеч нарса. «Аммо мана бу бир нарсани англадим,— деб хулоса қилади Сулаймон,— қаранг, Худо инсонни тўғри қилиб яратган, лекин у ҳар хил қабиҳ режалар тузади» (Воиз 7:29). Ҳа, бу сўзлар билан Сулаймон бутун инсониятни назарда тутган — у эркаклар билан аёлларни солиштирмоқчи бўлмаган. Шундай экан, Воиз 7:27 да Сулаймон ўзи яшаган давридаги инсонларнинг ахлоқий аҳволини тасвирлаган, десак тўғри бўлади.
Бироқ, мазкур оятни яна бошқача тушунса ҳам бўлади. У башоратли маънога эга бўлиши ҳам мумкин: ҳеч бир аёл Яҳовага тўла итоат қилмаган, аммо битта мукаммал инсон — Исо Масиҳ бутунлай Худога бўйсунган (Рим. 5:15–17).