Ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор
«Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор»,— деб ёзган эди ҳазрати Сулаймон. Унинг ушбу сўзлари Муқаддас Китобдан ўрин олган. Шунингдек, туғилишнинг ҳам, ўлишнинг ҳам ўз вақти борлигини, бузишнинг ҳам, қуришнинг ҳам ўз вақти борлигини, яхши кўришнинг ҳам, нафратланишнинг ҳам ўз вақти борлигини айтиб ўтганди. Охирида эса: «Шунча меҳнат қилиб инсон қандай фойда топади?» — дея савол берган. ВОИЗ 3:1–9.
БУ СЎЗЛАРНИ ўқиб, баъзи одамлар: «Мана, ҳаттоки Худонинг Каломи ҳам, ҳамма нарсанинг вақти олдиндан белгилаб қўйилганига ўргатмоқда. Бу эса тақдир борлигини тасдиқлаяпти»,— деб эътироз билдиришлари мумкин. Сиз ҳам бу фикрга қўшиласизми? Хулоса чиқаришга шошманг. Келинг, аввало Муқаддас Китобнинг бошқа оятларида бу ҳақда нима дейилганини билиб олайлик. Ахир «ҳар бир Муқаддас Ёзув илоҳий илҳом билан ёзилган» бўлиб, ўзига ўзи зид гапирмайди-ку! (2 Тимўтий 3:16).
Фурсат ва тасодиф
Бошқа бир оятда, шоҳ Сулаймон шундай деган эди: «Мен яна бир нарсани тушундим, бу дунёда: мусобақада ғалаба доимо тез югурганга, жангда ғалаба доим кучлига насиб этмас экан. Мол-мулк доимо донога, бойлик ҳам доим уддабуронга насиб этмас экан. Омад доимо билимдонга келавермас экан». Кейин эса у, бунга хулоса чиқариб, қуйидагини қўшиб қўйди: «Лекин уларнинг ҳаммаси фурсат ва тасодифга дучор бўлади [ЯДТ]» (Воиз 9:11).
Сулаймон бу сўзлари билан ҳамма нарса тақдир қўлида демоқчи эмасди. Аксинча, инсон эртага нима бўлишини билмагани учун, ишлари қандай самара келтиришини аниқ айта олмаслигини таъкидламоқчи эди. Чунки ҳар ким «фурсат ва тасодифга» учраши ҳеч гап эмас. Шу сабабли, одам бирон бир ҳодисага дуч келса, бу унинг керакли вақтда керакли жойда ёки бевақт ва кераксиз жойда бўлгани учун рўй беради.
Келинг, мана бу ҳикматли сўзларнинг маъносига эътибор берайлик: «Мусобақада ғалаба доимо тез югурганга... насиб этмас экан». Бу сўзлар ҳақ экани, 1984- йил Калифорния штатининг Лос-Анжелес шаҳрида ўтган Олимпияда ўйинларида тасдиқланди. У ерда ғаройиб бир воқеа содир бўлган эди. 3 000 метрлик масофага югуришда, бошқалар қаторида, Америка Қўшма Штатлари ҳамда Буюк британиялик иккита спортчи аёл иштирок этди. Иккаласи ҳам маррага биринчи бўлиб келишни, олтин медални қўлга киритмоқчи эдилар. Бироқ ярим йўлга етгач, улар бир-бирига урилиб кетди. Бири ерга қулаб тушди, иккинчиси эса ҳафсаласи пир бўлди ва маррага фақат еттинчи бўлиб етиб келди.
Балки баъзилар: «Бу ҳам Худонинг тақдири экан-да!» — деб айтиши мумкин. Бироқ ҳамма учун бу тўқнашув тасодиф эди, холос. Ҳеч ким бундай бўлишини олдиндан айта олмасди. Аммо шунга қарамасдан яна бошқаси: «Ахир тўқнашув ҳам тақдир эмасми?» — деб норозилик билдиради. Шарҳловчилар бунга қуйидагича изоҳ беришди: «Ҳақиқатан ҳам, иккала спортчи аёл рақобатда тенг келишга ва биринчи бўлишга жон-жаҳди билан тиришган. Бу эса тўқнашув юз беришига олиб келгани эҳтимолдан йироқ эмас». Шунинг учун Муқаддас Китобда: «Лекин уларнинг ҳаммаси фурсат ва тасодифга дучор бўлади»,— деб бежиз айтилмаган-да. Инсон қанча уринмасин, барибир кутилмаган ҳодисаларнинг олдини ололмайди.
Унда «ҳар бир ишнинг ўз вақти бор», деган сўзлар нимани англатади? Ва инсон ўз тақдирини ўзгартиришга қодирми?
Нимага уриниш арзийди?
Шоҳ Сулаймон инсоннинг тақдири мавжуд, деган фикрга ҳечам ишора қилмаган. Аксинча, Аллоҳнинг умумий иродаси ҳамда унинг қандай қилиб ҳар бир одамга таъсир қилиши ҳақида ёзган эди. Хўш, Аллоҳнинг иродасини қандай билиш мумкин? Келинг, ҳазрати Сулаймоннинг сўзларига яна қайтайлик. Ҳар бир нарсанинг ўз вақти борлигини айтганидан сўнг, Сулаймон: «Инсонлар қилиши учун Худо берган мушкул ишни кўрдим. Худо айтгани бўйича ҳамма нарса ўз вақтида содир бўлади»,— дея қўшиб қўйди (Воиз 3:10, 11).
Дарҳақиқат, Худо одамларга турли ишлар топшириб қўйган, жумладан Сулаймон санаб ўтган ишларни ҳам. Эгамиз шунингдек бизга ирода эркинлигини берди, яъни хоҳлаган қарор чиқаришимиз мумкин. Бироқ ҳар бир ишни бажариш учун ўзининг қулай вақти бор. Масалан доно шоҳ: «Экишнинг ҳам, экилганни ўришнинг ҳам ўз вақти бор»,— деб айтди (Воиз 3:2). Чиндан ҳам, қайси уруғни қачон экишни деҳқон яхши билади. Агар у мавсумни инобатга олмай иш тутса-чи? Ҳатто пешона тери билан ишлаб, аммо яхши ҳосил кўрмаса, у тақдирга тўнкаса бўладими? Албатта йўқ! Негаки, деҳқон уруғни ноқулай вақтда эккан-да. Борди-ю, Парвардигор ўрнатган табиат қонунларига у бўйсунганида эди, натижаси бошқача бўларди.
Хуллас, Аллоҳ ҳар бир кишининг тақдирини ёки ҳар бир воқеани олдиндан белгилаб қўймаган. У бор йўғи Ўзининг иродасига мос келадиган баъзи қонун-қоидаларни ўрнатган. Шу сабабли, одамнинг ишлари ўнгидан келиши учун Худонинг иродасига уйғун бўлган ва керакли пайтда уни бажариши керак. Чунки Эгамиз Яҳованинг Ўзи шундай деган: «Оғзимдан чиққан ҳар бир сўз, амалга ошмай олдимга қайтмайди, балки муродимга мувофиқ ишни бажариб, муваффақиятга эришади» (Ишаё 55:11, ЯДТ).
Унда Худонинг «сўзи» ёки иродаси инсоният келажаги билан қандай боғлиқ ва Унинг ушбу нияти қай йўсин «муваффақиятга эришади»?
Худо белгилаган вақтни англамоқ
Шоҳ Сулаймон: «Худо айтгани бўйича ҳамма нарса ўз вақтида содир бўлади»,— деб гапирган. Кейин эса шундай сўзларни қўшиб қўйган: «Худо юрагига солгани учун инсон вақт ўтишини сезади, лекин Худо бошидан охиригача қилган ишларни инсон тушуна олмайди» (Воиз 3:11).
Чиндан ҳам ушбу сўзларнинг чуқур маъноси бор. Аммо, ҳар бир киши ҳаётнинг мазмуни ва келажак ҳақида ўйлаган пайтлари бўлган. Одам бутун умр оғир меҳнат қилиб, охир-оқибат ўлиб кетиши ҳақидаги фикр кўпларни қийнайди. Лекин, инсон бошқа мавжудотлардан фарқли равишда фикрлаш қобилиятига эга бўлгани учун, нафақат ҳозирги кун ҳақида, балки келажаги ҳақида ҳам қайғуради. Қолаверса, ўлишни умуман хоҳламаймиз. Нима учун? Ахир, Худонинг Ўзи қалбимизга «вақт ўтишини сезиш» қобилиятини, яъни абадий яшаш истагини солган.
Одамларда абадий яшаш истаги бўлгани учун: «Ўлимдан сўнг ҳаёт борми?» — деган савол юзага келади. Баъзилар, марҳумнинг руҳи яшашни давом эттиради деб ўйлайди. Бошқалар эса, ўлган одам қайтадан чақалоқ бўлиб туғилади деган фикрдалар. Яна кимлардир, барчамизни тақдир бошқаради ва бу билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди деб айтишади. Аммо минг афсуски, бу таълимотларнинг ҳеч бирини қониқарли жавоб деб бўлмайди. Нега деганда, бояги оятда айтилганидек: «Худо бошидан охиригача қилган ишларни инсон тушуна олмайди».
Файласуфлару бу дунёнинг зиёли одамлари, неча-неча асрлардан бери бу саволнинг устидан бош қотиришмоқда. Абадий яшаш истагини қалбимизга Аллоҳ солган экан, наҳотки, Унинг Ўзи буни амалга ошира олмаса?! Албатта, оширади. Зеро Забурда шундай ёзилган: «Сен қўлингни очасан-у, ҳар бир жонзотни марҳаматингга тўйдирасан» (Забур 144:16). Дарҳақиқат Аллоҳнинг Каломини синчковлик билан ўргансак, ҳаёт ва ўлим ҳақида шунингдек, инсониятга нисбатан Худонинг иродасини ҳам албатта билиб оламиз! (Эфесликларга 3:11).
[5- саҳифадаги матн парчаси]
Мусобақада ғалаба доимо тез югурганга... насиб этмас экан. ВОИЗ 9:11
[6- саҳифадаги матн парчаси]
Деҳқон мавсумни инобатга олмай уруғ экиб, яхши ҳосил кўрмаса, буни тақдирга тўнкаши тўғрими?
[7- саҳифадаги матн парчаси]
Худо қалбимизга «вақт ўтишини сезиш» қобилиятини, яъни абадий яшаш истагини солган экан, ҳаёт ва ўлим ҳақида ўйлаймиз