Минг йил ва ундан ҳам узоқ давом этадиган тинчлик!
Аллоҳ барча нарсанинг ягона Эгаси. 1 КОР. 15:28
1. «Буюк оломон»ни қандай келажак кутмоқда?
ҚУДРАТЛИ давлатнинг адолатли ва раҳмдил ҳукмдори минг йил давомида ўз фуқароларига қанақа яхшиликлар қила олишини кўз олдингизга келтира оласизми? Мана шундай ажойиб воқеаларни, ёвуз дунёнинг ниҳояси бўлмиш «буюк қайғудан» чиқадиган беҳисоб «буюк оломон» кўради (Ваҳ. 7:9, 14).
2. Ўтган 6 000 йил мобайнида инсоният ниманинг гувоҳи бўлди?
2 Инсоният тарихига 6 000 йил бўлибдики, мустақиллик ва ўзини бошқариш, одамларга кўпгина кулфат ва муаммо келтирди. Муқаддас Китобда ҳам анча вақт олдин шундай сўзлар ёзилган эди: «Бир киши иккинчисининг устидан зулм ўтказиб, ҳукмронлик қилади» (Воиз 8:9). Бугунги кунда аҳвол қандай? Уруш ва исёндан ташқари, қашшоқлик, касаллик, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлимнинг кескин ўзгариши ва ҳоказолар содир бўлмоқда. Ҳукумат аъзоларининг огоҳлантиришича, агар муносабатимизни ўзгартирмасак, оқибати аянчли бўлади.
3. Минг йиллик бошқарув қандай бўлади?
3 Исо Масиҳ ва у билан бошқарадиган 144 000 кишининг ҳукмронлиги остида инсонларга ва уларнинг уйи ҳисобланмиш Ер сайёрасига етказилган барча зарар бартараф қилинади. Минг йиллик бошқарув пайтида Яҳованинг меҳрга тўла мана бу ваъдаси амалга ошади: «Янги осмон, янги ер яратяпман. Илгари бўлганлар энди эсланмайди, улар ҳеч қачон ёдга олинмайди» (Ишаё 65:17). Ҳозирча кўринмайдиган қанақа ажойиб воқеалар бизни олдинда кутиб турибди? Аллоҳнинг башоратли Каломи ёрдамида ушбу «кўринмайдиган» нарсаларни билиб олишимиз мумкин (2 Кор. 4:18).
УЙЛАР ҚУРАДИЛАР ВА ТОКЗОРЛАР ЎТҚАЗАДИЛАР
4. Бугунги кунда уй-жой масаласида аҳвол қандай?
4 Ким ҳам ўзи ва оиласи билан биргаликда хавфсиз ва хотиржам ҳис қиладиган уйи бўлишини истамайди дейсиз. Нима бўлганда ҳам, бугунги кунда талабга жавоб берадиган уй-жойга эга бўлиш жиддий муаммо бўляпти. Одамлар аҳоли зич жойлашган шаҳарларда яшашади. Кўпчилик чайлаларда ва хароба шаҳарларда вақтинчалик истиқомат қилади. Ёки битта уйда жуда кўп одам сиқилиб яшайди. Бундайлар учун шахсий уйи бўлиши ушалмас орзудек бўлиб қолмоқда.
5, 6. а) Ишаё 65:21 ва Михо 4:4 даги сўзлар қандай амалга ошади? б) Ушбу баракага биз қандай эга бўла оламиз?
5 Шоҳлик бошқаруви остида ҳар бир фуқаронинг ўзи хоҳлаганидек уйи бўлади. Бу борада Ишаё пайғамбар қуйидаги башоратни айтган эди: «Уйлар қуриб, ўзлари ўша ерда яшайди, токзорлар ўтқазиб, ҳосилини ўзлари ейди» (Ишаё 65:21). Дарҳақиқат, шахсий уйга эга бўлиш шунчаки орзу эмас. Бугунги кунда, айримлар ўз уйларига эга. Озчиликда эса, қаср каби уйи ёки катта-катта ер-мулки бор. Аммо бундайлар, инқироз туфайли уйидан ажраб қолишидан, ўғри тушишидан ва ёвуз ниятли одамларнинг ташрифидан ҳамиша ташвишланишади. Шоҳлик бошқаруви остида эса ҳамма нарса бошқача бўлади! Михо пайғамбар қуйидагиларни башорат қилган эди: «Ором олар ҳар ким ўз узумзорида, ўтирар ҳар ким ўз анжирзорида, бирор кимса уларга таҳдид солмайди» (Михо 4:4).
6 Бунақа ажойиб умид эсимизда экан, нима қилишимиз керак? Тўғри, барчамиз талабга жавоб берадиган уй-жойга муҳтожмиз. Шундай бўлса-да, катта қарзга ботиш эвазига орзу қилинган уйларга ҳозирнинг ўзида эга бўлишга интилгандан кўра, Яҳованинг ваъдасига ишониш оқилона эмасми? Исо ўзи ҳақида айтган мана бу сўзларни бир эслайлик: «Тулкиларнинг уяси, қушларнинг ини бор, Инсон Ўғлининг эса турар жойи ҳам йўқ» (Луқо 9:58). Исо энг яхши уйни қуриб олишга ёки унга эга бўлишга имконияти ҳам, кучи ҳам бўлган. Аммо нима учун у бундай қилмаган? Шак-шубҳасизки, Шоҳлик ишини биринчи ўринга қўйишига халақит берадиган ҳар қандай нарсадан қочишни истаган. Биз ҳам Исонинг ўрнагига тақлид қилган ҳолда, кўзимизни оддий сақлаб, молпарастликдан ва ташвишлардан холи бўла оламизми? (Мат. 6:33, 34).
«БЎРИ БИЛАН ҚЎЗИЧОҚ БИРГА ЎТЛАБ ЮРАДИ»
7. Инсонлар билан ҳайвонлар ўртасида Яҳова қандай муносабатни жорий этган эди?
7 Яратиш жараёнида Яҳова одамларни охирги навбатда барпо қилган ва бу Унинг ер юзидаги ишининг энг юксаги эди. Яҳова Ўзининг моҳир ёрдамчиси бўлмиш тўнғич Ўғлига муайян мақсади ҳақида шундай деганди: «Энди инсон зотини яратайлик, улар Ўз суратимиздай, Ўзимизга ўхшаган бўлсин. Инсон зоти денгиздаги балиқлар устидан, ҳаводаги қушлар, ер юзидаги чорва ҳамда жамики ёввойи ҳайвонлар, ерда судралиб юрувчи ҳар қандай жонивор ва ҳашаротлар устидан ҳукмронлик қилсин» (Ибт. 1:26). Шу тариқа, Одамато билан Момоҳаво ва кейинчалик бутун инсоният, ҳайвонлар устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқига эга бўлишди.
8. Ҳайвонларнинг қайси ҳаракатини тез-тез кузатиш мумкин?
8 Барча ҳайвонлар устидан ҳукмронлик қилишнинг ва улар билан тинчлик ўрнатишнинг одамлар учун имкони борми? Кўп одамлар, ит ва мушук каби уй ҳайвонларини жуда яхши кўришади. Ёввойи ҳайвонлар борасида нима деса бўлади? Бир ҳисоботда шундай айтилган: «Ҳайвонлар билан яқин яшаган ва уларни ўрганган олимлар, сутэмизувчи ҳайвонлар ҳиссиётларга эга эканини аниқлашди». Тўғри ҳайвонлар хавф остида қолишганида қўрқишади ёки қутуришни бошлашади. Аммо, улар меҳр кўрсатишга қодирми? Ҳалиги ҳисоботда шундай давом эттирилган: «Болаларини катта қилаётганда сутэмизувчилар ажойиб феълини, яъни меҳрини намоён этишади».
9. Ҳайвонларга нисбатан қандай ўзгаришларни кўришимиз мумкин?
9 Шундай экан, Муқаддас Китобдан одамлар билан ҳайвонлар орасида тинчлик ўрнатилиши ҳақида ўқиганимизда, бундан ҳайратланмасак ҳам бўлади (Ишаё 65:25 ни ўқинг)a. Масалан, Нуҳ ва унинг оиласи Буюк тўфондан сўнг кемадан чиқишганида Яҳова уларга айтган сўзларни эслаб кўрайлик: «Ер юзидаги жамики ҳайвонлар... сизлардан қўрқиб, ҳуркадиган бўлади». Бу, ҳайвонларнинг жони сақланишига хизмат қилган (Ибт. 9:2, 3). Яҳова Ўзининг азалий ниятини амалга ошириш учун наҳотки мана шу қўрқув ва ҳуркиш туйғуларини йўқ қила олмаса?! (Ҳўш. 2:18). Омон қолиб ер юзида яшайдиганларни нақадар ажойиб келажак кутмоқда!
«ХУДО УЛАРНИНГ КЎЗИДАГИ ҲАР ҚАНДАЙ КЎЗ ЁШНИ АРТИБ ОЛАДИ»
10. Одамлар нега йиғлаб туришади?
10 Сулаймон «дунёда бўлаётган зулмни кўрганида», ачиниб шундай деган эди: «Мана эзилганларнинг кўз ёшлари, лекин уларнинг юпатувчиси йўқ» (Воиз 4:1). Бугунги кунда аҳвол бундан баттар бўлса бор-у, ундан кам эмас. Ким ҳам қайсидир сабабга кўра йиғламаган дейсиз? Тўғри, вақти-вақти билан қувонч кўз ёшлари ҳам бўлиб туради. Аммо кўпинча, киши кўнгли эзилганидан йиғлайди.
11. Муқаддас Китобдаги воқеалардан қай бири сизга айниқса таъсир қилди?
11 Муқаддас Китобда баён этилган кўпгина таъсирли ва туйғуларни жумбишга келтирадиган воқеаларни эслаб кўринг. Сора биби 127 ёшида вафот этганида, «Иброҳим Сорага аза тутиб, йиғлаган» (Ибт. 23:1, 2). Наима бева қолган иккита келини билан хайрлашаётганида, улар «йиғлаб фарёд кўтаришди». Сўнг «улар яна йиғлаб, дод-вой кўтаришди» (Рут 1:9, 14). Ҳизқиё касал бўлиб ўлиши маълум бўлганида Худога ибодат қилиб, «аччиқ-аччиқ йиғлади». Бу Яҳовага таъсир қилгани шубҳасиз (4 Шоҳ. 20:1–5). Шунингдек, Исодан тонган ҳаворий Бутрус ҳақидаги воқеа ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди! Хўроз қичқирганини эшитган Бутрус, «ташқарига чиқиб, аччиқ-аччиқ йиғлади» (Мат. 26:75).
12. Шоҳлик инсониятга қандай қилиб ҳақиқий тасалли келтиради?
12 Инсоннинг бошига қанақа кулфат тушмасин, кичикми ёки каттами, киши ўзини ёмон ҳис қилиб, тасалли ва далдага муҳтож бўлади. Лекин Минг йиллик бошқарув пайтида, унинг фуқаролари мана нималарга эга бўлишади: «Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди» (Ваҳ. 21:4). Мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмаслиги нақадар ажойиб! Худонинг ваъдасига биноан, ҳатто охирги душман бўлмиш ўлим ҳам йўқ қилинади. Бу қандай амалга ошади?
«МОЗОРЛАРДА БЎЛГАН ҲАММА... ЧИҚАДИ»
13. Одамато гуноҳ қилганидан бери, ўлим инсониятга қандай таъсир ўтказмоқда?
13 Одамато гуноҳ қилган пайтдан бошлаб, ўлим инсоният устидан шоҳ сингари бошқариб келмоқда. У енгилмас душман бўлиб, гуноҳкор инсонларнинг бирортаси ундан қочиб қутула олмайди. Унинг дастидан одамлар ҳамиша азоб-уқубат чекишади (Рим. 5:12, 14). Чиндан ҳам, миллионлаб одамлар «ўлимдан қўрқиб, бир умр қулликда юрганлар» (Иброн. 2:15).
14. Ўлим йўқ қилинишининг натижаси қандай бўлади?
14 Муқаддас Китобга биноан, «энг охирги душман — ўлим йўқ қилинади» (1 Кор. 15:26). Бундан икки гуруҳ инсонлар фойда олади. Яъни, ҳозир яшаётган «буюк оломон» ўлим кўрмай, ваъда қилинган янги дунёда абадий яшаш имкониятига эга бўлади. Ўлим исканжасида бўлган миллиардлаб кишилар эса, тирилиш имкониятига эга бўлишади. Тирилганлар билан «буюк оломон» кўришганда қанчалик қувонишларини тасаввур қила оласизми?! Агар Муқаддас Китобда баён этилган тирилиш ҳақидаги айрим воқеаларни яқиндан кўриб чиқсак, тирилиш қанақа бўлишини тасаввур қила оламиз (Марк 5:38–42; Луқо 7:11–17 ни ўқинг).
15. Вафот этган яқин кишингиз тирилганини кўрсангиз ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
15 Оятлардаги «донг қотиб қолишди» ва «Аллоҳни шарафлай бошлашди» иборалари ҳақида ўйлаб кўринг. Агар ўша жойда бўлганингизда, эҳтимол сиз ҳам шундай туйғуларни ҳис қилган бўлардингиз. Дарҳақиқат, вафот этган яқинларимиз тирилганини кўрганимизда қувонч ва ҳаяжонга тўламиз. Исо мана нима деган: «Шундай вақт келяптики, мозорларда бўлган ҳамма, унинг овозини эшитиб чиқадилар» (Юҳан. 5:28, 29). Ҳеч биримиз бундай нарсани ҳали кўрмаган бўлсак-да, лекин «кўринмайдиган нарса»ларнинг энг буюги, яъни тирилиш албатта амалга ошади.
«АЛЛОҲ БАРЧА НАРСАНИНГ ЯГОНА ЭГАСИ БЎЛАДИ»
16. а) Кўринмайдиган баракалар ҳақида нима учун завқ ила гапиришимиз керак? б) Павлус Коринфдаги имондошларига далда бериш учун нима деган эди?
16 Дарҳақиқат, ушбу ниҳоятда оғир вақтларда Яҳовага содиқ қолганларни ажойиб келажак кутмоқда! Тўғри, кўп баракалар ҳозирча кўринмайди. Аммо уларни эсда сақласак, чинакамига муҳим бўлган нарсаларни эътибордан қочирмаймиз ҳамда бу замоннинг ўткинчи ҳавасларига чалғимаймиз (Луқо 21:34; 1 Тим. 6:17–19). Келинг, оилавий топиниш пайтида, имондошлар билан суҳбат қилганда ҳамда Муқаддас Китобни ўрганаётган ва ҳақиқатга қизиқиш кўрсатаётган кишилар билан суҳбатлашганда, ажойиб умидимизу келажагимиз ҳақида завқ билан гапирайлик. Бу эса умидимизни онг ва қалбимизда тирик сақлашимизга ёрдам беради. Ҳаворий Павлус ҳам шундай йўл тутиб, имондошларига далда берган. Павлус уларга Минг йиллик бошқарувнинг охирига қадар нима юз беришини тушунтириб берган. 1 Коринфликларга 15:24, 25, 28 даги, (ўқинг) Павлуснинг сўзлари қанчалик чуқур маъноли эканини тушунишга уриниб кўринг.
17, 18. а) Инсоният тарихининг бошида, Яҳова қай йўсин «барча нарсанинг Эгаси бўлган»? б) Исо бирлик ва ҳамжиҳатликни қандай қилиб қайтадан тиклайди?
17 Ҳамма нарса ўз поёнига етганини таърифлаш учун, «Аллоҳ барча нарсанинг ягона Эгаси бўлсин», деган сўзларга нима ҳам тенг кела оларди. Бу сўзлар қандай маънога эга? Келинг, Адан боғида Одамато билан Момоҳаво мукаммал инсонлар бўлиб, Яҳованинг тинч ва якдил оиласининг бир қисми бўлган пайтни эслайлик. Ўшанда Яҳова, Сарвари Олам сифатида барча мавжудотлари, жумладан фаришталару одамзод устидан бевосита Ўзи бошқарган. Улар Аллоҳ билан шахсан мулоқот қилишар, Унга топинишар ва баракаларидан баҳраманд бўлиб юришарди. Дарҳақиқат, «Аллоҳ барча нарсанинг Эгаси бўлган».
18 Шайтон одамларни Яҳованинг ҳукмронлигига қарши чиқишга ундаганида, бу якдиллик бузилди. Аммо 1914- йилдан бери, Худонинг Шоҳлиги ушбу бирликни қайта тиклаш учун қадамма-қадам чоралар кўриб келмоқда (Эфес. 1:9, 10). Минг йиллик бошқарув пайтида, ҳозирча «кўринмайдиган» ажойиб нарсалар рўёбга чиқади. Ўшанда, Масиҳнинг минг йиллик бошқаруви ўз ниҳоясига етади. Хўш, ундан кейин нима бўлади? Исога «еру осмондаги барча нарса ишониб топширилган» бўлса ҳам, у шуҳратпараст эмас. У Яҳованинг ўрнини эгаллаб олишни кўзламаган. Аксинча, камтарлик ила «шоҳликни Отаси Худога топширади». Исо ўзининг ажойиб мавқеини «Худога шараф келтириш» учун ҳамиша қўллаган (Мат. 28:18; Филип. 2:9–11).
19, 20. а) Шоҳлик фуқароларининг барчаси Яҳованинг ҳукмдорлиги тарафида эканларини қандай кўрсата олишади? б) Олдинда бизни қанақа улкан умид кутмоқда?
19 Бундан кейин ер юзидаги фуқаролар мукаммалликка эришишади. Улар Исонинг ўрнагига тақлид қилган ҳолда камтарлик ила ва бажонидил Яҳова Сарвари Олам эканини тан олишади. Уларда охирги синовдан муваффақиятли ўтишларини кўрсата олишлари учун яхши имкон бўлади (Ваҳ. 20:7–10). Шундан кейин, исён кўтарган руҳий мавжудотлар ва одамлар абадулабад йўқ қилинадилар. Ўша пайт нақадар қувончли ва мароқли бўлади! Бирлашган оила сифатида «барча нарсанинг Эгаси» Яҳовага шараф келтира оламиз (Забур 98:1–3 ни ўқинг).
20 Келажакда Шоҳлик мўл-кўл баракалар келтиришини билиш, наҳотки диққатингизни Худонинг иродасига қаратиб, уни бажонидил бажаришга сизни ундамаса?! Шайтоннинг дунёси тақдим этаётган сохта умид ва тасаллини рад эта оласизми? Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш қарорингизни янада қатъий қила оласизми? Буни абадий қилиш истагингиз борлигини ҳаракатларингиз билан кўрсата оласизми? Агар жавобингиз ижобий бўлса, унда минг йил ва ундан кейин ҳам тинчлик ва фаровонликдан баҳраманд бўласиз!
[Изоҳ]
a Ишаё 65:25: «Бўри билан қўзичоқ бирга ўтлаб юради, шер ҳам ҳўкиз каби сомон ейди, илон эса тупроқ ялайди. муқаддас тоғимнинг бирон ерида ҳеч бир ёвузлигу ёмонлик қилинмайди. Эгамизнинг каломи шудир».