Солиҳлар қуёш каби порлайдилар
Ўшанда солиҳлар ўз Оталарининг Шоҳлигида қуёш каби порлайдилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин! МАТ. 13:43
1. Масиҳ Худонинг Шоҳлиги тўғрисида тушунтирганида нималардан фойдаланарди?
ИСО МАСИҲ турли мисол ва масаллар орқали одамларга самовий Шоҳлик тўғрисида сўзлаб берарди. Ҳа, у «халққа масаллар билан тушунтирди. Масалсиз уларга ҳеч нарсани тушунтирмас эди» (Мат. 13:34). Мисол учун, Исо уруғ сепувчи ҳақидаги масалда, одам ҳақиқатни қабул қилиши ёки қилмаслиги унинг юрагига боғлиқ эканини ҳамда инсоннинг маънан ўсишида Яҳованинг ўрни борлигини таъкидлаган (Марк 4:3–9, 26–29). Шунингдек, Ҳазратимиз Шоҳлик тўғрисидаги хушхабар қандай қилиб бутун ер юзида кенг тарқалишини масал орқали тасвирлаб берган (Мат. 13:31–33). У, хушхабарни қабул қилган инсонларнинг ҳаммаси ҳам Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўла олмаслигига эътибор қаратган (Мат. 13:47–50)a.
2. Исонинг бегона ўт ҳақидаги масалида яхши уруғ нимани билдиради?
2 Бироқ мана шундай масалларнинг бирида, Исо билан биргаликда Худонинг Салтанатида ҳукмронлик қиладиган кишиларнинг йиғиб олиниши ҳақида гап кетади. Бу, «бегона ўт ҳақидаги масал» бўлиб, Матто китобининг 13- бобида ёзилган. Гарчи Исо уруғ сепувчи ҳақидаги бошқа масалда, уруғни «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги калом» билан таққослаган бўлса-да, ушбу масалда яхши уруғлар умуман бошқача маънони англатади. Ушбу уруғлар «Худо ҳокимиятидаги одамлар [шоҳлик ўғиллари, ЯДТ]» (Мат. 13:19, 38). Шуни айтиш жоизки, улар бу Шоҳликнинг фуқаролари эмас, балки «Худонинг фарзандлари» ёки Исонинг «ворисдошларидир» (Рим. 8:14–17; Галатияликларга 4:6, 7 ўқинг).
Бегона ўт ҳақидаги масал
3. Уруғ сепувчи қандай муаммога дуч келибди ва уни ечиш учун у қандай чоралар кўрди?
3 Ушбу масалда қуйидагича ёзилган: «Осмон Шоҳлиги ўз даласига яхши уруғ сепган бир одамга ўхшайди. Ҳамма ухлаб ётганда, у одамнинг душмани келиб буғдой орасига бегона ўт уруғларини сепиб кетибди. Экин кўкариб бошоқ чиқарганида, бегона ўтлар ҳам пайдо бўлибди. Ер эгасининг хизматкорлари келиб: “Хўжайин, сиз далангизга яхши уруғ сепган эмасмидингиз? Энди бу бегона ўтлар қаердан пайдо бўлди?” — деб сўрашибди. “Бу душманнинг ишидир”,— дебди ер эгаси. “Истасангиз, биз бориб уларни юлиб ташлаймиз”,— дейишибди хизматкорлар. “Йўқ,— дебди у,— сизлар бегона ўтларни юлаётганда, улар билан бирга буғдойни ҳам юлиб олишингиз мумкин. Ўрим-йиғим вақтигача қўйинглар, у ҳам, бу ҳам бирга ўсаверсин. Ўрим-йиғим бўлгач, мен ўроқчиларга: “Олдин бегона ўтларни ўриб олинглар ва боғ-боғ қилиб ёқишга тайёрланглар. Буғдойни эса менинг омборимга тўплаб қўйинглар”, деб айтаман”» (Мат. 13:24–30).
4. а) Масалдаги уруғ сепувчи ким? б) Қачон ва қандай қилиб Исо Масиҳ яхши уруғларни сепишни бошлади?
4 Далага яхши уруғларни сепган киши ким? Бу саволга жавобни Исо Масиҳ кейинчалик ўз шогирдларига тушунтириб берди. У: «Яхши уруғни сепган — Инсон Ўғлидир»,— деб айтди (Мат. 13:37). «Инсон ўғли» шубҳасизки Исо Масиҳдир. У ер юзидаги уч ярим йиллик хизмати давомида ерни шудгор қилганди (Мат. 8:20; 25:31; 26:64). Милодий 33- йили Ҳосил байрамида эса, у яхши уруғларни, яъни «шоҳлик ўғилларини» экишни бошлаган эди. Яҳованинг раҳбарлиги остида Исо Масиҳ, шогирдларининг устига муқаддас руҳни ёғдирди ва улар Худонинг ўғилларигаb айланишди. Айнан шу вақтдан бошлаб яхши уруғлар экилгани яққол кўринди (Ҳавор. 2:33). Яхши уруғлар униб-ўсиб буғдойга айланади. Шундай қилиб, яхши уруғлар экилишининг мақсади, Худонинг Шоҳлигида Исо билан биргаликда ҳукмронлик қиладиган ворисдошларнинг тўлиқ сонини тўплашдан иборат эди.
5. Душман ва бегона ўт кимни тасвирлайди?
5 Бўлмаса, душман ва бегона ўт кимни тасвирлайди? Душман бу «иблис», ўтлар эса «ёвуз шайтон ҳокимиятидаги одамлардир» (Мат. 13:25, 38, 39). Исонинг масалидаги бегона ўт мастак ўти бўлиши мумкин. Заҳарли мастак пояси пишмасидан олдин буғдойнинг поясига ўхшаб кетади. Дарҳақиқат, ўзларини шоҳлик ўғиллари деб юрган, лекин ёмон ҳосил берадиган баъзилар, мана шу мастак ўтига ўхшайди! Ўзини Исонинг издоши деб билган иккиюзламачи бундай кишилар аслида Иблис Шайтон «зоти»нинг бир қисмидир (Ибт. 3:15).
6. Мастак ўтига ўхшаш масиҳчилар қачон пайдо бўлди ва улар билан нима юз берган?
6 Мастак ўтига ўхшаганлар қачон пайдо бўлади? Исонинг айтишича, «ҳамма ухлаб ётганда» (Мат. 13:25). Бу вақт қачон келиши ҳақида ҳаворий Павлус эфеслик оқсоқолларга айтган мана бу сўзларидан билиб олсак бўлади: «Мен кетганимдан кейин, сурувни аямайдиган йиртқич бўрилар орангизга суқилиб киришларини биламан. Ҳатто ўз ораларингиздан чиққан одамлар ҳам тескари сўзлари билан Исо шогирдларини йўлдан оздириб, орқаларидан эргаштирадилар» (Ҳавор. 20:29, 30). Павлус, бу билан оқсоқолларни маънан ҳушёр туришга чорлаган. Негаки, муртадликка қарши курашган ҳаворийлар ўлимидан кейин, кўп масиҳчилар маънан сусайиб қолишди (2 Салоникаликларга 2:3, 6–8 ўқинг). Айнан мана шу пайтдан бошлаб муртадлик ривожланиб борган.
7. Масалдаги буғдой кейинчалик бегона ўтга айланадими? Тушунтиринг.
7 Исо, буғдой кейинчалик бегона ўтга айланиши ҳақида эмас, балки буғдой орасига бегона ўт экилиши тўғрисида гапирган. Шу тариқа ушбу масалдаги бегона ўт, маънан ухлаб қолган самимий масиҳчиларни назарда тутмайди. Аксинча бу ўт, Шайтон имонлилар жамоатига киритишга уринган ёвуз инсонларни билдиради. Ҳаворийлардан энг охиргиси Юҳанно қарилик чоғида муртадлик авж олаётганини ўз кўзи билан кўрган (2 Бутр. 2:1–3; 1 Юҳан. 2:18).
«Ўрим-йиғим вақтигача қўйинглар»
8, 9. а) Нега Исонинг шогирдлари Хўжайин буйруғининг маъносини тушунишлари керак эди? б) Буғдой билан мастак бирга ўсишининг қандай фойдаси бор?
8 Хизматкорлар, ер эгасига пайдо бўлган муаммо ҳақда айтиб беришганидан сўнг, унга: «Истасангиз, биз бориб уларни [бегона ўтларни] юлиб ташлаймиз»,— дейишди (Мат. 13:27, 28). Хўжайиннинг жавоби хизматкорларни таажжубга солди. У, ўрим-йиғим вақти келгунига қадар, буғдой бегона ўт билан биргаликда ўсиши кераклигини айтади. Исонинг шогирдлари буни тушунишлари керак эди, яъни буғдой ва бегона ўт орасидаги фарқ аввал кўриниши лозим бўлган. Масалан, деҳқончилик билан шуғулланганлар, буғдойнинг илдизи мастакники билан бир-бирига туташ эканлигини яхши билишадиc. Шу сабабли ҳам, Хўжайин хизматкорларига кутишни тайинлаган.
9 Шундай қилиб асрлар давомида христиан оламининг турли мазҳаблари етила бошлади. Улардан энг йириклари католиклар, православлар ва протестантлардир. Лекин шу вақтнинг ўзида далада экилган буғдойлар ҳам пишиб, бошоқлари кўрина бошлади. Масалдаги хўжайин, ўрим-йиғим пайти келгунича сабр-бардош билан ҳосилнинг етилишини кутади.
Ўрим-йиғим пайти
10, 11. а) Ўрим-йиғим вақти қачон бошланган? б) Буғдойга ўхшатилганлар қандай қилиб Яҳованинг омборига тўплаб қўйилади?
10 Исо шундай деди: «Ўрим-йиғим — дунёнинг охири, ўроқчилар эса фаришталарга тенг келади» (Мат. 13:39). Айнан ҳозир охирзамон даврида «шоҳлик ўғиллари» мастакка ўхшаш одамлар орасидан ажратиб олинмоқда. Бу борада ҳаворий Бутрус қуйидани ёзган: «Худонинг Ўз хонадонини ҳукм қилиш вақти аллақачон бошланди. Агарда биз биринчи навбатда ҳукм қилинадиган бўлсак, унда Худонинг Инжилига итоатсизлик қилганларнинг охирати нима бўлади?» (1 Бутр. 4:17).
11 Охирзамон, яъни «дунёнинг охири» бошланганидан кўп вақт ўтмай, «шоҳлик ўғиллари» ва «шайтон ҳокимиятидаги одамлар» учун ҳукм қилиш куни бошланди. Ана шунда, ким Исонинг ҳақиқий издоши экани аниқланади. Ўрим-йиғим пайтида «олдин» буюк Бобил қулаб тушади, сўнг эса шоҳлик ўғиллари йиғиб олинади (Мат. 13:30). Бироқ қандай қилиб рамзий буғдой Яҳованинг омборига тўплаб қўйилади? Бу, улар ё Худонинг ҳимояси остида бўлган имонлилар жамоатига йиғиб олинишини, ёки самовий мукофотини олишини англатади.
12. Ўрим-йиғим қайси пайтгача давом этади?
12 Ҳукм қилиш куни қачонгача давом этади? Исо ўрим-йиғим «вақти» деб айтгани учун, бу муайян даврни назарда тутади (Ваҳ. 14:15, 16). Мойланганларни ҳукм қилиш куни бутун охирзамон пайтида содир бўлиб, пешаналарига муҳр босилмагунча давом этади (Ваҳ. 7:1–4).
13. Қай йўсин «бегона ўтлар» гуноҳга сабаб бўлиб, ёмонлик қилишади?
13 Кимлар Шоҳликдан йиғиб олинади ва қанақасига улар гуноҳга сабаб бўлиб, ёмонлик қилиб юришади? (Мат. 13:41). Асрлар мобайнида христиан оламининг руҳонийлари миллионлаб одамларни тўғри йўлдан оздиришяпти. Улар Худонинг шаънига доғ туширадиган таълимотлар орқали «гуноҳга сабаб бўлишмоқда». Мисол учун, улар оташин дўзахда азоб чекиш ва учлик каби таълимотларни тарқатишмоқда. Дин раҳбарларнинг кўпчилиги бу дунё билан иноқлашиб ҳамда жирканч ишлар қилиб, сурувига ёмон ўрнак кўрсатишяпти (Ёқб. 4:4). Буниси етмаганидек, улар ораларидаги ахлоқсизликка ҳам кўз юмишяпти (Яҳудо 4 ўқинг). Устига-устак, улар атрофдагиларга ўз художўйлигини кўрсатиб кўзбўямачилик билан иш тутишади. Шак-шубҳасизки, «шоҳлик ўғиллари» бу «бегона ўтнинг» сохта таълимотлари таъсиридан қутулганидан ўзларини бахтиёр ҳис қилишади.
14. Бегона ўтлар каби одамлар қайси маънода йиғи-сиғи ва оҳу нола қилишади?
14 Бегона ўтлар каби одамлар қайси маънода йиғи-сиғи ва оҳу нола қилишади? (Мат. 13:42). «Шоҳлик ўғиллари» уларнинг маънавий зулматда эканини фош қилишяпти. Бу эса «шайтон ҳокимиятидаги одамлар»нинг жаҳлини чиқаряпти. Ахир, улар ҳатто оддий халққа ҳам ўз таъсирини ўтказа олмаяпти-ку! (Ишаё 65:13, 14).
15. Бегона ўтларни териб ўтда ёқиш нимани англатади?
15 Бегона ўтларни териб ўтда ёқиш нимани англатади? (Мат. 13:40). Бегона ўтлар йиғиб олиниб, ловуллаб турган ўчоққа ташланиши бутунлайин йўқ қилинишни назарда тутади (Ваҳ. 20:14; 21:8). Ўзини художўй кўрсатадиган, бегона ўтларга ўхшаш кишилар, «буюк мусибатда» охир-оқибат таг-томири билан юлиб ташланади (Мат. 24:21).
Улар «қуёш каби порлайдилар»
16, 17. Малахи Худонинг рамзий маъбади ҳақида қандай башорат айтган ва у қачон амалга ошишни бошлаган?
16 Буғдойга ўхшаган инсонлар қачондан бери «қуёш каби порлайдилар»? (Мат. 13:43). Масалан, Малахи пайғамбар Ҳақ Худо аҳд хабарчиси билан бирга Ўз маъбадини тозалаш учун келишини башорат қилган эди. Пайғамбар бу кун келишига тайёр туриш кераклигини айтади. Чунки, ўшанда Яҳова Таоло барчани синовдан ўтказади. Айниқса Леви қабиласидан бўлганларни поклайди ва шунда улар Яҳовага шараф келтиришади (Мал. 3:1–3).
17 Ушбу башорат 1918- йилда, Тангри Яҳова аҳд хабарчиси бўлмиш Исо Масиҳ билан биргаликда рамзий маъбадни тозалаш учун келганида амалга ошади. Малахи пайғамбар каромат қилганидек, маъбад тозаланиб бўлгач, солиҳ билан фосиқ ҳамда Худога хизмат қилаётган ва қилмаётган ўртасидаги фарқ яққол кўрина бошлайди (Мал. 3:18). Бугунги кунда ҳақ топинишнинг қайта тикланаётгани, ўрим-йиғим пайти бошланганидан далолат бермоқда.
18. Дониёр пайғамбар бизнинг кунлар ҳақда нима деб башорат қилган?
18 Дониёр пайғамбар ҳам бизнинг кунлар ҳақда қуйидагича башорат қилган: «Донолар мусаффо осмон каби яшнайдилар, одамларни ҳақ йўлга солганлар эса юлдузлар каби мангу порлайверадилар» (Дон. 12:3). Хўш, яшнаб порлайдиганлар ким экан? Ахир улар, Исонинг масалидаги буғдойни тасвирлайдиган мойланган масиҳчилардан бошқа ким ҳам бўларди?! Бегона ўтлар териб бўлгандан кейин, бошқа қўйлар гуруҳи яққол кўрина бошлади. Улар рамзий Исроилнинг қолган қисми билан ҳамкорлик қилиб, Шоҳликнинг бўлажак фуқаролари тариқасида қоронғу дунёда нурлари порлашига ҳаракат қилишмоқда (Закр. 8:23; Мат. 5:14–16; Филип. 2:15).
19, 20. «Шоҳлик ўғиллари» нимани сабрсизлик билан кутишмоқда ва кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?
19 Ҳозир эса «шоҳлик ўғиллари» самовий мукофотини олишни сабрсизлик билан кутишмоқда (Рим. 8:18, 19; 1 Кор. 15:53; Филип. 1:21–24). Бироқ бунинг учун улар охиригача Худога садоқатли қолиб, «шайтон ҳокимиятидаги одамлар»дан ажралиб, қуёш каби порлаб туришлари керак (Мат. 13:38; Ваҳ. 2:10). Албатта, бугунги кунда «бегона ўтнинг териб олиниши» қандай натижалар келтираётганини кўриш биз учун катта шарафдир!
20 Аммо «шоҳлик ўғиллари» билан кундан-кунга кўпайиб бораётган, ер юзида яшашга умидвор бўлган бошқа қўйлар ўртасида қандай муносабатлар бор? Ушбу саволнинг жавобини кейинги мақолада топишимиз мумкин.
[Изоҳлар]
a Ушбу масаллар ҳақида батафсил маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2008- йил, 15-июль 12–21- саҳ. қ.
b Мазкур масалдаги уруғларнинг сепилиши ваъзгўйлик ва шогирд орттириш фаолиятини, жумладан бўлажак мойланганларнинг йиғиб олинишини ҳам англатмайди. Далада экилган яхши уруғларни Исо: «Шоҳлик ўғиллари»,— деб атаган экан, демак уруғ сепилиши мойланганларнинг тайинланишини назарда тутади.
c Буғдой поясининг илдизи мастакники билан бир-бирига чирмашган бўлгани учун ўрим-йиғим пайтигача кутиш керак. Чунки вақтидан олдин мастак узиб олинса, буғдойни ҳам юлиб олиш эҳтимоли бор. «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясининг 1- жилд, 1178- саҳ. қ. (ингл.).
Илтимос тушунтиринг
Бегона ўт ҳақидаги Исонинг масалида қуйидаги нарсалар нимани англатади?
• Яхши уруғ
• Уруғ сепган одам
• Уруғнинг сепилиши
• Душман
• Бегона ўтлар
• Ўрим-йиғим вақти
• Омбор
• Йиғи-сиғи ва оҳу нола бўлиши
• Ловуллаб турган ўчоқ
[20- саҳифадаги расмлар]
Милодий 33- йили Ҳосил байрамида яхши уруғлар экилиши бошланди
[23- саҳифадаги расм]
Рамзий буғдой ҳозир Яҳованинг омборига тўпланмоқда
[Расм манбаи]
Pictorial Archive (Near Eastern History) Est.