31- ДАРС
Худонинг Шоҳлиги нима?
Муқаддас Китобдаги энг муҳим мавзу — Худонинг Шоҳлиги. Тангри Яҳова у орқали ер юзига нисбатан илк ниятини амалга оширади. Хўш, Худонинг Шоҳлиги нима? У ҳозир бошқараётганини қаердан биламиз? Бу Шоҳлик нималарни амалга оширди? Келажакда-чи, у нималар қилади? Бу ва кейинги иккита дарсдан мазкур саволларга жавоб топамиз.
1. Худонинг Шоҳлиги нима ва унинг Шоҳи ким?
Бу Шоҳлик Тангри Яҳова ўрнатган ҳукуматдир. Унинг Шоҳи Исо Масиҳ ва у осмондан туриб бошқаряпти. (Матто 4:17; Юҳанно 18:36) Муқаддас Китобда Исо ҳақида шундай дейилган: «У... шоҳлик қилади ва Шоҳлигининг чеки бўлмайди». (Луқо 1:32, 33) Бу Шоҳликнинг Шоҳи сифатида у ер юзидаги барчанинг устидан бошқаради.
2. Исо билан кимлар бошқаради?
Исо ёлғиз ўзи бошқармайди. «Барча қабила, тил, халқ ва миллатлардан» бўлган инсонлар ер юзи устидан шоҳлик қилади. (Ваҳий 5:9, 10) Исо билан нечта киши бошқаради? У ер юзига келганидан бери миллионлаб инсонлар унинг издоши бўлди. Лекин Исо билан ҳукмронлик қилиш учун улардан фақат 144 000 таси осмонга кўтарилади. (Ваҳий 14:1–4 ни ўқинг.) Ердаги барча масиҳийлар эса бу Шоҳликнинг фуқаролари бўлади. (Забур 37:29)
3. Нега Худонинг Шоҳлиги инсоний ҳукуматлардан устун?
Инсоний бошқарувчилар яхши ишлар қилишга интилса-да, хоҳлаётган барча ишини қилишга қурби етмайди. Қолаверса, улардан кейин бошқарадиган инсонлар худбин бўлиб, бошқаларга ёрдам беришни хоҳламаслиги мумкин. Худонинг Шоҳлигида бошқараётган Исонинг ўрнини ҳеч ким ҳеч қачон эгаллай олмайди. «Худо асло яксон қилинмайдиган шоҳлик ўрнатди». (Дониёр 2:44) Исо бутун ер юзи устидан бошқаради ва юзхотирчилик қилмайди. У севгига бой, меҳрибон ва адолатли бўлиб, одамларга ҳам худди шундай, яъни севги, меҳр ва адолат ила муомала қилишни ўргатади. (Ишаё 11:9 ни ўқинг.)
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Нега Худонинг Шоҳлиги ҳар қандай инсоний ҳукуматдан аълороқ эканини билиб олинг.
4. Қудратли ҳукумат бутун ер юзи устидан бошқаради
Исо Масиҳ бошқариш учун тарихдаги ҳар қандай инсонга қараганда кўпроқ қудратга эга. Матто 28:18 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Исонинг ва одамларнинг бошқаруви ўртасида қандай фарқ бор?
Инсоний ҳукуматлар тез-тез ўзгаради ва ҳар бир бошқарувчи ернинг фақат муайян қисмида бошқаради. Худонинг Шоҳлиги ҳақида нима деса бўлади? Дониёр 7:14 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Худонинг Шоҳлиги «йўқ қилинмас» экан, бунинг бизга қандай фойдаси бор?
Бу Шоҳлик бутун ер юзи устидан бошқарар экан, бунинг бизга қандай фойдаси бор?
5. Нега Худонинг Шоҳлигига муҳтожмиз?
Нега Худонинг Шоҳлиги инсоний ҳукуматларнинг ўрнини эгаллаши керак? ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Инсонларнинг бошқаруви нимага олиб келди?
Воиз 8:9 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Сизнингча, инсонларнинг бошқаруви ўрнига Худонинг Шоҳлиги бошқариши керакми? Нима учун?
6. Худонинг Шоҳлигидаги бошқарувчилар бизни тушунади
Шоҳимиз Исо ер юзида инсон сифатида яшагани учун «заифликларимизни тушунади». (Ибронийларга 4:15) Исо Масиҳ билан бирга бошқарадиган 144 000 садоқатли эркак ва аёлни Яҳова «барча қабила, тил, халқ ва миллатлардан» танлаб олган. (Ваҳий 5:9)
Исо ва у билан бошқарадиганлар инсон сифатида яшаганини билиш сизга далда беряптими? Нега?
7. Худо Шоҳлигининг қонунлари энг аълоси
Ҳукуматлар ўз фуқароларига фойда келтириш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида қонунлар ўрнатади. Худонинг Шоҳлигида ҳам қонунлар бор ва фуқаролари уларга бўйсуниши даркор. 1 Коринфликларга 6:9–11 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Нима деб ўйлайсиз, барча одамлар Худонинг қонунларига амал қилса, дунё қандай бўлади?a
Сизнингча, Яҳова Самовий Шоҳликнинг фуқароларидан уларга амал қилишни кутишга ҳақлими? Нега?
Бу қонунларга амал қилмаётганлар ўзгара олишини нимадан кўрсак бўлади? (11- оятга қаранг.)
БАЪЗИЛАРНИНГ САВОЛИ: «Худонинг Шоҳлиги нима?»
Сиз қандай жавоб берардингиз?
ХУЛОСА
Худонинг Шоҳлиги мавжуд ҳукумат бўлиб, осмондан туриб бутун ер юзини бошқаради.
Такрорлаш
Худонинг Шоҳлигида кимлар бошқаради?
Худонинг Шоҳлиги инсоний ҳукуматлардан қайси жиҳатлари билан устун?
Яҳова бу Шоҳлик фуқароларидан нималарни кутади?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Исо Худонинг Шоҳлиги қаерда бўлиши борасида нималарни ўргатганига эътибор беринг.
Нега Яҳованинг Шоҳидлари инсоний ҳукуматлардан кўра, Худонинг Шоҳлигига садоқатли қолишни муҳимроқ деб билади?
Яҳова Исо билан бошқариш учун танлаган 144 000 киши ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганига диққат қаратинг.
Қамоқдаги бир аёлни фақатгина Худо дунёда адолат ўрнатиши мумкинлигига нима ишонтирди?
«Адолатсизликнинг ечими бор экан» («Уйғонинг!» ноябрь, 2011)
a Баъзи қонунлар 3- бўлимда муҳокама қилинади.