«Илоҳий руҳ... Худонинг теранликларини текшириб кўради»
Илоҳий Руҳ бутун нарсаларни, ҳатто Худонинг теранликларини текшириб кўради. 1 КОР. 2:10
1. Павлус, 1 Коринфликларга 2:10 да муқаддас руҳ ҳақида нима деган ва қанақа саволлар юзага келмоқда?
АЛЛОҲИМИЗ ЯҲОВА муқаддас руҳи орқали бизни қўллаб-қувватлаётгани нақадар яхши! Худонинг Каломида, муқаддас руҳ шоҳидлик ҳамда воситачилик қиладиган ва ёрдамчи сифатида тасвирланган (Юҳан. 14:16; Ҳавор. 2:38; Рим. 8:16, 26, 27). Ҳаворий Павлус муқаддас руҳ тўғрисида яна шундай деган: «Илоҳий Руҳ бутун нарсаларни, ҳатто Худонинг теранликларини текшириб кўради» (1 Кор. 2:10). Ҳақиқатни ойдинлаштириш мақсадида Яҳова айнан Ўз руҳидан фойдаланади. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, муқаддас руҳнинг кўмагисиз Яҳованинг ниятини тушуна олармидик? (1 Коринфликларга 2:9–12 ўқинг). Бинобарин, қуйидаги саволлар юзага келяпти: «Қандай қилиб муқаддас руҳ “Худонинг теранликларни текшириб кўради”? Бундай нарсаларни Яҳова милодий биринчи асрда кимлар орқали ошкор қилган? Бугунги кунда муқаддас руҳ қандай қилиб ва ким орқали бу нарсаларни текширмоқда?»
2. Муқаддас руҳ амал қилишининг қандай иккита йўли бор?
2 Исо Масиҳ, муқаддас руҳ амал қилишининг иккита йўлини кўрсатган. Ўлимидан олдин у ҳаворийларига шундай деган: «Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг Ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади, Менинг сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади» (Юҳан. 14:26). Демак, муқаддас руҳ таъсири остида биз ҳам таълим оламиз, ҳам билиб олганларимизни эслаймиз. Ўргатувчи сифатида, у бизга олдинлари тушунмаган нарсаларни аён эта олади. Ўзлаштирган билимларни айнан муқаддас руҳ кўмаги билан эсда сақлаб, уларга амал қилишимиз мумкин.
Биринчи асрда
3. «Худонинг теранликлари» тобора аён бўлиши тўғрисида Исо нима деган?
3 Исо, шогирдлари учун янги бўлган ҳақиқатларни очиб берган эди. Чиндан ҳам улар анчагина нарсаларни билиб олишлари керак бўлган. Ҳазратимиз ҳаворийларга мана шуларни деган: «Сизларга яна айтадиганларим кўпу, лекин энди ичингизга сиғдиролмайсизлар. Муқаддас Ҳақиқат Руҳи келгач, У сизларни бутун ҳақиқат йўлига бошлайди» (Юҳан. 16:12, 13). Исо, муқаддас руҳ орқали «Худонинг теранликлари» тобора ойдинлашиб боришига ишора қилган.
4. Милодий 33- йил Ҳосил байрамида муқаддас руҳ орқали нима аён бўлди?
4 Милодий 33- йил Ҳосил байрамида Исонинг 120 та шогирди Қуддусда йиғилганида, муқаддас руҳ уларнинг устига тушди (Ҳавор. 1:4, 5, 15; 2:1–4). Ўшанда «тўсатдан осмондан кучли шамол эсаётгандек бир шовқин келди-ю», шогирдлар «Худонинг улуғ ишлари» ҳақида турли тилларда гапира бошлашди (Ҳавор. 2:5–11). Бу воқеа, тарихда янги бир саҳифа очилишига сабаб бўлди. Йўэл пайғамбар ҳам, бу ҳақда азалдан башорат қилган эди (Йўэл 2:28–32). Ушбу ҳодиса кутилмаган тарзда амалга ошгани учун ҳаворий Бутрус буни барчага тушунтириб берди (Ҳаворийлар 2:14–18 ўқинг). Бутрус айнан муқаддас руҳ ёрдамида, ушбу воқеа қадимдаги башоратнинг амалга ошаётганини кўрсатиб берди. Шунингдек, илоҳий илҳом остида, у нафақат Йўэл пайғамбарнинг башоратини, балки Довуднинг иккита саносини ҳам эслади (Заб. 15:8–11; 109:1; Ҳавор. 2:25–28, 34, 35). Ҳа, одамларнинг кўрган ва эшитганларининг бари, Худонинг теранликлари эди.
5, 6. а) Милодий 33- йил Ҳосил байрамидан сўнг, янги аҳдга тааллуқли қандай саволлар кўриб чиқилиши керак эди? б) Бу масала ким орқали ва қандай ҳал қилинди?
5 Биринчи асрдаги масиҳчилар ҳали кўп нарсаларни англаб етишлари керак эди. Масалан, Ҳосил байрамида кучга кирган янги аҳд борасида бир нечта савол юзага келди. Янги аҳд, фақатгина яҳудийлар ва яҳудий динига кирган одамлар билан чекланадими? Ғайрияҳудийлар ҳам, янги аҳд иштирокчилари бўлиб, муқаддас руҳ билан мойланиши мумкин эдими? (Ҳавор. 10:45). Ғайрияҳудийлар аввал суннат қилиниб, кейин Мусонинг қонунига бўйсунишлари керак бўлганми? (Ҳавор. 15:1, 5). Шубҳасизки бу саволлар жуда муҳим эди. Уларни текшириш учун эса Яҳованинг руҳи катта аҳамиятга эга. Хўш, муқаддас руҳ қандай қилиб ва ким орқали бу нарсаларни ошкор қилади?
6 Масъулиятли биродарлар ушбу муҳим саволларни кўриб чиқишга қарор қилишди. Етакчи кенгаш йиғинига келган Бутрус, Павлус ва Барнабо, Яҳова Таолонинг суннат қилинмаган ғайрияҳудийларга бўлган муносабати ҳақида гапириб беришди (Ҳавор. 15:7–12). Етакчи кенгаш эса буларнинг барчасини Тавротга асосланиб текширишди ҳамда муқаддас руҳнинг мадади билан бир қарорга келишди. Сўнг эса бу ҳақда мактуб орқали барча жамоатларни хабардор қилишди (Ҳаворийлар 15:27–30; 16:4, 5 ўқинг; Эфес. 3:5, 6).
7. Чуқур ҳақиқатлар яна қаерда очилган эди?
7 Шу каби кўпгина бошқа саволлар илоҳий илҳом остида ёзилган Юҳанно, Бутрус, Ёқуб ва Павлуснинг мактубларида батафсил тушунтирилган. Бироқ Инжил ёзиб тугатилганидан кейин, башоратгўйлик ҳамда мўъжизавий равишда билимга эга бўлиш ўз якунига етди (1 Кор. 13:8). Қизиқ, муқаддас руҳ бундан буён ҳам ўргатувчи ва эслатувчи сифатида амал қиладими? Масиҳчилар унинг кўмаги билан Худонинг теранликларини текшира олишадими? Башоратга биноан, ҳа.
Охирзамонда
8, 9. Охирзамонда кимлар маънавий жиҳатдан «яшнайди»?
8 Охирзамон борасида фаришта қуйидагича каромат қилган: «Донолар мусаффо осмон каби яшнайдилар, одамларни ҳақ йўлга солганлар эса юлдузлар каби мангу порлайверадилар... Билим кўпаяди» (Дон. 12:3, 4 изоҳга қ.). Хўш, яшнайдиган донолар ким? Исо Масиҳнинг бегона ўт тўғрисидаги масални эслайлик. Охирзамон ҳақида гапирганда, у шундай деган: «Ўшанда солиҳлар ўз Оталарининг Шоҳлигида қуёш каби порлайдилар» (Мат. 13:39, 43). Исо «солиҳлар» деганида «шоҳлик ўғиллари», яъни мойланган масиҳчиларни назарда тутган (Мат. 13:38, ЯДТ).
9 Мойланган масиҳчиларнинг ҳаммаси ҳам «яшнайдими»? Ҳа, уларнинг бари ваъзгўйлик ва шогирд орттириш фаолиятида қатнашиб, йиғилишларда ўзаро далда беришади. Бу билан эса, улар Худонинг бошқа хизматчиларига яхши ўрнак кўрсатишади (Закр. 8:23). Шу тариқа, Худонинг теранликлари охирзамон мобайнида ойдинлашиб боради. Шунинг учун ҳам Дониёр пайғамбар: «Бу сўзлар муҳрланган бўлиб охирзамонга қадар сир сақланади»,— деб каромат қилган (Дон. 12:9). Қандай қилиб ва ким орқали муқаддас руҳ Худонинг теранликларини текширади?
10. а) Охирзамонда ким орқали ҳақиқат ойдинлашади? б) Яҳованинг рамзий маъбади тўғрисидаги ҳақиқат қандай аён бўлган? Тушунтиринг.
10 Бугунги кунда, Халқаро идора марказида фаолият кўрсатаётган «ишончли ва ақлли хизматкор»нинг вакили муқаддас руҳнинг ёрдами билан, олдин тушунарсиз бўлган ҳақиқатларни очиб бермоқда (Мат. 24:45; 1 Кор. 2:13). Етакчи кенгаш аъзолари ҳамма ўзгаришларни муҳокама қилишади (Ҳавор. 15:6). Улар аниқлаб олаётган барча билимлар ҳаммамизнинг фойдамиз учун хизмат қилади (Мат. 10:27). Биламизки, вақт жойида турмайди ва келажакка нисбатан яна қандайдир янгиликлар аён бўлади. Ишонаверинг, улар ҳам ростгўйлик билан тушунтирилиб берилади. («Қай йўсин муқаддас руҳ рамзий маъбаднинг маъносини очиб бермоқда?» рамкасига қ.)
Бугунги кунда муқаддас руҳнинг аҳамияти
11. Бугунги кунда муқаддас руҳ Худонинг теранликларини ошкор этишида қандай аҳамиятга эга?
11 Шуни айтиш жоизки, муқаддас руҳ Худонинг теранликларини ошкор этишда масиҳчиларнинг ҳаммасига кўмаклашади. Биринчи асрдаги масиҳчилар каби, биз ҳам тадқиқ ўтказиб, кейин муқаддас руҳ ёрдами билан билиб олганларимизга амал қиламиз (Луқо 12:11, 12). Шу сабабли адабиётларимиздаги таълимотларни тушуниш учун олий маълумотли бўлиш шарт эмас (Ҳавор. 4:13). Қандай қилиб Худонинг теранликларини янада яхшироқ англашимиз мумкин? Келинг, бир нечта усулини кўриб чиқайлик.
12. Қачон муқаддас руҳ сўраб ибодат қилиш оқилона бўларди?
12 Муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг. Аллоҳнинг Каломига асосланган адабиётларни кўриб чиқишдан олдин, Худодан муқаддас руҳни сўраш оқилонадир. Тўғри, баъзида вақт зиқ бўлиши мумкин. Бироқ, бундай самимий ибодатлар билан Отажонимизнинг қалбини қувонтирган бўламиз. Ҳазратимиз Исо айтганидек, Яҳова Ундан сўраганга муқаддас руҳни албатта беради (Луқо 11:13).
13, 14. Учрашувларга тайёргарлик кўриш қандай қилиб Худонинг теранликларини тушунишга кўмаклашади?
13 Учрашувларга тайёргарлик. Шубҳасизки ақлли ва ишончли хизматкор, барчамизга маънавий озуқани «ўз вақтида» етказиб турибди. Ушбу «хизматкорга», Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар билан таъминлаш ҳамда жамоат учрашувлари учун дастур тузиш вазифаси топширилган. Шундай экан, келинг, «имонли биродарларимиз» билан биргаликда ушбу ҳақиқатларни баҳам кўрайлик (1 Бутр. 2:17; Колос. 4:16; Яҳд. 3). Агар маслаҳатларга риоя қилсак, муқаддас руҳ бизга таъсир қилишига йўл берган бўламиз (Ваҳ. 2:29).
14 Учрашувларга тайёргарлик кўраётиб, ҳавола қилинган оятларни очиб, мавзу билан қандай боғлиқ эканлиги борасида мулоҳаза юритиш жуда фойдалидир. Шундай қилиб, Муқаддас Китобни янада чуқурроқ тушуна оламиз (Ҳавор. 17:11, 12). Қолаверса, Худонинг руҳи, кези келганда оятларни эслашга кўмаклашади. Боз устига, Муқаддас Китобни очиб ўқисак, боб ва оятларнинг жойлашиши эсимизда қолади. Натижада эса керакли пайтда ўша жойни қийналмай топишимиз мумкин.
15. Нима учун адабиётларимизни ўқиб чиқиш фойдали ва буни қандай қилишингиз мумкин?
15 Қулай фурсатни бой берманг. Журналлардаги баъзи мақолалар учрашувларда муҳокама қилинмайди. Лекин, уларнинг барчаси бизнинг фойдамиз учундир. Ҳатто омма учун мўлжалланган журналлардаги мақолалар ҳам, билим орттиришга ёрдам беради. Бу дунёда вақт зиқ бўлгани учун, қулай фурсатдан доим фойдаланиб қолиш керак. Агар, ўқишга улгурмаган адабиётни ўзимиз билан олиб юрсак, бўш вақтимизда озгина бўлса ҳам ўқишга имкониятимиз пайдо бўлади. Мисол учун, баъзилар пиёда ёки транспортда кетаётиб адабиётларимизнинг аудио ёзувларини эшитишга ҳаракат қилишади. Ҳа, адабиётларимиз сифатли бўлиб, турли хил ўқувчиларга мўлжалланган. Буларнинг барчаси эса маънавий нарсаларга бўлган миннатдорчилигимизни янада оширади (Хаб. 2:2).
16. Тадқиқ пайтида туғилган саволлар устидан изланиш олиб бориш қандай баракалар келтиради?
16 Мулоҳаза юритинг. Муқаддас Китобни ҳамда унга асосланган адабиётларни ўқиётганда, албатта фикр юритишга ҳам вақт ажратинг. Агар фикрларнинг бир-бирига қандай боғлиқлигини кузатсангиз, сизга тегишли бўлган саволлар юзага чиқади. Уларни ёзиб олиб, кейинчалик кўпроқ ўрганиб чиқсангиз бўлади. Бизни қизиқтирадиган саволларни ўрганиш, шахсий тадқиқни янада мазмунли қилади. Орттирган билимлар билан маънавий хазинани тўлдиришга ва керакли пайтда ундан фойдаланишга асқатади (Мат. 13:52).
17. Оилавий ва шахсий тадқиқ учун қандай режаларингиз бор?
17 Оила билан бирга Худога топинишни режалаштиринг. Етакчи кенгаш барчамизни ҳар ҳафта оила билан ёки шахсий тадқиқ олиб боришга ундамоқда. Бу маслаҳатга амал қилиш учун, кундалик жадвалимизни ўзгартириш жуда муҳимдир. Хўш, оила билан бирга Худога топиниш оқшомида нимани кўриб чиқишни режалаштиряпсиз? Баъзилар Муқаддас Китобни ўқиётганда, бирон-бир оятни тушунмай, унинг устидан изланиш олиб боришади. Сўнг эса, маъносини қисқача ёзиб олишади. Кўп оилалар, учрашувларда муҳокама қилинадиган мақолаларга биргалашиб тайёргарлик кўришади. Айрим оила бошилар, оиласида пайдо бўлган эҳтиёжлар ёки саволларга мос мақолаларни топиб муҳокама қилишади. Шубҳасизки, вақт ўтган сайин тадқиқларда бошқа мавзуларни ҳам кўриб чиқсангиз бўладиa.
18. Нимага Худонинг теранликларини тадқиқ қилишга ҳеч нарса тўсқинлик қилмаслиги керак?
18 Ҳазратимиз Исо ваъда қилганидек, муқаддас руҳ бизга мададкор бўлади. Шу сабабли, Худонинг теранликларини тушунишга ҳеч нарса тўсқинлик қилишига йўл бермаслигимиз керак. Бундай ҳақиқатлар Худонинг қимматбаҳо донолиги экан, келинг, уларни излашга жон куйдирайлик (Ҳикматлар 2:1–5 ўқинг). Бинобарин, Аллоҳнинг Ўзи бу билимларни Уни «севганларга муҳайё қилган». Дарҳақиқат, Яҳованинг Каломидан кўпроқ билим олишга интилсак, «Илоҳий Руҳ бутун нарсаларни, ҳатто Худонинг теранликларини текшириб кўришга» ёрдам беради (1 Кор. 2:9, 10).
[Изоҳ]
Илтимос тушунтиринг
• Қайси икки усул билан «Худонинг теранликларини» текшириш мумкин?
• Биринчи асрда муқаддас руҳ ким орқали ҳақиқатларни ойдинлаштирган?
• Бугунги кунда Худонинг руҳи маънавий нарсаларни қандай ошкор этмоқда?
• Муқаддас руҳ сизга ҳам таъсир этиши учун нима қилса бўлади?
[22- саҳифадаги рамка]
Қай йўсин муқаддас руҳ рамзий маъбаднинг маъносини очиб бермоқда?
Муқаддас чодир ва кейинчалик Худонинг маъбади, янада чуқурроқ маънога эга эканлиги биринчи асрда аён бўлди. Бу эса Худонинг теранликларига киради. Павлус уни «инсон эмас, Худованд қурган ҳақиқий чодир» деб атаган эди (Иброн. 8:2). Ушбу рамзий маъбад янги тузум бўлиб, Олий руҳоний Исо Масиҳнинг гуноҳдан қутқарувчи қурбонлиги асосида Худога яқинлашиш имконини яратади.
Ушбу «ҳақиқий чодир» милодий 29- йилда Исо сувга чўмган пайтида ҳамда Яҳова Таоло уни мукаммал қурбон сифатида маъқул деб билганида амал қила бошлади (Иброн. 10:5–10). Исо Масиҳ самовий ҳаётга тирилганидан сўнг, рамзий маъбаднинг Энг муқаддас хонасига кириб, тўлов қурбонлигининг баҳосини Аллоҳга тақдим этди (Иброн. 9:11, 12, 24).
Боз устига Павлус, мойланган масиҳчилар «Худо учун муқаддас бир маъбадга айланиши» ҳақида ёзган эди (Эфес. 2:20–22). Хўш, ушбу маъбад кейинчалик Ибронийларга йўлланган мактубдаги «ҳақиқий чодир» билан бир хил маънога эгами? Кўп йиллар давомида Яҳованинг хизматчилари шундай деб ўйлашган. Уларнинг фикрича, ер юзида яшаётган мойланган масиҳчилар Яҳованинг самовий маъбадидаги «тошлар»ни ташкил қилиши керак эди (1 Бутр. 2:5).
Бироқ 1971- йилга келиб, ишончли хизматкорнинг аъзолари, Павлуснинг эфесликларга айтган маъбад, Яҳованинг рамзий маъбадини тасвирламаслигини аниқлашди. Агар «ҳақиқий чодир» тирилган мойланган масиҳчилардан ташкил топган бўлса, унда бу маъбад, Ҳазратимизнинг ҳозир бўлиш пайтида уларнинг тирилишидан сўнг, вужудга келиши керак эди (1 Салон. 4:15–17). Лекин Павлус айтганидек, бу муқаддас чодир белгиланган вақт, яъни «ҳозирги замон» учун рамз бўлиб хизмат қилади (Иброн. 9:9).
Бу ва бошқа оятларни бир-бири билан солиштириш натижасида, рамзий маъбад қурилиш жараёнини англатмаслиги ҳамда мойланган масиҳчилар ер юзидаги Яҳова маъбадининг «тошлари» эмаслиги кўринди. Аксинча мойланган масиҳчилар рамзий маъбаднинг ичкарисидаги ҳовлида ва Муқаддас хонасида «Худога узлуксиз ҳамду сано қурбонларини бағишлайдилар» (Иброн. 13:15).
[23- саҳифадаги расм]
«Худонинг теранликларини» қандай қилиб яхшироқ тушунса бўлади?