14- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Шимолдан келган ҳужум!
Юртимга кучли ва сон-саноқсиз бир халқ бостириб келди. ЙЎЭЛ 1:6
95- ҚЎШИҚ Нур янада ёрқинроқ порламоқда
БУ МАҚОЛАДАa
1. Расселл биродаримиз билан дўстлари тадқиқ қилишда қандай усулдан фойдаланишган ва нега бу самарали бўлган?
ЮЗ ЙИЛДАН ошиқроқ вақт аввал Расселл биродаримиз ва унинг маслакдошлари, яъни Аллоҳ Каломининг бошқа тадқиқотчиларидан иборат кичик гуруҳ бирга йиғила бошлаганди. Улар Аллоҳ Яҳова, Исо Масиҳ, ўлганларнинг ҳолати ва тўлов ҳақида Муқаддас Китобда аслида нима дейилганини билиб олмоқчи эди. Уларнинг тадқиқ қилиш усули оддий эди. Кимдир савол кўтарарди ва бутун гуруҳ ушбу мавзуга тааллуқли барча оятларни ўрганиб чиқарди. Охирида улар изланишларининг натижасини ёзиб қўйишарди. Яҳованинг баракаси туфайли бу самимий масиҳийлар Муқаддас Китобдаги кўплаб асосий ҳақиқатларни билиб олишди ва биз уларни ҳалигача жуда қадрлаймиз.
2. Муқаддас Китоб башоратларини тушунишга интилаётиб баъзида нотўғри хулосага келишимизга нималар сабаб бўлиши мумкин?
2 Тез орада Муқаддас Китоб тадқиқотчилари шуни тушунишдики, Худонинг Каломида муайян таълимот ҳақида нима дейилганини билиб олишдан кўра, башоратларнинг маъносини тўғри тушуниш қийинроқ. Нима учун? Биринчидан, Муқаддас Китоб башоратларини кўпинча улар амалга оша бошлаганида ёки амалга ошиб бўлганидан кейингина яхши тушуниш мумкин. Аммо бунинг бошқа сабаби ҳам бор. Башоратни тўғри тушуниш учун унинг матн таркибини тўлиқ кўриб чиқишимиз керак. Агар унинг фақат бир жиҳатига диққат қаратиб, бошқаларини эътиборсиз қолдирсак, нотўғри хулосага келишимиз мумкин. Ортга назар солсак, Йўэл китобида ёзилган башорат билан ҳам айнан шундай бўлган. Келинг, башоратни кўриб чиқамиз ва нега тушунчамизни янгилашимиз кераклигини муҳокама қиламиз.
3–4. Шу пайтгача Йўэл 2:7–9 даги башоратни қандай тушунганмиз?
3 Йўэл 2:7–9 ни ўқинг. Йўэл Исроил юртини чигирткалар ҳужуми вайрон этишини башорат қилганди. Тишларию жағлари шерларникидай бўлган очофат ҳашаротлар йўлида учраган барча нарсани йўқ қилади! (Йўэл 1:4, 6) Кўп йиллар давомида биз бу башоратда Яҳованинг халқи тўхтатиб бўлмайдиган чигирткалар галаси сингари ваъзгўйлик фаолиятини амалга ошираётгани ҳақида айтилган деб ўйлардик. Бу фаолият «юртни», яъни дин раҳбарларининг назорати остидаги одамларни саросимага соляпти деб ҳисоблардикb.
4 Агар Йўэл 2:7–9 ни ўқиш билан чегараланиб қолсак, бундай тушунча тўғридай туюлиши мумкин. Бироқ башоратнинг матн таркибини кўриб чиқсак, уни бошқача тушуниш лозимлигини англаймиз. Келинг, бунинг тўртта сабабига диққат қаратайлик.
ТУШУНЧАМИЗНИ ЎЗГАРТИРИШ УЧУН ТЎРТТА САБАБ
5–6. а) Йўэл 2:20 ва б) Йўэл 2:25 ни кўриб чиққач, қандай савол туғиляпти?
5 Аввало Яҳова чигирткаларнинг ҳужуми тўғрисида қандай ваъда берганига диққат қаратайлик: «Шимолдан келганларни [чигирткаларни] олдингиздан ҳайдаб юбораман». (Йўэл 2:20) Агар чигирткалар Исонинг ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш амрига бўйсунаётган Яҳованинг Шоҳидларини билдирса, нега Яҳова уларни ҳайдаб юборишни ваъда қилган? (Ҳиз. 33:7–9; Мат. 28:19, 20) Шуниси аниқки, Яҳова Ўзининг садоқатли хизматчиларини эмас, уларга қаршилик қилаётган нарсалар ёки кимсаларни ҳайдаб юборади.
6 Иккинчи сабабни билиш учун, келинг, Йўэл 2:25 да нима деб ёзилганини кўриб чиқайлик. Яҳова шундай деган: «Мен сизларга қарши улкан лашкарим бўлмиш чигиртка галаси, қанотсиз чигиртка, очофат чигиртка ва еб битирувчи чигирткани юборган эдим. Шу йиллар давомида улар келтирган зарарни Ўзим қоплайман». Эътибор берсак, Яҳова чигирткалар келтирган зарарни қоплаши ҳақида ваъда беряпти. Агар чигирткалар Шоҳлик ваъзгўйларини билдирганида, бу улар эълон қиладиган хабар зарар келтиришини англатган бўларди. Аммо улар айтаётган ҳаётбахш хабар айрим ёвуз кишиларни тавба қилишга ундаши мумкин. (Ҳиз. 33:8, 19) Бу улар учун нақадар ажойиб барака бўларди!
7. Йўэл 2:28, 29 даги «шундан кейин» деган сўзлар нимани тушунишимизга ёрдам беряпти?
7 Йўэл 2:28, 29 ни ўқинг. Учинчи сабабни, яъни башоратда баён этилган воқеалар тартибини кўриб чиқайлик. Яҳованинг: «Шундан кейин Мен ҳар қандай инсон устига Ўз руҳимни ёғдираман»,— деган сўзлари чигирткалар ўз ишини якунига етказган вақтга ишора қилишига эътибор бердингизми? Агар чигирткалар Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилаётганларни англатса, Яҳова улар шоҳидлик бериш ишини якунига етказганидан кейин уларнинг устига муқаддас руҳини ёғдириб нима қилади? Ҳақиқат шундаки, агар Худо қудратли муқаддас руҳи ила ёрдам бермаса, улар қаршиликлару тақиқларга қарамай ўнлаб йиллар давомида ваъзгўйлик ишини давом эттира олишмасди.
8. Ваҳий 9:1–11 даги чигирткалар кимларни билдиради? (Муқовадаги расмга қаранг.)
8 Ваҳий 9:1–11 ни ўқинг. Энди эса тўртинчи сабабга диққат қаратайлик. Авваллари Йўэл китобида ёзилган чигирткалар ҳақидаги башоратни ваъзгўйлик фаолияти билан боғлардик, чунки Ваҳий китобида ҳам шунга ўхшаш башорат бор. Бу башоратда юзлари инсонларникига ўхшаш, бошида эса «гўё олтиндан ясалган тожлари бор» чигирткалар галаси ҳақида айтилган. (Ваҳ. 9:7) Улар «пешонасида тамғаси йўқ одамларга», яъни Худонинг душманларига беш ой давомида азоб беришади (чигирткалар ўртача ҳисобда айнан шунча умр кўради). (Ваҳ. 9:4, 5) Ушбу сўзлар орқали Яҳованинг мойланган хизматчиларига таъриф берилаётганга ўхшайди. Улар Худо бу ёвуз дунёга чиқарган ҳукмларни жасорат ила эълон қилишяпти, бу туфайли дунёни қўллаб-қувватлаётганлар азобланяпти.
9. Йўэл кўрган чигирткалар билан Юҳанно айтган чигирткалар ўртасида қандай муҳим фарқлар бор?
9 Чиндан ҳам Ваҳий китобида ёзилган башорат билан Йўэл китобидаги башорат ўртасида ўхшашликлар мавжуд. Лекин улар ўртасида муҳим фарқлар ҳам бор. Қуйидагиларга диққат қаратинг: Йўэлнинг башоратида чигирткалар ўсимликларни йўқ қилади. (Йўэл 1:4, 6, 7) Юҳанно кўрган ваҳийда эса чигирткаларга «ер юзидаги ҳеч бир ўт-ўланга... зиён келтирмаслик» буюрилади. (Ваҳ. 9:4) Йўэл кўрган чигирткалар шимолдан келади. (Йўэл 2:20) Юҳанно кўрганлари эса тубсизликдан чиқади. (Ваҳ. 9:2, 3) Йўэлнинг башоратида чигирткалар ҳайдаб юборилади. Ваҳий китобидаги чигирткалар ҳайдаб юборилмайди, аксинча, Яҳова улар ишини битиришига йўл қўяди. Бу чигирткалар Яҳовага номаъқул экани ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса дейилмаган. («Чигирткалар ҳақидаги башоратларнинг муҳим фарқли томонлари» номли рамкага қаранг.)
10. Муқаддас Китобда муайян рамз бошқа-бошқа жойда учраса, баъзида турли маънони англатиши мумкинлигини кўрсатувчи мисол келтиринг.
10 Ушбу иккита башорат ўртасидаги муҳим фарқлар, улар ўзаро боғлиқ эмас деган хулосага келишимизга ёрдам беради. Бу, Йўэл айтган чигирткалар ҳамда Ваҳий китобидаги чигирткалар битта нарсани англатмайди, деганими? Ҳа. Муқаддас Китобда муайян рамз бошқа-бошқа жойда учраса, баъзида турли маънони англатиши мумкин. Масалан, Ваҳий 5:5 да Исо «Яҳудо қабиласидан бўлган Арслон» деб аталган, 1 Бутрус 5:8 да эса Иблис бўкириб юрган шерга ўхшатилган. Ҳозирги тушунчамиз туфайли юзага келаётган саволларни инобатга олсак, Йўэлнинг башорати борасидаги тушунчамизни қайта кўриб чиқишга эҳтиёж борлиги аён бўляпти. Бу башорат нимани англатади?
БУ БАШОРАТ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
11. Йўэл 1:6 ва 2:1, 8, 11 даги сўзлар чигирткалар кимни англатишини тушунишимизга қай йўсин ёрдам беряпти?
11 Агар Йўэлнинг башоратига матн таркибини инобатга олган ҳолда яхшилаб назар солсак, пайғамбар ҳарбий ҳужум ҳақида олдиндан айтганини тушунамиз. (Йўэл 1:6; 2:1, 8, 11) Яҳова итоатсиз исроилликларни жазолаш учун Ўзининг «улкан лашкари»дан (бобиллик аскарлардан) фойдаланишини айтган. (Йўэл 2:25) Босиб олувчи лашкарга нисбатан «шимолдан келганлар» деб ўринли таъриф берилган, чунки бобилликлар шимол томондан келиб Исроилни босиб олишган. (Йўэл 2:20) Ушбу лашкар яхши ташкиллаштирилган чигирткалар галасига ўхшатилган. Улар ҳақида Йўэл шундай деган: «Ҳар бири [ҳар бир аскар] ўз йўналишида ҳаракат қилади. [...] Улар шаҳарга бостириб киради, деворга югуриб чиқади. Уйларга тирмашиб чиқиб, ўғридай деразалардан ошиб тушади». (Йўэл 2:8, 9) Буни тасаввур қила оласизми? Ҳамма жойни аскарлар босиб кетган. Бекинадиган жой ҳам йўқ. Бобилликларнинг қиличидан ҳеч ким қочиб қутула олмайди!
12. Йўэлнинг чигирткалар ҳақидаги башорати қандай амалга ошди?
12 Бобилликлар (ёки халдейлар) мил. авв. 607 йили Қуддусни чигирткалар каби босиб олишди. Бу ҳақида Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «У [халдейлар шоҳи] келиб, уларнинг йигитларини... қиличдан ўтказди. У на йигит, на қиз, на қари, на заифга шафқат қилди. Тангри ҳамма нарсани унинг қўлига топширди. [...] У Аллоҳнинг уйига ўт қўйиб, Қуддус деворини бузиб ташлади. Мустаҳкам минораларнинг ҳаммасини ёндириб, барча қимматбаҳо нарсаларни йўқ қилди». (2 Сол. 36:17, 19) Бобилликлар бу юртда ўз ишини битиргач, бунга шоҳид бўлганлар фақатгина: «Бу ташландиқ юртда на одамлар, на ҳайвонлар бор. У халдейлар қўлига берилган»,— дея олишарди. (Ерм. 32:43)
13. Еремиё 16:16, 18 нинг маъносини тушунтиринг.
13 Йўэл башорат қилганидан тахминан 200 йил ўтиб, Яҳова Еремиё орқали ушбу ҳужум ҳақида яна башорат айтди. Яҳова босиб олувчилар ёвуз ишлар қиладиган исроилликларни излаб топиб, уларнинг барини асир қилиб олиб кетишларини айтди. «Яҳова шундай демоқда: “Мана, Мен кўп балиқчиларни юборяпман. Улар халқимни овлашади. Бундан кейин Мен кўп овчиларни юбораман. Улар халқимни ҳар бир тоғ ва ҳар бир тепаликда, қояларнинг ёриқларида овлашади. [...] Хатолари ва гуноҳларига қараб тегишлисини тўлиғича қайтараман». На уммонлар, на ўрмонлар тавба қилмаган исроилликларни босиб олувчи бобилликлардан қутқара олади. (Ерм. 16:16, 18)
ТИКЛАНИШ
14. Йўэл 2:28, 29 даги сўзлар қачон амалга ошган?
14 Энди Йўэл ижобий руҳда тикланиш ҳақидаги хушхабарни айтади. Юрт яна серҳосил бўлади. (Йўэл 2:23–26) Кейин эса келажакда вақти келиб маънавий озуқа мўл-кўл бўлади. Яҳова шундай дейди: «Мен ҳар қандай инсон устига Ўз руҳимни ёғдираман. Ўғилу қизларингиз башорат қилади,.. ҳатто қулу чўриларимга ўша кунларда Ўз руҳимни ёғдираман». (Йўэл 2:28, 29) Исроилликлар Бобилдан она юртига қайтишлари биланоқ уларнинг устига Худонинг муқаддас руҳи ёғдирилмаган. Аксинча, бу асрлар ўтиб, милодий 33 йилнинг Ҳосил байрамида амалга ошган. Буни қаердан биламиз?
15. Ҳаворийлар 2:16, 17 га биноан, Бутрус Йўэл 2:28 даги сўзларга қандай ўзгариш киритган ва бу нимани англатарди?
15 Муқаддас руҳ таъсири остида ҳаворий Бутрус Йўэл 2:28, 29 даги сўзларни Ҳосил байрами куни юз берган ажойиб воқеага нисбатан қўллаган. Ўша куни эрталаб соат тўққизларда мўъжизавий тарзда муқаддас руҳ ёғдирилган ва уни олган кишиларни «Аллоҳнинг улуғвор ишлари ҳақида» гапиришга ундаган. (Ҳавор. 2:11) Илоҳий илҳом остида Бутрус Йўэлнинг башоратидан иқтибос келтираётиб бироз ўзгача сўзларни қўллаган. У Йўэлнинг сўзларига қандай ўзгариш киритганига эътибор бердингизми? (Ҳаворийлар 2:16, 17 ни ўқинг.) Иқтибосни «шундан кейин» деган сўзлар билан бошлаш ўрнига Бутрус «Охирги кунларда»,— деб айтган. Бу матн таркибида Бутрус Қуддус ҳамда ундаги маъбад бутунлай вайрон қилинишидан бироз олдинги вақтни назарда тутган. Айнан шу пайтда Худо Ўз руҳини «ҳар қандай инсон устига» ёғдириши керак эди. Бу, Йўэлнинг башорати амалга ошишидан олдин анча вақт ўтиши лозимлигини англатади.
16. Худонинг муқаддас руҳи биринчи асрда ваъзгўйлик ишига қандай таъсир қилган ва бизнинг кунларимиз ҳақида нима деса бўлади?
16 Биринчи асрда Худонинг руҳи ажойиб тарзда ёғдирилгач, ваъзгўйлик иши олға сурила бошлаган ва кенг қулоч ёзган. Ҳаворий Павлус колосаликларга мактуб ёзган пайтда, яъни тахминан милодий 61 йили, хушхабар «фалак остида бор жонзотга ваъз қилинди» деб айта олган. (Колос. 1:23) «Бор жонзот» деганда, Павлус дунёнинг ўзи ва бошқалар бора оладиган қисмларини назарда тутган. Яҳованинг қудратли муқаддас руҳи ёрдамида бизнинг кунларимизда ваъзгўйлик иши янада кенг қулоч ёзиб, «ер чеккаларигача» тарқалди. (Ҳавор. 13:47; «Ўз руҳимни ёғдираман» номли рамкага қаранг.)
НИМА ЎЗГАРДИ?
17. Йўэлнинг чигирткалар ҳақидаги башорати борасидаги тушунчамиз қай йўсин ўзгарди?
17 Нима ўзгарди? Энди Йўэл 2:7–9 даги башоратни янада аниқроқ тушуняпмиз. Оддий қилиб айтганда, бу оятлар биз ғайрат ила бажараётган ваъзгўйлик ишини эмас, балки мил. авв. 607 йили Қуддусни босиб олган Бобил лашкари бажарган ишни билдиради.
18. Яҳованинг халқида нима ўзгармади?
18 Нима ўзгармади? Яҳованинг халқи ҳамма жойда ва мос келган ҳар қандай усулдан фойдаланиб хушхабарни ваъз қилишда давом этяпти. (Мат. 24:14) Ҳукуматлар ўрнатаётган ҳеч бир чеклов ваъз қилиш топшириғини бажаришимизга тўсқинлик қила олмайди. Яҳованинг баракаси билан Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишда ҳар қачонгидан ҳам фаолмиз! Биз Муқаддас Китобдаги башоратларни тушуниш учун камтарлик ила Яҳовадан йўл-йўриқ излашда давом этяпмиз. Чунки вақти келганда Яҳова «ҳақиқатни тўлиқ тушунишимизга» ёрдам беришига аминмиз! (Юҳан. 16:13)
97- ҚЎШИҚ Раб Сўзи ила ҳар лаҳза яшаймиз
a Кўп йиллар давомида Йўэл китобининг 1- ва 2- бобларида ёзилган башорат бизнинг кунларимизда олиб борилаётган ваъзгўйлик фаолиятига тааллуқли деб ўйлардик. Бироқ Йўэл айтган башоратнинг ушбу қисми борасидаги тушунчамизни қайта кўриб чиқишга тўртта асосли сабаб бор. Бу қандай сабаблар экан?
b Масалан, «Қўриқчи минораси»нинг 2009 йил 15 апрель сонидаги «Яҳованинг донолиги ижодларидан аёндир» номли мақоланинг 14–16- хатбошиларига қаранг.