Сабр-бардош билан Яҳовани кута оламизми?
Умид-ла кутаман нажоткорим Худони. МИХО 7:7
1. Нима сабабдан сабрсиз бўлиб қолишимиз мумкин?
1914- йилда Масиҳий Шоҳлик ўрнатилганидан буён, Шайтон дунёсининг куни саноқли қолган. Осмондаги жанг натижасида, Исо Иблис билан унинг жинларини ер юзига улоқтириб ташлади (Ваҳий 12:7–9 ни ўқинг). Шайтон «вақти оз қолганини билади» (Ваҳ. 12:12). Лекин бу «вақт» ўнлаб йиллар давом этаётганини кўриб, баъзи инсонлар, бу дунёнинг охирги кунлари узоқ чўзилиб кетяпти деб ўйлаши мумкин. Биз ҳам Яҳованинг Ўзи аралашишини кутаётиб сабрсиз бўлиб қолмаяпмизми?
2. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
2 Сабрсиз бўлиш хавфлидир. Эҳтимол бунинг дастидан ўйламай иш қилиб қўйишимиз мумкин. Унда қандай қилиб сабр-бардошли бўлишни ўргансак бўлади? Қуйидаги саволларга жавоб олиш орқали биз бундай фазилатни ривожлантира оламиз: 1) Михо пайғамбардан сабр-бардошли бўлиш борасида қандай ўрнак олсак бўлади? 2) Қайси воқеалар охират яқинлигининг белгиси бўлиши мумкин? 3) Яҳованинг сабр-бардоши учун миннатдорлигимизни қандай қилиб кўрсатсак бўлади?
МИХОДАН ҚАНДАЙ ЎРНАК ОЛИШИМИЗ МУМКИН?
3. Михо замондошларининг маънавий аҳволи қанақа эди?
3 Яҳованинг пайғамбари бўлган Михо, Исроил шоҳи Охоз ҳукмронлиги давридан буён, халқнинг маънавий аҳволи жуда аянчли эканини кўрган. Пайғамбар, садоқатсиз исроилликларни «янтоққа» ва «бир уюм тиканга» ўхшатган. Янтоқ ёки тиканнинг ёнидан ўтиб кетган инсон жароҳатланганидек, бузилиб кетган исроилликлар ҳам, улар билан мулоқот қилган инсоннинг дилини жароҳатлашган. Улар шунчалик даражада разиллашиб кетишган эдики, ҳатто оилалар бузилиб кетаётган эди. Бу вазиятни ўзгартиришга ожиз эканини тушуниб, Михо дардини Яҳовага тўкиб солган. Сўнг у, Худонинг Ўзи бу ишга аралашишини сабр-бардош билан кутган. Яҳова Ўзи белгиланган вақтда вазиятни қўлга олишига Михонинг ишончи комил бўлган (Михо 7:2–6).
4. Биз қандай қийинчиликларга дуч келмоқдамиз?
4 Михо сингари биз ҳам худбин одамлар орасида яшамоқдамиз. Кўпчилик «ношукур, садоқатсиз, меҳрсиз» бўлиб кетган (2 Тим. 3:2, 3). Ҳамкасбларимиз, синфдошларимиз ёки қўни-қўшнилар худбинлик руҳини намоён этишганда, тушкунликка тушишимиз мумкин. Баъзи Худонинг хизматчилари бундан ҳам каттароқ муаммоларга дуч келишмоқда. Исо, унинг издошлари оилада қаршиликларга дуч келишини олдиндан айтган эди. У келтирган хабар одамларга қандай таъсир қилишини тасвирлаб бериш учун Михо 7:6 даги сўзларни қўллаган. У шундай деган: «Отани ўғлидан, онани қизидан, қайнанани келинидан айиргани келдим. Дарҳақиқат, одамнинг уйидагилари унга душман бўлишади» (Мат. 10:35, 36). Чиндан ҳам, имондошимиз бўлмаган оила аъзоларимиз бизни масхара қилиб қаршилик кўрсатишса, сабр-бардошли бўлиш қийин кечиши мумкин. Мабодо биз шу каби муаммоларга дуч келаётган бўлсак, бу босим дастидан синишимизга йўл қўймайлик. Аксинча, биз садоқатли қолиб, муаммомизни Яҳовага ташлаб қўяйлик ва сабр-бардош билан Уни кутайлик. Агар биз доим Ундан ёрдам сўраб турсак, У албатта сабр-бардошли бўлишимиз учун бизга куч ва донолик беради.
5, 6. Яҳова Михони қандай тақдирлади, бироқ пайғамбар ниманинг гувоҳи бўлмади?
5 Яҳова Михони сабр-бардошли бўлгани учун тақдирлаган. Михо ёвуз шоҳ Охоз ва унинг ҳукмронлиги ўз ниҳоясига етганининг гувоҳи бўлган. У, шунингдек, Охознинг ўғли Ҳизқиё тахтга ўтириб, яхши шоҳ бўлганини ва ҳақ топинишни қайта тиклаганини кўрган. Оссурия шоҳи шимолий Исроил шоҳлигига бостириб кирганида Яҳованинг Михо орқали Самария халқига қарши чиқарган ҳукмлари амалга ошган ва Михо бу воқеани ҳам ўз кўзлари билан кўрган (Михо 1:6).
6 Аммо Михо Яҳованинг унга берган барча башоратларнинг қандай амалга ошганини кўрмаган. Масалан пайғамбар шундай деб ёзган: «Шундай кунлар келадики, Эгамизнинг уйи турган тоғ тоғларнинг энг юксаги бўлиб, қарор топади. Бу тоғ ҳаммасидан ҳам баланд бўлади, халқлар у ерга дарёдай оқиб келади. Кўплаб эллар келади, улар шундай деб айтади: “Қани, юринглар! Чиқайлик Эгамизнинг тоғига!”» (Михо 4:1, 2). Михо ушбу башоратнинг амалга ошишидан анча олдин вафот этган. Атрофдаги одамлар ўзини қандай тутмасин, у Яҳовага ўлимгача садоқатли қолишга қатъий қарор қилган эди. Бу борада Михо шундай деб ёзган: «Ҳамма халқлар ўз худоларига эргашаверсин, биз эса абадулабад Эгамиз Худонинг йўлидан юрамиз» (Михо 4:5). Михо қийинчиликларни бошдан кечирган пайтда ҳам, сабр-бардошли бўлган. Чунки у, Яҳованинг барча ваъдалари рўёбга чиқишига юз фоиз амин эди. Ҳа, садоқатли пайғамбар, тўлиқ Яҳовага таянган.
7, 8. а) Яҳовага ишонишимиз учун қандай сабаблар бор? б) Нима туфайли вақт бирпасда ўтиб кетади?
7 Михо каби, биз ҳам Яҳовага тўлиқ ишонамизми? Ҳа, Унга ишонишимиз учун жиддий сабаблар бор. Биз Михонинг башорати амалга ошаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Ушбу охирзамон даврида барча халқлардан, қабила ва тиллардан бўлган миллионлаб инсонлар «Эгамизнинг уйи турган тоғ» томон оқиб келмоқда. Бир-бирига душман бўлган халқлардан келиб чиққан бўлишса ҳам, Яҳованинг бу хизматчилари «қиличларини омочга айлантириб», жанг қилишни ўрганишдан воз кечганлар (Михо 4:3). Яҳованинг тинчликсевар халқи орасида бўлиш биз учун нақадар катта шараф!
8 Яҳова тезроқ бу ёвуз дунёни йўқ қилиб юборишини барчамиз истаймиз. Аммо сабр-тоқат билан кутишимиз учун, биз Яҳова каби фикр юритишимиз лозим. У халқларни ҳукм қиладиган кунни белгилаб қўйган ва ҳакам сифатида Исо Масиҳни танлаган (Ҳавор. 17:31). Лекин ўша кун келмасидан олдин, Худо ҳар турли инсонларга «аниқ билимга эга бўлиб, нажот топиш» имконини бермоқда. Биз, одамларнинг ҳаёти хавф остида эканини ёдда тутишимиз керак (1 Тимўтийга 2:3, 4 ни ўқинг). Яқинда охират келади. Агар биз одамларга Яҳовани таниб-билишда кўмаклашиш билан банд бўлсак, вақт бирпасда ўтиб кетади. Шунда охират келганида, биз ваъзгўйлик иши билан банд бўлганимиздан хурсанд бўламиз!
ОХИРАТ ЯҚИНЛИГИГА ҚАЙСИ ВОҚЕАЛАР БЕЛГИ БЎЛАДИ?
9-11. 1 Салоникаликларга 5:3 даги башорат амалга ошдими? Тушунтиринг.
9 1 Салоникаликларга 5:1–3 ни ўқинг. Яқин келажакда халқлар: «Тинчлик ва хавфсизлик!» — деб жар солишади. Агар ўша пайтда ғафлатда қолишни истамасак, «ҳушёр туриб, сергакликни сақлашимиз» зарур (1 Салон. 5:6). Ўзимизга маънан ҳушёр туришга кўмаклашиш учун, келинглар мазкур эълон янграшидан олдин юз берадиган бир қатор воқеаларни кўздан кечирайлик.
10 Биринчи ва Иккинчи Жаҳон урушлари оқибатида халқлар тинчлик бўлишини талаб қилишганди. Биринчи Жаҳон урушидан сўнг, тинчлик ўрнатиш мақсадида Миллатлар Иттифоқи деган ташкилот барпо этилганди. Кейинчалик, Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ер юзида тинчлик ўрнатади дея ҳамма умид қилди. Ҳукуматлару дин раҳбарлари ушбу ташкилотлар инсониятга тинчлик келтиради, деб ўйлашарди. Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1986- йилни «Халқаро тинчлик йили» деб эълон қилган эди. Айнан шу йили кўпгина халқларнинг сиёсий ва диний етакчилари, Католик черковининг раҳбари билан Италиянинг Ассизи шаҳрида биргалашиб, Худодан тинчлик сўраб ибодат қилишди.
11 Лекин тинчлик ва хавфсизлик ҳақидаги на бу эълон, на бошқаси 1 Салоникаликларга 5:3 даги башоратини амалга оширмади. Нега? Чунки «ногаҳон ҳалокатга дучор бўлиш» ҳақидаги башорат ҳали рўёбга чиқмади.
12. «Тинчлик ва хавфсизлик» ҳақидаги эълон борасида нимани билишимиз даркор?
12 Хўш, «тинчлик ва хавфсизлик» деган ушбу муҳим эълонни ким халқларга маълум қилади? Бунда христиан ҳамда бошқа дин раҳбарларининг ўрни қанақа бўлади? Турли давлатларнинг раҳбарлари ҳақида эса нима десак бўлади? Бу борада Муқаддас Китобда ҳеч нарса дейилмаган. Бу эълон қандай кўринишда ёки у қанчалик ишончли бўлмасин, бу —фақатгина кўзбўямачилик, холос. Бу дунё ҳали-ҳануз Шайтоннинг ҳукми остида экан, демак у бутунлай бузулиб кетган ва у шундайлигича қолаверади. Мабодо орамиздан кимдир Шайтон тарғиботининг таъсирига тушиб, бетарафликни сақлай олмаса, бу қанчалик аянчли бўларди!
13. Нега фаришталар вайронагарчилик келтирувчи шамолларни ушлаб туришибди?
13 Ваҳий 7:1–4 ни ўқинг. Айни пайтда биз 1 Салоникаликларга 5:3 даги башоратнинг амалга ошишини кутаётган эканмиз, қудратли фаришталар, буюк қайғу бошланишига сабабчи бўладиган ҳамда вайронагарчилик келтирадиган шамолларни ушлаб туришибди. Улар нимани кутишяпти? Ҳаворий Юҳанно муҳим бир воқеани, яъни «Аллоҳимиз қулларининг» пешонасига муҳр босилишини тасвирлаб берган эдиa. Охирги муҳр босилмагунча, фаришталар вайронагарчилик келтирадиган бу шамолларни қўйиб юборишмайди. Бундай кейин нима содир бўлади?
14. Буюк Бобилнинг охирати яқинлигига нима ишора қилмоқда?
14 Сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобил албатта йўқ қилинади, чунки у бунга лойиқ. Биз унинг ҳалокати яқинлигининг белгиларини яққол кўриб турибмиз. «Халқлар, омма, миллатлар ва тиллар» уни қўллаб-қувватлашга ожиз бўладилар (Ваҳ. 16:12; 17:15–18; 18:7, 8, 21). Буни эса ахборот воситаларида динлар ва уларнинг раҳбарлари танқид қилинаётганидан яққол кўрса бўлади. Шунга қарамасдан Буюк Бобилнинг раҳбарлари, ҳеч нарса уларга хавф солмаяпти деб ўйлашади. Лекин улар адашмоқда! «Тинчлик ва хавфсизлик» деб эълон қилинганидан сўнг, Шайтон тузумининг сиёсий қисми қўққисдан сохта динга ҳужум қилиб, уни бутунлай йўқ қилади. Ниҳоят Буюк Бобил абадулабад йўқ бўлиб кетади! Ахир бундай тарихий воқеанинг шоҳиди бўлиш, сабр-бардош билан кутишимизга арзимайдими?! (Ваҳ. 18:8, 10).
ХУДОНИНГ САБР-БАРДОШИ УЧУН МИННАТДОРМИЗ
15. Нега Яҳова вазиятга аралашишга шошилмаяпти?
15 Гарчи халқлар Яҳованинг номига иснод келтираётган бўлса-да, У Ўзи белгиланган вақтда вазиятга аралашиш учун сабр-бардош қилиб келяпти. Ахир У самимий инсонларнинг йўқ бўлиб кетишини истамайди-ку! (2 Бутр. 3:9, 10). Бизнинг ҳам кўнглимиздан шундай туйғулар ўтадими? Яҳованинг куни келмасидан олдин барчамизда Унинг сабр-бардоши учун миннатдорлигимизни изҳор этиш имкони бор. Буни қуйидаги йўллар билан қилсак бўлади.
16, 17. а) Нега биз фаолиятсизларга ёрдам беришни истаймиз? б) Нима учун фаолиятсизлар Яҳовага қайтиши жуда муҳим?
16 Фаолиятсиз бўлиб қолганларга кўмаклашинг. Исо айтганидек, агар йўқолиб қолган биттагина қўй топилса ҳам, осмонда катта хурсандчилик бўлади (Мат. 18:14; Луқо 15:3–7). Шубҳасизки, Яҳова Унинг исмига ҳурмат кўрсатган барчага, ҳатто улардан баъзилари ҳозир фаолиятсиз бўлиб қолган бўлса ҳам, ғамхўрлик қилади. Бундайларнинг жамоатга қайтишига ёрдам берганимизда, Яҳова ҳамда фаришталарга қувонч бахш этган бўламиз.
17 Сизнинг ҳам хизматдаги ғайратингиз сўниб қолдими? Эҳтимол, жамоатда бирон ким сизни хафа қилгандир ва бунинг дастидан Яҳованинг ташкилоти билан алоқани узгандирсиз. Анча вақтдан буён шундай вазиятда бўлсангиз, ўзингизга қуйидагича савол беринг: «Ҳозир мен ҳаётимдан мамнун бўлиб, бахтиёрликни ҳис қиляпманми? Мени Яҳова хафа қилганми ёки номукаммал кишиларми? Тангри Яҳова бирон марта менга ёмонлик қилганми?» Ҳа, У бизга доимо яхшилик қилиб келган. Гарчи бағишловимизга мувофиқ яшамаётган бўлсак-да, Аллоҳимиз бизга яхши ҳадялар бериб, кўнглимизни хурсанд қилмоқда (Ёқб. 1:16, 17). Яқин орада Яҳованинг куни келар экан, ҳозир ғамхўр самовий Отамизга ва жамоатга қайтишнинг айни пайтидир. Ахир бу охирги кунларда фақатгина жамоатда хавфсизликни ҳис қилишимиз мумкин (Қонун. 33:27; Иброн. 10:24, 25).
18. Нима учун биз масъулиятли биродарларни қўллаб-қувватлашамиз?
18 Масъулиятли биродарларни қўллаб-қувватланг. Яҳова ғамхўр Чўпон сифатида бизни йўналтиради ва ҳимоя қилади. Шунингдек, У Ўғлини Бош чўпон қилиб тайинлади (1 Бутр. 5:4). 100 000 дан ошиқ жамоатларда хизмат қилаётган оқсоқоллар, Худонинг сурувини меҳр ила боқишмоқда (1 Бутр. 5:4). Агар масъулиятли биродарларни доимо қўллаб-қувватласак, Яҳова ҳамда Исога барча яхшиликлари учун миннатдорлигимизни кўрсатган бўламиз.
19. Қандай қилиб жипслашишимиз мумкин?
19 Бир-биримизга яқинлашайлик. Бу нимани англатади? Интизомли қўшинга душман ҳужум қилганида, аскарлар бир-бирига жипслашиб битта сафга туришади, яъни улар бир-бирига яқинлашади. Бундай мудофаани эса ёриб ўтиш имконсиз бўлади. Шайтон Худонинг халқига зарбаларини кучайтирмоқда. Демак ҳозир сафимиз ичида жанг қилишнинг пайти эмас. Ҳозир бир-биримизга яқинлашиб, камчиликларимизга аҳамият бермасликнинг ҳамда Яҳованинг раҳбарлигига тўла ишончни намоён этишнинг айни вақтидир.
20. Ҳозир биз нима қилишимиз лозим?
20 Келинг, барчамиз маънан ҳушёр туриб, сабр-бардошни намоён этайлик. Шунингдек, «тинчлик ва хавфсизлик» ҳақидаги эълонни ҳамда мойланганларга охирги муҳр босилишини сабр билан кутайлик. Тўртта фаришта вайронагарчилик келтирувчи шамолларни қўйиб юборгандан кейин, Буюк Бобил йўқ қилинади. Мана шундай ҳаяжонли воқеанинг содир бўлишини кутаётган эканмиз, келинг, Яҳованинг ташкилотидаги масъулиятли биродарларнинг йўл-йўриғини қабул қилайлик. Имондошларимиз билан битта сафга туриб, Иблис ва унинг жинларига қарши турайлик! Ҳозир сано бастакорининг қуйидаги чорловига қулоқ солишнинг айни вақтидир: «Бардам бўлинг, дадил бўлсин юрагингиз, эй сиз, Эгамиздан умид қилганлар!» (Заб. 30:25).
a Мойланганларга биринчи ва охирги муҳр босилиши орасидаги фарқ ҳақида маълумот олиш учун, «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2007- йил, 1- январь сонининг 30–31- саҳ. қ.