БИЛАСИЗМИ?
Қадимги Найнаво шаҳри нега «қўли қон шаҳар», деб аталган?
Найнаво Оссурия империясининг пойтахти бўлган. У ҳашаматли қасрлару маъбадлари, кенг кўчалари ва қалин деворлари билан танилган қудратли шаҳар бўлган. Нохум пайғамбар бу шаҳарни «қўли қон шаҳар», деб атаган (Нохум 3:1).
Нохум бу шаҳарга бекорга шундай ном бермаган. Чунки Найнаводаги Санхарив қасрида топилган бўртма нақшлар оссурияликларнинг ваҳшийлигини тасдиқлаяпти. Нақшлардан бирида жаллод бир ерга боғлаб қўйилган маҳбуснинг тилини суғуриб олаётгани тасвирланган. Ёзувларда баён этилишича, асирларнинг бурни ёки лаби тешилган жойида осиб қўйилган илгакга арқонни боғлаб, етаклаб боришган. Асирликка олинган маъмурларнинг бўйнига ўз шоҳининг бошини илиб қўйишарди.
Оссурияшунос Арчибальд Генри Сейс шаҳарни босиб олиниши пайтида бўладиган ваҳшийликларни қуйидагича тасвирлайди: «Босқинчининг йўли одамларнинг бошлари билан тўлиб-тошган. Ўғил болаларни ва қизларни тириклайин ёндиришган ёки янада ваҳшийларча азоб бериш учун олиб қўйишган; эркакларни қозиққа ўтқазишган, тириклайин терини шилишган, кўзларини кўр қилишган ёки қўл-оёқларини ҳамда қулоқ ва бурниларини чопиб ташлашган».
Нима учун яҳудийлар уйларининг томлари атрофида тўсиқ қуришган?
Худо яҳудийларга шундай амр берган: «Янги уй қурсангиз, томингиз атрофида тўсиқ қуринг. Шунда бирортаси томингиздан йиқилиб ўлса, оилангиз жавобгар бўлмайди» (Қонунлар 22:8). Қадимда яшаган яҳудий оилалар томларидан тўғри фойдаланиш учун тўсиқни хавф-хатардан сақлайдиган керакли чора деб билишган.
Кўп исроилликларнинг уйларидаги томи текис бўлган. Уйнинг томи одамлар учун офтобда исиниш, тоза ҳаводан завқ олиш ёки уй ишларини қилишга, ёзда эса ухлашга қулай жой бўлган (1 Шоҳлар 9:26). Деҳқонлар янчилмаган донни ёки анжир ва майизни томда қуритишган (Ёшуа 2:6).
Уйнинг томидан диний мақсадларда: кимдир ҳақ топинишда, кимдир бутларга сиғинишда фойдаланган (Нахимиё 8:16–18; Еремиё 19:13). Ҳаворий Бутрус ҳам ибодат қилиш учун туш вақтида томга чиққан эди (Ҳаворийлар 10:9–16). Агар уйнинг томига ток ёки пальма дарахтининг баргларидан соя тушган бўлса, у ерда яхшигина дам олиш мумкин бўлган.
Бир асарда айтилишича, исроилликларнинг томига нарвондан ёки ҳовлини ўраб турган деворнинг ташқарисида қилинган зинапоя орқали кўтарилиш мумкин бўлган («The Land and the Book»). Шунинг учун киши уйга кирмасдан томни тарк эта оларди. Бу, барбод бўлиши муқаррар бўлган шаҳардан тезда чиқиб кетиш ҳақидаги Исонинг қуйидаги огоҳлантиришини исботлаяпти: «Томда турган киши бирор нарсасини олиш учун пастга тушмасин» (Матто 24:17).