«Мен сизлар биланман»
«Яҳованинг элчиси Хаггей, Яҳованинг топшириғига биноан халққа: “‘Мен сизлар биланман’,— демоқда Яҳова” — деб айтди» (ХАГГЕЙ 1:13, ЯДТ).
1. Бизнинг кунларимизга алоқаси бўлган қандай башорат ҳақида Исо Масиҳ айтган эди?
БИЗ муҳим даврда яшаяпмиз. Муқаддас Китоб башоратлари кўрсатишича, бу давр 1914 йилда бошланди (Ваҳий 1:10). Исо Масиҳ, «Инсон Ўғли келадиган кунлар»ни «Нуҳ пайғамбар даври» ва «Лут кунлари» билан таққослаганини билсангиз керак (Луқо 17:26, 28). Бу билан Муқаддас Китоб ўша кунларнинг бизга қандай алоқаси борлигини кўрсатмоқда. Бизнинг кунларимизга тааллуқли бўлган яна битта башорат бор.
2. Яҳова Таоло Хаггей билан Закариёга қандай топшириқ берган эди?
2 Келинг, Хаггей ва Закариё пайғамбарлар даврдаги аҳволни кўриб чиқайлик. Бу пайғамбарлар Яҳова Таолонинг ҳозирги халқига тааллуқли бўлган қандай хабар тўғрисида эълон қилишган? Хаггей билан Закариё Худонинг элчилари бўлишган. Улар, Бобил қуллигидан қайтган исроилликларни маъбадни тиклашда, Яҳова уларга ёрдам беришига ишонтиришлари керак эди (Хаггей 1:13; Закариё 4:8, 9). Гарчи Хаггей ва Закариё ёзган китоблари унчалик катта бўлмаса-да, лекин «ҳар бир Муқаддас Ёзув илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим бериш, далолат қилиш, тузатиш, солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир» (2 Тимўтийга 3:16).
Уларнинг сўзлари бизга ҳам тегишли
3, 4. Нима учун Хаггей ва Закариёнинг башоратлари бизни қизиқтириши керак?
3 Қадимги исроилликлар учун Хаггей ва Закариё етказган хабарлари фойдали бўлганлиги шубҳасиздир, чунки уларнинг башоратлари ўша кунларда юз берган. Нима учун уларнинг башоратлари бизга ҳам тегишли, деб айтиш мумкин? Жавобини Ибронийларга 12:26–29дан топиш мумкин. У ерда ҳаворий Павлус, Хаггей 2:6даги сўзларни келтириб, Яҳова еру осмонни ларзага солади деб ёзган. Бундай ларзага солиш натижасида шоҳликлар тахти яксон қилиниб, инсоний шоҳликлар вайрон қилинади (Хаггей 2:22).
4 Ҳаворий Павлус Ибронийлар китобида Хаггейнинг сўзларини келтириб, инсоний шоҳликлар билан нима юз бериши ҳақида айтди ва мойланганлар эга бўладиган Худонинг боқий Шоҳлигига эътибор қаратди (Ибронийларга 12:28). Ўшанда Павлус, Хаггей ва Закариёнинг башоратлари келажакда юз беради, деб айтган эди. Масиҳ билан бирга шоҳлик қилувчи мойланганларнинг қолган қисми ер юзида ҳозир ҳам бор. Шундай экан, Хаггей ва Закариёнинг башоратлари бизнинг давримизга тааллуқли.
5, 6. Хаггей ва Закариё пайғамбарлардан олдин қандай ҳодисалар юз берди?
5 Эзра китобида Хаггей ва Закариё пайғамбарлардан олдин юз берган ҳодисалар ёзилган. Мил. авв. 537 йилда яҳудийлар Бобил асирлигидан қайтиб, мил. авв. 536 йилда ҳукмдор Зарубобил ва олий руҳоний Ёшуа бошчилигида маъбаднинг пойдеворини қуришди (Эзра 3:8-13; 5:1). Гарчи бу катта қувонч келтирган бўлса-да, лекин кўп ўтмай яҳудийлар душманлардан қўрқа бошладилар. Эзра 4:4да айтилишича: «Ўша юртнинг халқи қурилишни тўхтатиш мақсадида, Яҳудо халқининг қўлларидан қувватини кетказиб, тушкунликка тушира бошлади». Бундай душманлардан бири бўлмиш самарияликлар, яҳудийларга қарши бўҳтон уюштиришди. Улар, Форс шоҳини маъбад қурилишини ман этишга кўндиришди (Эзра 4:10-21).
6 Яҳудийларнинг бирламчи ғайрати сўнди. Улар шахсий ишларига берилиб кетишди. Мил. авв. 520 йилда маъбаднинг пойдевори қўйилганидан 16 йил ўтгач, Яҳова халқини қурилишни давом эттиришга ундаш учун Хаггей ва Закариё пайғамбарларни юборди (Хаггей 1:1; Закариё 1:1). Худонинг элчилари яҳудийларнинг руҳларини кўтариб, Яҳова қўллаб-қувватлашига ишонтиришди. Улар ишни давом эттириб, мил. авв. 515 йилда маъбадни қуриб битказишди (Эзра 6:14, 15).
7. Хаггей ва Закариё даврининг бизнинг давримизга қандай ўхшашлиги бор?
7 Бунинг бизга қандай дахли борлигини биласизми? Бизга, «Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари»ни ваъз этиш топшириғи берилган (Матто 24:14). Бу фаолият Биринчи жаҳон урушидан кейин муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қадимда яҳудийлар том маънодаги Бобилдан озод бўлганлиги каби, бугунги кунда ҳам Худонинг халқи сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилдан озод бўлишди. Мойланган масиҳчилар одамларга ваъз қилиб ва таълим бериб, уларни ҳақиқий топинишга йўналтира бошлашди. Бу фаолият ҳозирги кунда янада қулоч ёзган ва балки сиз ҳам унда иштирок этаётгандирсиз. Ҳозир ваъз қилишнинг айни пайтидир, чунки бу ёвуз дунё яқинда йўқ қилинади! Худонинг топшириғи «буюк мусибат»гача, яъни Худо инсонларнинг ишига аралашмагунгача давом этади (Матто 24:21). Худо инсонларнинг ишига аралашганда эса, У барча ёвузликни йўқ қилади ва шунда ҳақиқий топиниш бутун ер юзига тарқалади.
8. Яҳова Таоло ишимизни қўллаб-қувватлаёганига нима учун амин бўлишимиз мумкин?
8 Хаггей ва Закариёнинг башоратлари кўрсатганидай, агар биз Худонинг топшириғини чин дилдан бажараётган бўлсак, Унинг қўллаб-қувватлаши ва баракалашидан шубҳаланмаслигимиз мумкин. Худо хизматчиларининг фаолиятини ман этишга ҳаракат қилаётганларига қарамай, ваъзгўйлик иши тўхтаб қолгани йўқ. Яҳова Таоло, Биринчи жаҳон урушидан буён то ҳозиргача ваъзгўйлик фаолиятини қандай баракалаётгани ҳақда бир ўйлаб кўринг-а! Лекин ҳали қилинадиган иш кўп.
9. Қадимда юз берган қандай ҳодисага эътибор қаратишимиз лозим ва нимага?
9 Қандай қилиб Хаггей ва Закариёнинг башоратлари Худонинг топшириғини ғайрат билан бажаришга ундайди? Келинг, ушбу башоратли китоблардан қандай сабоқлар олишимизни кўриб чиқайлик. Масалан, асирликдан қайтган яҳудийларга буюрилган маъбаднинг қурилишига тааллуқли айрим тафсилотларга эътибор қаратайлик. Юқорида айтиб ўтилганидай яҳудийлар қатъиятли бўлишмади. Улар маъбаднинг пойдеворини қуришди-ю, лекин кейин ишни тўхтатишди. Улар орасида қандай нотўғри нуқтаи назар пайдо бўлди? Ва биз бундан нимани ўрганишимиз мумкин?
Тўғри нуқтаи назарга эга бўлинг
10. Яҳудийларда қандай нотўғри нуқтаи назар пайдо бўлди ва бу нимага олиб келди?
10 Яҳудийлар ҳали қурилишнинг вақт-соати келгани йўқ, деб айтишарди (Хаггей 1:2). Мил. авв. 536 йилда маъбаднинг пойдеворини қуришни бошлашганида, улар ҳали вақт-соати келгани йўқ дейишмаган эди. Бироқ кўп ўтмай, қўшни халқларнинг қаршилиги ва ҳукуматнинг аралашиши уларга таъсир қилишга йўл қўйишди. Яҳудийлар ўз уйларию қулайликларга кўпроқ эътибор қарата бошлашди. Уларнинг сифатли ёғочдан ишланган уйлари ва қуриб битказилмаган маъбаднинг ўртасидаги фарқни кўрсатиб, Яҳова шундай деди: «Бу уй хароб бўлиб ётган бир пайтда, безатилган уйларда яшашингиз ўринлими?» (Хаггей 1:4, ЯДТ).
11. Ҳаггей пайғамбарнинг даврида, нима учун Яҳова яҳудийларга панд-ўгит беришига тўғри келди?
11 Хуллас, Худонинг халқи муҳим бўлган нарсаларни четга суриб қўйишди. Энди биринчи ўринни Худонинг иродасини бажариш ва маъбадни тиклаш эмас, балки ўз фаровонлигини ўйлаш эгаллади. Маъбаднинг қурилиши ташлаб қўйилди. Хаггей 1:5да ёзилишича, Яҳова яҳудийларни йўлларига диққатли бўлишга даъват этган эди. Яҳова уларни нима билан шуғулланишаётгани ва маъбаднинг қурилишини ташлаб қўйишгани уларга қандай таъсир қилгани тўғрисида мулоҳаза юритишга ундади.
12, 13. Хаггей 1:6да яҳудийларнинг аҳволи қандай тасвирланган ва бу оятнинг маъносини қандай тушуниш мумкин?
12 Оқибатда, муҳим нарсаларни четга суриб қўйиш билан яҳудийлар фақат ўзларига зиён етказишди. Хаггей 1:6да (ЯДТ) ёзилганидай, Яҳова: «Далага кўп уруғ экасизлар, лекин кам ҳосил йиғасизлар, нон тановул қиласизлару, аммо қорнингиз нонга тўймайди, ичасизлару, лекин маст бўлмайсизлар, кийинасизлару, бироқ кийимингиз сизни иситмайди, меҳнат қилиб топган пулингиз эса, тешик ҳамёнга тушади»,— деб айтди.
13 Гарчи яҳудийлар Худо ато этган юртда яшашсада, мўл-кўл ҳосилга эга эмас эдилар. Яҳова Таоло огоҳлантирганидай, Ўз қут-баракасидан уларни маҳрум қилди (Амрлар 28:38-48). Яҳудийлар далага кўп уруғ экишарди, лекин кам ҳосил йиғишарди ва бу уларга етмасди. Яҳованинг қут-баракасисиз, улар ўзларини иссиқ кийим билан таъминлай олишмасди. Ҳатто меҳнат қилиб топган пуллари ҳам, худди «тешик ҳамёнга» тушгандай, ҳеч қандай фойда келтирмасди. Бироқ, «ичасизлару, лекин маст бўлмайсизлар» деган ибора нимани англатади? Бу, кимки маст бўлса, Худонинг қут-баракасига эга эканини англатмайди, чунки Худо ичкиликбозликни қоралайди (1 Шоҳлар 25:36; Ҳикматлар 23:29-35). Аслида бу оятда, Яҳова яҳудийларни қут-баракасидан маҳрум этгани назарда тутилган. Демак, узумзорлари кам ҳосил берганлиги учун, улар тайёрлаган шароб ҳам жуда оз миқдорда бўлган.
14, 15. Хаггей 1:6дан нимани ўрганишимиз мумкин?
14 Юқорида келтирилган оятлардаги сабоқ, шунчаки уйимизнинг кўриниши қандай бўлишига тааллуқли эмас. Бобил асирлигидан анча аввал, Амос пайғамбар Исроилдаги бойларни фил суяги билан безатилган уйлари ва фил суягидан ясалган ётоқлари бўлгани учун, уларга танбеҳ берган эди (Амос 3:15; 6:4). Бу уйлару ундаги бор нарсалар душманлар томонидан талон-тарож қилинди. Лекин, 70 йил асирликда бўлиб қайтган халқнинг кўпчилиги шунда ҳам ҳеч нарсани англаб етишмади. Биз-чи? Биз эса ўзимизга бундай савол берсак яхши бўларди: уй қуришу, уни безатиш билан банд бўлиб қолганим йўқми? Юқори мартабага эришиш мақсадида, маънавий ишларни орқага суриб, бир неча йил вақтимни сарфлаб, қўшимча таҳсил олишим шартми? (Луқо 12:20, 21; 1 Тимўтийга 6:17-19).
15 Хаггей 1:6 ояти, Худонинг баракасига қанчалик муҳтож эканимизни ёдимизга солиши керак. Худонинг қут-баракасисиз, қадимги ибронийлар аянчли аҳволга тушишган эди. Боймизми ёки йўқми бундан қатъиназар, агар Яҳова бизни баракаламаса, маънан қашшоқ бўлиб қоламиз (Матто 25:34-40; 2 Коринфликларга 9:8-12). Лекин, бундай қут-баракага қандай эришиш мумкин?
Яҳова муқаддас руҳи орқали ёрдам бермоқда
16-18. Ўша даврнинг тарихини эътиборга олсак, Закариё 4:6 ояти қандай маънога эга?
16 Хаггейнинг замондоши бўлмиш, Закариё пайғамбар, Яҳова ўша даврда хизматчиларини нима орқали баракалаганлиги ҳақида: «Лашкар билан ҳам, қудрат билан ҳам эмас, балки муқаддас руҳим билан,— демоқда Сарвари Олам Яҳова»,— деган эди (Закариё 4:6, ЯДТ). Худди ўша муқаддас руҳи билан Яҳова бизни баракалаяпти. Балки бу оят сизга яхши танишдир, аммо бу оят Хаггей ва Закариё пайғамбарлар давридаги яҳудийлар учун нимани англатган ва биз учун қандай аҳамиятга эга?
17 Хаггей ва Закариё пайғамбарлар ёзиб қолдирган Худонинг сўзлари яҳудийларга қаттиқ таъсир қилганини эслайлик. Яҳованинг хизматчилари куч-қувватга тўлишди. Хаггей, мил. авв. 520 йилнинг олтинчи ойида башорат қилишни бошлаган эди. Закариё ҳам худди ўша йилнинг саккизинчи ойида каромат қила бошлаган (Закариё 1:1). Хаггей 2:18га биноан, маъбаднинг қурилиши тўққизинчи ойда яна давом эттирилди. Демак, Худонинг қўллаб-қувватлашига ишонган яҳудийлар Унга қулоқ солиб, ишга киришишди. Закариё 4:6да ёзилган сўзлар, Худонинг мададига ишонтирмоқда.
18 Мил. авв. 537 йилда яҳудийлар ватанларига қайтишаётганда, уларнинг қўшини йўқ эди. Шунга қарамай, Яҳова уларни ҳимоя қилиб, Бобилдан олиб келган эди. Ва маъбадни қуришни бошлашганида, Худо Ўз руҳи билан аҳволни назорат қилиб турган эди. Яҳудийлар маъбадни қуришга яна астойдил киришишганда, Яҳова уларни қўллаб-қувватлаб, муқаддас руҳи билан ҳимоялай бошлади.
19. Худонинг муқаддас руҳи ёрдамида қандай кучли таъсир бартараф этилди?
19 Закариё пайғамбарга муқаддас руҳ орқали саккиз марта ваҳий юборилди ва бу ваҳийлар уни, агар халқ маъбадни қуриб битказишга киришса, Яҳова улар билан бирга бўлишига ишонтирди. Ушбу ваҳийларнинг тўртинчиси 3-бобда ёзилган бўлиб, унда Шайтон жон-жаҳди билан бу қурилишга тўсқинлик қилишга ҳаракат қилганлиги кўрсатилган (Закариё 3:1). Шайтон, олий руҳоний Ёшуа янги маъбадда халқ номидан Худога хизмат қилишини хоҳламасди. Гарчи Шайтон яҳудийларга тўсқинлик кўрсатган бўлса-да, Яҳованинг муқаддас руҳи улар қийинчиликларга дош бериб, маъбадни қуриб битказишига куч-қувват бахш этди.
20. Худонинг иродасини бажаришда яҳудийларга муқаддас руҳ қандай ёрдам берди?
20 Ҳукумат аъзолари қурилишни тўхтатиб қўйишга муваффақ бўлишди. Бироқ Яҳова, тоғ текисликка айланади, деган сўзлар билан, худди енгиб бўлмас тоғдек бўлиб туюлган тўсқинликни бартараф қилишга ваъда берди (Закариё 4:7). Худонинг ваъдаси бажо бўлди! Шоҳ Доро І амрига биноан Кирнинг қарори топилиб, яҳудийларга маъбадни қуриш ҳуқуқи берилганлиги аниқланди. Шу сабабли Доро, қурилишни ман этувчи қарорни бекор қилиб, қурилиш учун яҳудийларга шоҳ хазинасидан маблағ ажратилишига ғамхўрлик қилди. Нақадар ажойиб ўзгаришлар! Муқаддас руҳнинг бунга бирор алоқаси бормиди? Бундан шубҳаланмасак ҳам бўлади. Маъбаднинг қурилиши мил. авв. 515 йилда, Доро І шоҳлигининг олтинчи йилида қуриб битказилди (Эзра 6:1, 15).
21. а) Қандай қилиб Яҳова қадимда халқларни ларзага келтириб, улар орасидан қимматбаҳоларини танлаб олди? б) Ушбу башорат бугунги кунда қандай бажарилмоқда?
21 Хаггей пайғамбар яҳудийларга, Синай тоғи этагида Яҳова билан аҳд тузишганда, бутун тоғ ларзага келган вақтни эслатди (Хаггей 2:5; Чиқиш 19:18). Хаггей 2:6, 7га биноан, Хаггей ва Закариё пайғамбарлар даврида ҳам, Яҳова яна шундай қилмоқчи эди. Худо, Форс салтанатини ларзага келтирди, лекин бу, маъбаднинг қурилишига ҳеч қандай таъсир қилмади. Худони шарафлаш учун қайта тикланган маъбадга яҳудийлар билан бирга бошқа миллатдаги одамлар ҳам келишди. Бугунги кунда воизлик фаолияти орқали Худо халқларни ларзага келтирмоқда ва натижада улар орасидаги қимматбаҳолари Худога топиниш учун мойланганларнинг қолган қисмига қўшилишмоқда. Чиндан ҳам, улар биргаликда Яҳованинг уйини шон-шарафга тўлдиришмоқда. Улар, Яҳова еру осмонни бошқа маънода ларзага келтирадиган вақт яқинлашиб келаётганига ишонишади. Ўшанда Худо инсоний шоҳликларни йўқ қилади (Хаггей 2:22).
22. Бугунги кунда қайси маънода барча халқлар ларзага солинмоқда ва натижада нима юз беради?
22 Хаггей пайғамбар, рамзий маънодаги еру осмон, денгизу қуруқликда юз бераётган ларзалар ҳақида эслатган. Натижада, Шайтон ва жинлари осмондан ер юзига улоқтирилди (Ваҳий 12:7-12). Шунингдек, мойланганлар бошқарувида олиб борилаётган воизлик фаолияти, рамзий ерни ларзага солмоқда (Ваҳий 11:18). Бунга қарамай, бутун халқларнинг қимматбаҳолари бўлмиш «улкан бир оломон» мойланганларга қўшилиб, Яҳова Таолога хизмат қилишмоқда (Ваҳий 7:9, 10). Улар биргаликда, Яҳова яқинда юз берадиган Ҳор-Магидўнда халқларни ларзага солиши ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишмоқда. Бундан сўнг, ҳақиқий топиниш бутун ер юзида ҳукм суради.
Ёдингиздами?
• Хаггей ва Закариё пайғамбарлар қачон ва қандай шароитларда хизмат қилишган?
• Хаггей ва Закариё пайғамбарлар орқали берилган хабарларни сиз қандай қўллашингиз мумкин?
• Нима учун Закариё 4:6да ёзилган сўзлар далда беради, деб айтиш мумкин?
w06-UZ 4/15a
15—21 МАЙ Қўшиқлар: 125, 179