Қўлларингизни бақувват қилинглар
«Пайғамбарларнинг сўзларини эшитиб турган эй сизлар, қўлларингизни бақувват қилинглар» (ЗАКАРИЁ 8:9, ЯДТ).
1, 2. Нима учун Хаггей ва Закариёнинг китоблари эътиборимизга лойиқ?
ХАГГЕЙ ва Закариёнинг башоратлари 2 500 йил муқаддам ёзилган бўлса-да, бизнинг ҳаётимизга ҳам тегишли. Ушбу китобларда ёзилган маълумот шунчаки тарих эмас. Чунки «қадимги оятларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган» (Римликларга 15:4). Бу китобларда ёзилган сўзлар, Шоҳлик ўрнатилган 1914 йилдан буён содир бўлиб келаётган воқеаларни эслатади.
2 Худонинг халқи билан қадимда юз берган воқеалар ҳақида ҳаворий Павлус: «Улар бошдан кечирган бу ҳодисаларнинг ҳаммаси биз ибрат олишимиз учун содир бўлди, замонанинг охирига етишган бизлар учун насиҳат тариқасида ёзилган»,— деб айтган эди (1 Коринфликларга 10:11). Лекин Хаггей ва Закариёнинг китоблари бизнинг вақтимизга қандай алоқаси бор?
3. Хаггей ва Закариёнинг башоратларида эътибор нимага қаратиляпти?
3 Ўтган мақолада айтилганидай, Хаггей ва Закариёнинг башоратларида, яҳудийлар Бобил асирлигидан ватанларига қайтган вақт ифодаланган. Башоратларнинг иккаласида ҳам асосий эътибор маъбаднинг тикланишига қаратилган. Ибронийлар мил. авв. 536 йилда унинг пойдеворини қуришган эди. Гарчи баъзи кекса яҳудийлар ўтган кунларни эслаб йиғлашган бўлса ҳам, кўплари эса қувончдан тараннум этишарди. Бироқ бизнинг давримизда муҳимроқ нарса юз берди. Хўш, нима экан? (Эзра 3:3-13).
4. Биринчи жаҳон урушидан кўп ўтмай нима содир бўлди?
4 Биринчи жаҳон урушидан кўп ўтмай, Яҳованинг мойланган хизматчилари Буюк Бобил асирлигидан озод бўлишди. Бу, Яҳова уларни қўллаб-қувватлаётганининг белгисидир. Аввалига диний раҳбарлар ва уларнинг сиёсий шериклари, ваъзгўйлик фаолиятини тўхтатиб қўйишгандек туюлган эди (Эзра 4:8, 13, 21-24). Бироқ Яҳова Тангри ваъзгўйлик фаолиятига халал берган тўсқинликларни бартараф этди. Мана 1919 йилдан бери воизлик фаолияти гуллаб-яшнаб келмоқда, ва уни ҳеч нарса тўхтата олмайди.
5, 6. Закариё 4:7 биноан қандай иш амалга ошади?
5 Яҳованинг хизматчилари итоаткорлик билан бажараётган ваъз қилиш ва таълим бериш фаолияти, Унинг қўллаб-қуввтлаши туфайли бундан буён ҳам давом этишига аминмиз. Закариё 4:7да (ЯДТ) айтилишича: «У пештоқ тошини олиб чиққанида, улар: “У нақадар гўзалдир! У нақадар гўзалдир!”,— деб хитоб қилишади». Бу башорат қандай маънога эга?
6 Закариё 4:7да, Сарвари Оламнинг маънавий маъбадидаги ҳақиқий топиниш мукаммаллаштирилган ҳолатга келтирилиши ҳақида айтилган эди. Маънавий маъбад — бу Яҳованинг тузуми бўлиб, Исо Масиҳнинг қурбонлиги орқали Худога яқинлашишга имкон яратиб беради. Гарчи маънавий маъбад милодий І асрдан бери бор бўлса-да, бу маъбаддаги ҳақиқий топиниш мукаммаллаштирилган ҳолатга келтирилиши керак. Ҳозирги вақтда маънавий маъбадда миллионлаб одамлар Худога топинишмоқда. Улар ҳамда кўпдан-кўп тириладиган инсонлар, Исо Масиҳнинг Минг йиллик бошқарувида мукаммалликка эришадилар. Минг йилликнинг охирида тозаланган ерда фақат Худонинг ҳақиқий хизматчилари қолишади.
7. Ҳақиқий топинишни мукаммаллаштирилган ҳолатга келтиришда Исо Масиҳ қандай вазифани бажаради, ва нима учун бу бизга далда беради?
7 Ҳукмдор Зарубобил ва олий руҳоний Ёшуа мил. авв. 515 йилда маъбад қуриб битказилганнинг гувоҳи бўлишган эди. Закариё 6:12, 13да (ЯДТ) ҳақиқий топиниш мукаммал ҳолатга келтиришида Исо Масиҳ асосий вазифани бажариши башорат қилинган: «Сарвари Олам Яҳова бундай демоқда: “Ниҳол деб ном олган одам, мана. У ўз жойидан униб чиқиб, Яҳованинг маъбадини бунёд этади [...] У тахтга ўтириб, ҳокимлик қилади ва тахти узра руҳоний бўлади». Агар шоҳ Довуднинг насабномасидан бўлмиш «Ниҳол», яъни Исо маънавий маъбаддаги воизлик фаолиятини бошқараётган бўлса, наҳотки бирор ким бу ишга халал бера олса! Бу бизни, турмуш ташвишларига берилмай, хизматимизни давом эттиришга ундамайдими?
Муҳим аҳамиятга эга бўлган нарсалар
8. Нимага биз маънавий маъбадда бўлган хизматимизни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишимиз керак?
8 Яҳова бизни ҳимоялаши ва баракалаши учун Унинг маънавий маъбадида хизмат қилиш ҳаётимизда биринчи ўринни эгаллаши лозим. Яҳудийлар ҳали вақт-соати келгани йўқ дейишар эди, аммо биз эса «охирги кунларда» яшаётганимизни эсимизда тутишимиз керак (Хаггей 1:2; 2 Тимўтийга 3:1). Исо Масиҳ, унинг содиқ издошлари Шоҳлик ҳақидаги Хушхабарни ваъз қилиб, шогирд орттириш тўғрисида башорат қилган эди. Шундай экан, бизга ишониб топширилган вазифага юзаки қарамаслигимиз керак. Ваъз қилиб, шогирд орттириш фаолияти 1919 йилда қайта тикланган бўлиб, ҳали давом этиб келмоқда. Лекин у албатта охирига етказилишига амин бўлишимиз мумкин!
9, 10. Худонинг қут-баракалари нимага боғлиқ ва бу биз учун нимани англатади?
9 Воизлик фаолиятида қай даражада иштирок этсак, Яҳова шу даражада бизни баракалайди, бу бутун Худонинг халқига, шу билан бирга ҳар биримизга тегишлидир. Яҳованинг ваъдасига эътибор қаратинг. Яҳудийлар Яҳовага ғайрат билан хизмат қилиб, маъбадни қуришни давом эттиришганида, Яҳова уларни шу кундан бошлаб баракалайман, деб айтди (Хаггей 2:19). Улар яна Худонинг хайрихоҳлигига эришишлари керак эди. Мана қандай қут-баракаларни Яҳова ваъда берган эди: «Осойишталик уруғи экилади, ток новдаси мева келтиради, ер ҳосилини беради ва осмон шудринг инъом этади. Мен буларнинг барчасини шу халқнинг омон қолганларига мерос қилиб бераман» (Закариё 8:9-13, ЯДТ).
10 Яҳова Таоло яҳудийларни маънавий ва моддий жиҳатдан баракалагани каби, агар биз ҳам вазифамизни қувонч ва қунт билан бажарсак, У бизни ҳам баракалайди. Бундай қут-баракаларга имондошларимиз билан яхши муносабат, хавфсизлик ва маънавий равнақ киради. Қандай бўлмасин, агар биз Яҳова хоҳлагандай Унга хизмат қилсаккина, У бизга бундай қут-баракаларни ёғдиради.
11. Ҳаётимизда нима биринчи ўринда турганини қандай текширишимиз мумкин?
11 Ҳозир ўз йўлларимизга диққатли бўлишнинг айни пайтидир (Хаггей 1:5, 7). Ҳар биримиз ҳаётимизда нима биринчи ўринни эгалаётгани ҳақида мулоҳаза қилсак яхши бўларди. Бугун Яҳова хизматчиларини, Унинг исмини улуғлаш ва маънавий маъбадидаги ишни қай даражада бажараётганига қараб, шунга яраша баракалаяпти. Биз ўзимизга бундай саволлар беришимиз керак: муҳим нарсаларни четга суриб қўймадимми? Яҳовага хизмат қилишга бўлган илк ғайратим сўниб қолмадими? Беками-кўст яшашга интилишим, Яҳовага ва Унинг Шоҳлигига нисбатан муносабатимга таъсир қилмаяптими? Бошқаларнинг фикрларидан қўрқиш хизматимга халақит бермаяптими? (Ваҳий 2:2-4).
12. Хаггей 1:6, 9га биноан яҳудийлар қандай аҳволда бўлишган?
12 Худонинг исмини улуғлашга юзаки қараб, биз Унинг қут-баракаларидан маҳрум бўлишни албатта истамаймиз. Бобилдан қайтган яҳудийлар аввалига ғайрат билан маъбадни тиклашга киришдилар, лекин кейин эса ҳар бири ўз уй-жойини қуриш ташвиши билан банд бўлиб қолди (Хаггей 1:9). Улар турмуш ташвишларига кўмилиб кетишди. Натижада улар «кам ҳосил йиғишарди», яъни уларга озиқ-овқат ва кийим-кечак етишмасди (Хаггей 1:6). Хуллас, улар Яҳованинг қут-баракаларидан маҳрум бўлишди. Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
13, 14. Хаггей 1:6, 9да биз учун қандай сабоқ бор ва нимага у жуда муҳим?
13 Яҳова бизни бундан буён ҳам баракалашини истасак, ҳаддан ташқари ўз манфаатларимизни кўзламай, Унга топинишни биринчи ўринга қўйишимиз керак. Масалан бизни тез бойиб кетиш истаги, юқори лавозимга эга бўлиш мақсадида таҳсил олиш, шунингдек малака ошириш учун қўшимча билим олиш чалғитиши мумкин.
14 Юқорида айтилган нарсаларнинг ёмон жойи йўқ. Бироқ бу сизга, абадий ҳаётга олиб бормайдиган «ўлик ишлар» бўлиб туюлмаяптими? (Ибронийларга 9:14). Қайси маънода? Улар маънан ўлик, беҳуда ва самарасиз ишлардир. Агар уларга берилиб кетсак, маънавий ҳалокатга дучор бўламиз. Биринчи асрда айрим масиҳчилар билан айнан шу нарса юз берган эди (Филиппиликларга 3:17-19). Ҳозирги кунда ҳам айримлар билан худди шундай бўлди. Балки сиз, воизлик хизматида фаолиятсиз бўлиб, жамоатга келмай қолган ва Яҳовага қайтиш истаги бўлмаганларни биларсиз. Бу одамлар яна Яҳовага қайтишади деган умиддамиз, лекин «ўлик ишларга» берилиб кетиш Яҳованинг хайрихоҳлиги ва қут-баракасидан маҳрум бўлишга олиб келиши яққол кўриниб турибди. Хуллас, бу аянчли оқибатларга олиб келади, яъни муқаддас руҳ самараси бўлмиш қувонч ва тинчликдан айиради. Имондошлардан айрилиш нимани англатишини тасаввур қилинг-а! (Галатияликларга 1:6; 5:7, 13, 22-24).
15. Ҳақиқий топинишга қанчалик жиддий муносабатда бўлиш кераклиги Хаггей 2:14да қандай кўрсатилган?
15 Бу қанчалик жиддий эканини англаш учун келинг, маъбаднинг қурилишини ташлаб, ўз уйларини безашга киришган яҳудийларга Яҳова қандай муносабатда бўлганини кўриб чиқайлик. Хаггей 2:14да (ЯДТ) айтилганидай: «Бу халқу бу инсонлар, уларнинг ишларию, Менга келтирган нарсалари, бари Менинг назаримда жирканчдир,— демоқда Яҳова». Яҳудийлар ҳақиқий топинишга юзаки муносабатда бўлганликлари сабабли, улар хўжакўрсинга келтирган қурбонликларини Яҳова қабул қилмаган (Эзра 3:3).
Худо қўллаб-қувватлашига ишонтирмоқда
16. Закариёга юборилган ваҳийлар, яҳудийларни нимага ишонтирарди?
16 Закариё пайғамбарга юборилган саккизта ваҳийда, маъбадни тиклаётган яҳудийларни, Яҳова улар билан эканлигига ишонтирган. Биринчи ваҳийда, агар яҳудийлар итоаткорлик билан қурилишни давом эттиришса, маъбад қуриб битказилиб, Қуддус ва Яҳудия гуллаб-яшнашига ишонтирилган эди (Закариё 1:8-17). Иккинчи ваҳийда эса, ҳақиқий топинишга қарши чиққан барча ҳукмдорлар йўқ қилиниши каромат қилинган эди (Закариё 1:18-21). Қолган ваҳийлар, Худо исроилликларни қурилиш пайтида ҳимоялаши ҳамда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатишига ишонтирар эди. Яъни, Яҳованинг қуриб битказилган маъбадига барча халқлардан одамлар келишади. Енгиб бўлмайдиган тоғдек бўлиб туюлган тўсқинликлар бартараф этилади, қонунсизлик эса йўқ қилинади. Худонинг халқи эса фаришталарнинг ҳимоясида яшашади (Закариё 2:5, 11; 3:10; 4:7; 5:6-11; 6:1-8). Худонинг бундай ваъдаларини эшитиб, итоаткор яҳудийлар ўзгаришлар қабул қилиб, Яҳова буюрган ишни давом эттиришди.
17. Худонинг ваъдалари аниқлигини эътиборга олиб, ўзимиздан нима деб сўрашимиз керак?
17 Шу каби ҳақиқий топиниш буткул ғалабага эришиши ҳақидаги башорат, бизни Яҳованинг маънавий маъбадида хизмат қилишга ундайди. Ўзимиздан бундай деб сўрашимиз керак: агар мен ҳозир Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиб, шогирд орттиришнинг айни пайти эканлигига ишонсам, унда менинг мақсадларим ва турмуш тарзим буни исботлаяптими? Худонинг Каломини муҳим деб билиб, уни тадқиқ қилишга вақт ажратяпманми ва имондошларим ҳамда бошқа инсонлар билан уни муҳокама қиляпманми?
18. Закариёнинг 14 бобига биноан бизни нима кутяпти?
18 Закариё пайғамбар Буюк Бобил йўқ қилинганида сўнг, Ҳор-Магидўн бўлиши ҳақида айтган эди. Закариёнинг айтишича, Худонинг маҳшар куни жуда ғайритабиий воқеалар билан бирга содир бўлади. Ҳа, Яҳованинг куни Унинг душманлари учун чиндан ҳам қайғули ва даҳшатли бўлади! Аммо Яҳованинг хизматчилари учун нур таралиб туради ва Яҳова уларга хайрихоҳлик кўрсатади. Шунингдек, Закариё пайғамбар янги дунёда барча инсонлар Худонинг муқаддаслигини эълон қилишлари тўғрисида айтган эди. Худонинг маънавий маъбадидаги хизмат, ер юзидаги ягона топинишга айланади (Закариё 14:7, 16-19). Нақадар ажойиб ваъдалар! Биз башоратларнинг бажарилишини ва Яҳованинг ҳукмдорлиги қандай оқланишини кўрамиз. Ҳа, ҳақиқатан ҳам бу Яҳованинг куни бўлади!
Абадий қут-баракалар
19, 20. Нима учун Закариё 14:8, 9да ёзилган сўзлар далда беради?
19 Ушбу улкан ҳодисаларнинг кетидан Шайтон ва унинг жинлари тубсизлик қаърига ташланади (Ваҳий 20:1-3, 7). Кейин Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви даврида одамзодга қут-баракалар ёғдирилади. Закариё 14:8, 9да (ЯДТ) айтилганидай: «Ўша куни Қуддусдан ҳаётбахш сувлар оқиб чиқади: ярми шарқий денгиз томон, ярми эса ғарбий денгиз томон оқади. Қишин-ёзин шундай бўлади. Бутун ер юзи бўйлаб Яҳова шоҳ бўлади. Ўша куни Яҳованинг Ўзи ягона ва исми ягона бўлади».
20 Яҳованинг дастурларини англатувчи «ҳаётбахш сувлар» ёки «оби ҳаёт дарёси» доимо Масиҳий Шоҳликдан оқиб боради. Улар, инсоният абадий ҳаётга эга бўлишига ёрдам беради (Ваҳий 22:1, 2). Ҳор-Магидўндан омон қолган улкан оломон ўлимдан озод этилади. Ҳатто тирилган инсонлар ҳам ушбу қут-баракаларга эга бўлишади. Ўшанда Яҳова ер юзи устидан ҳукмдорликни яна Ўз қўлига олади. Бутун оламдаги одамлар Яҳовани Сарвари Коинот ва топинишга лойиқ бўлган ягона Худо деб, тан олишади.
21. Биз нима қилишга қарор қилишимиз керак?
21 Мана, Хаггей ва Закариёнинг башоратларини ва уларнинг бажарилганини кўриб чиқдик. Бундан маълум бўлдики, Яҳова маънавий маъбадида бизга топширган вазифасини бажаришни давом эттиришимиз кераклигининг муҳим сабаблари бор. Келинг, ҳақиқий топиниш мукаммаллаштирилган ҳолатга келтириладиган вақтни кутиб, Худонинг Шоҳлигини биринчи ўринга қўяйлик! Закариё 8:9даги (ЯДТ) сўзлар бизни: «Пайғамбарларнинг сўзларини эшитиб турган эй сизлар, қўлларингизни бақувват қилинглар»,— деб ундамоқда.
Ёдингиздами?
• Хаггей ва Закариё пайғамбарлар башоратларининг бизнинг вақтимизга қандай ўхшашлиги бор?
• Хаггей ва Закариё китобларида муҳим нарсаларга нисбатан қандай сабоқ бор?
• Нима учун Хаггей ва Закариёнинг башоратлари келажакка умид бахш этади?
w06-UZ 4/15b
22—28 МАЙ Қўшиқлар: 92, 43