Моддий нарсалар эмас, Шоҳлик пайидан бўлинг!
Худонинг Шоҳлиги ҳаётингизда биринчи ўринда бўлсин, ўшандагина буларнинг бари сизларга қўшимча қилиб берилади. ЛУҚО 12:31
1. Эҳтиёж ва хоҳиш-истак орасида қандай фарқ бор?
«ОДАМНИНГ эҳтиёжлари унча кўп бўлмаса-да, лекин хоҳиш-истаклари чексиздир»,— дейишади. Ҳа, кўпчилик жисмоний эҳтиёжлар ва хоҳиш-истаклар орасидаги фарқни тушунмайдиганга ўхшайди. Аммо уларнинг фарқи нимада? Эҳтиёж — бирор нарсага бўлган заруратдир. Масалан, овқатланиш, кийим-кечак ва уй-жойга эга бўлиш табиий эҳтиёжлар сирасига киради. Хоҳиш-истак эса, кундалик ҳаётда унча муҳим бўлмаган нарсага эга бўлишга интилишдир.
2. Одамлар нималарга эга бўлишни исташади?
2 Одамларнинг хоҳиш-истаклари уларнинг яшаш жойларига қараб фарқланади. Ривожланаётган мамлакатларда кўпчилик уяли телефон, мотоцикл сотиб олиш ёки бир парча ерга эга бўлиш учун етарлича пули бўлишини истайди. Бой давлатларда эса одамлар сон-саноқсиз қиммат кийимлар, каттароқ уй ёки янги русумдаги машина олиш илинжида юришади. Бироқ қаерда яшашимиздан қатъи назар, бизга унча керак бўлмаган ёки ҳатто сотиб олишга қурбимиз етмайдиган нарсаларга эга бўлишни истаб, молпарастлик тузоғига тушиб қолишимиз мумкин.
МОЛПАРАСТЛИК ТУЗОҒИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
3. Молпарастлик бу нима?
3 Молпарастлик бу нима? Бу, маънавий бойликка эмас, аксинча моддий нарсаларга меҳр қўйишдир. Молпарастлик инсоннинг хоҳиш-истаклари, мақсадлари ва ҳаётдаги орзуларига таъсир қилади. Молпараст инсон бори билан қаноат қилишнинг ўрнига, кўпроқ нарсаларга эга бўлай, дейди. Унча кўп пулга эга бўлмаган ва қиммат нарсаларни сотиб олмайдиган одам ҳам молпараст бўлиб қолиши мумкин. Ҳа, ҳатто камбағал одамлар молпарастликнинг қурбонига айланишлари ва Шоҳлик ишларига эътибор қилмай қўйишлари ҳеч гап эмас. (Иброн. 13:5)
4. Қай йўсин Шайтон бизни «ҳирсли кўзлар» орқали аврайди?
4 Шайтон дунёдаги тижорат орқали бизни керагидан ортиқ моддий нарсаларга эга бўлишга ундаб, уларсиз завқланиб яшаш имконсиз, деб ишонтирмоқчи. У бизни «ҳирсли кўзлар» орқали аврашда устаси фаранг бўлиб кетган. (1 Юҳан. 2:15–17; Ибт. 3:6; Ҳик. 27:20) Дунё бизга фойдаси тегадиган нарсалардан тортиб бўлмағур нарсаларгача таклиф қиляпти ва улардан баъзилари ҳатто кишининг ҳавасини келтиради. Бирон-бир нарсани дўконда кўриб қолиб, у эътиборингизни жалб қилгани ёки уни рекламада кўрганингиз учунгина сотиб олганмисиз? Агар шундай бўлса, эҳтимол, кейинчалик бу нарса аслида сизга керак эмаслигини тушунгандирсиз. Бизга керак бўлмаган нарсаларни харид қилиш ҳаётимизни мураккаблаштиради, холос. Бундай нарсалар бизни Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш, йиғилишларга тайёргарлик кўриш ва уларга қатнаш, хизматда фаол иштирок этиш каби маънавий тадбирлардан чалғитиб, тузоққа илинтириши мумкин. Эсингизда бўлсин, ҳаворий Юҳанно: «Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади»,— деб огоҳлантирганди.
5. Кўп вақтини мол-дунё тўплашга сарфлайдиганлар билан нима бўлиши мумкин?
5 Шайтон Яҳованинг эмас, бойликнинг қули бўлишимизни истайди. (Мат. 6:24) Кўп вақтини мол-дунё тўплашга сарфлайдиганлар фақат ўзининг ҳузур-ҳаловатини ўйлаб яшаганлари учун мазмунсиз ҳаёт кечиришади. Охир-оқибат эса, улар қайғу ҳамда умидсизликка тўлиб, маънан ўлишади. (1 Тим. 6:9, 10; Ваҳ. 3:17) Буни Исо «уруғ сепувчи» ҳақидаги масалида тасвирлаганди. Унинг айтишича, Худонинг каломи «тиканлар орасига тушганда», «бошқа орзу-ҳаваслар» юракка суқилиб кириб, каломни бўғиб қўяди ва у самарасиз бўлиб қолади. (Марк 4:14, 18, 19)
6. Борухнинг мисолидан қандай сабоқ олдик?
6 Келинг, Еремиё пайғамбарнинг котиби бўлган Борухнинг мисолини кўриб чиқайлик. Қуддуснинг вайрон қилиниш пайти яқинлашганида, Борух вақтинчалик қадр-қимматга эга бўлган мақсадлар қўйиб, ўзи учун «катта режалар тузишни» бошлаган. Аслида эса у, Яҳованинг: «Жонингни сақлаб қоламан»,— деган ваъдасига ишониши керак эди, холос. (Ерм. 45:1–5) Гарчи Қуддус йўқ қилиниш арафасида турган бўлса-да, Худо бу шаҳарда яшовчи ҳеч бир кимсанинг бойлигини сақлаб қолмоқчи эмасди. (Ерм. 20:5) Ушбу замонанинг охири яқинлашаётган экан, ҳозир ўзимиз учун мол-дунё тўплашнинг вақти эмас. Бизда бор бўлган нарсалар қанчалик қимматбаҳо ва қадр-қимматли бўлмасин, улар буюк қайғу пайтида сақланиб қолишига умид боғламаслигимиз керак. (Ҳик. 11:4; Мат. 24:21, 22; Луқо 12:15)
7. Ҳозир нимани кўриб чиқамиз ва нега?
7 Исо қай йўсин чалғимасдан, молпараст бўлмасдан ва ўзимизга ортиқча ташвиш келтирмасдан асосий эҳтиёжларимизни қондиришимиз мумкинлиги борасида Тоғдаги ваъзида яхши маслаҳат берганди. (Мат. 6:19–21) Келинг, Матто 6:25–34 даги парчани ўқиб, унинг устида мулоҳаза юритайлик. Бу оятлар бизни нарсаларни эмас, Худонинг Шоҳлигини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишимиз кераклигига ишонтиради. (Луқо 12:31)
ЯҲОВА ЖИСМОНИЙ ЭҲТИЁЖЛАРИМИЗ ҲАҚИДА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛАДИ
8, 9. а) Нега эҳтиёжларимиз ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланмаслигимиз даркор? б) Исо одамлар ва уларнинг эҳтиёжлари борасида нимани биларди?
8 Матто 6:25 ни ўқинг. Исо тингловчиларига: «Жонингиз учун... ташвишланманглар»,— деб айтганда, уларга «хавотирланманглар» демоқчи эди. Улар ташвишланмасликлари керак бўлган нарсаларга ҳам ташвишланишган. Исо уларга бошқа бундай қилмасликлари кераклигини айтган ва бу бекорга эмас эди. Зеро, ҳатто табиий эҳтиёжларимиз ҳақида керагидан ортиқ хавотирлансак, хаёлимиз бўлиниб, анча муҳимроқ бўлган маънавий нарсалардан чалғиб қолишимиз мумкин. Исо шогирдлари учун шунчалик қайғурганки, ҳатто ўзининг ваъзида бундай хавф борлиги ҳақида уларни яна тўрт марта огоҳлантирганди. (Мат. 6:27, 28, 31, 34)
9 Нега Исо нима еймиз, нима ичамиз ёки нима киямиз, деб ташвишланмаслик кераклигини айтган? Ахир бундай эҳтиёжлар асосий эҳтиёжлардан баъзилари эмасми? Бўлмасам-чи! Бундай эҳтиёжларни қондириш учун етарлича маблағимиз бўлмаса, наҳот ташвишланмасак? Албаттаки, ташвишланамиз ва Исо буни билган. Исо одамларнинг ҳар кунги эҳтиёжларини яхши тушунарди. Бундан ташқари, асрлар ўтиб, «охирзамонда ниҳоятда оғир вақтлар»да яшайдиган шогирдлари қийинчиликларга дуч келишини ҳам биларди. (2 Тим. 3:1) Дарҳақиқат, бугунги кунда кўплаб одамлар ишсизлик, инфляция, озиқ-овқат етишмовчилиги ва қашшоқлик каби муаммоларни бошдан кечиришяпти. Лекин шу билан бирга, Исо «жон егуликдан, тана эса кийимдан афзал» эканини тушунарди.
10. Исо шогирдларига ибодат қилишни ўргатаётиб, уларнинг ҳаётида нима муҳим ўрин эгаллаши кераклигини айтганди?
10 Бундан аввал Исо шогирдларига жисмоний эҳтиёжлари ҳақида Аллоҳга илтижо қилишни ўргатиб, улар: «Бугунги ризқ-рўзимизни бер»,— дея ибодат қилишлари мумкинлигини айтган. (Мат. 6:11) Кейинроқ Исо яна бир бор уларга кундалик эҳтиёжлари борасида ибодат қилишлари кераклигини эслатган. (Луқо 11:3) Аммо бу сўзлар билан Исо биринчи навбатда жисмоний эҳтиёжларимиз ҳақида ўйлашимиз кераклигини назарда тутмаган. Ўзининг ўша намунали ибодатида Исо даставвал Худо Шоҳлигининг келиши ҳақида ибодат қилиш кераклигини кўрсатган. (Мат. 6:10; Луқо 11:2) Бундан кейин эса Исо, тингловчилари хавотирланмасликлари учун, Яҳова Ўз ижодларига қанчалик ғамхўрлик қилишини эслатиб, уларга тасалли берган.
11, 12. Яҳованинг қушларга бўлган ғамхўрлигидан нимани ўрганяпмиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
11 Матто 6:26 ни ўқинг. Биз «қушларни диққат билан кузатишимиз» керак. Гарчи қушлар кичкина бўлишса-да, улар кўп мевалар, уруғлар, ҳашаротлар ва қуртлар билан озиқланишади. Агар қушлар одамлар каби катта бўлишганида, улардан ҳам кўпроқ овқат ейишган бўларди. Аммо озиқланиш учун қушлар на ерга ишлов беришади, на уруғ экишади. Шунга қарамай, Яҳова уларнинг ризқ-рўзини барибир беради. (Заб. 146:9) Албатта, Яҳова уларнинг тумшуғига овқат солиб қўймайди. Улар учиб, ўзлари овқат излашлари керак бўлса ҳам, Яҳова уларда озуқа бўлишига ғамхўрлик қилади.
12 Самовий Отаси қушларга ғамхўрлик қилар экан, демак одамларга ҳам ғамхўрлик қилишига Исонинг ишончи комил эди.[1] (1 Бутр. 5:6, 7) Шубҳасизки, Яҳова оғзимизга овқат солиб қўймайди, бироқ озиқ-овқат етиштиришимиз ёки кундалик маҳсулотларни сотиб олишга етарлича пул топишимиз учун қилган саъй-ҳаракатларимизга барака беради. Муҳтож бўлган пайтларимизда эса, Аллоҳ бошқаларни ўзларида бор нарсалари билан бўлишишга ундаши мумкин. Гарчанд Исо қушларга уй-жой берилиши борасида айтмаган бўлса ҳам, Яҳова бу мавжудотларига ин қура олишлари учун инстинкт, қобилият ва керакли хомашёни тақдим этган. Шунга ўхшаб, Яҳова бизни ҳам зарурий уй-жой билан таъминлайди.
13. Биз қушлардан анча афзалроқ эканимизнинг қандай исботи бор?
13 Исо тингловчиларидан: «Сизлар эса улардан [қушлардан] анча афзалроқ эмасмисиз?» — деб сўраган. Буни айтганида, Исо яқинда одамзод учун ҳаётини бериши ҳақида ўйлаган бўлса керак. (Луқо 12:6, 7 ни солиштиринг.) Масиҳнинг тўлов қурбонлиги бошқа ҳеч қайси тирик мавжудот учун берилмаган эди. Исо қушлар учун эмас, биз учун ҳаётини қурбон қилиб, абадий ҳаётдан баҳраманд бўлишимиз учун ўлди. (Мат. 20:28)
14. Инсон ҳадеб ташвишланса, натижаси қандай бўлади?
14 Матто 6:27 ни ўқинг. Нега Исо ҳадеб ташвишланиб юрадиган инсон ўз умрини бир лаҳзага бўлса-да узайтира олмаслигини айтган? Сабаби, кундалик эҳтиёжларимиз ҳақида ортиқча ташвишланиш ҳаётимизни узайтира олмайди. Аксинча, ҳаддан ортиқ ташвишланиш ҳаётимизни қисқартириши мумкин.
15, 16. а) Яҳова даштдаги пиёзгулларга ғамхўрлик қилишидан нимани ўрганишимиз мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Ўзимизга қандай саволлар берсак бўлади ва нега?
15 Матто 6:28–30 ни ўқинг. Маънавий ишлар билан банд бўлганимизда, масалан, хизматга ёки жамоат йиғилишларига ва анжуманларга борганимизда, қайси биримиз чиройли кийинишни хоҳламаймиз? Шундай бўлганда ҳам, «кийим ҳақида... ташвишланиш» керакмикан? Яҳова ижодларига ғамхўрлик қилишини Исо шогирдларига яна бир бор эслатиб, бу сафар даштдаги пиёзгулларни мисол қилиб келтирди. Исо пиёзгуллар ҳақида гапирганда, ўзгача жилоси билан ажралиб турадиган лолалар ва пиёзгулларга ўхшаш бошқа гулларни назарда тутган бўлиши мумкин. Худонинг бу ижодлари ип йигириб, ўзлари учун кийим тикишларига ёки тўқишларига ҳожат йўқ. Аммо улар қанчалик манзарали эканини кўриб, лол қоласан киши! Дарҳақиқат, «ҳатто шоҳ Сулаймон ҳам ўзининг шуҳрат чўққисида уларнинг ҳеч биридай кийинмаган».
16 Исо айтган қуйидаги сўзлар ҳақида ўйлаб кўринг: «Агар Аллоҳ... дашт ўтини шундай кийинтириб қўйган бўлса, унда сизларни ҳам кийинтириб қўймасмикин, эҳ имони сустлар?!» Албаттаки, кийинтиради! Лекин шундай бўлса-да, Исонинг шогирдларига барибир имон етишмаган. (Мат. 8:26; 14:31; 16:8; 17:20) Улар Яҳовага қаттиқ ишонишлари ва таянишлари керак эди. Биз ҳақимизда-чи, нима деса бўлади? Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига ишончимиз комилми?
17. Яҳова билан бўлган муносабатларимизни нима барбод қилиши мумкин?
17 Матто 6:31, 32 ни ўқинг. Биз «ўзга халқларга» тақлид қилмаслигимиз даркор. Зероки, улар ҳаётларида маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйишмайди ва Аллоҳ уларга ғамхўрлик қилишига унчалик ишонишмайди. Бу халқлар каби: «Нима еймиз, нима ичамиз ёки нима киямиз?» — деб ортиқча ташвишланиш Яҳова билан бўлган муносабатларимизни барбод қилади. Улардан фарқли равишда, Шоҳлик манфаатларини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйсак, Яҳова бизга зарур бўлган нарсаларни мўл-кўл қилиб беришига тўлиқ ишонишимиз мумкин. Ҳа, «художўй» бўлиш бизда бор «егулик, кийим ва бошпанамиз» билан қаноат қилишга ёрдам беради. (1 Тим. 6:6–8)
ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ ҲАЁТИНГИЗДА БИРИНЧИ ЎРИНДА ТУРИБДИМИ?
18. Яҳова шахсан биз ҳақимизда нимани билади ва биз учун нималар қилади?
18 Матто 6:33 ни ўқинг. Масиҳнинг издошлари Шоҳлик манфаатларини ҳаётларида доимо биринчи ўринга қўйишлари керак. Агар шундай қилсак, Исо айтганидек, қолган барча нарсалар бизга «қўшимча қилиб берилади». Нега у бундай деган? Исо буни қуйидагича тушунтирган: «Ахир самовий Отангиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку». «Буларнинг бари» деганда, у бирламчи эҳтиёжларимизни назарда тутган. Егулик, кийим-кечак ва бошпана масаласида нималарга муҳтож эканимизни Яҳова биздан олдин кўра олади. (Филип. 4:19) У ҳатто қайси кийимимиз биринчи навбатда эскиришини ҳам билади. Шунингдек, У қандай овқатга муҳтож эканимизни ва оиламиз учун қайси уй мос келишини яхши билади. Яҳова бизга чиндан ҳам керак бўлган нарсаларни беради.
19. Нега биз келажак ҳақида ортиқча ташвишланмаслигимиз керак?
19 Матто 6:34 ни ўқинг. Эътибор берингки, Исо иккинчи марта: «Зинҳор... ташвишланманглар»,— деб айтяпти. Исо кундалик ташвишларимизни енгишда Яҳова албатта ёрдам беришига ишонган ҳолда ибодат қилишимизни истайди. Агар инсон келажакда нима бўлиши борасида ортиқча ташвишланса, у Аллоҳга эмас, ўзига таянадиган бўлади ва бу, Яҳова билан бўлган муносабатларига ёмон таъсир қилмай қолмайди. (Ҳик. 3:5, 6; Филип. 4:6, 7)
ШОҲЛИК БИРИНЧИ ЎРИНДА БЎЛСА, ҚОЛГАНИНИ ЯҲОВА ҚЎШИМЧА ҚИЛИБ БЕРАДИ
20. а) Яҳованинг хизматида кўпроқ банд бўлиш учун қайси мақсадни қўйсангиз бўлади? б) Ҳаётингизни соддалаштириш учун нималар қилишингиз мумкин?
20 Мол-дунёга эга бўламан деб, Шоҳлик манфаатларини қурбон қилиш беҳудадир. Ваҳоланки, биз маънавий мақсадлар сари интилишимиз даркор. Мисол учун, Шоҳлик ваъзгўйларига эҳтиёж катта бўлган жамоатга ўта оласизми ё бўлмаса, кашшоф бўлиб хизмат қила оласизми? Агар кашшоф бўлсангиз, Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Байтилда ёки таржимонларнинг офисларида вақти-вақти билан ёрдам бера оласизми? Лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлимининг ихтиёрий хизматчиси сифатида Йиғилиш Залларининг қурилишида вақти-вақти билан ёрдам бера оласизми? Шоҳлик ишлари билан кўпроқ банд бўлиш мақсадида ҳаётингизни соддалаштириш учун нималар қилишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. «Ҳаётингизни қандай соддалаштиришингиз мумкин?» номли рамкани ибодат ила кўриб чиқинг ва мақсадингизга эришиш учун керак бўладиган қадамларни қўйишни бошланг.
21. Яҳова билан қалин дўст бўлишимизга нима ёрдам беради?
21 Исо нарсаларни эмас, Шоҳликни биринчи ўринга қўйиш керак, деб бежизга айтмаган. Агар шундай йўл тутсак, моддий эҳтиёжлар ҳақида зинҳор ташвишланмаймиз. Қолаверса, Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига тўлиқ ишонсак, У билан янада дўстлашамиз. Шунда ўз хоҳишларимизга эрк бермаймиз ва ҳатто қурбимиз етишига қарамасдан, дунё таклиф этаётган ҳар бир нарсани сотиб олавермаймиз. Ҳозирнинг ўзидаёқ ҳаётимизни соддалаштириш Яҳова бизга ваъда бераётган «ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бермаслик»ка ёрдам беради. (1 Тим. 6:19)
^ [1] (12- хатбоши) Нега Яҳова гоҳида масиҳийда етарлича озиқ-овқат бўлмаслигига йўл қўйиши мумкинлигини тушуниш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2014 йил 15 сентябрь сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари» номли туркумга қаранг.