31- БОБ
Шаббат куни бошоқларни узиб ейиш
МАТТО 12:1–8 МАРК 2:23–28 ЛУҚО 6:1–5
ШОГИРДЛАР ШАББАТ КУНИ БОШОҚЛАРНИ УЗИБ ЕЙИШАДИ
ИСО «ШАББАТ КУНИНИНГ ХЎЖАЙИНИ»
Исо шогирдлари билан Яҳудиядан шимолда жойлашган Жалилага йўл олади. Баҳор фасли бўлиб, далаларда буғдой бошоқлади. Шогирдлар оч қолишгани сабабли бошоқларни узиб ея бошлашади. Аммо бу кун Шаббат бўлгани учун уларнинг бу иши фарзийларнинг назаридан четда қолмайди.
Исо яқиндагина Қуддусда бўлганида, дин раҳбарлари уни Шаббат қонунини бузганликда айблаб, ўлдиришга ҳаракат қилишган эди. Энди эса фарзийлар Исонинг шогирдларини айблашга баҳона топиб: «Ие, шогирдларинг Шаббат куни қонун бўйича тақиқланган ишни қилишяпти-ку»,— дейишади. (Матто 12:2)
Фарзийларнинг таъкидлашича, буғдойни узиб кафтда уқалаш, ўриш ва янчиш билан тенг. (Чиқиш 34:21) Уларнинг ишга нисбатан қаттиқ қоидалари туфайли Шаббат куни оғир юкка айланиб қолди. Аслида эса бу кун хурсандчилик келтириб, маънан тетиклантириши керак эди. Шунинг учун, Исо мисоллар асосида Тангри Яҳова Шаббат кунига бу тарзда амал қилишни ҳеч қачон талаб қилмаганини кўрсатиб беради.
Бундай мисоллардан бири: Довуд ва унинг ҳамроҳларидир. Улар оч қолишганида муқаддас чодир ёнида тўхтаб, бахшида қилинган нонларни ейишади. Ўша нонлар Яҳованинг ҳузурида тургандан кейин, иссиқ нон келтирилган куни олиб қўйиларди ва одатда бу нонни фақатгина руҳонийлар ейиши мумкин эди. Лекин Довуд ва унинг ҳамроҳлари иложсизлик туфайли нон ейишгани учун ҳукм этилишмаганди. (Левилар 24:5–9; 1 Шоҳлар 21:1–6)
Исо яна бир мисол келтиради: «Руҳонийлар Шаббат куни маъбадда ишлашса-да, айбдор бўлмасликларини Тавротдан ўқимаганмисизлар?» Ҳа, маъбадда хизмат қиладиган руҳонийлар ҳатто Шаббат куни ҳам ҳайвонларни қурбонликка келтиришади ва бошқа ишларни бажаришади! «Аммо сизларга айтиб қўяй,— дейди Исо,— бу ерда маъбаддан ҳам буюкроқ киши турибди». (Матто 12:5, 6; Саҳрода 28:9)
Исо яна Муқаддас Ёзувларга асосланиб, қуйидагиларни айтади: «Агар сизлар: “Мен қурбонлик эмас, раҳм-шафқат истайман”,— деган сўзлар нимани англатишини билиб олганингизда эди, айбсиз кишиларни ҳукм қилмаган бўлардингиз». У гапини тугатиб: «Чунки Инсон Ўғли Шаббат кунининг Хўжайинидир»,— дейди. Исо бу сўзлари билан минг йил давом этадиган бошқаруви остида тинчлик ҳукм суришига ишора қилади. (Матто 12:7, 8; Ҳўшея 6:6)
Мана кўп йиллардан бери инсоният Шайтоннинг бошқаруви остида азоб чекиб келяпти. Урушлар ва зўравонлик кўпайиб кетди. Бироқ буюк Шаббат куни, яъни Масиҳнинг бошқаруви — фароғат пайти бўлади. Ўшанда биз орзиқиб кутган ва муҳтож бўлган тинчлик пайтида маза қилиб яшаймиз!