Заифликларга қарамай, куч-қудратли
ТЎҒРИ заифликлар ранжитиши мумкин. Эҳтимол сизга уларни енгиш қийиндек туюлар. Сабаби бошқаларга қараганда, ўзингизни ҳеч нарсага яроқсиз ва қобилиятсиз деб ҳисобларсиз. Ёхуд жиддий касалликка дуч келиб, азоб чекаётгандирсиз. Қийинчиликлар дастидан ўзингизни баъзида ҳолдан тойгандек ҳис қилишингиз мумкин. Масалан Аюб пайғамбар ҳам Аллоҳ уни ўликлар диёрида яшириб, сўнг эсга олишини илтижо қилган. Балки унинг ҳис-туйғулари сизга ҳам яқиндир (Аюб 14:13).
Қандай қилиб мушкул вазиятларни енгса бўлади? Қанчалар оғир бўлмасин, вақти-вақти билан муаммоларни четда қолдиришга интилиб кўринг. Мисол учун Тангри Яҳова, ернинг пойдеворини ким солгани, унинг ўлчамини ким тайин этгани ва атрофига ўлчов ипини ким тортгани ҳақида айтиб, Аюбни мулоҳаза қилишга ундаган (Аюб 38:4, 5). Буларнинг борасида фикр юритиш, Яҳованинг чексиз донолиги ва куч-қудратини тан олишимизга ҳисса қўшади. Ҳали ҳам Яҳова бу ёвуз дунёни яксон қилмаган экан, демак бунинг асосли сабаблари бор.
«Баданимда бир ниш»
Ҳаворий Павлус Яҳовага илтижо қилиб, тинчлик бермаётган «баданидаги бир нишдан» халос этишини сўраган. Павлус бу ҳақда уч марта Худога мурожаат қилиб, азобидан озод бўлишини ёлворган. Ушбу «ниш» нима бўлишидан қатъий назар, у Яҳова Таолога қувонч ила хизмат қилишига халақит берарди. Яъни, у ўзини доимо савалангандек ҳис қиларди. Яҳова унга жавобан шундай деган: «Сенга берган иноятим етар, Менинг қудратим заифликда тугал бўлади». Бинобарин Яҳова уни «баданидаги бир ниш»дан халос этмади. Павлус доим курашганига қарамай: «Заиф бўлсам, қудратим ошар экан»,— дея ҳаёт кечирган (2 Кор. 12:7–10). Қизиқ унинг сўзлари нимани англатарди?
Павлус муаммосидан мўъжизакорона озод қилинмади. Бироқ бу, Аллоҳнинг хизматида фаол иштирок этишига унга халақит бермаган. У Яҳовага таяниб, ҳамиша Ундан ёрдам сўраган (Филип. 4:6, 7). Ҳаётининг сўнгида эса у шундай дея олган: «Улуғ курашда астойдил курашдим, умр довонини ошиб бўлдим, имонни сақладим» (2 Тим. 4:7).
Гарчи одамлар гуноҳкор бўлиб, қийинчиликларга дуч келишса-да, Яҳова Ўз иродасини бажариш учун улардан фойдаланади. Шубҳасиз, фақатгина Худованд шон-шуҳрат эгаллашга лойиқдир. Зеро қийинчиликларни енгиб, хизматда қувончни йўқотмаслигимиз учун У бизга раҳбарлик ва донолик ато этяпти. Демак, Эгамиз гуноҳкор бандаларининг заифликларига қарамай, улар орқали буюк ниятларини амалга ошира олади.
Павлус, нега Аллоҳ уни «баданидаги бир нишдан» халос этмаганининг сабабини тушунтириб: «Ўзимни ҳаммадан юқори тутмаслигим ва кибрланиб кетмаслигим учун» — деб айтди (2 Кор. 12:7). Ушбу «ниш» Павлусга, номукаммал эканини эслатиб ҳамда ўзи ҳақида камтарона ўйлашга кўмаклашган. Ахир Исо ҳам: «Ким ўзини юқори қўйса, пасайтирилади. Ким ўзини паст олиб юрса, улуғланади»,— деб айнан шунга ўргатган эди (Мат. 23:12). Синовлар эса Яҳованинг хизматчиларини нафақат камтаринликка ўргатади, балки Унга таянибгина, бу қийинчиликларга бардош бера олишлари мумкинлигини тушунишади. Шунинг учун улар Павлус каби Худованд билан мақтанишлари мумкин (1 Кор. 1:31).
Яширин заифликлар
Баъзи кишиларда, ҳатто ўзлари сезмаган ё тан олишни истамаган заифликлари бор. Масалан одам ўзини катта тутиб, ўз кучига ўта ишониши мумкин (1 Кор. 10:12). Гуноҳкор бандаларнинг яна бир заифлиги — ҳамиша биринчи бўлиш истагидир.
Бир мисолга эътибор қаратайлик. Шоҳ Довуднинг қўшинида жасур ва қатъиятли Йўаб исмли лашкарбоши бор эди. У ўзига жудаям ишонгани ва шуҳратпарастлиги туфайли, ёвуз ишларга қўл урган. Йўаб ўч олиш ниятида биринчи Абнурни ўлдирди, кейин эса гўё Эмоса билан сўрашаман деб, ваҳшийларча ханжарни унинг қорнига тиқиб юборди (2 Шоҳ. 17:25; 20:8–10). Боиси Йўабнинг ўрнига Эмоса лашкарбоши қилиб тайинланганди. Илгариги лавозимини қайтаришга уриниб, у рақибидан қутулиш учун қулай фурсатни пойлаб юрган. Кўриниб турганидек, Йўаб шуҳратпарастлигу худбинликка берилиб, бундай даҳшатли қотиллик қилди ва асло афсус ҳам чекмади. Ҳаётининг якунида ҳазрати Довуд, ўғли Сулаймонга Йўаб ўз қилмишлари учун жавоб беришини топширган (3 Шоҳ. 2:5, 6, 29–35).
Биз ҳам нотўғри истакларимиз измида юрмаслигимиз зарур. Зотан заифлик устидан албатта ғалаба қозона оламиз. Бунинг учун, ўзимизда заифликларни аввал аниқлаб ва барчаси чиндан ҳам борлигини тан олиб, кейин уларни йўқотишга киришиш керак. Шунингдек, Яҳовага мунтазам ибодат қилиб, заифликлар билан курашишда мадад сўраш муҳим. Боз устига ўзимизга раҳбарлик топиш мақсадда, Унинг Каломини тиришқоқлик ила ўрганиш лозим (Иброн. 4:12). Балки камчиликларимиз билан узоқ вақт давомида курашишга ҳам тўғри келар. Ҳатто шундай бўлиши мумкинки, ушбу кураш мукаммал бўлганимизга қадар давом этар. Лекин тушкунликка тушманг. Ахир Павлус ҳам заифликлари билан курашган-ку. У: «Мен нимани хоҳласам, уни қилмайман ва нимани ёмон кўрсам, уни қиламан» — деб ёзган. Бунга қарамай у ҳечам таслим бўлмаган ва ўзига ҳеч нарса боғлиқ эмас, деб ҳисобламаган. Аксинча, Аллоҳ унга Исо Масиҳ орқали ёрдам беришига таяниб, камчиликлари билан курашишни давом эттирган (Рим. 7:15–25). Қолаверса, Павлус бундай деди: «Баданимни турткилаб, ўзимга қул қилиб оламан, токи бошқаларга насиҳат қилиб туриб, ўзим ярамас бўлиб қолмайин» (1 Кор. 9:27).
Гуноҳкор киши ўзини оқлашга мойил. Бу билан курашиш учун Яҳованинг нуқтаи назари билан қарашга ўрганиб, Павлуснинг ушбу маслаҳатига амал қилиш даркор: «Ёмонликдан нафрат қилиб, яхшиликка чирмашиб олинглар» (Рим. 12:9). Курашда ғолиб чиқиш учун ростгўй, қатъиятли ва ўзини тута билиш кўмаклашади. Ҳазрати Довуд Яҳовадан қуйидагиларни сўраган: «Кўнглим ва юрагимни синовдан ўтказгин!» (Заб. 25:2). Аллоҳ ҳатто кўнгил ва юракдаги камчиликларни билиб, керакли ёрдам тақдим этишини у биларди. Агарда биз, Яҳова Ўз Каломи ва муқаддас руҳи орқали бераётган йўл-йўриққа риоя қилсак, шубҳасиз камчиликлар билан бўлган курашда ғолиб чиқамиз.
Айрим кишилар якка ўзлари бардош бера олмайдиган муаммоларга дуч келишади. Жамоатдаги оқсоқоллар бундайларга далда бериб, қўллаб-қувватлашади (Ишаё 32:1, 2). Бироқ барча қийинчиликлар дарров ечилиб кетади, деб ўйламаслик лозим. Чунки бу дунёда баъзи муаммоларни бутунлайин ҳал қилиш имкони йўқ. Бунга қарамай, кўплар уларни енгишга ўрганиб, бахтли ҳаёт кечиришмоқда.
Яҳова Мададкордир
Ушбу охирзамонда қандай балолар бошимизга тушмасин, Яҳова албатта раҳбарлик бериб, бизни қўллаб-қувватлайди. Дарҳақиқат Муқаддас Китобда ушбу сўзларни ўқиймиз: «Шундай қилиб, ўз вақтида бизларни юксалтирсин деб, Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтар тутинглар. Бутун ғамларингизни Худога ташланглар, Унинг Ўзи сизларга ғамхўрлик қилади» (1 Бутр. 5:6, 7).
Кўп йиллар давомида Байтилда хизмат қилаётган Кэти, эри Альцгеймер касаллигига дучор бўлганини билганида, ўзини жуда ёмон ҳис қилди. У ҳар куни Яҳовадан донолик ва хотиржамлик беришини илтижо қилиб сўрарди. Эрининг соғлиги оғирлашиб борарди, бироқ меҳрибон биродарлар ушбу касаллик тўғрисида кўпроқ билишга, ғамхўр опа-сингилларимиз эса Кэтининг кўнглини кўтаришга интилишарди. Ҳа, Яҳова имондошлар орқали Кэтига далда берган. Шу йўсин у, эри қазо қилганига қадар 11 йил мобайнида унга ғамхўрлик қилган. Кэти қуйидагича деди: «Мен йиғлаб, Яҳовага шукроналар айтардим. Ва бундан ўзимни жудаям енгил ҳис қилардим. Чарчоқ ва заифлигим туфайли кучсиз қолиб, бу кунларни бошдан кечира олмасам керак, деб ўйлагандим».
Заифликлар билан курашишда ёрдам
Кимдир ўзини ҳеч нарсага яроқсиздек ҳис қилиб, Яҳова унинг ибодатларини эшитмайди деб ўйлаши мумкин. Бундай киши Довуднинг мана шу сўзлари устидан ўйлаб кўриши муҳим: «Бузилган, эзилган кўнгилни Сен хорламассан, эй Худо» (Заб. 50:19). Ўшанда у Ботшева билан зино қилиб, бундан роса азоб чеккан эди. Аммо Довуд қилмишидан тавба қилгани учун Аллоҳнинг меҳр-иноятига умид боғлаб, Унга бемалол ибодат қила оларди. Шунингдек Исо ҳам, Тангри Яҳова каби ҳамдардликни намоён этарди. Зотан унинг шогирди бўлмиш Матто, Исо тўғрисидаги Ишаё пайғамбарнинг сўзларини келтириб: «Синдирмагай букик қамишни, ўчирмагай тутаётган пиликни-да»,— деди (Мат. 12:20; Ишаё 42:3). Исо ер юзида ҳаёт кечирганида, қийналган ва тушкунликка тушган инсонларга ачинган. Уларнинг қалбидаги ўчай-ўчай деган ҳаёт учқуни сўнишини эмас, аксинча юракларидаги милтиллаган оловни алангадек ёнишига ҳаракат қиларди. Маълумки, Исо ер юзида яшаганида савоб ишлар қилган, ҳозир ҳам у бизнинг заифликларимизга шундай ҳамдард эканига ишонасизми? Инжилда айтилишича, Исо «заифликларимизга ҳамдард бўлишга ожиз эмас» (Иброн. 4:15).
Павлус «баданидаги бир ниш» тўғрисида ёзганида, шунингдек: «Масиҳнинг қудрати менда амал қилди»,— дея айтган (2 Кор. 12:7–9). Чиндан ҳам, Худо уни Масиҳ орқали қўллаб турган. Павлусга ўхшаб, биз ҳам заифликлару қийинчиликларимиз биздан устун чиқишига йўл қўймаслигимиз зарур. Модомики маънан мустаҳкам қолишни истасак, Яҳова ташкилоти орқали тақдим этаётган барча нарсалардан фойдаланиш керак. Қўлингиздан келган барча ишларни қилсангиз гар, Яҳова қадамларингизни йўналтиришига амин бўлишингиз мумкин. Заифликлар билан курашишда Худонинг куч-қудратини кўриб, биз ҳам Павлус каби: «Заиф бўлсам, қудратим ошар»,— деб айтишимиз ажабланарли эмас (2 Кор. 12:10).
[3- саҳифадаги расм]
Павлус хизматини давом эттириш учун, доим ибодатда Яҳовадан ёрдам сўрарди
[5- саҳифадаги расм]
Шоҳ Довуд, Йўабни лашкарбоши этиб тайинлаган
[5- саҳифадаги расм]
Йўаб рақиби Эмосани ваҳшийларча гум қилди
[6- саҳифадаги расм]
Қийинчиликларни енгиш учун оқсоқоллар Муқаддас Китоб асосида маслаҳат беришади