42- БОБ
Исо фарзийларга таъна қилади
МАТТО 12:33–50 МАРК 3:31–35 ЛУҚО 8:19–21
ИСО ЮНУС ПАЙҒАМБАРНИНГ АЛОМАТИ ҲАҚИДА АЙТАДИ
ШОГИРДЛАР ОИЛА АЪЗОЛАРИДАН КЎРА ИСОГА ЯҚИНРОҚ
Исо жинларни Худонинг қудрати билан қувиб чиқарганини рад этиб, уламолару фарзийлар ўзларини хавф остига қўйишади, ахир улар муқаддас руҳни ҳақорат қилишяпти-ку. Қизиқ, улар Худонинг томонини эгаллашадими ёки Шайтоннингми? Исо уларга шундай дейди: «Дарахтингиз яхши бўлса, мевангиз ҳам яхши бўлади, аммо дарахтингиз ёмон бўлса, меваси ҳам ёмон бўлади. Хуллас, дарахтни мевасидан билиб олиш мумкин». (Матто 12:33)
Исо жинларни қувиб чиқарганини яхши мева деса бўлади. Бироқ буни Шайтоннинг кучи билан қилинди, деб айтиш нодонликдир. Исо Тоғдаги ваъзида таъкидлаганидек, мева яхши бўлса, демак дарахт ҳам яхши. Унда фарзийларнинг бўлмағур айбловларини қанақа мевага ўхшатса бўлади? Ёмон мевага. Исо уларга шундай дейди: «Вой илонлар зоти-ей, сизлар ёвуз бўла туриб, қандай қилиб яхши нарсаларни гапира оласизлар? Ахир одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради-ку». (Матто 7:16, 17; 12:34)
Сўзларимиз қалбимизнинг ҳолатини аён этар экан, демак, биз улар асосида ҳукм қилинамиз. «Шуни билиб қўйингларки,— дейди Исо,— одамлар айтган ҳар бир бемаъни сўзи учун Ҳукм кунида жавоб беришади. Чунки айтган сўзларингиз туфайли, ё одил деб эълон қилинасиз, ё маҳкум этиласиз». (Матто 12:36, 37)
Исонинг кўрсатган барча мўъжизаларига қарамай, уламою фарзийлар: «Устоз, сиздан бир аломат кўришни истаймиз»,— деб туриб олишади. Бу кишилар Исонинг яратган мўъжизаларини кўришганми ёки йўқми, уларда гувоҳларнинг инкор этиб бўлмайдиган далили бор. Шунинг учун, Исо яҳудий бошлиқларга қарата: «Бу ёвуз ва бевафо насл аломат излаяпти, лекин унга Юнус пайғамбарникидан бошқа аломат кўрсатилмайди»,— деб айтади. (Матто 12:38, 39)
Бу сўзлар нимани англатишини Исо қуйидагича тушунтиради: «Юнус пайғамбар уч кечаю уч кундуз катта балиқ қорнида бўлганидек, Инсон Ўғли ҳам уч кечаю уч кундуз ер бағрида бўлади». Юнус пайғамбарни катта балиқ ютиб юборган, лекин балиқнинг қорнидан чиққанида у худди тирилгандек бўлган. Шу йўсин, Исо ўзининг ўлиб, сўнг учинчи куни тирилишини башорат қилади. Яҳудий бошлиқлар эса кейинчалик Исо тирилганида ҳам Юнус пайғамбарнинг аломатини рад этиб, тавба қилишдан ва ўзгаришдан бош тортишади. (Матто 27:63–66; 28:12–15) Улардан фарқли ўлароқ ниневияликлар Юнуснинг хабарини эшитиб тавба қилишган. Шу сабабли улар бу наслни ҳукм қилишади. Шунингдек, Шава маликаси ҳам бу наслни ҳукм этишини Исо таъкидлаб ўтади. Чунки у Сулаймоннинг ҳикматларини тинглашни истаган ва эшитганлари уни лол қолдирган. «Лекин қаршингизда турган киши Сулаймондан ҳам донороқдир»,— дейди Исо. (Матто 12:40–42)
Кейин Исо бу ёвуз наслнинг аҳволини ичидан ёвуз руҳ чиққан бир одамнинг аҳволига ўхшатади. (Матто 12:45) Ўша одам бўшаган жойни яхши нарсалар билан тўлдирмагани учун, бояги ёвуз руҳ ўзидан ҳам ёвузроқ еттита руҳ билан қайтиб келиб ичига киради. Исроил халқи ҳам тозаланиш ва янгиланишни бошдан кечирган эди. Буни ёвуз руҳдан озод бўлиш билан солиштирса бўлади. Худонинг пайғамбарларини рад этган халқ, Худонинг кучи бошқараётгани аниқ кўриниб турган Исога ҳам қарши чиқади. Ҳа, бу наслнинг аҳволи олдингидан ҳам ёмонроқ.
Исо гапираётган вақтда унинг онаси ва укалари келиб, халойиқдан нарироқда кутиб туришади. Ёнида ўтирган бир киши Исога дейди: «Онангиз билан укаларингиз сизни кўрмоқчи бўлиб, ташқарида туришибди». Шунда Исо шогирдлари у учун худди ака-ука, опа-сингил ҳамда онадек қадрли эканлигини айтади. У қўли билан шогирдларига ишора қилиб: «Менинг онам ва укаларим Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирувчилардир»,— дейди. (Луқо 8:20, 21) Бу сўзлари билан Исо қариндошлик ришталари қанчалик азиз бўлмасин, шогирдлари билан муносабати қадрлироқ эканини кўрсатади. Айниқса одамлар ниятларимизни шубҳа остига қўйиб, ўзимизни ва яхши ишларимизни қоралашганда, имондошларимиз билан муносабатларимиз яқин эканлигини билиш бизга далда беради!