95- БОБ
Ажралиш ва болаларни севиш ҳақида
МАТТО 19:1–15 МАРК 10:1–16 ЛУҚО 18:15–17
ИСО АЖРАЛИШГА НИСБАТАН АЛЛОҲНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИНИ АЙТАДИ
ТУРМУШ ҚУРМАСЛИК ИНЪОМИ
ЖАЖЖИ БОЛАЛАРДАЙ БЎЛИШ УНДОВИ
Исо ва унинг шогирдлари Жалилани тарк этиб, Иордан дарёсидан ўтишади ва Перея вилояти орқали жанубга қараб боришади. Исо охирги марта Переяда бўлганида, фарзийлар билан ажралиш борасида суҳбатлашган ва бу борада Худонинг нуқтаи назарини айтган. (Луқо 16:18) Энди фарзийлар Исони синаш ниятида яна бу мавзуни кўтаришади.
Мусонинг айтишича, эр «хотинида қандайдир уятли қилиқ борлигини» кўриб қолса ажралиши мумкин. (Қонунлар 24:1) Ажралиш учун нима асос бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳар хил фикрлар мавжуд. Айримлар арзимаган хатти-ҳаракатлар учун ҳам ажралиш мумкин, деб ўйлашади. Шунинг учун фарзийлар: «Эркак киши ҳар қандай сабабга кўра ўз хотинидан ажралиши қонунийми?» — деб сўрашади. (Матто 19:3)
Улуғ Устоз Исо никоҳ борасида инсоний нуқтаи назарни айтишнинг ўрнига, Аллоҳнинг илк ниятини эслатади. «Ахир ўқимаганмисизлар? — деб сўрайди Исо.— Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратиб, шундай деган: “Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, хотинига боғланиб қолади ва иккови бир тан бўлади”. Демак, энди улар икки эмас, бир тан ҳисобланади. Шундай экан, Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин». (Матто 19:4–6) Худо Одамато ва Момоҳавони никоҳ ришталари билан боғлаганида, ажралиш Унинг ниятига кирмаган.
Фарзийлар Исонинг гапига қўшилмай, ундан: «Нега унда Мусо пайғамбаримиз, ажралмоқчи бўлган киши, хотинига талоқ хатини беришини айтганлар?» — деб сўрашади. (Матто 19:7) Жавобан Исо уларга шундай дейди: «Бағритош бўлганингиз учун, Мусо пайғамбар хотинларингиздан ажралишга рухсат берганлар. Аммо дастлаб бундай бўлмаган». (Матто 19:8) «Дастлаб», деб Исо Мусо пайғамбарнинг замонасини эмас, балки Аллоҳ Адан боғида никоҳга асос солган пайтни назарда тутади.
Кейин Исо муҳим ҳақиқатни айтади: «Сизларга айтиб қўяй, кимки хотини унга бевафолик [юнонча порниа] қилмаган бўлса-да, ундан ажралиб ўзгага уйланса, зино қилган бўлади». (Матто 19:9) Демак, Муқаддас Ёзувларга кўра, ажралиш учун ягона сабаб — жинсий ахлоқсизлик.
Шунда шогирдлар: «Агар никоҳ қурганлар учун талаб шундай бўлса, уйланмаган яхшироқ экан-да»,— деб айтишади. (Матто 19:10) Шубҳасизки, турмуш қурмоқчи бўлган инсон никоҳга жиддий ёндашиши ва уни бутун умрлик иттифоқ деб билиши лозим!
Исо никоҳ қурмаслик ҳақида гапириб, айримлар жинсий аъзосида нуқсон билан туғилгани учун турмуш қуриш учун яроқсиз бўлишини айтади. Бошқалари бўлса одамлар томонидан бичилади. Лекин яна шундай кишилар ҳам борки, улар жинсий истакларини тийишади. Улар ўзларини кўпроқ Осмон Шоҳлиги билан боғлиқ ишларга бағишлаш ниятида бундай йўл тутишади. Сўзларига якун ясаб Исо: «Ким бундай [турмуш қурмай] яшай олса, яшайверсин»,— дейди. (Матто 19:12)
Бундан сўнг одамлар Исонинг олдига жажжи болаларни олиб келишади. Шогирдлар эса Исони ортиқча ташвишдан ҳимоя қилиш мақсадида одамларни койиб беришади. Лекин Исо аччиқланиб уларга шундай дейди: «Болажонларга тўсқинлик қилманглар, олдимга келаверишсин. Ахир Худонинг Шоҳлиги шундайларникидир. Ишонаверинг, ким Худонинг Шоҳлигини шу жажжи болакайдек қабул қилмаса, унга асло кира олмайди». (Марк 10:14, 15; Луқо 18:15)
Нақадар ажойиб ўрнак! Демак, Худонинг Шоҳлигини қабул қилиш учун биз болалар каби камтар ва ўрганишга тайёр бўлишимиз керак. Кейин Исо болаларга севги кўрсатиб, уларни қучоқлайди ва дуо қилади. Худонинг Шоҳлигини жажжи «болакайдек» қабул қилган ҳар кимга Исо бундай севгини намоён этади. (Луқо 18:17)