Никоҳингизни мустаҳкамлай оласиз
Оилалиларга шундай йўл-йўриқ бераман, аслида мен эмас, Ҳазратимиз буюради. 1 КОР. 7:10
ТУШУНТИРИБ БЕРИНГ
Яҳова қайси маънода эр ва хотинни қўшиб қўйган?
Никоҳда муаммоси борларга оқсоқоллар қандай ёрдам беришади?
Никоҳга нисбатан қанақа нуқтаи назарга эга бўлишимиз лозим?
1. Масиҳийлар никоҳга қандай қарашади ва нима учун?
МАСИҲИЙ турмуш қурганда Аллоҳнинг олдида ваъда беради. Бу масъулиятга енгилтаклик билан қарамаслик керак (Воиз 5:4–6). Тангри Яҳова никоҳ тузумининг Асосчисидир. У эркак ва аёлни «бирга қўшган» (Марк 10:9). Гоҳида никоҳ масаласида давлат қонунлари Худонинг қонунларига мос келмайди. Аммо шунга қарамасдан, Яҳованинг хизматчилари никоҳ қасамига У каби муносабатда бўлишлари керак. Ҳатто ҳақиқатни билишдан олдин турмуш қурган бўлишса ҳам, никоҳга Яҳова каби қарашлари лозим.
2. Ушбу мақолада қандай саволларни кўриб чиқамиз?
2 Муваффақиятли никоҳ кўпдан-кўп қувонч келтиради. Бироқ эр-хотинлик риштаси сусайиб қолса, нима қилиш керак? Бундай никоҳни мустаҳкамлашнинг иложи борми? Эр-хотин орасидаги тинчликни қайта тиклашга нима ёрдам беради?
НИКОҲ ҚУВОНЧ КЕЛТИРАДИМИ ЁКИ ИЗТИРОБМИ?
3, 4. Киши турмуш ўртоқ танлаш масаласида оқилона қарор чиқармаса, оқибати қанақа бўлади?
3 Масиҳийларнинг никоҳи бахтли бўлса, бу уларга қувонч, Яҳовага эса шараф келтиради. Борди-ю никоҳни сақлаб қола олишмаса, изтироблардан ташқари кўпгина муаммоларга дуч келишади. Турмуш қурмаган масиҳийлар эса Худонинг йўл-йўриғига риоя қилиб, никоҳ учун яхши пойдевор солган бўладилар. Ва аксинча, турмуш ўртоқ танлашда оқилона қарор чиқармаганлар, ҳаётларидан қониқмай, қаттиқ изтироб чекишади. Мисол учун, айрим ёшлар оилавий ҳаётга тайёр бўлмай туриб учрашишни бошлайдилар. Яна бировлар бўлажак умр йўлдошини Интернет орқали топиб, тезда турмуш қуришади ва бахтсиз бўлишади. Кимлардир учрашиб юрганда жиддий гуноҳга қўл уриб, бир-бирига бўлган ҳурматни йўқотади. Турмуш қуришга қарор қилишганида эса, никоҳни омонат пойдевор устида қурган бўладилар.
4 Баъзи масиҳийлар «Ҳазратимизга тегишли» бўлмаган киши билан турмуш қуришади. Лекин ҳар хил динда бўлишгани учун кўпинча изтироб чекишади (1 Кор. 7:39). Агар сиз ҳам шундай аҳволда бўлсангиз, Худога ибодат қилиб кечирим ва ёрдам сўранг. Тўғри, У ўтмишдаги хатоларнинг оқибатларини бартараф қилмайди, лекин тавба қилган кишига синовларни енгишга ёрдам беради (Заб. 129:1–4). Яҳовани ҳамиша мамнун қилишни қалбингизга тугиб қўйинг. Шунда Эгамиз туфайли топган қувончингиз нажот қўрғонингиз бўлади (Нахим. 8:10).
НИКОҲ ХАВФ ОСТИДА БЎЛСА
5. Никоҳда бахтсиз бўлганда қандай фикрлардан қочиш керак?
5 Никоҳдаги муаммолар дастидан изтироб чекиб юрганлар ўзича ўйлаши мумкин: «Никоҳимда бахтдан асар ҳам йўқ экан, уни асраб қолишдан қандай наф бор? Вақтни орқага қайтариш имкони бўлганида эди, бошқа киши билан турмуш қурган бўлардим!» Улар никоҳ ришталарини узишни истаб шундай дейишади: «Қанийди озод қуш бўлсам! Ажрашсаммикин! Тўғри, ажралиш учун Муқаддас Китобга кўра асосим йўқ. Ҳаётдан яна завқ олишим учун, алоҳида яшасаммикин?» Бундай нарсалар ҳақида ўйлашнинг ва бошқача яшашни орзу қилишнинг ўрнига, масиҳий ўз вазиятини яхши томонга ўзгартиришга интилиб, Худонинг йўл-йўриғига риоя қилиши керак.
6. Исонинг Матто 19:9 даги сўзларини тушунтиринг.
6 Шуни ёдда тутишимиз керакки, ажралган масиҳийнинг умр йўлдоши зино қилса ва у турмуш ўртоғини кечира олмасагина қайтадан турмуш қуриши мумкин. Бу борада Исо шундай деган: «Сизларга айтиб қўяй, кимки хотини унга бевафолик қилмаган бўлса-да, ундан ажралиб ўзгага уйланса, зино қилган бўлади» (Мат. 19:9). Оятдаги «зино» сўзи остида, турмуш ўртоғига хиёнат қилиш ва жинсий ахлоқсизликнинг бошқа жиддий турлари билан шуғулланиш тушунилади. Зино бўлмаган вазиятда турмуш ўртоқлардан бири ажралмоқчи бўлса, аввалига у Аллоҳдан йўл-йўриқ сўраб ибодат қилиши даркор.
7. Агар Худонинг хизматчилари алоҳида яшашга ёки ажрашишга қарор қилишса, атрофдагилар қандай хулоса чиқариши мумкин?
7 Эр-хотин алоҳида яшашга ёки ажрашишга қарор қилган бўлса, бу, кишининг Худо билан муносабати совиб қолганидан далолатдир. Ҳаворий Павлус ушбу масалада қуйидаги жиддий саволни кўтарган: «Ахир одам уйдагиларини бошқаришни билмаса, унда Худонинг жамоатига қандай ғамхўрлик қила олади?» (1 Тим. 3:5). Агар иккаласи ҳам Худонинг хизматчиси бўлатуриб алоҳида яшашга ёки ажрашишга қарор қилишса, атрофдагилар: «Улар бир нарсани гапиришади-ю, амалда бошқа нарсани қилишади»,— деган хулосага келишади (Рим. 2:21–24).
8. Сувга чўмган эр-хотинлар алоҳида яшашга ёки ажрашишга қарор қилишса, қандай хулосага келиш мумкин?
8 Борди-ю сувга чўмган эр-хотинлар Муқаддас Китобга асосланмаган сабабга кўра, алоҳида яшашга ёки ажрашишга қарор қилишса, уларнинг Худо билан муносабатларида қандайдир нуқсон борлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Турмуш ўртоқлардан бири ёки иккаласи ҳам Муқаддас Китобдаги меъёрларни қўлламаяпти, деган хулосага келиш мумкин. Улар бутун қалби билан Эгамизга ишонишганида эди, никоҳларини асраб қолган бўлишарди (Ҳикматлар 3:5, 6 ни ўқинг).
9. Ажрашиб кетмаган масиҳийлар қандай тақдирланишади?
9 Кўпгина эр-хотинларнинг никоҳи муваффақиятсизликка учрагандек кўринган бўлса-да, вақт ўтиб улар бахтли оилаларга айланишган. Муаммоларга қарамай ажрашишга шошилмаган эр-хотинлар кўпинча тақдирланишади. Мисол учун, турли динда бўлган турмуш ўртоқларни олайлик. Ҳаворий Бутрус шундай деб ёзган: «Худди шундай, сиз — хотинлар ҳам эрларингизга бўйсунинглар. Токи Худо Каломига қулоқ солмайдиган эрларингиз сўзларингиз орқали эмас, хулқ-атворингиз орқали забт этилсинлар. Шунингдек, улар бенуқсон хатти-ҳаракатингизни ва чуқур ҳурмат қилишингизни кўришсин» (1 Бутр. 3:1, 2). Ҳа, яхши хулқ-атвор имондош бўлмаган турмуш ўртоқни ҳақиқатга жалб қилиши мумкин! Сақлаб қолинган никоҳ Худога шараф, оиладагиларга эса барака келтиради.
10, 11. Никоҳда кутилмаган қандай муаммолар пайдо бўлиш эҳтимоли бор ва Худонинг хизматчиси нимада амин бўлиши мумкин?
10 Яҳовани мамнун қилиш учун Худонинг аксарият хизматчилари имондоши билан турмуш қуришади. Шунда ҳам вазият кутилмаганда ўзгариб қолиши мумкин. Масалан, гоҳида турмуш ўртоқлардан бири ҳиссий томондан жиддий муаммоларга дуч келади. Ёки тўйдан кўп ўтмай эр-хотинлардан бири фаолиятсиз ваъзгўй бўлиб қолиши мумкин. Мисол тариқасида ғайратли ваъзгўй ва оиласига жонкуяр Линданиa олайлик. Унинг умр йўлдоши ёмон ишларга қўл уриб, тавба қилмагани учун жамоатдан четлатилган эди. Бундай пайтда никоҳ жар ёқасида тургандек туюлиши мумкин. Эр-хотин нима қилиши керак?
11 Балки ўзингизга: «Нима бўлган тақдирда ҳам никоҳимни асраб қолишга ҳаракат қилишим керакми?» — деб савол бериб кўргандирсиз. Бу масалада ҳеч ким сизга ажрашиш мумкин ёки мумкин эмас ҳамда ажрашиш керак ёки керак эмас дейишга ҳаққи йўқ. Эр-хотин орасидаги ришталар сусайиб қолган бўлса ҳам, таслим бўлмасликка муҳим сабаблар бор. Турмуш ўртоғини ташлаб кетишга виждони йўл қўймагани учун қийинчиликларга чидаган художўй эр-хотинларни Аллоҳ жуда қадрлайди (1 Бутрус 2:19, 20 ни ўқинг). Никоҳ риштасини мустаҳкамлашга астойдил интилганларни, Яҳова Ўз Каломи ва муқаддас руҳи орқали қўллаб-қувватлайди.
УЛАР ЁРДАМ БЕРИШГА ТАЙЁР
12. Оқсоқоллардан ёрдам сўрасак, улар биз ҳақимизда қандай фикрда бўлишади?
12 Никоҳда муаммоларга дуч келсангиз, етук масиҳийлардан ёрдам сўрашдан уялманг. Оқсоқоллар Худонинг сурувига чўпон этиб тайинланишгани учун, Муқаддас Китоб асосида маслаҳат беришдан бағоят хурсанд бўлишади (Ҳавор. 20:28; Ёқб. 5:14, 15). Агар оқсоқоллардан ёрдам сўраб, муаммоингизни уларга айтиб берган бўлсангиз, энди улар мени ва турмуш ўртоғимни ҳурмат қилмай қўйишади, деган хулосага келманг. Улар Аллоҳни мамнун этиш истагингиз кучли эканини кўриб, сизга бўлган меҳри янада ошади.
13. Ҳаворий Павлус 1 Коринфликларга 7:10–16 да қандай маслаҳат берган?
13 Умр йўлдоши имондоши бўлмаган масиҳийлар ёрдам сўраб келишса, оқсоқоллар Павлуснинг қуйидаги маслаҳатини беришади: «Оилалиларга шундай йўл-йўриқ бераман, аслида мен эмас, Ҳазратимиз буюради: хотин эридан ажралмасин. Борди-ю, ажралса ҳам, бошқа эрга тегмасин ёки эри билан ярашсин. Эр ҳам хотинини ташлаб кетмасин... Сиз хотин, қаердан биласиз, балки эрингизни қутқариб қоларсиз? Ёки сиз, эр, қаердан биласиз, эҳтимол хотинингизни қутқариб қоларсиз?» (1 Кор. 7:10–16). Имондош бўлмаган турмуш ўртоқ ҳақиқатни қабул қилса, бу катта барака бўлади!
14, 15. а) Қандай вазиятларда художўй аёл эрини «ташлаб кета» олади? б) Нега бу масала юзасидан ибодат қилиш ва ўзини виждонан текшириб кўриш муҳим?
14 Қандай вазиятларда художўй аёл эрини «ташлаб кета» олади? Айримлар қуйидаги жиддий сабабларга кўра, яъни эри оилани таъминлашдан бош тортгани учун, турмуш ўртоғининг қўпол муомаласи дастидан ҳаёти хавф остида бўлгани учун ёки умр йўлдоши маънавийлигига жиддий зарар етказаётгани учун алоҳида яшашни танлашади.
15 Алоҳида яшаш ёки яшамаслик бу кишининг шахсий қарори ҳисобланади. Аммо Яҳованинг Шоҳиди бу масала юзасидан ибодат қилиб, ўзини виждонан текшириб кўриши керак. Мисол учун, маънан сусайиб кетишига фақатгина дунёвий турмуш ўртоғи сабабчими ёки Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга, йиғилишларга қатнашга ва мунтазам равишда хизматга чиқишга ўзи лоқайд қараяптими?
16. Ажралиш масаласида шошилинч қарор чиқаришдан Худонинг хизматчисини нима тўхтатиб туради?
16 Худо билан бўлган муносабатимизни қадрлаш ҳамда Унинг ҳадяси бўлмиш никоҳ учун миннатдор бўлиш, ажралиш масаласида шошилинч қарор чиқаришдан бизни тўхтатиб туради. Яҳованинг хизматчилари эканмиз, қарорларимиз билан Унинг муқаддас исмига доғ туширишни эмас, балки Унга шараф келтиришни истаймиз. Аниқки, бошқа киши билан турмуш қуриш мақсадида ҳеч қачон умр йўлдошимизни ташлаб кетишни режалаштирмаймиз (Ерм. 17:9; Мал. 2:13–16).
17. Аллоҳ эр-хотинларни «тинч яшашга даъват этгани», қайси вазиятга тегишли?
17 Умр йўлдоши имондоши бўлмаган масиҳийлар никоҳларини мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қилишлари даркор. Аммо кўп уринишлардан кейин ҳам турмуш ўртоғи уни тарк этса, Худонинг хизматчиси ўзини айбдор ҳис қилмаслиги керак. «Имондош бўлмаган киши турмуш ўртоғини тарк этса, кетаверсин»,— деб ёзган эди Павлус. «Бундай вазиятларда биродар ёки опа-сингил эрининг олдида бурчли бўлмайди. Чунки Аллоҳ сизларни тинч яшашга даъват этган» (1 Кор. 7:15)b.
ЯҲОВАГА ТАЯНИНГ
18. Ҳатто никоҳ асраб қолинмаса-да, қилинган ҳаракатларнинг натижаси қандай бўлади?
18 Никоҳда муаммоларга дуч келганда, Яҳовадан жасорат сўраб Унга умид боғлаш керак (Забур 26:14 ни ўқинг). Мақоланинг бошида келтирилган Линданинг мисолига қайтайлик. У кўп йиллар никоҳини асраб қолишга қанчалик уринган бўлмасин барибир эри билан ажрашиб кетишди. Нима деб ўйлайсиз, у шунча вақтини бекор сарфлаганмикин? «Асло»,— деди у. «Ўз уринишларим билан атрофдагиларга яхши шоҳидлик бердим. Виждоним тоза. Асосийси, шу йиллар мобайнида қизим имонда мустаҳкам туришни ўрганди. У Яҳованинг ғайратли Шоҳиди бўлиб камол топди».
19. Никоҳни асраш учун қилинган ҳаракат қандай натижа келтириши мумкин?
19 Мэрилин исмли художўй аёл никоҳини асраб қолиш мақсадида Яҳовага таяниб, кўп ҳаракатлар қилганидан хурсанд. У қуйидагиларни айтиб берди: «Моддий томондан таъминламагани ва маънавийлигимга хавф солгани учун эримдан алоҳида яшамоқчи бўлдим. Илгари хўжайиним оқсоқол бўлиб хизмат қиларди. Кейин у орқа-ўнгига қарамай бир иш очди. Йиғилишларни қолдирадиган бўлди. Эр-хотин бўлиб мулоқот ҳам қилмай қўйдик. Шаҳримизда террорчилик ҳаракати содир этилганидан қаттиқ қўрқиб, одамлардан ўзимни четга олиб юрадиган ва ҳеч кимга қўшилмайдиган бўлиб қолдим. Шунда муаммога қисман ўзим ҳам айбдор эканимни тушундим. Қайтадан мулоқот қилишни, оилавий тадқиқ ўтказишни ва йиғилишларга мунтазам қатнашни бошладик. Оқсоқоллар меҳрини ва ёрдамини биздан аямадилар. Оилавий ҳаётимиз яна изига тушди. Вақт ўтиб хўжайиним жамоатда шарафли вазифаларга эга бўлди. Бахтимизга ҳаммаси яхшилик билан тугади, аммо бу сабоқ бизга қимматга тушди».
20, 21. Никоҳ масаласида қанақа қарорга келганмиз?
20 Турмуш қурганмизми ёки йўқми, келинг, ҳамиша жасоратли бўлиб Яҳовага таянайлик. Борди-ю никоҳда муаммоларга дуч келсак, эр-хотинлар «икки эмас, бир тан» эканини ёдда тутиб, бундай муаммоларни қўлдан келганича ҳал этишга интилайлик (Мат. 19:6). Имондош бўлмаган турмуш ўртоқ билан яшаш осон кечмаслиги мумкин, аммо у ҳақиқатни қабул қилганида қувончингиз чексиз бўлади.
21 Вазиятимиз қандай бўлишидан қатъи назар, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганларга ҳамиша яхши гувоҳлик бера оламиз. Мабодо, никоҳда жиддий муаммолар туғилгани дастидан, турмуш ўртоғимизни ташлаб кетиш истаги пайдо бўладиган бўлса, ниятларимизни виждонан текшириб кўришимиз лозим. Шунингдек, тез-тез ибодат қилишни, Муқаддас Китобдаги оятлар устидан мулоҳаза юритишни ва оқсоқоллардан маслаҳат сўрашни канда қилмайлик. Ва энг муҳими, барча ишларимиз билан Яҳовани мамнун этиб, ажойиб ҳадя бўлмиш никоҳни чинакамига қадрлаётганимизни ва ҳурмат қилаётганимизни кўрсатиб турайлик.
[Изоҳлар]
a Исмлар ўзгартирилган.
b «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» китобининг 219–221- саҳ.; «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 1989- йил 1- сентябрь, 18–19- саҳ., 1978- йил 1- февраль, 14- саҳ. қ.
[10- саҳифадаги матн парчаси]
Муаммоларга қарамай ажрашишга шошилмаган эр-хотинлар кўпинча тақдирланишади
[12- саҳифадаги матн парчаси]
Ҳамиша Яҳовага таяниб, Ундан жасорат сўранг
[9- саҳифадаги расм]
Никоҳини мустаҳкамламоқчи бўлган хизматчиларига Яҳова барака беради
[11- саҳифадаги расм]
Тасалли ва маънавий ёрдамни жамоатдан топиш мумкин