Худога бўлган умидингиз қанчалик кучли?
«Аввало Худонинг Шоҳлиги... пайидан бўлинглар» (МАТТО 6:33).
1, 2. Бир йигит иш борасида қандай ўзгартириш киритди, ва нима сабабдан?
БИР йигит жамоатига кўпроқ фойдаси тегишини хоҳларди. Лекин унинг кундалик иши йиғилишларда мунтазам қатнашишига халақит берарди. Хўш, у бундай вазиятдан қандай чиқиши мумкин эди? У ҳаётини соддалаштириб, бу ишидан бўшаб, жамоатида фаолият кўрсатишига халақит бермайдиган бошқа иш топди. Ҳозир у олдингидан кам маош олса-да, оиласининг эҳтиёжларини қондира оляпти ва жамоат ишларига кўпроқ ҳисса қўшиб келяпти.
2 Бу йигит нима учун бундай қилганини тушундингизми? Бундай вазиятда сиз ҳам шундай йўл тутган бўлармидингиз? Кўп масиҳчилар ўз хатти-ҳаракатлари билан, Исо алайҳиссаломнинг: «Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади»,— деган ваъдасига умид боғлаётганларини кўрсатаётганлари мақтовга лойиқдир (Матто 6:33). Улар учун бу дунёга эмас, Яҳова Таолога умид боғлаш хотиржамлик келтиради (Ҳикматлар 3:23, 26).
3. Нима учун баъзилар, аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлиш ҳозир ўринли эканидан шубҳаланишади?
3 Замонамизнинг оғирлигини инобатга олсак, айримлар бу йигитнинг доно қарор чиқарганидан шубҳаланадилар. Бугун, баъзи одамлар қашшоқликда яшашмоқда, бошқаларнинг эса турмуш даражаси ўта юқори. Қашшоқ мамлакатлардаги одамлар, ҳаётларини сал бўлса-да енгиллатиш учун ҳар имкониятни қўлдан бермасликка ҳаракат қилишади. Лекин, бой мамлакатларда ҳам турмуш даражасига иқтисоднинг барқарор эмаслиги, меҳнат бозоридаги ўзгаришлар ва иш берувчилар талабининг юқорилиги таъсир қиляпти. Тирикчиликнинг қийинчиликларини кўриб, баъзилар: «Аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлиш ҳозир ўринлимикин?» — деб шубҳаланишади. Бу саволга жавоб олиш учун, Исонинг бу масалада нима деганини кўриб чиқамиз.
«Ташвишланиб юрманглар»
4, 5. Худонинг халқи учун турмуш эҳтиёжлари ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланмаслик оқилона бўлишини Исо қандай тасвирлади?
4 Ушбу сўзларни Исо Жалилада бўлганида, турли жойлардан келган кўплаб халойиққа гапирди (Матто 4:25). Улар орасида бир-нечта бой одамлар ҳам бор эди. Лекин, кўпчилик камбағаллардан иборат бўлган. Бироқ Исо уларни бойлик орттиришга эмас, балки янада қадрлироқ бўлган, маънавий хазина тўплашга ундади (Матто 6:19-21, 24). У бундай деди: «Нима еб, нима ичамиз, деб жонингиз учун, нима киямиз, деб танингиз учун ташвишланиб юрманглар. Жон овқатдан, тан эса кийимдан афзал эмасми?» (Матто 6:25).
5 Исонинг сўзлари тингловчилардан кўпчилигига сафсата бўлиб туюлгандир. Улар, агар тер тўкиб меҳнат қилишмаса, оилалари қийин аҳволда қолишини билишарди. Бироқ, Исо уларга қушлар ҳақида эслатди. Қушлар фақат кундалик ризқи билан яшайди, чунки Худованд Яҳова уларга ғамхўрлик қилади. Исо шунингдек, Яҳова пиёзгулларга шундай зеб берганки, ҳатто подшоҳ Сулаймон ҳам ўзининг шуҳрат чўққисида улардек кийинмаганини мисол қилиб келтирди. Агар Яҳова қушлар ва гулларга шундай ғамхўрлик қилаётган бўлса, биз учун наҳотки кўпроқ ташвиш чекмаса? (Матто 6:26-30). Исо айтганидек, бизнинг ҳаётимиз ва танамиз, овқат ва кийим топишдан кўра аълороқдир. Агар биз Яҳовага хизмат қилишга жиддий қарамай, бутун кучимизни фақат овқат ва кийим топиш учун сарфласак, биз ҳаётнинг асосий мақсадини йўқотган бўламиз (Воиз 12:13).
Мулоҳазали нуқтаи назар
6. а) Масиҳчилар нима қилишга масъулиятлидирлар? б) Масиҳчилар бутунлайин кимга умид боғлашади?
6 Албатта, Исо тингловчиларини ишни ташлаб, оилаларини Худонинг ўзи боқади деб кутиб ўтиришга рағбатлантирмади. Ҳатто қушлар ҳам ўзлари ва полапонлари учун овқат қидиради. Шундай экан, масиҳчилар ҳам эҳтиёжларини қондириш учун, ишлашлари лозим эди. Улар оилалари ҳақида ғамхўрлик қилишга масъулиятли эдилар. Хизматкорлар ва қуллар, хўжайинлари учун сидқидилдан меҳнат қилишлари керак эди (2 Салоникаликларга 3:10-12; 1 Тимўтийга 5:8; 1 Бутрус 2:18). Ҳаворий Павлус ҳам ўзини таъминлаш учун чодир тикувчилик билан шуғулланарди (Ҳаворийлар 18:1-4; 1 Салоникаликларга 2:9). Бироқ, ўша даврдаги масиҳчилар кундалик ишга умид боғлашмаган. Улар Яҳовага умид боғлашган. Бу уларга хотиржамлик бахш этган. Забур 124:1да: «Худовандга умид боғлаганлар Сион тоғидайдир: У тебранмас, мустаҳкамдир илалабад»,— дейилган.
7. Яҳовага умиди суст бўлганларнинг нуқтаи назари қандай?
7 Яҳовага умиди суст бўлган айримлар бошқача фикрда бўлишлари мумкин. Кўпчилик одамлар бойликни ташвишсиз ҳаёт гарови деб ҳисоблайдилар. Бинобарин, ота-оналар фарзандларини ёшлик чоғидан олий маълумотли бўлишга ундаб, бу уларни яхши маошли лавозимга эга бўлишга тайёрлайди, деб ўйлашади. Афсуски, баъзи масиҳчи оилалар ҳам шундай йўл тутиб, аянчли натижага дуч келишди, чунки фарзандлари маънавий қизиқишини йўқотиб, бойликка берилиб кетди.
8. Қандай қилиб масиҳчилар мулоҳазали бўлишга ҳаракат қилишмоқда?
8 Бироқ, доно масиҳчилар, Исонинг маслаҳати худди биринчи асрдагидек муҳимлигини англаб, мулоҳазали бўлишга ҳаракат қиляптилар. Гарчи улар тирикчилик мажбуриятларини бажариш учун кундалик ишга кўп вақт сарфлашса-да, янада муҳимроқ бўлган маънавий ишлар назардан четда қолишига йўл қўйишмайди (Воиз 7:12).
Асло ташвишланманг
9. Яҳовага тўлиқ умид боғлаётганларни Исо нима қилишга рағбатлантирмоқда?
9 Ваъз қилганида, Исо Масиҳ тингловчиларини: «Нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. Мажусийлар ҳадеб буларнинг ғамида юришади. Лекин самовий Отангиз сиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку!» — деб рағбатлантирди (Матто 6:31, 32). Нақадар далда берувчи сўзлар! Агар Яҳовага тўла умид боғласак, У доим бизни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Исонинг сўзлари мулоҳазага чорлайди. Бу сўзлар, агар биз моддий нарсаларнинг «ғамида юрсак», масиҳчи бўлмаган «мажусийлар»дан фарқ қилмай қолишимизни эслатиб қўймоқда.
10. Бадавлат йигит кўпроқ нимани севишини Исо қандай ошкор қилди?
10 Бир куни, бадавлат бир йигит Исодан, абадий ҳаёт насиб бўлиши учун нима қилишим лозим, деб сўради. Исо ўша даврда амалда бўлган Илоҳий Қонуннинг талабларини эслатди. Йигит дадиллик билан Исога: «Мен буларнинг ҳаммасини ёшлигимдан сақлаб келаман. Менга яна нима етишмайди?» — деди. Исонинг жавоби кўпчилик учун имконсиз бўлиб кўриниши мумкин. Исо унга: «Агар комил бўлишни истасанг, бор ҳамма мол-мулкингни сотиб, пулини камбағалларга тарқат. Шундагина кўкда хазинанг бўлур. Ва кел, Менинг ортимдан эргаш»,— деди (Матто 19:16-21). Йигит мол-дунёсидан ажралишга кўзи қиймай, қайғу ичида у ердан чиқиб кетди. Унинг мол-дунёсига бўлган севгиси, Яҳовага бўлган севгисидан кучлироқ эди.
11, 12. а) Бойликка нисбатан Исо қандай ҳушёрликка чақирувчи сўзларни айтди? б) Қандай қилиб мол-дунё Яҳовага хизмат қилишга тўсқинлик қилиши мумкин?
11 Бу воқеадан сўнг Исо, тингловчилари учун кутилмаган бир фикрни айтди: «Бой одамнинг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади... Бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осондир» (Матто 19:23, 24). Исо ҳеч бир бой Худо Шоҳлигига кира олмаслигини назарда тутдими? Йўқ, чунки у сўзида давом этиб, деди: «Худога ҳамма нарса мумкиндир» (Матто 19:25, 26). Ҳақиқатан ҳам, Яҳованинг ёрдами билан ўша пайтдаги баъзи бой одамлар ҳам мойланган масиҳчилар бўлишган (1 Тимўтийга 6:17). Шундай бўлса-да, Исо бундай кутилмаган сўзларни муайян мақсадда айтди. Огоҳлантириш мақсадида.
12 Агар одам, ўша бой йигит каби мол-дунёсига қарам бўлиб қолган бўлса, бу унинг Яҳовага бутун қалби билан хизмат қилишига тўсқинлик қилади. Бу, бойларга ҳам, «бойликка интилганларга» ҳам тегишлидир (1 Тимўтийга 6:9, 10). Моддий нарсаларга ҳаддан ортиқ умид боғлаш, одам ўз маънавий эҳтиёжини сезмай қолишига олиб келади (Матто 5:3). Натижада, у Яҳованинг ёрдамига муҳтожлигини ҳис қилмай қўйиши мумкин (Амрлар 6:10-12). Жамоатда ҳам ўзига нисбатан ўзгача муомалани кутиши мумкин (Ёқуб 2:1-4). Кўп вақтини Яҳовага хизмат қилиш ўрнига, бойлигидан роҳатланишга сарфлайди.
Тўғри муносабатда бўлинг
13. Лаодикияликлар қандай нотўғри нуқтаи назарга эга эдилар?
13 Биринчи асрдаги Лаодикия жамоати мол-дунёга нисбатан нотўғри муносабатда бўлишган. Исо уларга: «Сен: “Бойман, бойиб кетдим, ҳеч нарсадан кам-кўстим йўқ”,— дейсан-у, аммо аянчли, ачинарли, қашшоқ, кўр ва яланғоч эканлигингни билмайсан!» — деди. Лаодикияликларнинг бундай маънан аянчли аҳволга тушишларига, уларнинг бойлиги эмас, балки улар Яҳовадан кўра, бойликка кўпроқ умид боғлашгани сабаб бўлган. Оқибатда, улар маънан «илиқ» бўлиб қолди, шу сабабдан Исо уларни ‘оғзидан чиқариб юборишга’ мажбур бўлди (Ваҳий 3:14-17).
14. Нима учун иброний масиҳчилар Павлуснинг мақтовига сазовор бўлишди?
14 Бошқа мисолни оладиган бўлсак, Павлус иброний масиҳчиларни қувғинларда кўрсатган муносабати учун мақтаган. У бундай деган: «Маҳбусларнинг алам-аччиғига шерик бўлардингизлар. Сизни янада яхши ва боқий бойлик кутаётганини билиб, мол-мулкингизнинг талон-тарож этилишини хурсандлик билан қабул қилардингизлар» (Ибронийларга 10:34). Улар мол-мулкларини йўқотганларидан тушкунликка тушишмаган, балки бу кўргиликни хурсандлик билан қабул қилишган. Бунинг сабаби, улар «янада яхши ва боқий бойликни» кутишган. Исо келтирган масалдаги, қимматбаҳо марваридни олиш учун барча нарсасини қурбон қилган савдогар каби, улар Худо Шоҳлигига бўлган умидни қўлдан бермаслик учун ҳеч нарсани аяшмаган (Матто 13:45, 46). Нақадар ажойиб ўрнак!
15. Қандай қилиб Либериялик масиҳчи қиз аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлди?
15 Бугун ҳам кўпчилик шу каби муносабатга эга. Мисол учун, Либерияда бир масиҳчи қиз олий ўқув юртида таҳсил олиш имконига эга эди. Бу давлатда бундай таълим яхши келажакни кафолатлайди. Бироқ у кашшоф, яъни тўла вақтли ваъзгўй эди ва унга вақтинча махсус кашшофлик қилишга таклиф келган эди. У аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлиб, тўла вақтли ваъзгўйликни давом эттирди. У тайинланган ҳудудга бориб, уч ой мобайнида 21та Муқаддас Китоб тадқиқи ўтказа бошлади. Шу ёш сингил каби минглаб Яҳованинг Шоҳидлари, моддий бойлик орттириш имконидан воз кечиб, аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлишяпти. Бойликка берилган дунёда улар қандай қилиб ўз муносабатларида маҳкам турибдилар? Улар ўзларида кўплаб яхши фазилатларни ривожлантиришган. Келинг, айримларини кўриб чиқайлик.
16, 17. а) Нима учун Яҳовага умид боғлашда камтаринлик муҳим? б) Нима сабабдан Худонинг ваъдаларига ишончимизни мустаҳкамлашимиз керак?
16 Камтаринлик. Муқаддас Китобда: «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон. Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди. Ўзингни доно ҳисоблама»,— дейилган (Ҳикматлар 3:5-7). Баъзида, одамнинг назарида у танлаган йўл тўғри бўлиб туюлиши мумкин (Еремиё 17:9). Бироқ самимий масиҳчи, Яҳованинг йўл-йўриғига таянади (Забур 47:15). У «ҳар ишида» — жамоат ишларида, таҳсил олишда ёки кундалик ишда, дам олиш ёки яна бошқа нарсада камтаринлик билан Яҳованинг маслаҳатини излайди (Забур 72:24).
17 Яҳованинг ваъдаларига ишониш. Павлус: «Ким Худога яқинлашмоқчи бўлса, Унинг борлигига ишонмоғи лозим, Худо Уни изловчиларга мукофот беришига эътиқод қилмоғи шарт»,— деган (Ибронийларга 11:6). Агар биз, Яҳова ваъдаларини амалга оширишига шубҳалансак, унда «бу дунёдан истифода қилиш» биз учун оқилона бўлиб кўриниши мумкин (1 Коринфликларга 7:31). Лекин, агар ишончимиз комил бўлса, аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўламиз. Қандай қилиб мустаҳкам имонни ривожлантиришимиз мумкин? Самимий ибодат ила Яҳовага доимо яқинлашиш ҳамда Муқаддас Китобни қунт билан ўрганиш орқали (Забур 1:1-3; Филиппиликларга 4:6, 7; Ёқуб 4:8). Шоҳ Довуд сингари, биз ҳам: «Сенга эътиқод қиламан, эй Худованд, Сенсан менинг Худойим... Эҳсонларинг хазинаси қанчалик ажойибдир!» — деб ибодат қиламиз (Забур 30:15, 20).
18, 19. а) Қандай қилиб хизматимиздаги ғайрат, Яҳовага бўлган умидимизни янада мустаҳкамлайди? б) Нима сабабдан масиҳчи фидойиликка тайёр бўлмоғи лозим?
18 Яҳовага хизмат қилишдаги ғайрат. Павлус, Яҳованинг ваъдаларига ишончни ғайрат билан боғлаб бундай деб ёзди: «Орзу қиламизки, умидингиз тамоман рўёбга чиқсин, ҳар бирингиз охиригача айнимай ғайрат кўрсатинглар» (Ибронийларга 6:11). Агар Яҳовага хизмат қилиш билан банд бўлсак, У бизни қўллаб-қувватлайди. Ҳар доим унинг қўллаб-қувватлашини ҳис этганимизда, Унга бўлган умидимиз мустаҳкамланиб, «қаттиқ ва маҳкам» бўламиз (1 Коринфликларга 15:58). Имонимиз ошади ва умидимиз асосли бўлади (Эфесликларга 3:16-19).
19 Фидойиликка тайёрлик. Павлус Исонинг издоши бўлиш эвазига шуҳрат келтирадиган мавқеидан воз кечган эди. Гарчи моддий нуқтаи назардан қараганда унинг ҳаёти қийин кечган бўлса-да, у танлашда адашмади (1 Коринфликларга 4:11-13). Яҳова дабдабали ҳаётни ваъда қилгани йўқ ва баъзи вақт Унинг хизматчилари муҳтожликни бошдан кечиришлари мумкин. Турмуш тарзимизни соддалаштиришга ва айрим нарсалардан воз кечишга тайёрлик, Яҳовага хизмат қилишга бўлган ғайратимиз мустаҳкамлигидан далолат беради (1 Тимўтийга 6:6-8).
20. Аввало Шоҳлик пайидан бўлган инсон учун, нега сабр-тоқат ўта муҳим?
20 Сабр-тоқат. Исонинг шогирди Ёқуб, масиҳчиларни: «Эй биродарларим, Раббимиз Исо қайта келгунига қадар сабр-тоқат қилинглар»,— деб рағбатлантирди (Ёқуб 5:7). Ушбу нотинч дунёда сабр-тоқатли бўлиш жуда қийин. Биз ҳаммаси тез юз беришини хоҳлаймиз. Аммо Павлус, «имон ва сабр-тоқат билан илоҳий ваъдаларга эришганлардан» ўрнак олишга ундаган (Ибронийларга 6:12). Яҳовани кутишга тайёр бўлинг. Ер юзида бўладиган жаннатдаги абадий ҳаёт — кутишимизга арзийди!
21. а) Аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлсак, нимани намойиш этамиз? б) Келгуси мақолада нимани муҳокама қиламиз?
21 Ҳа, аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлинг, деган Исонинг маслаҳати амалийдир. Агар шундай йўл тутсак, чиндан ҳам Яҳовага умид боғлаётганимизни ва биз учун ягона ҳаёт йўлини танлаганимизни намойиш этамиз. Бироқ Исо шунингдек, «аввало Худонинг... иродаси [изоҳ: «адолати»] пайидан бўлинглар», деган маслаҳат берди. Келгуси мақолада ушбу насиҳат қанчалик муҳимлигини кўриб чиқамиз.
Тушунтира оласизми?
• Исо, моддий нарсаларга қандай муносабатда бўлишга бизни ундади?
• Исонинг туя ва игна тешиги ҳақидаги мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин?
• Қандай фазилатлар, аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлишга ёрдам беради?
w06-UZ 01/1a
30 январ — 5 феврал Қўшиқлар: 67, 172.