98- БОБ
Ҳаворийлар яна мансабга интилишади
МАТТО 20:17–28 МАРК 10:32–45 ЛУҚО 18:31–34
ИСО УНИ КУТАЁТГАН ЎЛИМ ҲАҚИДА ЯНА ГАПИРАДИ
ҲАВОРИЙЛАР МАНСАБГА ИНТИЛИШИНИ КЎРГАНДА ИСО НИМА ҚИЛАДИ?
Исо шогирдлари билан Переянинг жанубидаги саёҳатини якунлади. Энди улар Ерихо шаҳри яқинидан Иордан дарёсини кечиб ўтиб Қуддусга йўл олишади. Улар билан бирга мил. 33 йилги Фисиҳ байрамини нишонлаш учун бошқалар ҳам боришади.
Бу байрамга улгуриш учун Исо шогирдларидан олдинда кетади. Шогирдлар бундан хавфсирашади. Аввалроқ, Лазар вафот этганида, Исо Переядан Яҳудияга жўнамоқчи бўлганди. Ўшанда Тўма бошқаларга: «Қани юринглар, биз ҳам у билан ўламиз!» — деб айтганди. (Юҳанно 11:16, 47–53) Демак, Қуддусга бориш хавфли ва шогирдларни қўрқув қамраб олгани ажабланарли эмас.
Олдиндаги воқеаларга ҳаворийларни тайёрлаш учун, Исо уларни алоҳида чақириб шундай дейди: «Мана, биз Қуддусга боряпмиз. У ерда Инсон Ўғлини бош руҳонийлар ва уламолар қўлига тутиб беришади. Улар бўлса уни ўлимга маҳкум этиб, ўзга халқларнинг қўлига топширишади. Улар уни масхара қилишади, қамчилашади ва устунга михлашади. Лекин у учинчи куни тирилади». (Матто 20:18, 19)
Шу тариқа, Исо ўлиши ва тирилиши ҳақида шогирдларига учинчи марта гапиради. (Матто 16:21; 17:22, 23) Бироқ бу сафар ўзининг устунда қатл этилиши ҳақида айтади. Шогирдлар унинг гапларини тинглашади-ю, аммо маъносини фаҳмлашмайди. Эҳтимол, улар Исроил подшоҳлиги ер юзида тикланишига ва Исо билан ер юзидаги шоҳликда шуҳрат ва шарафни баҳам кўришини кутишади.
Фисиҳ байрамига кетаётганлар орасида ҳаворийлардан бўлган Ёқуб ва Юҳаннонинг онаси Саломия ҳам бор эди. Исо ушбу иккита ҳаворийсини «момақалдироқ ўғиллари» деб атаган, чунки улар қизиққон бўлишган. (Марк 3:17; Луқо 9:54) Исонинг ушбу иккита шогирди Масиҳнинг Шоҳлигида юқори мавқега эга бўлишни анчадан бери орзу қилиб келишади. Бундан онаси ҳам хабардор. У Исонинг олдига боради-да, таъзим қилиб бир нарса сўрайди. Исо: «Мендан нима истайсиз?» — дея сўрайди. Аёл жавобан шундай дейди: «Шоҳлигингизда бу икки ўғлимдан бирини ўнг томонингизга, иккинчисини чап томонингизга ўтқазишга сўз беринг». (Матто 20:20, 21)
Аслини олганда бу Ёқуб ва Юҳаннонинг илтимоси эди. Шуни айтиш керакки, яқинда Исо уларга шарманда қилиниши ва камситилиши ҳақида айтганди. Энди Исо уларга шундай дейди: «Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичадиган косадан ича оласизларми?» Улар: «Ича оламиз»,— дейишади. (Матто 20:22) Лекин бу улар учун нимани англатишини улар тушунишмаяпти чоғи.
Бироқ Исо уларга шундай дейди: «Мен ичадиган косадан ичасизларку-я, аммо ўнг ёки чап томонимда ким ўтиришини мен ҳал қилмайман. Бу ўринларни Отам ким учун тайёрлаб қўйган бўлса, ўша ўтиради». (Матто 20:23)
Қолган ўнта шогирд Ёқуб ва Юҳаннонинг илтимосини эшитиб аччиқланади. Эҳтимол, бундан олдин ҳаворийлар орасида ким буюк бўлиши ҳақида кўтарилган баҳсларда бу ака-ука бошқалардан фаолроқ бўлгандир. (Луқо 9:46–48) Ҳар ҳолда, ушбу илтимос шуни кўрсатяптики, 12 ҳаворийнинг ҳеч бири ўзини паст олиб юриш ҳақидаги Исонинг маслаҳатини қулоғига илмаган. Улар ҳалигача юқори мансабга интилишяпти.
Юзага келган келишмовчиликни бартараф қилиш учун Исо 12 ҳаворийни чақиртиради ва уларга севги ила мана бу маслаҳатни беради: «Ҳукмдор дея аталганлар халқлар устидан бошқаришини ва буюк одамлар халқларга ҳокимлик қилишини биласизлар-ку. Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Орангизда ким буюк бўлишни истаса, сизларга қул бўлсин». (Марк 10:42–44)
Исо шогирдларига зўр ўрнак кўрсатиб, буни қуйидагича тушунтиради: «Инсон Ўғли ҳам ўзига хизмат қилдиришга эмас, аксинча хизмат қилгани ва кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган». (Матто 20:28) Мана, қарийб уч йилдирки, Исо бошқаларга хизмат қилиб юрибди. Шунингдек, у ҳамма одамларга хизмат қилиши керак бўлади: одамзод учун жонини беради! Шогирдлар ҳам Исо каби бўлишлари, яъни уларга кимдир хизмат қилишини эмас, балки улар бошқаларга хизмат қилишга ва юқори мансабга интилмасдан, ўзларини паст тутишга тайёр бўлишлари керак.