СТРЕССДАН ОЗОД БЎЛИШ
Стрессни қандай қилиб енгса бўлади?
Стрессни муваффақият ила енгишни истасангиз, жисмоний соғлигингиз, бошқалар билан мулоқот қилиш тарзингиз, мақсадларингиз ҳамда ҳаётингиздаги устувор нарсалар, яъни сиз чинакамига муҳим деб билган нарсалар устида мулоҳаза юритишингиз керак. Мазкур мақолада баъзи амалий принциплар кўриб чиқилади. Улар стрессга қарши самарали курашишингизга, ҳатто уни камайтиришингизга ёрдам беради.
Бугунги кун билан яшанг
«Зинҳор эртанги кун учун ташвишланманглар, чунки эртанги куннинг ўз ташвишлари бўлади». (МАТТО 6:34)
Бунинг маъноси. Кундалик ташвишлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Аммо бугунги куннинг ташвишларига эртанги куннинг ташвишларини қўшиб, уларни кўпайтирманг. Ундан кўра бугунги кун билан яшашга ҳаракат қилинг.
Стресс хавотирга сабаб бўлади. Шундай йўл тутишга уриниб кўринг: биринчидан, баъзида стрессдан қочиб қутулишнинг иложи бўлмаслигини тан олинг. Ташвишланганингиз билан стресс кучайишининг олдини ололмайсиз. Иккинчидан, биз қўрқаётган нарсалар ҳеч қачон содир бўлмаслиги мумкинлигини тушунишингиз керак.
Оқилона талаблар қўйинг
«Юқоридан тушган донолик... мулоҳазали». (ЁҚУБ 3:17)
Бунинг маъноси. Ўта талабчан бўлманг. Ўзингиздан ва бошқалардан кўп нарсани кутмасдан мувозанатли нуқтаи назарни сақланг.
Камтарин бўлиб, оқилона меъёрлар қўйинг. Ўзингиз ҳамда бошқаларнинг имконият чегарасини эътиборга олинг. Шундай йўл тутсангиз, ўзингиз ҳам, бошқалар ҳам камроқ стресс ҳис қилади. Қолаверса, ўзингиз ва бошқаларга яхши натижага эришиш осонроқ кечади. Боз устига ҳазиллашиб туринг. Мабодо ҳаммаси силлиқ кўчмаса, табассум қилиб вазиятни юмшатасиз ҳамда кайфиятингизни кўтарасиз.
Стресснинг сабабини билиб олинг
«Ақл-идрокли инсон хотиржамликни сақлайди». (ҲИКМАТЛАР 17:27)
Бунинг маъноси. Салбий ҳис-туйғулар равшан фикрлашга халақит беради. Шундай экан, хотиржамликни сақланг.
Нима сизни стрессга тушираётганини аниқланг ва бунга қандай муносабат билдираётганингизга эътибор беринг. Масалан, стресс ҳис қилаётганингизда фикрларингиз, туйғуларингиз ҳамда хатти-ҳаракатингизга диққат қилинг, эҳтимол, уларни ёзиб оларсиз. Стрессга қандай реакция қилаётганингизни билсангиз, уни муваффақият билан енгиш эҳтимоли кўпаяди. Шунингдек, сизни стрессга туширадиган нарсалардан қутулиш йўлини ўйланг. Агар бунинг иложи бўлмаса, стресснинг таъсирини камайтириш йўлларини изланг. Эҳтимол, сизга ишингиз ҳамда вақтингизни самарали тақсимлаш ёрдам берар.
Вазиятга бошқача нуқтаи назар билан қарашга уриниб кўринг. Сизни стрессга тушираётган нарса бошқалар учун муаммо бўлмаслиги мумкин. Бунинг сабаби дунё қараш турлича бўлганидадир. Қуйидаги учта маслаҳатни кўриб чиқинг:
Бошқалар ҳақида ёмон фикрга боришга шошилманг. Эҳтимол, навбатда турганингизда кимдир сиздан олдинга ўтиб олиши мумкин. Агар унинг бундай ҳаракатини қўполлик деб ҳисобласангиз, кайфиятингиз тушиб кетади. Балки унинг нияти яхши бўлгандир ва бу шундай бўлиб чиқиши ҳам мумкин.
Вазиятнинг ижобий томонларини кўришга ҳаракат қилинг. Масалан, шифокор қабулини ёки аэропортда узоқ кутишингизга тўғри келса, улгурмаган ишингизни битиришга ёки электрон почтангизни текширишга вақтингизни сарфласангиз кутиш осонроқ бўлади.
Вазиятга атрофлича қарашга ҳаракат қилинг. Ўзингиздан: «Бу масала эртага ёки кейинги ҳафтагача катта муаммога айланадими?» — деб сўранг. Жиддий ва унча жиддий бўлмаган масалаларни фарқланг.
Тартибли бўлинг
«Ҳамма нарса одоб ва тартиб билан бўлсин». (1 КОРИНФЛИКЛАРГА 14:40)
Бунинг маъноси. Кундалик ишлар жадвалига амал қилишга интилинг.
Ҳаётимизда муайян тартиб бўлишини яхши кўрамиз. Ишларни орқага суриш тартибсизлик ва стрессга сабаб бўлади. Бунинг дастидан охирига етмаган ишлар рўйхати узаяди. Мана бу иккита маслаҳатни қўллаб кўринг:
Амалий жадвал тузиб, унга амал қилинг.
Ишни орқага суришга сабабчи бўлаётган ҳар қандай нотўғри нуқтаи назарни аниқлаб тузатинг.
Мувозанатли ҳаёт тарзини олиб боринг
«Икки ҳовуч заҳмат ва шамол ортидан қувишдан кўра, бир ҳовуч ором яхшироқдир». (ВОИЗ 4:6)
Бунинг маъноси. Ишга муккасидан кетган инсонлар «икки ҳовуч заҳмати» ортидан эришилган фойдадан ўзини маҳрум қилишади. Бундай одамлар меҳнатининг роҳатини кўришга на вақти, на кучи қолади.
Ишга ва пулга нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлинг. Пулдор бўлиш кўпроқ бахт, камроқ стресс келтиришини англатмайди. Ҳаётда бунинг аксини кузатса бўлади. Зеро, Воиз 5:12 да: «Бадавлатнинг давлати унга уйқу бермайди»,— деб айтилган. Шундай экан, қўлингизда боридан ортиқ пул сарфламанг.
Дам олишга вақт ажратинг. Яхши кўрган ишингиз билан машғул бўлсангиз, стрессни камайтирасиз. Аммо кам ҳаракатли ҳордиқ чиқариш, масалан, телевизор томоша қилиш ёрдам бермайди.
Техник воситалардан ўз ўрнида фойдаланинг. Электрон почта, СМС ёки ахборот сайтларини тез-тез текшириб туришдан қочинг. Зарурат бўлмаса, ишга алоқадор электрон хатларни ишдан ташқари вақтда текширманг.
Соғлигингизга ғамхўрлик қилинг
«Жисмоний машқ... фойда келтиради». (1 ТИМЎТИЙГА 4:8)
Бунинг маъноси. Мунтазам жисмоний машқлар соғлом бўлишга ёрдам беради.
Соғлом ва фойдали одатларни ривожлантиринг. Жисмоний машғулотлар кайфиятингизни кўтаради ва организмингизнинг стрессга чидамлилигини оширади. Фойдали ва тўйимли овқатлар енг, ўз вақтида овқатланишга ҳаракат қилинг. Етарлича дам олинг.
Стрессни енгиш мақсадида чекиш, ичкилик ва дори-дармонларни суиистеъмол қилиш ҳамда гиёҳванд моддаларни қабул қилиш каби зарарли «ечимлардан» қочинг. Боз устига бу одатлар нафақат стрессни оширади, балки соғлигингизни ва пешона тери билан топган пулингизни ўғирлайди.
Стресс кучайиб бораётган бўлса, шифокорга кўрининг. Шифокордан ёрдам сўрашнинг уяладиган жойи йўқ.
Устувор нарсаларни аниқланг
«Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг». (ФИЛИППИЛИКЛАРГА 1:10)
Бунинг маъноси. Ҳаётингизда нима муҳим эканини синчковлик билан кўриб чиқинг.
Ишларни муҳимлиги бўйича ёзиб чиқинг. Бу диққатингизни муҳимроқ ишларга қаратишга ҳамда қайси ишни кейинга қолдириш, бошқа кишига топшириш ёки умуман воз кечиш кераклигини аниқлашга ёрдам беради.
Бир ҳафта давомида вақтингизни нимага сарфлаётганингизни ёзиб боринг. Сўнг вақтингиздан янада унумли фойдаланиш йўлларини изланг. Вақтингизни яхши назорат қилганингиз сайин, босим камайиб бораётганини ҳис қиласиз.
Дам олишни ҳам режалаштиринг. Ҳатто қисқа танаффуслар кучингизни янгилаб, стрессни камайтиради.
Ёрдам сўранг
«Ғам-ташвиш одамнинг қалбини эзади, яхши сўз эса кўнглини кўтаради». (ҲИКМАТЛАР 12:25)
Бунинг маъноси. Бошқалар сизга меҳр кўрсатса ва ҳамдардлик билдирса, кўнглингиз кўтарилади.
Дардингизни сизни тушунадиган инсон билан бўлишинг. Сирдош дўстингиз вазиятингизга бошқача қарашга ва ҳатто сиз кўрмаётган ечимни топишга кўмаклашади. Шунингдек, ичингизни бўшатиб олсангиз ўзингизни енгил ҳис қиласиз.
Ёрдам сўранг. Эҳтимол, биронта ишни бошқа кишига топширарсиз ёки вазифаларингизни бўлишарсиз.
Мабодо ишхонада кимдир билан ҳамкорлик қилиш сиз учун стресс бўлса, вазиятни яхшилаш йўлларини изланг. Масалан, хушмуомалалик ила унинг муайян сўзлари ёки хатти-ҳаракати туфайли сизда қандай ҳис-туйғулар пайдо бўлаётганини унга айтарсиз. (Ҳикматлар 17:27) Агар бу иш бермаса, эҳтимол, у билан камроқ вақт ўтказарсиз.
Маънавий эҳтиёжларингизни қондиринг
«Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир». (МАТТО 5:3)
Бунинг маъноси. Инсон бўлганимиз учун биз нафақат озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда бошпанага, балки маънавий эҳтиёжларимизни қондиришга муҳтожлик ҳис қиламиз. Бахтли бўлиш учун шундай эҳтиёж борлигини тан олишимиз ҳамда уни қондиришимиз муҳим.
Бунда ибодат катта ёрдам бўла олади. Худо «барча ғам-ташвишларингизни Унга ташлашга» ундамоқда, чунки У сизга ғамхўрлик қилади. (1 Бутрус 5:7) Ибодат қилиш ҳамда ижобий нарсалар ҳақида мулоҳаза юритиш ички хотиржамликни ҳис қилишга кўмаклашади. (Филиппиликларга 4:6, 7)
Сизни Худога яқинлаштирадиган нарсаларни ўқинг. Мазкур журналда келтирилаётган принциплар Муқаддас Китобдан олинган. Бу китоб бизнинг маънавий эҳтиёжларимизни қондириш учун ёзилган. Ундаги илоҳий принциплар «донолигу тафаккурни» ривожлантиришга ёрдам беради. (Ҳикматлар 3:21) Балки, Муқаддас Китобни ўқишни мақсад қиларсиз. Эҳтимол, Ҳикматлар китобидан ўқишни бошларсиз.