106- БОБ
Узумзор тўғрисида иккита масал
МАТТО 21:28–46 МАРК 12:1–12 ЛУҚО 20:9–19
ИККИ ЎҒИЛ ҲАҚИДАГИ МАСАЛ
БОҒБОНЛАР ТЎҒРИСИДАГИ МАСАЛ
Исо ҳали ҳам маъбадда. Ҳозиргина у, унинг ваколати тўғрисида савол берган бош руҳонийлару оқсоқолларни қийин аҳволга солиб қўйди. Ҳа, Исонинг жавобидан улар жим бўлиб қолишди. Энди Исо уларнинг ички ҳолати қанақа эканини кўрсатувчи бир мисол келтиради.
Исо шундай ҳикоя айтиб беради: «Бир кишининг иккита ўғли бор экан. Биринчисига: “Ўғлим, бугун узумзорга бориб ишлагин”,— дебди. У отасига: “Бормайман”,— деб гап қайтарибди. Аммо сўнг пушаймон бўлиб борибди. Ота иккинчи ўғлига ҳам шу ишни буюрган экан, у: “Хўп бўлади, отажон”,— дебди-ю, лекин бормабди. Икковидан қайси бири отасининг истагини бажарибди?» (Матто 21:28–31) Жавоби аниқ: биринчи ўғил отасининг хоҳишини бажарди.
Душманларига мурожаат этиб, Исо: «Ишонаверинг, солиқчилар билан фоҳишалар Худонинг Шоҳлигига сизлардан олдин кирадилар»,— дейди. Бошида солиқчилару фоҳишалар Худога хизмат қилишни хоҳлашмасди. Лекин кейинчалик улар биринчи ўғил каби пушаймон бўлиб, Унга хизмат қилишни бошлашди. Дин раҳбарлари эса иккинчи ўғилга ўхшашади: улар Аллоҳга амалда эмас, сўзда хизмат қилишади. Исо давом этиб дейди: «Яҳё келиб сизларга адолат йўлини кўрсатди, аммо сизлар унга ишонмадингиз. Солиқчилар билан фоҳишалар эса унга ишонишди. Сизлар эса буни кўриб на пушаймон бўлдингиз, на унга ишондингиз». (Матто 21:31, 32)
Кейин Исо яна бир масал айтиб беради. Бу сафар, у дин раҳбарларининг нафақат Худога хизмат қилишни рад этишаётганини, балки улар ёвуз эканини ҳам кўрсатади. «Бир киши узумзор ўтқазибди-да, атрофини панжара билан ўраб, ичида узум эзиш учун жой ҳозирлабди. Сўнг минора қурибди-да, уни боғбонларга ижарага бериб, ўзи эса узоқ сафарга кетибди. Ҳосил йиғиш пайти келганда, боғбонлар меваларни териб беришсин деб уларнинг олдига хизматкорини юборибди. Аммо боғбонлар уни ушлашибди-да, уриб, қуруқ қўл билан жўнатишибди. Узумзор эгаси яна бир хизматкорни юборибди. Лекин улар унинг бошини ёриб, хўрлаб жўнатишибди. Шундан кейин у яна битта хизматкорни юборибди. Бироқ боғбонлар уни ўлдиришибди. Ўша киши кўп бошқа хизматкорларини жўнатган экан, лекин улар баъзиларини калтаклаб, бошқаларини эса ўлдиришибди». (Марк 12:1–5)
Хўш, тингловчилар бу мисолни тушунадими? Балки уларнинг хаёлига Ишаё пайғамбарнинг қуйидаги сўзлари келар: «Қўшинлар Сарвари Яҳованинг узумзори — Исроил хонадони, яхши кўрган кўчати Яҳудо аҳолисидир. У одил ҳукмни кутган эди, лекин адолатсизликка дуч келди». (Ишаё 5:7) Исо айтган масалнинг мазмуни ҳам худди шундай. Узумзор Эгаси — Яҳова Таоло, узумзор — Исроил халқи. Худонинг қонуни улар учун «панжара», яъни ҳимоя бўлиб хизмат қиларди. Яҳова халқига таълим бериш ва улар яхши ҳосил келтиришига кўмаклашиш учун пайғамбарларни юборарди.
Лекин «боғбонлар» уларникига юборилган «хизматкорларга» қўпол муносабатда бўлиб, уларни ўлдиришарди. Исо буни қуйидагича тушунтиради: «Узумзор эгасининг севикли бир ўғли бор экан. Охири у ўғлини боғбонларнинг олдига юбориб: “Ҳеч бўлмаса ўғлимни ҳурмат қилишар”,— дебди. Боғбонлар эса бир-бирига: “Ахир бу меросхўр-ку! Келинглар, уни ўлдирамиз, шунда мерос бизники бўлади”,— дейишибди. Хуллас, улар ўғилни ушлаб олиб ўлдиришибди ва узумзор ташқарисига чиқариб ташлашибди». (Марк 12:6–8)
«Хўш, узумзор эгаси боғбонларни энди нима қилар экан?» — деб сўрайди Исо. (Марк 12:9) Дин раҳбарлари жавобан: «Бу ёвуз одамларни йўқ қилиб юборади. Узумзорни эса, мевасини вақтида берадиган бошқа боғбонларга ижарага топширади»,— дейишади. (Матто 21:41)
Шу йўсин, улар билмаган ҳолда ўзларига ҳукм чиқаришади. Сабаби, улар «боғбонлар» қаторида бўлиб, Яҳованинг «узумзори» бўлмиш Исроил халқи уларга ишониб топширилган эди. Яҳова ҳақли равишда бу боғбонлардан яхши ҳосил келтиришини, яъни Ўғлига, Масиҳга ишонишларини кутади. Дин раҳбарларига қараб Исо қуйидагиларни айтади: «Наҳот Муқаддас Ёзувлардаги: “Қурувчилар кераксиз деб ташлаган тош, бурчакка қўйиладиган негиз тоши бўлиб чиқди. Буни Яҳованинг Ўзи қилди ва кўз ўнгимизда мўъжиза бўлди”,— дейилганини ўқимаган бўлсангиз?» (Марк 12:10, 11) Сўнг эса Исо нимани назарда тутаётганини аниқ кўрсатади: «Шунинг учун сизларга айтаманки, Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олиниб, самара келтирадиган бошқа халққа берилади». (Матто 21:43)
Уламолару бош руҳонийлар Исо «бу масални улар ҳақида айтганини пайқашади». (Луқо 20:19) Энди уни, яъни қонуний «меросхўрни» ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ўлдирмоқчи бўлишади. Аммо Исони пайғамбар деб ҳисоблайдиган халқдан қўрқишгани боис, шу заҳотиёқ уни ўлдира олишмайди.