Исо камтарлик борасида ўрнак кўрсатган
Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам шундай қилинглар дея, ўрнак кўрсатдим. ЮҲАН. 13:15
1, 2. Ер юзидаги ҳаётининг сўнгги кечасида Исо ҳаворийларига қандай ўрнак кўрсатган?
ИСО ер юзидаги ҳаётининг сўнгги кечасини ҳаворийлари билан Қуддусдаги бир хонадоннинг болохонасида ўтказди. Кечки овқат пайтида у ўрнидан туриб, устки кийимини ечди-да, сочиқни олиб белини боғлади. Сўнг тоғорага сув қуйиб, шогирдларининг оёқларини юва бошлади ва белига боғланган сочиқ билан уларнинг оёқларини артди. Кейин, Исо устки кийимини кийиб ўрнига ўтирди. Бундай камтарликни Исо нега намоён этди? (Юҳан. 13:3–5).
2 Бу саволга унинг ўзи жавоб берган: «Мен нима қилганимни англадингизми?... Агар мен Ҳазрат ва Устоз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, унда сизлар ҳам бир-бирингизнинг оёқларингизни ювишга бурчлисиз. Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам шундай қилинглар дея, ўрнак кўрсатдим» (Юҳан. 13:12–15). Бу камтарона ҳаракати билан, Исо ҳаворийларининг онгида яхши муҳрланиб қоладиган ва келгусида уларни камтар бўлишга ундайдиган ўрнак кўрсатди.
3. а) Исо иккита вазиятда камтарлик муҳимлигини қандай таъкидлаган? б) Ушбу мақолада нималарни муҳокама қиламиз?
3 Исо ҳаворийларининг оёқларини ювганида, камтарликнинг муҳимлигини биринчи марта таъкидламаган эди. Бу воқеадан олдин ҳаворийлар рақобат руҳини намоён этишганида, Исо бир болакайни ўзининг ёнига турғизиб қўйди-да, шундай деди: «Ким шу жажжи болакайни менинг номимдан қабул қилса, мени ҳам қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса, мени Юборганни ҳам қабул қилган бўлади. Чунки орангизда ким ўзини паст олиб юрса, ўша буюк бўлади» (Луқо 9:46–48). Кейинчалик, шон-шуҳрат излаш пайида бўлган фарзийлар ҳақида гапириб, Исо қуйидагиларни айтган: «Зеро ким ўзини юқори тутса, пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса, юксалтирилади» (Луқо 14:11). Кўриб турганимиздек Исо, издошлари ўй-фикрда камтар бўлиб, мағрурлик ва манманликдан холи бўлишини хоҳлаган. Унга тақлид қилган ҳолда келинг, унинг камтарлик фазилатини янада синчковлик билан ўрганиб чиқайлик. Шунингдек, ушбу фазилат нафақат уни намоён этган кишига, балки бошқаларга ҳам фойда келтириши ҳақида билиб олайлик.
«МЕН УНДАН ЮЗ ЎГИРИБ КЕТМАДИМ»
4. Худонинг ягона Ўғли ҳали осмонда бўлганида, камтар эканини қандай кўрсатди?
4 Худонинг ягона Ўғли ҳали ер юзига келишидан олдин камтарликни намоён қилган эди. Исо сон-саноқсиз вақт мобайнида самовий Отаси билан бирга бўлган. Ишаё китобида Ўғил ва Ота орасидаги яқин муносабатларга шундай изоҳ берилган: «Толиққанларга сўз билан мадад берсин, деб Эгам Раббий менга доно тил берди. Ҳар тонг У мени уйғотади, донолардай тингласин, деб қулоғимни очади. Эгам Раббий қулоғимни очди, мен итоатсизлик қилмадим, мен Ундан юз ўгириб кетмадим» (Ишаё 50:4, 5). Худонинг Ўғли камтарликни намоён этиб, Яҳова ўргатган нарсаларга жуда эътиборли бўлган. У Ҳақ Тангридан таълим олишга ошиққан. Яҳова камтарлик ила гуноҳкор одамзодга раҳм-шафқат кўрсатганини Исо диққат билан кузатган бўлса керак.
5. Исо бош фаришта бўлишига қарамасдан, Иблис билан муомала қилганда камтарликни қандай намоён этди?
5 Осмондаги фаришталардан биронтаси камтарликни намоён этишда Худонинг ягона Ўғлига тенг кела олмаган. Яҳовадан ўрганишнинг ўрнига кейинчалик Шайтон Иблисга айланган фаришта, камтарликнинг умуман акси бўлган такаббурлик ва мағрурлик каби иллатларни ўзида ривожлантирди. Оқибатда у Яҳовага қарши исён кўтарди. Шайтондан фарқли ўлароқ, Исо ўзининг осмондаги мавқеидан норози бўлмаган ҳамда унга берилган ҳокимиятдан суиистеъмол қилиш мойиллиги ҳам бўлмаган. Масалан, «Мусонинг жасади тўғрисида Иблис билан баҳслашиб, у билан рози бўлмаганда», у бош фаришта Микоил бўлганидан фойдаланиб, ҳуқуқи бўлмаган ишга қўл урмади. Аксинча, Худонинг Ўғли камтарликни намоён этди. У мазкур масалани ечишни коинотнинг Олий Ҳаками Яҳовага қўйиб беришдан бахтиёр эди. Чунки Яҳова буни Ўзи маъқул деб билган йўл билан ва керакли пайтда амалга оширарди (Яҳудо 9 ни ўқинг).
6. Масиҳ бўлиб хизмат қилиш топшириғини олганида, Исо камтарликни қандай намоён этди?
6 Шубҳасизки Исо ҳали осмонда бўлганида, Масиҳ тариқасида ер юзига келиши тўғрисидаги башоратларнинг тафсилотлари билан яқиндан танишиб чиққан. Демак, бошига тушадиган азобларни у олдиндан билган бўлса керак. Шунга қарамасдан, у ер юзида яшашга ҳамда ваъда қилинган Масиҳ сифатида ўлишга рози бўлди. Нега? Ягона Ўғилнинг камтарлигини таъкидлаб, ҳаворий Павлус шундай ёзган: «Гарчи у илоҳий қиёфада бўлса-да, Худога тенгликни қўлга киритишни, аниқроғи Унга тенг бўлишни хаёлига келтирмаган. Аксинча, у ўзини барча нарсадан маҳрум этиб, қул қиёфасига кирди ва инсонлар сингари бўлди» (Филип. 2:6, 7).
ИНСОН БЎЛГАНИДА «У ЎЗИНИ ПАСТ ТУТДИ»
7, 8. Болалик пайтида ҳамда хизмати давомида Исо камтарликни қандай намоён этган?
7 «У [Исо] инсон қиёфасига киргач, ўзини паст тутиб, то ўлимгача, азоб устунидаги ўлимигача итоатли бўлди»,— деб ёзган эди Павлус (Филип. 2:8). Исо болалигиданоқ камтарлик борасида ўрнак кўрсатган. Гарчи уни номукаммал ота-онаси Юсуф ва Марям ўстирган бўлишса-да, Исо уларга «бўйсуниб юрди» (Луқо 2:51). У ёшлар учун аъло ўрнакдир. Ёшлар ота-онасига итоаткор бўлишса, Аллоҳ уларга барака ато этади!
8 Вояга етганида Исо ўзининг эмас, балки Яҳованинг иродасини биринчи ўринга қўйиб, камтарликни намоён этди (Юҳан. 4:34). Хизмати давомида у Худонинг шахсий исмини қўллаган ва самимий одамларга Яҳованинг фазилатлари ҳамда инсониятга нисбатан мақсади тўғрисида аниқ билимларни етказишга ҳаракат қилган. У одамларга Яҳова ҳақида нимаики ўргатган бўлса, ўзи ҳам шунга мувофиқ яшаган. Мисол учун, ўзининг намунали ибодатида у авваламбор шундай деб эслатиб ўтган: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин» (Мат. 6:9). Ушбу сўзлари билан Исо айтмоқчи эдики, издошлари учун Яҳованинг исмини улуғлаш, энг муҳим масала бўлиши керак. Унинг ўзи ҳам шу мақсадни кўзлаб яшаган. Ер юзидаги хизматининг охирида, Исо Тангри Яҳовага ибодат қилиб шундай деган: «Мен исмингни уларга [ҳаворийларга] маълум қилдим ва яна маълум қиламан» (Юҳан. 17:26). Шунингдек, Исо ҳамма нарсани Яҳованинг ёрдами билан бажарганини эслатиб турарди (Юҳан. 5:19).
9. Масиҳ тўғрисида Закариё пайғамбар нимани башорат қилди ва бу башорат Исода қандай амалга ошди?
9 Масиҳ ҳақида Закариё пайғамбар башорат қилиб, мана бу сўзларни айтган: «Хурсанд бўлиб, қувонинг, эй Қуддус халқи! Шодлик–ла ҳайқиринг, эй Сион халқи! Мана шоҳингиз келяпти. У зафар қозонган ғолибдир. Шунга қарамай, камтариндир шоҳингиз, у эшакнинг устида, ҳа, эшакнинг боласини — ҳўтикни миниб келяпти» (Закр. 9:9). Исо милодий 33- йил Фисиҳ байрамида Қуддусга кириб келганида, ушбу башорат амалга ошди. Халойиқ кийимларини йўлга пойандоз қилди, дарахт шохларини кесиб йўлга тўшади. Ўшанда Исонинг кириб келганидан бутун шаҳар ҳаяжонланиб кетди. Халқ уни шоҳдек олқишлаган бўлса-да, Исо камтарлигича қолди (Мат. 21:4–11).
10. Ўлгунига қадар итоаткор бўлиб қолгани билан Исо нимани исботлади?
10 Исо Масиҳ азоб устунида ўлгунига қадар, камтарлик ва итоаткорликни намоён қилди. Шу тариқа, одамлар ниҳоятда оғир синовларда ҳам Яҳовага содиқ қолиши мумкинлигини Исо узил-кесил исботлади. Шунингдек Исо, одамлар Яҳовага ғараз ниятда хизмат қилади, деган Шайтоннинг даъвоси ёлғон эканини кўрсатди (Аюб 1:9–11; 2:4). У мукаммал даражада бенуқсонликни намоён этиш орқали, Яҳованинг ҳукмдорлиги қонуний ва адолатли эканини тасдиқлади. Камтарин Ўғлининг садоқати мустаҳкам эканини кўриб, Яҳова қувонган бўлса ажаб эмас (Ҳикматлар 27:11 ни ўқинг).
11. Исо Масиҳга ишонганлар учун унинг тўлов қурбонлиги қандай келажакка йўл очиб берди?
11 Азоб устунида ўлиб, Исо инсоният учун тўлов берди (Мат. 20:28). Бу қурбонлик гуноҳкор инсонларга абадий яшаш ва адолатга бўлган чанқоғини қондириш имкониятини очиб беради. «Оқланишга олиб келган битта хатти-ҳаракат туфайли ҳар турли инсонлар ҳаёт учун одил деб эълон қилинадилар»,— деб ёзган эди Павлус (Рим. 5:18). Исонинг ўлими муқаддас руҳ билан мойланган масиҳийларга осмонда ўлмаслик умидига эга бўлиш, «бошқа қўйлар»га эса ер юзида абадий яшаш истиқболини очиб берди (Юҳан. 10:16; Рим. 8:16, 17).
«МЕН... СОДДАДИЛМАН»
12. Исо камтарлик ва мулойимлик фазилатларини номукаммал инсонларга қандай намоён этган?
12 Исо заҳмат чекиб, оғир юк остида қийналиб юрганларни унинг олдига келишга таклиф қилган эди. У мана бундай деган: «Менинг бўйинтуруғимни олиб, мендан ўрганинглар, чунки мен мулойим ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз роҳат топади» (Мат. 11:28, 29). Камтарлик ва мулойимлик фазилатлари Исони номукаммал инсонларга меҳрибон бўлиб, юзхотирчилик қилмасликка ундаган. У шогирдларининг имконияти чегараланганини тушуниб, улардан кучидан ортиғини талаб қилмаган. Исо мақтаган ва далда берган. Ўз хатти-ҳаракатлари билан одамларда ўзини нодон ёки яроқсиздек ҳис этиш туйғусини уйғотмаган. Шубҳасизки у қўпол ёки қаттиққўл бўлмаган. Аксинча, у шундай деган: «Менинг бўйинтуруғим қулай ва юким енгилдир». Бу сўзлари билан у, издоши бўлишни истовчилар учун қўйилган талаблар жуда оғир эмас, демоқчи бўлган. Агар улар Исодан таълим олиб, унинг йўл-йўриқларига амал қилишса, тасалли топишарди. Эркак ва аёллар ҳамда ёшу қарига Исонинг ёнида бўлиш ёқарди (Мат. 11:30).
13. Оғир ҳаёт кечираётганларга раҳми келганини Исо қандай кўрсатган?
13 Исроил халқи билан бўлганида, Исо уларнинг ҳаёти оғир кечаётганини кўриб раҳми келган ва қўлидан келганича уларга ёрдам берган. Бир куни Исо Ериходан чиқиб кетаётганида, тиланчилик қилиб ўтирган Бартимей исмли кўр кишини ва унинг кўзи ожиз дўстини учратиб қолади. Улар Исодан ўтиниб ёрдам сўрашганида, халойиқ уларни жим бўлишга мажбурлайди. Исо шунчаки парво қилмай ўтиб кетиши мумкин эди. Аммо раҳми келганидан ўша иккита кўр одамни олдига олиб келишларини сўрайди ва уларга шифо беради. Ҳа, Исо ўзининг самовий Отаси Яҳовага тақлид қилиб, гуноҳкор инсонлар билан муомала қилганда камтар ва раҳм-шафқатли бўлган (Мат. 20:29–34; Марк 10:46–52).
«КИМКИ ЎЗИНИ ПАСТ ОЛИБ ЮРСА, ЮКСАЛТИРИЛАДИ»
14. Исонинг камтарлиги қандай фойда келтирган?
14 Исо ҳаёти давомида камтар бўлиб яшагани, кўпчилик учун қувонч ва барака бўлган. Яҳова севикли Ўғли Унинг иродасини бажариб, итоаткор бўлганидан мамнун эди. Ҳаворийлар ва шогирдлар ҳам Исонинг мулойим ва камтарона муносабатидан тасалли ва далда олишган. Улар Исонинг ўрнаги, таълимотлари ва илиқ муносабати туфайли маънан ўса олишган. Исонинг камтарлиги оддий одамларга фойда келтирган. Чунки у уларга ёрдам, таълим ва далда берган. Исонинг тўлов қурбонлигига ишонган кишиларнинг бари эса, абадий қут-баракаларга эга бўлишади.
15. Камтар бўлгани Исога қандай фойда келтирди?
15 Исо ҳақида нима деса бўлади? Унинг камтарлиги ўзига қандай фойда келтирди? Исо шогирдларига шундай деган эди: «Ким ўзини юқори тутса, пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса, юксалтирилади» (Мат. 23:12). Исо ўзининг ўрнаги билан бу сўзлар ҳақиқат эканини исботлади. Павлус эса қуйидагини айтган: «Шу сабабли Аллоҳ уни [Исони] янада юксалтириб, ҳар қандай исмдан юқори исмни унга ато этди. Токи Исонинг исми олдида осмону ердаги ва ер остидаги барча тиз чўксин. Қолаверса, ҳар бир тил Исо Масиҳни Ҳазратим дея очиқ тан олиб, Отамиз Худога шараф келтирсин». Исо ер юзидаги хизмати пайтида камтарлик ва садоқатни намоён этгани учун, Тангри Яҳова Ўғлига ердаги ва осмондаги барча мавжудотлар устидан бошқаришни топширди. Шу тариқа У Ўз Ўғлини юксалтирди (Филип. 2:9–11).
ИСО «ҲАҚИҚАТ, КАМТАРЛИК, АДОЛАТ УЧУН ҒАЛАБА ҚИЛАДИ»
16. Келажакда ҳам Худо Ўғлининг ишларида камтарлик намоён бўлишини нимадан билса бўлади?
16 Камтарлик келажакда ҳам Худо Ўғлининг ишларида намоён бўлади. Самода юқори мавқега эга бўлган Исо, душманларига қарши қандай курашишини башорат қилиб, сано бастакори шундай деб куйлаган: «Улуғворлик билан олға бос! Ҳақиқат, камтарлик, адолат учун ғалаба қил!» (Заб. 44:5). Исо Масиҳ ҳақиқат ва камтарликни севувчи инсонларни ҳимоя қилиш учун Армагеддонда курашади. Минг йиллик бошқарувнинг охирида, Шоҳ Исо Масиҳ «барча ҳукумату ҳокимиятларга ва бутун кучларга чек қўйганида» нима содир бўлади? Ўшанда у камтарликни намоён қиладими? Албатта, чунки у «шоҳликни Отаси Худога топширади» (1 Коринфликларга 15:24–28 ни ўқинг).
17, 18. а) Яҳованинг хизматчилари Исонинг камтарлигига тақлид қилишлари нима учун муҳим? б) Кейинги мақолада қайси саволларга жавоб топамиз?
17 Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Исога тақлид қилиб камтарликни намоён этамизми? Шоҳ Исо Масиҳ Армагеддонда ҳукм қилиш учун келганида, уни қандай кутиб оламиз? У камтар ва одил инсонларни қутқариш учун жанг қилади. Демак, нажот топишни истасак, камтарлик фазилатини ўзимизда ривожлантиришимиз жуда муҳим экан. Боз устига, Исо Масиҳ ҳаёти давомида камтар бўлгани, унинг ўзига ва бошқаларга фойда келтирган бўлса, демак биз ҳам камтарликни намоён этиб, турли баракаларга эга бўламиз.
18 Камтарлик борасида ўрнак кўрсатган Исога тақлид қилишимизга нима ёрдам беради? Қийинчиликларга дуч келишимизга қарамай, қандай қилиб камтар бўла оламиз? Ушбу саволларга кейинги мақоладан жавоб топамиз.