Яҳованинг сабр-тоқатига тақлид қилинг
«Раббимиз берган ваъдасини амалга оширишга имилламаяпти. Аксинча, У... сабр-тоқат билан кутиб турибди» (2 БУТРУС 3:9).
1. Яҳова инсонларга қандай беқиёс туҳфани ҳавола этмоқда?
ЯҲОВА бизга ҳеч ким бера олмайдиган нарсани ваъда қилмоқда. Бу, ишлаб топиб ҳам бўлмайдиган, сотиб олиб ҳам бўлмайдиган, бебаҳо ва жозибали бир нарсадир. Бу — жаннатмакон ер юзидаги абадий ҳаёт туҳфасидир (Юҳанно 3:16). Нақадар ажойиб бу бўлажак ҳаёт! Азоб-уқубат етказаётган — адоват, зўравонлик, қашшоқлик, жиноятчилик, касаллик ва ҳатто ўлим ортда қолади. Худонинг Шоҳлиги бошқаруви остида инсонлар тинчлик ва ҳамжиҳатликдан роҳатланишади. Биз бу Жаннат келишига нақадар интизормиз! (Ишаё 9:6, 7; Ваҳий 21:4, 5).
2. Нима учун Яҳова ҳалигача Шайтоннинг ёвуз дунёсини йўқ қилмади?
2 Яҳованинг Ўзи ҳам ер юзида Жаннат барпо этишни истайди. Чунки У солиҳлик ва адолатни севади (Забур 32:5). Худонинг адолатли меъёрларига бефарқ ва адоватли муносабатда бўлаётган, Унинг ҳукмдорлигини рад этиб, халқини таъқиб қилаётган дунёга боқиш, Худога ҳузур бахш этмайди. Бироқ, нима учун У, Шайтоннинг ёвуз дунёсини ҳалигача йўқ қилмаганининг асосли сабаблари бор. Сабаби шундаки, Худонинг ҳукмдорлигига тегишли масала кўтарилган эди. Ушбу масала ҳал қилинишида Яҳова, ҳозир кўпчиликка етишмайдиган сабр-тоқат хислатини намоён этмоқда.
3. а) Муқаддас Китобда «сабр-тоқат» деб таржима қилинган ибронийча ва юнонча сўзлар қандай маънога эга? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?
3 Муқаддас Китобда «сабр-тоқат» деб таржима қилинган ибронийча ва юнонча сўзлар «узоқ чидамлиликни» ва ғазаб пайтида ўзини тута билишни англатади. Яҳованинг сабр-тоқати бизга қандай фойда келтиради? Яҳова ҳамда Унинг хизматчиларининг сабр-тоқати ва чидамлилигидан қандай ўрнак олишимиз мумкин? Яҳованинг сабр-тоқатининг чеки борлигини қаердан биламиз? Келинг бу саволларни кўриб чиқайлик.
Яҳованинг сабр-тоқати
4. Яҳованинг сабр-тоқати ҳақида ҳаворий Бутрус нима деб ёзган?
4 Яҳованинг сабр-тоқати тўғрисида ҳаворий Бутрус: «Шугина эътиборингиздан қочмасинки, Худованд назарида бир кун минг йил ва минг йил бир кун кабидир. Баъзилар ўйлагандай Раббимиз берган ваъдасини амалга оширишга имилламаяпти. Аксинча, У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамай, ҳамма тавба қилсин, деб сабр-тоқат билан кутиб турибди»,— деб ёзган (2 Бутрус 3:8, 9). Ушбу оятларда иккита фикр мужассам бўлиб, улар орқали нима сабабдан Яҳова сабр-тоқат кўрсатаётганини тушуна оламиз.
5. Яҳованинг вақтга бўлган нуқтаи назари Унинг ниятларига қандай таъсир қилади?
5 Биринчи фикр шундан иборатки, Яҳованинг вақтга бўлган нуқтаи назари бизникидан фарқлидир. Абадулабад барҳаёт Парвардигор учун минг йил худди бир кундай гап. У, вақтнинг ҳукми остида эмас, аммо У бирор нарса қилиш ниятида бўлса, имиллаб ўтирмайди. Беқиёс донолик соҳиби бўлган Яҳова, инсонларнинг манфаатини кўзлаб, ниятларини амалга ошириш учун муносиб вақт танлайди ва сабр билан шу вақтни кутади. Бироқ, Яҳова сабр қилиб турган вақтда хизматчилари қандай азобларни бошдан кечиришига бефарқ экан-да, деган хулосага келмаслигимиз лозим. Чунки Худо «меҳр-шафқатли», У севгидир (Луқо 1:78; 1 Юҳанно 4:8). Худо йўл қўйган азоб-уқубатлардан кўрган зараримизни, тўлиғича қоплай олади (Забур 36:10).
6. Биз Худо ҳақида қандай хаёлга бормаслигимиз керак, ва нима учун?
6 Чин дилдан истаган нарсамизни кутиш, осон эмас албатта (Ҳикматлар 13:12). Агар бирор киши ваъдаларини ҳадеганда бажаравермаса, унинг бажариш нияти йўқ экан, деган хулосага келиш мумкин. Худо ҳақида бундай хаёлга бориш оқилона бўлмайди. Агар Яҳованинг сабр-тоқатини имиллашга чиқарсак, тоқатимиз тоқ бўлиб, бизда шубҳа пайдо бўлиши, руҳан чўкишимиз ва оқибатда маънан мудраб қолишимиз мумкин. Янада хавфлироғи, имонсиз масхарабозлар бизни йўлдан уриши мумкин. Бундай одамлар: «Раббингизнинг қайтиши тўғрисидаги ваъда қани? Мана, ота-боболаримиз ўтгандан буён, ҳамма нарса аввал бошда қандай яратилган бўлса, шундай турибди»,— деб мазах қиладилар (2 Бутрус 3:3, 4).
7. Яҳованинг сабр-тоқати, У одамларнинг тавба қилишини исташини қандай кўрсатмоқда?
7 Иккинчи фикрга келсак, Яҳова ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамай, сабр-тоқат билан кутиб турибди. Ёмон йўлдан қайтишни истамаётганларни эса Яҳова жазолайди. Бироқ фосиқларни йўқ қилиш Худога ҳузур бахш этмайди. Аксинча, Унга одамларнинг тавба қилиб, ёмон йўлларидан қайтиб, ҳаёт йўлига қадам босишини кўриш хуш ёқади (Ҳизқиё 33:11). Шу сабабли, У сабр-тоқат қилиб, одамлар хабардор бўлсин дея, хушхабарни бутун ер юзига етказиш учун хизматчиларини юбормоқда.
8. Яҳованинг Исроил халқи билан муносабатидан, Унинг сабр-тоқати ҳақида нимани билиб оламиз?
8 Яҳова қадимги Исроил халқи билан қандай муносабатда бўлганидан ҳам Унинг сабр-тоқати кўринади. Асрлар оша Худо уларнинг итоатсизлигига сабр қилиб келди. У пайғамбарлари орқали неча марталаб уларни: «Қабиҳ йўлларингиздан қайтинглар. Менинг амрларимга, фармонларимга итоат этинглар! Мен ҳамма қонунларимни ота-боболарингизга берганман, қулларим — пайғамбарлар орқали сизларга юборганман»,— деб огоҳлантирган эди (4 Шоҳлар 17:13, 14).
9. Сабр-тоқат кўрсатишда Исо қандай қилиб Худога тақлид қилди?
9 Ниҳоят, Яҳова Ўзига ўғил каби яқин бўлган зотни — Исо Масиҳни юборди ва у яҳудийларни тинмай Худога қайтишга чақирди. У Худойи Таолонинг сабр-тоқатини мукаммал даражада акс эттирди. Яқинда ўлдирилишини билган Исо: «О, Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни ўлдирувчи ва ҳузурингга юборилганларни тошбўрон қилгувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остида қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг болаларингни неча бор шундай тўпламоқчи бўлдим, сизлар-чи истамадингиз»,— деб нола қилди (Матто 23:37). Ушбу таъсирчан сўзлар қаттиққўл ҳакамнинг ҳукми каби эмас, балки севувчи ва сабр-тоқатли дўстнинг афсусидек янгради. Худо сингари, Исо Масиҳ ҳам инсонлар тавба қилиб, ҳукмдан қутулишларини хоҳларди. Айримлар чиндан ҳам Исонинг огоҳлантиришларига қулоқ солиб, милодий 70 йилда Қуддуснинг бошига тушган ҳалокатдан қочиб қутулишди (Луқо 21:20-22).
10. Худонинг сабр-тоқати бизга қандай фойда келтиряпти?
10 Худонинг сабр-тоқати қойил қоларли даражада! Инсониятнинг итоатсизлигига қарамай, У Ўзи ҳақида билим олиш имконини ва қутқарилишга умидни ҳавола этди. Ҳаворий Павлус имондошларига: «Раббимизнинг сабр-тоқатини қутулиш фурсати деб ҳисобланглар»,— деб ёзган (2 Бутрус 3:15). Яҳованинг сабр-тоқати туфайли нажот йўлини топганимиз учун наҳотки миннатдор бўлмасак? Яҳова бундан буён ҳам бизга сабр-тоқат қилиб, хизматимизни хайрихоҳлик ила қабул қилишини сўраб ибодат қиляпмизми? (Матто 6:12).
11. Яҳованинг сабр-тоқатининг сабабини тушуниш, бизни нимага ундайди?
11 Агар Яҳованинг сабр-тоқатининг сабабини тушунсак, У ваъдаларини бажаришга имиллаяпти, деган хаёл келмайди ва нажот кунини кутишимиз осон бўлади (Еремиёнинг марсияси 3:26). Биз келгусида ҳам Худонинг Шоҳлиги келиши ҳақида ибодат қиламиз ва бу ибодатга жавоб бериш фурсатини Яҳова яхши билишига аминмиз. Бундан ташқари, Худонинг ўрнаги бизни, имондошларимизга ва ваъзгўйликда учраётган одамларга нисбатан сабрли бўлишга ундайди. Биз ҳам, инсонлар тавба қилиб, абадий ҳаётга бўлган умидимизга шерик бўлишларини истаймиз (1 Тимўтийга 2:3, 4).
Пайғамбарларнинг сабр-тоқати
12, 13. Қандай қилиб Ишаё пайғамбар сабр-тоқат ўрнагини кўрсатди?
12 Яҳованинг сабр-тоқати бизни бу фазилатни қадрлаб ривожлантиришга рағбатлантиради. Номукаммал инсонлар учун сабр-тоқатли бўлиш осон эмас, лекин бунинг иложи бор. Биз Худонинг пайғамбарларидан ўрнак олишимиз мумкин. Исонинг шогирди Ёқуб: «Эй биродарларим, Худованд номидан гапирган пайғамбарларнинг азоб-уқубатга қандай чидаганликларидан ўрнак олинглар»,— деб ёзган (Ёқуб 5:10). Бошқалар ҳам бизникига ўхшаш қийинчиликларга дош берганини билиш, бизга тасалли ва далда беради.
13 Мисол учун, Ишаё пайғамбар топшириғини бажаришда сабр-тоқатли бўлиши керак эди. Яҳованинг Ўзи шунга ишора этган: «Бу халққа бориб айтгин: “Эшитиб-эшитиб ҳам англамайсизлар; қараб-қараб ҳам кўролмайсизлар”. Чунки бу халқнинг дилини ёғ босган, қулоқлари зўрға эшитадиган бўлган, кўзларини эса юмиб олганлар. Мабодо кўзлари кўрадиган, қулоқлари эшитадиган, диллари эса фаҳмлайдиган бўлса-ю, тавба қилсалар, Мен уларга шифо берган бўлур эдим» (Ишаё 6:9, 10, ЯДТ). Уларнинг бефарқлигига қарамай, Ишаё пайғамбар сабр-тоқат ила камида 46 йил Яҳованинг огоҳ этувчи хабарини эълон қилиб юрди! Шу каби, биз ҳам сабр-тоқатли бўлсак, кўпчиликнинг хушхабарни қабул қилмаётганига қарамай, ваъз қилишни матонат ила давом эттирамиз.
14, 15. Еремиёга қийинчиликлар ва тушкунликка қарши курашишида нима ёрдам берган?
14 Пайғамбарлар нафақат бепарволикка дуч келишган, балки қувғинларни бошдан кечиришган. Масалан, Еремиё пайғамбарни кишанлаб қўйишган, зиндонга қамашган ва қудуққа ташлашган (Еремиё 20:2; 37:15; 38:6). Еремиё одамларга ёрдам бермоқчи эди, одамлар эса унга азоб беришди. Бироқ Еремиё бағритошга айланмади ва қасос ҳам олмади. У бир неча ўн йиллар мобайнида бундай муомалага дош бериб келди.
15 Таъқиблар ва мазахлар Еремиёни тўхтатолмагани каби, бизни ҳам ваъз этишдан тўхтатолмайди. Баъзида тушкунликка тушиб қолишимиз мумкин, албатта. Еремиё ҳам шундай аҳволга тушган. Масалан, Яҳованинг Каломи туфайли Еремиёни кун бўйи масхара қилишар эди. Шунда у, ваъз қилганим етар, энди Худо ҳақда бошқа гапирмайман, деган қарорга келди. Хўш, Еремиё ваъз қилмай қўйдими? Йўқ, чунки Худонинг Каломи Еремиёнинг қалбида худди алангадай ёнди ва у бошқа индамай туролмади (Еремиё 20:8, 9). Эътибор беринг, Еремиё мазахларга диққат қилгандагина, қувончини йўқотди. Лекин диққатини хушхабарнинг мазмуни ва жозибасига қаратганда эса, қувончи яна аланга олди. Боз устига, Яҳова худди қудратли жангчи каби, Еремиё хушхабарни ғайрат билан ваъз қилиши учун мадад бериб, у билан бирга бўлган (Еремиё 20:11).
16. Қандай қилиб хушхабарни доимо қувонч ила ваъз этишимиз мумкин?
16 Еремиё пайғамбар хизматини қувонч ила бажарганми? Шубҳасиз! У Яҳова Таоло ҳақида ваъз қилганидан шоду хуррам бўлиб, Унга шон-шарафлар айтган (Еремиё 15:16). Еремиё, Ҳақ Таолонинг вакили бўлиб, Унинг Каломини ваъз этишга мушарраф бўлганидан ниҳоятда хурсанд эди. Биз ҳам қувонишимиз мумкин. Ахир, бутун ер юзи бўйлаб кўплаб инсонлар хушхабарни тинглаб, тавба қилаётганини ва абадий ҳаётга элтувчи йўлдан бораётганини кўриб, фаришталар ҳам қувонади-ку! (Луқо 15:10).
«Аюбнинг сабр-тоқати»
17, 18. Аюб чидамлиликни қандай намоён этди, ва оқибати қандай бўлди?
17 Исонинг шогирди Ёқуб: «Худованд номидан гапирган пайғамбарларнинг азоб-уқубатга қандай чидаганликларидан ўрнак олинглар... Аюбнинг сабр-тоқати ҳақида эшитгансизлар, умрининг охирги кунларида Худованд у учун нималар қилганини биласизлар. Худованд кўп шафқатли ва марҳаматлидир»,— деган эди (Ёқуб 5:10, 11). Бу ердаги «чидам» ва «сабр-тоқат» сўзлари бир-бирига маънодошдир. Бир илоҳиётшуноснинг сўзларига кўра, бу икки сўзнинг фарқи эса қуйидагидан иборат: «Бизни таъқиб қилишганда сабр-тоқат керак, бошимизга кулфат ва қайғу тушганда эса чидам керак бўлади».
18 Аюбнинг бошига оғир кулфат тушди. У мол-мулкидан айрилди, фарзандлари ҳалок бўлди, ўзи эса азобли касалликка чалинди. Устига-устак, бу кулфатни Яҳова юборди, деган ёлғон даъволар билан курашиб келди. Аюб изтироб чекканида сукут сақламади; у азият чекканидан, ҳатто Худодан кўра ҳақлироқман, деб шама ҳам қилди (Аюб 35:2). Бироқ Аюб Яҳовага бўлган ишончини йўқотмади ва унга содиқ бўлиб қолди. У Худога иснод келтирмай, Шайтоннинг сўзлари ёлғон эканини кўрсатди (Аюб 1:11, 21). Оқибати қандай бўлди? «Яҳова Аюбнинг охирги кунларини аввалгидан ҳам баракалироқ қилди» (Аюб 42:12, ЯДТ). Яҳова унга саломатлик берди, бойлигини икки баравар кўпайтирди ва бутун оиласига бахт-саодат ато этди. Аюб имони ва чидамлилиги туфайли Яҳовани янада яхшироқ билиб олди.
19. Аюбнинг чидамлилигидан қандай ибрат олишимиз мумкин?
19 Аюбнинг чидамлилигидан қандай ибрат олишимиз мумкин? У каби биз ҳам касаллик ёки бошқа қийинчиликлардан азоб чекишимиз мумкин. Балки нима учун Яҳова бошимизга бундай синовлар тушишига йўл қўйганини тушуниш қийин кечаётгандир. Лекин бир нарсага амин бўлишимиз мумкин: агар Яҳовага содиқ қолсак, У бизни дуо қилади. Худо доимо Уни изловчиларга мукофот беради (Ибронийларга 11:6). Исо Масиҳ айтганидек: «Охиригача чидаган қутулади» (Матто 10:22; 24:13).
Маҳшар куни албатта келади
20. Маҳшар куни келишига нима учун амин бўлишимиз мумкин?
20 Яҳова сабр-тоқатли, шу билан биргаликда у адолатли ҳамдир ва У ёвузликка абадий тоқат қилмайди. Унинг сабр-тоқати чексиз эмас. Ҳаворий Павлус ёзишича: «Худо қадимги дунёни ҳам аямади». Нуҳ пайғамбар оиласи билан тўфондан қутулиб қолишди, ёвуз одамлар эса ҳалок бўлди. Бундан ташқари, Яҳова Садўм ва Ғамўра шаҳарларини ҳам ҳалокатга маҳкум этди ва кулга айлантирди. Бу билан Яҳова «Худосизлар бошига келадиган балолардан ибрат» кўрсатди. Шу каби, маҳшар куни ҳам албатта келади (2 Бутрус 2:5, 6; 3:10).
21. Биз қай ҳолатда сабр-тоқатни намоён этишимиз мумкин, ва келгуси мақолада нима ҳақида гап кетади?
21 Шундай экан, келинг Яҳованинг сабр-тоқатидан ибрат олиб, бошқаларни ҳам тавбага чақириб, қутулишларига ёрдам берайлик. Шунингдек, инсонларнинг бефарқлигига қарамай сабр-тоқат ила хушхабарни ваъз қилиб, пайғамбарлардан ўрнак олайлик. Боз устига, агар Аюб сингари синовларда Яҳовага содиқ қолсак, У бизга қут-баракалар ёғдиришига амин бўлишимиз мумкин. Биз доимо қувонч билан хизмат қилишимизга барча асослар бор, чунки Яҳова Ўз халқининг, хушхабарни ер юзи бўйлаб тарқатишдаги меҳнатини баракалаяпти. Келгуси мақолада шу баракалар ҳақида гап кетади.
Ёдингиздами?
• Нима сабабдан Яҳова сабр-тоқат кўрсатмоқда?
• Пайғамбарларнинг сабр-тоқатидан қандай ўрнак оламиз?
• Аюб қандай қилиб чидамлилик кўрсатди, ва оқибати қандай бўлди?
• Яҳованинг сабр-тоқатининг чегараси борлигини қаердан биламиз?
w06-UZ 02/1a
27 феврал — 5 март Қўшиқлар: 81, 98.