Худонинг Шоҳлиги бизни халос қилади!
Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин. МАТ. 6:10
1. Исо асосан нима ҳақда таълим берарди?
ИСО таълимотининг асосий мавзуси нима ҳақда эканини, шогирдларига ўргатган ибодатидан кўрса бўлади. У қуйидагича ибодат қилишни тавсия этган: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин» (Мат. 6:9–13). «Исо шаҳару қишлоқлар бўйлаб Худо салтанати тўғрисидаги Хушхабарни тарқатар эди» (Луқо 8:1). Масиҳ издошларини: «Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар»,— дея ундаган (Мат. 6:33). Ушбу мақолани кўриб чиқаётиб, ундаги маълумотни хизматда қандай қўллашингиз мумкинлиги тўғрисида фикр юритинг. Ўзингиздан сўранг: Шоҳлик тўғрисидаги хабар қанчалик муҳим? Инсоният нимадан халос бўлишида муҳтож? Қандай қилиб Худонинг Шоҳлиги бизни халос қилади?
2. Аллоҳ Салтанати тўғрисидаги хабар қанчалик муҳим?
2 Исо башорат қилганидек: «Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади» (Мат. 24:14). Ҳа, Шоҳлик тўғрисидаги бу хабарнинг тенги йўқ. Ҳали бундан муҳим хабар эълон қилинмаган! Дунё бўйлаб 100 000 дан ортиқ жамоатлардаги қарийб етти миллион Яҳованинг Шоҳидлари ушбу Салтанат ҳукм сураётгани тўғрисида хушхабарни тарқатишяпти. Бу чиндан ҳам қувончли хабар, чунки Яҳова ер юзи устидан ҳокимлик қилишга лойиқ ҳукуматни самода ўрнатиб, унинг бошқаруви остида Ўз иродасини осмонда бўлгани каби, ер юзида ҳам бажо айламоқчи.
3, 4. Худонинг иродаси амалга ошса, ер юзида ҳаёт қандай кечади?
3 Хўш, ер юзида Худованднинг иродаси амалга ошса, одамзодни нима кутади? Тангри Яҳова одамларнинг «кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур, энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас» (Ваҳ. 21:4). Мерос қилиб олинган гуноҳ ва номукаммаллик дастидан одамлар касаллик ҳамда ўлимга дучор бўлишмайди. Худонинг хотирасида бўлган марҳумлар ер юзида мангу яшаш имкониятига эга бўлишади. Зеро Инжилда айтилишича, Худо «солиҳ билан фосиқларни тирилтиради» (Ҳавор. 24:15). Боз устига урушлар, касалликлар ва очлик ўтмишда қолиб, ер юзи жаннатга айланади. Ҳатто йиртқич ҳайвонлар бир-бирига ва инсонларга нисбатан бошқа зарар етказмайдилар (Заб. 45:10; 71:16; Ишаё 11:6–9; 33:24; Луқо 23:43).
4 Аллоҳ Салтанати остидаги ҳаёт ҳақида Забурда: «Беозорлар эса ер юзига эга бўлажак, улар тинч-осойишталикда ҳузур қилажак»,— дея ёзилгани ажабланарли эмас. Ёмонлик қилувчилар билан нима содир бўлади? Муқаддас Китобда: «Яна бироздан кейин фосиқ йўқ бўлур»,— дейилган. «Худовандга умидворлар эса ер юзига эга бўлур»,— деган сўзларни ҳам ўқиймиз (Заб. 36:9–11).
5. Бу ёвуз дунёни нима кутмоқда?
5 Боя айтилганларнинг барчаси амалга оширилиши учун, бу ёвуз дунёни ва унинг низо чиқарадиган давлатларини, динларини ва тижорат воситаларини бутунлай алмаштириш зарур. Осмон Шоҳлиги айнан шуни бажаради. Дониёр пайғамбар қуйидагича каромат қилган: «Ўша шоҳларнинг [ҳозирги инсоний ҳукуматлар] даврида Самовий Худо битмас-туганмас бир шоҳлик [самода] ўрнатади. Ҳеч ким уни енга олмайди. Бу шоҳлик бошқа барча [ҳозирги] шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради» (Дон. 2:44). Ўшанда Худонинг Шоҳлиги — янги самовий ҳукумат ер юзи, яъни солиҳ инсонлар устидан бошқаради. Шунда «адолат ҳукм сурадиган янги ер ва янги осмон» бўлади (2 Бутр. 3:13).
Халос бўлишнинг айни пайтидир
6. Бу дунё ёвузлашиб кетгани ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?
6 Шайтон, Одам Ато ва Момо Ҳаво Эгамизга қарши исён кўтариб, нима яхши ва нима ёмон эканини ўзлари ҳал қилишни истаб, одамзодни ҳалокатга йўлиқтиришди. Ундан кейин 1 600 йил ҳам ўтди ва Тўфондан олдин яшаган инсонлар «бутун фикр-хаёли... ҳамиша ёмон» эди (Ибт. 6:5, 6). Яна 1 300 йил ўтгач, Сулаймон одамларнинг азоб-уқубатларини кўриб, шундай ёзган: «“Марҳумлар тириклардан бахтлироқдир”,— дедим. Аммо ҳали туғилмаганлар марҳумлардан ҳам бахтлироқдир, чунки улар бу дунёда қилинаётган қайғули ишларни кўрмаганлар» (Воиз 4:2, 3). У замондан 3 000 йилдан кўпроқ ўтди-ю, қонунсизлик кундан-кунга ортиб бормоқда.
7. Нега айнан ҳозир одамлар халос бўлишга муҳтож?
7 Гарчи ёвузлик анчадан бери бор бўлса-да, ҳозир одамлар ҳар қачонгидан ҳам халос бўлишга муҳтож. Охирги 100 йил мобайнида ҳали ер юзидаги шароит бунчалик даҳшатли бўлмаган ва ҳозир ҳаёт тобора оғирлашиб бормоқда. Масалан, бир институт ҳисоботи бўйича: «I асрдан бери содир бўлаётган урушлардан кўра, XX аср урушларининг қурбонлари уч баравар кўпроқ чиқди» («Worldwatch Institute»). 1914- йилдан бошлаб ҳарбий тўқнашувларда 100 миллиондан зиёд одам ҳалок бўлди! Бир энциклопедияда айтиб ўтилганидек, Иккинчи жаҳон урушида қарийб 60 миллион киши ҳалок бўлган. Айрим давлатлар ядро қуролига эга бўлганлари учун, ер юзининг бир талай аҳолисини йўқ қилиш имкони бор. Тиббиётнинг ютуқларига қарамай, ҳар йили тахминан беш миллион бола очлик туфайли ҳаёти билан видолашмоқда («Таълимотлар» китобининг 9- бобига қаранг).
8. Минг йиллар давомидаги инсоният бошқаруви нимани тасдиқлади?
8 Инсонлар дунёда тўлиб тошган қонунсизликни йўқ қила олишмади. Шунингдек сиёсат, тижорат ҳамда дин одамларга на тинчлик, на бахт ва на саломатлик келтирди. Бундан ташқари нафақат муаммолар ҳал қилинмади, балки янги ташвишлар ҳам пайдо бўлди. Ҳа, минг йиллар давомидаги инсоният бошқаруви қуйидаги сўзларни тасдиқлаяпти: «Йўловчи ўз қадамларини йўналтиришга қодир эмас» (Ерм. 10:23, ЯДТ). Чиндан ҳам, «бир киши иккинчисининг устидан зулм ўтказмоқда» (Воиз 8:9). Қолаверса, «борлиқ махлуқот ҳозирга қадар биргаликда оҳ-нола қиляпти» (Рим. 8:22).
9. «Охирги кунларда» шароитлар қандай бўлади?
9 Худонинг Каломида замонамиз тўғрисида: «Охирги кунларда оғир вақтлар келади»,— дея башорат қилинган. Охирзамонда инсонлар бошқаруви остида ҳаёт қандай бўлиши тасвирланиб, башоратда шундай дейилган: «Ёмон ва фирибгар одамлар... тобора разиллашиб борадилар» (2 Тимўтийга 3:1–5, 13 ўқиб беринг). Масиҳчилар бундан ҳайрон қолишмаяпти, боиси «бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир» (1 Юҳан. 5:19). Аммо хушхабарга кўра Раббимиз, Уни севганларни яқинда халос этади. Кундан-кунга оғирлашиб бораётган бу ёвуз дунёдан, улар озод бўлишади.
Яҳова ягона Халоскор
10. Нимага айнан Яҳова ягона Халоскордир?
10 Хушхабарни ваъз қилаётиб, халос этишга қодир Шахс — Яҳова эканини айтиб беринг. Қайғу ва ёмонликдан Ўз хизматчиларини халос қилишга фақат Унинг кучи ҳамда истаги бор (Ҳавор. 4:24, 31; Ваҳ. 4:11). Тангри Яҳова ниятларини амалга оширишида амин бўлишимиз мумкин. Ахир У Ўзи: «Нима ният қилган бўлсам, ўша бўлади»,— дея қасам ичган. Шунингдек Яҳова: «Оғзимдан чиққан ҳар бир сўз, амалга ошмай олдимга қайтмайди»,— деб айтган (Ишаё 14:24, 25; 55:10, 11, ЯДТ).
11, 12. Аллоҳ хизматчиларини нимада ишонтирмоқда?
11 Яҳова фосиқларни ҳукм қилиш пайтда, Ўз хизматчиларини халос этишига бир неча бор ишонтирган. Эгамиз, Еремиё пайғамбарни гуноҳга ботиб кетган кишилар билан гаплашишга юборганида, қўрқмасин дея руҳини кўтарган. Ҳақиқатан ҳам Еремиёда қўрқишга сабаби йўқ эди. Зотан Яҳова унга бундай деди: «Сени халос этиш учун, Мен сен билан биргаман» (Ерм. 1:8, ЯДТ). Шу сингари Садўм ва Ғамўра шаҳарларини яксон қилишдан олдин, Яҳова иккита фариштага Лут ва унинг оиласини хавфсиз жойга олиб кетишларини буюрган. Ва улар шаҳардан чиқибоқ, «Худованд Садўм билан Ғамўра устига... оловли олтингугурт ёғдирди» (Ибт. 19:15, 24, 25).
12 Дарҳақиқат Яҳовага, Унинг иродасини бажараёганларни халос этишига ҳеч нарса халақит бермайди. Яҳова Тўфонда ёвуз одамларни йўқ қилганда: «Солиҳлик йўлини хабарлаб юрган Нуҳ ва бошқа озгина кишини, яъни ҳаммаси бўлиб саккиз жоннигина сақлади» (2 Бутр. 2:5). Яҳова келажакда бу ёвуз дунёни ҳам қириб ташлаётганида, содиқ кишиларни қутқаради. Унинг Каломи биз доимо Яҳовани, солиҳлик ва беозорликни ахтаришга чорлаяпти. Ўшанда «балки Яҳованинг ғазаби кунида паноҳ топарсиз» (Заф. 2:3, ЯДТ). Шунда «тўғри одам ўша ерда яшайди... фосиқ эса ердан қириб ташланади» (Ҳик. 2:21, 22).
13. Ҳаётдан кўз юмган хизматчиларини Яҳова қандай қилиб халос этади?
13 Аммо ҳозирга келиб Худонинг кўп хизматчилари касаллик ва қувғинлар дастидан ҳаётдан кўз юмишган (Мат. 24:9). Улар қандай қилиб халос бўлишади? Юқорида айтилганидай, Аллоҳ «солиҳларни... тирилтиради» (Ҳавор. 24:15). Ҳақиқатан ҳам, Яҳовага Ўз хизматчиларини халос этишида ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди!
Адолатли ҳукумат
14. Нега Аллоҳнинг Шоҳлиги — адолатли ҳукуматдир?
14 Хушхабарни ваъз қилаётиб, Яҳованинг Шоҳлиги энг адолатли ҳукумат эканини одамларга тушунтиринг. Уни чиндан ҳам адолатли дейиш мумкин. Чунки унда Аллоҳнинг адолат, солиҳлик ва севги каби ажойиб фазилатлари акс эттирилган (Амр. 32:4; 1 Юҳан. 4:8). Худо Шоҳликни, ҳукмронлик қилишга лойиқ бўлган Исо Масиҳнинг қўлига топширди. Яҳова шунингдек келажакда 144 000 мойланган масиҳчилар ер юзидан олиниб, самовий ҳаётга тирилиши учун ғамхўрлик қилди (Ваҳ. 14:1–5).
15. Худонинг Шоҳлиги одамларникидан нимаси билан фарқ қилади?
15 Исо Масиҳ ва унинг 144 000 ҳамворисларнинг ҳукмдорлиги, номукаммал инсонларникидан қанчалик фарқ этишини бир тасаввур қилинг! Бугунги кунда аксарият ҳукмдорлар золим ва шафқатсиз бўлиб, фуқароларини урушларга бошлашмоқда. Натижада миллионлаб одамлар ҳалок бўлишяпти. Мана нимага Забурда: «Умид боғламанг бекларга, нажот беролмайдиган одамзодга!» — дея ёзилган (Заб. 145:3). Бироқ Масиҳнинг ҳукумати остида ҳаёт ўзгача кечади! Исонинг ўзи бундай деди: «Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман. Менинг бўйинтуруғимга ўзингизни қўшинг ва Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар. Чунки Мен солган бўйинтуруқ юмшоқ, Мен берган юк енгилдир» (Мат. 11:28–30).
Охирги кунлар ўз поёнига етиб қолди!
16. Охирги кунлар нима билан якунланади?
16 Бу дунёнинг охирги кунлари ёки «охирзамон» 1914- йилда бошланган (Мат. 24:3). Исо айтган «буюк мусибат» яқин орада юз беради (Матто 24:21 ўқиб беринг). Мислсиз ушбу мусибат Шайтон дунёсига чек қўяди. Лекин у қачон бошланади ва унинг якуни қандай бўлади?
17. Муқаддас Китобга биноан, буюк мусибатдан олдин нима юз беради?
17 Буюк мусибат кутилмаганда бошланади. «Инсонлар тинч ва осойишта деб юрганда», Яҳованинг «маҳшар куни» тўсатдан келади (1 Салоникаликларга 5:2, 3 ўқиб беринг). Одамлар, жаҳон муаммоларини ҳал қилиш арафасида турибмиз, деб ўйлашганда каромат қилинган мусибат бошланади. Сохта дин империяси бўлмиш «буюк Бобил» бехосдан йўқ қилиниши инсониятни ҳайратда қолдиради. Ер юзи подшоҳлари учун буюк Бобилнинг ҳукм қилиниши ҳечам кутилмаган бўлади (Ваҳ. 17:1–6, 18; 18:9, 10, 15, 16, 19).
18. Шайтон Яҳованинг халқига қарши чиққанда, У нима қилади?
18 Ушбу кескин ўзгариш пайтда «қуёш, ой ва юлдузларда ажойиб аломатлар пайдо бўлади» ва «Инсон Ўғлининг аломати осмонда намоён бўлади». Сўнг эса «халос бўлиш вақт-соати яқинлашганини билиб, қоматимизни ғоз тута» оламиз (Луқо 21:25–28; Мат. 24:29, 30). Шайтон бор кучини Аллоҳнинг халқига қарши қаратади. Аммо Яҳова садоқатли хизматчиларини қуйидагича ишонтирмоқда: «Кимки сизларга тегса, Менинг кўз қорачиғимга теккан бўлади» (Закр. 2:8, ЯДТ). Худонинг халқига қарши қилган Шайтоннинг уринишлари муваффақиятсизликка учрайди. Нега? Сарвари Олам Яҳова Ўзини куттириб қўймайди ва хизматчиларини халос қилади (Ҳиз. 38:9, 18).
19. Нега самовий қўшин бу ёвуз дунёдан асар ҳам қолдирмаслигига амин бўлишимиз мумкин?
19 Яҳова халқларга қарши чиққанда, У Тангри Таоло эканини барча билади (Ҳиз. 36:23). Яҳова Шайтон дунёсини бутунлайин йўқ қилиш учун, Исо Масиҳ раҳбарлиги остида бўлган сон-саноқсиз қудратли фаришталарини юборади (Ваҳ. 19:11–19). Масалан, бир кечанинг ўзида Эгамизнинг фариштаси «185 000 кишини ўлдирганини» эсга олайлик. Шубҳасизки буюк мусибат авж нуқтасига етиб, Ҳор-Магидўн бўлганда, самовий қўшин ёвуз дунёдан асар ҳам қолдиришмайди (4 Шоҳ. 19:35; Ваҳ. 16:14, 16). Шайтон ва унинг жинлари минг йилга тубсизлик қаърига ташланади. Охир оқибатда улар яксон қилинади (Ваҳ. 20:1–3).
20. Шоҳлиги орқали Яҳова нимани амалга оширади?
20 Ер юзи ёмонлик таъсиридан тозалангач, солиҳлар унда мангу яшай олишади. Шу йўсин Яҳова Буюк Халоскор эканини исботлайди (Заб. 144:20). Шоҳлиги орқали ҳукмдорлигини оқлаб, Ўз исмини улуғлайди ва ер юзи борасидаги ажойиб ниятини бажаради. Келинг, қувонч ила хушхабарни ваъз қилиб, «абадий ҳаётга тайин бўлганларнинг ҳаммаси» яқинда Худонинг Шоҳлиги халос қилишини билишларида кўмаклашайлик! (Ҳавор. 13:48).
Ёдингиздами?
• Исо эътиборни Шоҳлик тўғрисидаги хабарга қандай қаратган?
• Нега ҳозир одамлар халос бўлишга муҳтож?
• Буюк мусибат пайтида қандай воқеалар юз беради?
• Яҳова, Буюк Халоскор эканини қандай намоён қилмоқда?
[12-, 13- саҳифадаги расмлар]
Хушхабар бутун жаҳон бўйлаб эълон қилиниши, Аллоҳ Каломида башорат қилинган
[15- саҳифадаги расм]
Яҳова Нуҳни ва унинг оиласини қутқарганидек, бизни ҳам халос қилади
[16- саҳифадаги расм]
Тангри Яҳова «ҳар бир ёшни артиб олур... ўлим сира бўлмас» (Ваҳ. 21:4)