112- БОБ
Қизлар ҳақидаги масал ҳушёрликка ўргатади
ИСО ЎНТА ҚИЗ ҲАҚИДА МАСАЛ АЙТИБ БЕРАДИ
Шогирдлар Исодан унинг ҳозир бўлиши ва замонанинг охирлаб бориши ҳақида сўрашади. Исо уларга жавоб бериб, яна бир насиҳатомуз масал келтиради. Исонинг ҳозир бўладиган пайтда яшайдиган одамлар у айтган нарсаларга гувоҳ бўлишади.
Исо шундай деб бошлайди: «Осмон Шоҳлиги мойчироқларни олиб, куёвни кутиб олишга чиққан ўнта қизга ўхшайди. Қизлардан бештаси ақлсиз, бештаси эса ақлли экан». (Матто 25:1, 2)
Бу билан Исо Шоҳликда ҳукмронлик қиладиган шогирдларининг ярми нодон, ярми ақлли бўлишини айтмоқчи эмас. Аксинча, у ҳар бир шогирди ўзи танлов қилиши, яъни Шоҳликни ёдда тутиб, ҳушёр туриши ёки бошқа нарсаларга чалғиши мумкинлигини тушунтиради. Бироқ Исо ҳар бир издоши содиқ қолишига ва Отасидан барака олишига амин.
Исонинг масалидаги ўнта қизнинг ҳаммаси куёвни кутиб олиш ва никоҳ базмида иштирок этиш учун чиқади. Одатда куёв келинни, улар биргаликда яшайдиган уйга олиб кетиш учун келади. Қизлар эса куёвга ҳурмат кўрсатиш мақсадида чироқлари билан унинг йўлини ёритишади. Лекин бу сафар нима бўлади?
Исо қуйидагича тушунтиради: «Ақлсиз қизлар чироқларни олишибди-ю, лекин ўзлари билан мой олишмабди. Ақлли қизлар эса чироқлар билан бирга идишларда мой ҳам олишибди. Куёв кечиккани сабабли, ҳамма қизлар мизғиб, ухлаб қолишибди». (Матто 25:3–5) Куёв кутилганидек тез орада келмайди. У анча кеч қолади шекилли, бу пайтда қизлар ухлаб қолишади. Ҳаворийлар Исони тинглаётиб, эҳтимол, асилзода бир одам ҳақидаги масални эслашади. Охири «ўша киши шоҳликни қўлга киритиб» қайтади. (Луқо 19:11–15)
Исо ўнта қиз ҳақидаги масалида, куёв қайтганида нималар бўлишини шундай тасвирлайди: «Бирдан ярим кечада баланд овоз эшитилибди: “Куёв келяпти! Уни қаршилагани чиқинглар”». (Матто 25:6) Хўш, қизлар куёвни кутиб олиш учун тайёр ва ҳушёр туришибдими?
Исо гапини қуйидагича давом эттиради: «Шунда ҳамма қизлар туриб, мойчироқларини тайёрлашибди. Ақлсиз қизлар ақллиларга шундай дейишибди: “Бизга мойларингиздан беринглар, чунки чироқларимиз ўчиб қолай деяпти”. Ақлли қизлар уларга жавобан: “Тағин бизларга ҳам, сизларга ҳам мой етмай қолмасин. Яхшиси мой сотувчиларга бориб, улардан олинглар”,— дейишибди». (Матто 25:7–9)
Хуллас, бешта қиз ҳушёр турмаган ва куёвнинг келишига тайёр бўлмаган. Мойчироқларида мой қолмагани учун, улар мойни топиб келишлари керак. Исо шундай дейди: «Ақлсиз қизлар мой сотиб олишга кетганда, куёв келибди. Тайёр турган қизлар куёв билан бирга никоҳ базмига киришлари биланоқ эшик ёпилибди. Сўнг қолган қизлар ҳам келиб, шундай дея илтимос қилишибди: “Тақсир, тақсир, эшикни очинг!” У қизларга жавоб бериб: “Мен сизларни танимайман”,— дебди». (Матто 25:10–12) Ҳа, тайёр ва ҳушёр турмаганларнинг охири вой бўлади.
Исо куёв деганда ўзини назарда тутаётганини ҳаворийлар англашади. Бундан олдин ҳам у ўзини куёв билан солиштирган. (Луқо 5:34, 35) Ақлли қизлар эса кимни тасвирлайди? Исо Шоҳликни мерос қилиб оладиган «кичик пода» ҳақида гапирганида, уларга шундай деган эди: «Кийиниб, тайёр туринглар, мойчироқларингиз ёқилган бўлсин». (Луқо 12:32, 35) Демак, ҳаворийлар «қизлар» сўзи остида Исо уларни ҳамда улар каби содиқ шогирдларни назарда тутаётганини тушунишади. Хўш, Исо келтирган масалнинг маъноси қандай?
Буни, унинг якунловчи сўзларидан тушунса бўлади: «Шундай экан, ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар». (Матто 25:13)
Кўриниб турибдики, Исо ўзининг ҳозир бўлиш пайти ҳақида гапириб, издошларини «ҳушёр туришга» ундаяпти. Демак, улар бешта ақлли қизга ўхшаб унинг келишига тайёр ва ҳушёр туришлари лозим. Шунда улар умидни қўлдан бой бермай, мукофот олишади.