113- БОБ
Талантлар ҳақида масал
ИСО ТАЛАНТЛАР ҲАҚИДА МАСАЛ АЙТИБ БЕРАДИ
Исо тўртта ҳаворий билан ҳамон Зайтун тоғида. У уларга яна бир масал айтиб беради. Бир неча кун олдин у Ерихо шаҳрида миналар ҳақида масал айтиб берган эди. Ўша масал Шоҳлик узоқ келажакда келишига ишора қиларди. Исо ҳозир келтирмоқчи бўлган масал ҳам миналар ҳақидаги масалга ўхшаб кетади. Бу масал Исо ўзи ҳозир бўладиган ва замон охирлаб борадиган пайт ҳақидаги саволга берган жавобнинг бир қисми. Исо шогирдларининг эътиборини уларга топширилган ишни тиришқоқлик ила бажариш кераклигига қаратади.
Исо шундай деб бошлайди: «Осмон Шоҳлиги, қулларига мол-мулкини топшириб, узоқ сафарга жўнаб кетган одамга ҳам ўхшайди». (Матто 25:14) Илгари Исо ўзини «шоҳликни қўлга киритиш учун узоқ мамлакатга» жўнаб кетган одамга ўхшатган эди. Шунинг учун ҳаворийлар Исо айнан ўша «одам» эканини тушунишади. (Луқо 19:12)
Ўша одам бошқа мамлакатга кетишдан олдин қулларига мол-мулкини топширади. Уч ярим йиллик хизмати давомида Исо Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни қунт билан ваъз қиларди ва шогирдларини у бошлаб берган фаолиятни давом эттиришга тайёрларди. Энди шогирдлари у таълим берганидек йўл тутишларига ишонч ҳосил қилиб, Исо уларни тарк этади. (Матто 10:7; Луқо 10:1, 8, 9; Юҳанно 4:38; 14:12 ни солиштиринг.)
Исонинг масалидаги одам мол-мулкини қулларига қандай тақсимлаб беради? Исо шундай ҳикоя қилади: «У ҳар бирига ўз қобилиятига яраша: бирига беш, бошқасига икки, учинчисига бир талант бериб йўлга чиқибди». (Матто 25:15) Хўш, қуллар уларга ишониб топширилган мол-мулкни қай йўсин ишга солишади? Хўжайин кўпроқ даромад кўриши учун қуллар тиришқоқлик ила меҳнат қилишадими? Исо ҳаворийларига қуйидагиларни айтади:
«Беш талант олган киши шу заҳоти бориб, уларни ишга солибди-да, яна беш талант орттирибди. Худди шундай, икки талант олган ҳам, устига икки талант орттирибди. Бир талант олган қул эса хўжайини берган кумуш тангаларини ерга кўмиб, яшириб қўйибди». (Матто 25:16–18) Қизиқ, хўжайин қайтганида нима юз беради?
«Анча вақтдан сўнг,— давом этади Исо,— хўжайин сафардан қайтибди ва қулларидан ҳисобот беришларини сўрабди». (Матто 25:19) Биринчи иккита қул «ўз қобилиятига яраша» қўлидан келганини қилди. Улардан ҳар бири ўзига ишониб топширилган пулни ишга солиб тиришқоқлик ила астойдил меҳнат қилди ва самара келтирди. Беш талант олган киши яна беш талант орттирди. Икки талант олган киши ҳам худди шундай қилди. (Ўша пайтда ишчи бир талантни ишлаб топиш учун тахминан 19 йил меҳнат қилиш керак эди.) Сўнг хўжайин ҳар бирини мақтаб: «Баракалла, сен яхши, ишончли қул экансан. Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сенга катта ишларни ҳам топшираман. Кел, энди хўжайининг билан бирга қувонгин»,— дейди. (Матто 25:21)
Аммо бир талант олган қул ўзгача йўл тутади. У шундай дейди: «Хўжайин, сиз талабчан эканингизни, экмаган жойдан ўриб, сепмаган жойдан йиғиб олишингизни билардим. Шу боис, сиздан қўрқиб, берган талантингизни ерга кўмиб, яшириб қўйдим. Мана, олинг, бу сизники». (Матто 25:24, 25) У, хўжайини қандайдир даромад олиши учун пулларни ҳатто ишга ҳам солмади. Бошқача қилиб айтганда, у хўжайинига зиён келтирди.
Хўжайин уни «ёвуз, дангаса қул» деб атагани бежиз эмас. Ундан талантни тортиб олишади ва астойдил меҳнат қилишга тайёр қулга беришади. Хўжайин нимага асосланиб бундай йўл тутганини қуйидагича тушунтиради: «Кимда бор бўлса, унга яна берилади ва унда мўл-кўл бўлади. Кимда йўқ бўлса, унинг бор нарсаси ҳам тортиб олинади». (Матто 25:26, 29)
Исонинг шогирдлари анча нарса ҳақида ўйлаб кўришлари мумкин. Мазкур масалнинг ўзи ҳам уларни чуқур мулоҳаза юритишга чорлайди. Исо топширган шогирд тайёрлашдек шарафли вазифани юқори қадрлаш кераклигини ҳаворийлар тушунишади. Исо улардан тиришқоқ бўлишни кутади. Лекин уларнинг ҳаммаси ваъзгўйлик фаолиятида иштирок этиб, ишни бир хил даражада бажаришларини талаб қилмайди. Масалдан аён бўлганидек, Исонинг ҳар бир шогирди қўлидан келганича, «қобилиятига яраша» ҳаракат қилиши керак. Бироқ бу, Хўжайиннинг мол-мулкини кўпайтириш учун қўлидан келганини қилмаган «дангаса» ҳам Исога маъқул келади дегани эмас.
Ҳаворийлар Исонинг: «Кимда бор бўлса, унга яна берилади»,— деган сўзларидан қанчалик қувонган бўлишса керак-а?!