114- БОБ
Масиҳ келганида қўй ва эчкиларни ҳукм қилади
ИСО ҚЎЙ ВА ЭЧКИЛАР ҲАҚИДА МАСАЛ АЙТАДИ
Зайтун тоғида Исо эндигина шогирдларига ўнта қиз ва талантлар ҳақидаги масалларни айтиб берди. Ўзининг ҳозир бўлиши ва замон охирлаб бораётганини кўрсатадиган белги тўғрисидаги ҳаворийларнинг саволига Исо жавобни қандай якунлайди? Исо уларга қўй ва эчкилар ҳақидаги сўнгги масални айтиб беради.
Исо масални айтишдан аввал, ҳодисалар кетма-кетлигини қуйидагича тасвирлайди: «Инсон Ўғли ўз улуғворлигида барча фаришталар билан бирга келганда, ўзининг улуғвор тахтига ўтиради». (Матто 25:31) Ушбу масалдаги бош қаҳрамон Исо Масиҳ экани шубҳасиз. У ўзини тез-тез «Инсон Ўғли» деб атарди. (Матто 8:20; 9:6; 20:18, 28)
Қизиқ, бу масал қайси пайтда амалга ошади? Исо «ўз улуғворлигида барча фаришталар билан бирга келганда, ўзининг улуғвор тахтига» ўтирганда амалга ошади. Олдин ҳам Исо «Инсон Ўғлининг куч-қудрат ва шон-шуҳрат билан булутлар узра» келиши ҳақида айтган эди. Унда бу қачон юз беради? «Мусибатдан сўнг дарҳол» юз беради. (Матто 24:29–31; Марк 13:26, 27; Луқо 21:27) Демак, бу масал келажакка, яъни Исо ўз улуғворлигида келган пайтга тегишли. Ўшанда у нима қилади?
Исонинг тушунтиришича, «Инсон Ўғли ўз улуғворлигида... келганда... Унинг олдида барча халқлар тўпланади. Ўшанда у худди чўпон қўйларни эчкилардан ажратгандек, одамларни бир-биридан ажратади. Қўйларни ўнг томонига, эчкиларни эса чап томонига қўяди». (Матто 25:31–33)
Ўнг томонга қўйилган, яъни марҳаматга сазовор бўлган қўйлар ҳақида Исо қуйидагиларни айтади: «Кейин шоҳ ўнг томондагиларга шундай дейди: “Эй, Отамдан барака топганлар, келинглар, дунёга асос солинганидан бери сизларга тайёрлаб қўйилган Шоҳликка эга бўлинглар”». (Матто 25:34) Нега қўйлар Шоҳнинг марҳаматига сазовор бўлишади?
Шоҳ буни тушунтириб, шундай дейди: «Мен оч эдим, сизлар менга егулик бердингиз, сувсаган эдим чанқоғимни қондирдингиз, мусофир эдим, меҳмон қилдингиз, кийимсиз эдим, кийинтирдингиз, касал эдим, ғамхўрлик қилдингиз, қамоқда эдим, хабар олиб турдингиз». Қўйлар, яъни «одил кишилар» унга қачон яхшилик қилишганини сўрашганда, у: «Энг кичик биродарларимдан бирига нима қилган бўлсангиз, менга ҳам қилган бўласиз»,— деб айтади. (Матто 25:35, 36, 40, 46) Улар бундай савоб ишларни осмонда қилишмайди, сабаби, осмонда на касаллар, на очлар бор. Бинобарин, бу ерда Масиҳнинг ер юзидаги биродарлари учун қилинган ишлар ҳақида гап кетяпти.
Чап томонга қўйилган эчкилар билан-чи, нима бўлади? Исо қуйидагиларни айтади: «Сўнг у [Шоҳ] чап томондагиларга шундай дейди: “Эй лаънатилар, Иблис ва унинг жинлари учун тайёрлаб қўйилган мангу оловга йўқолинглар. Сабаби, мен оч эдим, сизлар менга егулик бермадингиз, сувсаган эдим чанқоғимни қондирмадингиз, мусофир эдим, меҳмон қилмадингиз, кийимсиз эдим, кийинтирмадингиз, касал эдим, ғамхўрлик қилмадингиз, қамоқда эдим, хабар олиб турмадингиз”». (Матто 25:41–43) Эчкилар Масиҳнинг ер юзидаги биродарларига меҳрибонлик кўрсатмагани учун, уларга мазкур жазо чиқарилади. Ваҳоланки, улар шундай қилишлари керак эди.
Ҳаворийлар келажакдаги ҳукмнинг оқибатлари ўзгармас, абадий эканини тушунишади. Исо давом этиб, уларга қуйидагича дейди: «У [Шоҳ] эса [эчкиларга] шундай деб айтади: “Ишонаверинг, энг кичик биродарларимдан бирига қилмаган бўлсангиз, менга ҳам қилмаган бўласиз”. Улар абадий йўқ бўлиб кетишади, одил кишилар эса мангу ҳаётга эга бўлишади». (Матто 25:45, 46)
Исонинг ҳаворийларига берган жавобидан у издошларини мулоҳаза юритишга ундаётганини кўришимиз мумкин. Ҳа, улар бундай қилиб ўз муносабатию ҳаракатларини текшира олишади.