86- ДАРС
Исо Лазарни тирилтиради
Байтания деган қишлоқда Исонинг учта яқин дўсти: Лазар ва унинг иккита синглиси Марям ҳамда Марта яшарди. Бир куни Исо Иордан дарёсининг нариги томонида бўлганида, Марям билан Марта унга шошилинч хабар юборишди. Улар: «Акамиз Лазар қаттиқ касал бўлиб қолди. Илтимос, тезроқ келинг!» — дейишди. Исо ўша заҳоти йўлга чиқмади, у яна икки кун кутди. Бу орада Лазар вафот этди. Кейин Исо шогирдларига: «Юринглар, Байтанияга борамиз. Лазар ухлаб қолди, мен уни уйғотгани кетяпман»,— деди. Улар эса: «Агар у ухлаб қолган бўлса, соғайиб кетади»,— деб жавоб қайтаришди. Шунда Исо уларга очиғини айтди: «Лазар вафот этди».
Исо Байтанияга етиб келганида, Лазар дафн этилганига тўрт кун бўлганди. Кўп одамлар Марта билан Марямга тасалли бериш учун келди. Марта Исо келаётганини эшитиб, уни кутиб олгани югуриб кетди. У Исога: «Ҳазрат, агар шу ерда бўлганингизда акам ўлмасди»,— деб айтди. Исо унга: «Марта, акангиз тирилади. Сиз бунга ишонасизми?» — деди. Марта бўлса: «Ҳа, ўлганлар ҳаётга қайтган пайтда тирилишига ишонаман»,— деб жавоб берди. Исо унга: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман»,— деди.
Кейин Марта Марямнинг олдига бориб: «Исо келди»,— деб айтди. Шунда Марям Исонинг олдига югуриб кетди ва ортидан кўп одам эргашди. У Исонинг оёқларига ўзини ташлаб: «Ҳазрат, шу ерда бўлганингизда эди, акамиз ўлмасди!» — деди. Марямнинг қаттиқ қайғураётганини кўриб, Исо йиғлаб юборди. Унинг йиғлаётганини кўрган халойиқ: «Қаранглар, Исо Лазарни қаттиқ яхши кўрар экан»,— деди. Аммо баъзилар ҳайрон бўлиб: «Унда нега дўстини қутқармади?» — дейишди. Хўш, кейин Исо нима қилди?
Исо қабр бошига келди, унинг оғзига катта тош қўйилган эди. Исо: «Тошни юмалатинглар!» — деди. Марта эса: «Ҳазрат, у ҳидланиб қолган бўлса керак, ахир қабрга қўйганимизга тўрт кун бўлди-ку»,— деб айтди. Шундай бўлса-да, тошни юмалатишди ва Исо қуйидагича ибодат қилди: «Ота, мени эшитганинг учун Сендан миннатдорман. Мени доимо эшитишингга аминман, лекин атрофимдаги одамлар Сен мени юборганингни билишлари учун буни айтдим». Кейин у баланд овозда: «Лазар, ташқарига чиқ!» — деди. Кутилмаганда ҳайратланарли воқеа содир бўлди: қабр ичидан кафанга ўралган Лазар чиқиб келди. Исо: «Юра олиши учун кафанини ечинглар»,— деб айтди.
Бу мўъжизани кўрган одамларнинг кўпчилиги Исога ишонди. Аммо баъзилар фарзийларнинг олдига бориб, бу ҳақда айтиб беришди. Шунда фарзийлар Лазар билан Исони ўлдирмоқчи бўлди. 12 та ҳаворийдан бири Яҳудо Ишқариёт фарзийларнинг олдига бориб: «Исони тутишга ёрдам берсам, менга қанча тўлайсизлар?» — деб сўради. Улар 30 кумуш танга беришга рози бўлишди. Ўша пайтдан бошлаб, Яҳудо Исони фарзийларга тутиб бериш учун қулай фурсат излай бошлади.
«Бизга нажот бераётган Худо — ҳақ Тангридир, Олий Ҳукмдор бўлмиш Яҳова ўлимдан халос этади». (Забур 68:20)