ЖУРНАЛХОНЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Нега Муқаддас Китобда айтилган баъзи шахсларнинг исмлари тилга олинмаган?
Худонинг Каломидаги Рут китобида, Тавротга кўра зиммасига юкланган вазифани бажаришдан бош тортган киши шунчаки биродар деб аталган (Рут 4:1–12). Хўш, Муқаддас Китобда исмлари тилга олинмаган шахслар эътиборга лойиқ эмас ва ёмон, деб хулоса қилиш керакми?
Йўқ. Бир нечта мисолларни кўриб чиқайлик. Фисиҳ байрами таомини тайёрлашдан олдин, Исо ўз шогирдларига «шаҳардаги фалончиникига» боришни буюрган (Матто 26:18). Бу оятдаги киши ёмон ёки унинг исми тилга олинишга арзимас бўлгани учун «фалончи», деб ёзилган десак бўладими? Асло. Чунки, бу ерда «фалончи» деб аталган одам Исонинг шогирди бўлгани шубҳасиз. Ушбу баёнотда унинг исми муҳим аҳамиятга эга бўлмагани учунгина, исми тушиб қолдирилган, холос.
Бундан ташқари, Худонинг Каломида анчагина ёвуз кишиларнинг исмлари ёзилган, аммо кўпгина садоқатли одамларнинг исмлари тилга олинмаган. Масалан, илк аёлнинг исми, Момоҳаво ҳаммага яхши таниш. Лекин унинг худбинлиги ва итоатсизлиги Одаматони гуноҳ қилишга олиб борди, бунинг натижаси барчамиз учун аянчли бўлди (Римликларга 5:12). Аксинча, Нуҳ пайғамбар хотинининг исми Муқаддас Китобда тилга олинмаган, бироқ эрининг муҳим ишида фидоий ва итоатли бўлиб, уни қўллаб-қувватлагани учун, ундан ғоят миннатдормиз. Албатта, Муқаддас Китобда бу аёлнинг исми ёзилмагани, унинг аҳамиятсиз эканини ёки Худо унга барака бермаганини англатмайди.
Муқаддас Китобда Яҳованинг ниятида муҳим ўринни эгаллаган, бироқ исми айтилмаган анчагина садоқатли хизматчилар ҳақида ёзилган. Мисол учун, суриялик лашкарбоши Нўмоннинг уйида чўрилик қилган исроиллик қизчани эслайлик. Бу қизча бекаси бўлмиш, Нўмоннинг хотинига Яҳованинг Исроилдаги пайғамбари ҳақида жасорат ила айтиб берган. Бунинг натижасида ажойиб бир мўъжиза содир бўлган (4 Шоҳлар 5:1–14). Шунингдек, Йифтох исмли ҳакамнинг қизи ҳам мустаҳкам имонни намоён этишда ўрнак кўрсатган. У, отаси ўз ваъдасини амалга ошириши учун, турмушга чиқиш ва фарзандли бўлиш имконидан воз кечган (Ҳакамлар 11:30–40). Бундан ташқари, Забурнинг 40 дан ортиқ саносини басталаган кишиларнинг ҳамда муҳим вазифалар ишониб топширилган содиқ пайғамбарларнинг исмлари ҳам номаълум (3 Шоҳлар 20:37–43).
Бироқ садоқатли фаришталар бундан ҳам қойил қолдирадиган ўрнак кўрсатишган. Уларнинг сони юз миллионлаб бўлишига қарамай, Муқаддас Китобда улардан фақатгина иккитасининг исми — Жаброил ва Микоил ёзилган (Дониёр 7:10; Луқо 1:19; Яҳудо 9). Бошқа фаришталарнинг исмлари Худонинг Каломида тилга олинмаган. Мана бир мисол, Шимшўннинг отаси Монувах бир куни фариштага: «Бизга исмингизни айтинг. Токи айтганларингиз рўёбга чиққанда, сизни дуо қилиб юрайлик»,— деган. Лекин фаришта унга: «Нега исмимни сўраяпсан?» — деб жавоб берган. Бу фаришта камтаринлик ила, ягона Аллоҳга тегишли бўлган шарафни қабул қилишдан бош тортган (Ҳакамлар 13:17, 18).
Муқаддас Китобда, нега баъзи шахсларнинг исми тилга олингани, бошқаларнинг исми эса айтилмагани ҳақида ҳеч нима ёзилмаган. Аммо ўзига шараф изламай, Худога садоқат ила хизмат қилган кишилардан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин.