Биласизми?
Исонинг издоши бўлмиш Бутрус Корнилийникига боришдан олдин, бир кўнчининг уйида қолганидан нимани ўрганишимиз мумкин?
▪ Инжил баёнотига кўра, «Бутрус анча вақт» Яффа шаҳрида «денгиз бўйида яшайдиган, чарм тайёрловчи Симунникида меҳмон бўлган» (Ҳаворийлар 9:43; 10:6). Кўнчининг иши яҳудийларнинг назарида нопок ва жирканч иш ҳисобланарди. Яҳудийларнинг Талмуд, деган китоби кўнчини гўнг ташувчидан ҳам паст ўринда қўяди. Симуннинг иши ўлик ҳайвонларнинг танаси билан боғлиқ эди. Бу дегани, у ҳамиша нопок бўлган (Левилар 5:2; 11:39). Турли манбаларга кўра, Симун иш учун денгиз сувидан фойдаланган. Кўнчилик «сассиқ иш» бўлгани учун унинг устахонаси шаҳар четида жойлашган.
Шунга қарамай, Бутрус Симуннинг уйида қолишга ҳазар қилмагани кўриниб турибди. Бундан хулоса, Бутрус яҳудийлар каби бундай инсонларни нопок, деб ҳисобламаган. Ҳазрати Исо ҳам худди шундай йўл тутган (Матто 9:11; Луқо 7:36–50).
Исонинг: «Буни ўзингиз айтдингиз»,— деган сўзларининг маъноси нима?
▪ Олий руҳоний Каяфа Исодан: «Худонинг Ўғли Масиҳ сенмисан»,— деб сўраганда, Исо унга жавоб бериб: «Буни ўзингиз айтдингиз»,— деган (Матто 26:63, 64). Хўш, у нимани назарда тутган?
Исо Каяфанинг саволига жавоб беришдан бўйин товламоқчи эмасди. «Буни ўзингиз айтдингиз», деган ибора яҳудийларга яхши таниш бўлиб, айтилган гаплар рост эканидан далолат берарди. Масалан, милодий тўртинчи асрда ёзилган Қуддус Талмуди, деган яҳудий дин асарида айтилишича, бир яҳудий кишидан устознинг ўлгани ҳақида сўрашганда, у: «Ўзингиз айтдингиз»,— деб жавоб берган экан. Бу, устознинг ўлганлигини тасдиқлайдиган жавоб эди.
Исо олий руҳонийнинг ваколатини тан олиб, унинг оғзидан чиққан гап рост эканини тасдиқлаган. Агар Исо олий руҳонийнинг саволига жавоб бермаганида, олий руҳоний, Исо ўзининг Масиҳ эканини рад этяпти, деб ўйлаши мумкин эди. Шу сабабли, Исо олий руҳонийга: «Буни ўзингиз айтдингиз»,— дея жавоб берган. Марк ёзган баёнотга кўра эса, Каяфа Исодан ўзининг Масиҳ эканини кўрсатишини сўраганда, Исо жасорат билан: «Менман»,— деб айтган (Марк 14:62; шунингдек, Матто 26:25 ва Марк 15:2–оятларига ҳам қаранг).
[18- саҳифадаги расм]
Фос шаҳридаги кўнчилик, Марокаш