125- БОБ
Ҳананнинг, кейин Каяфанинг ҳузурида
МАТТО 26:57–68 МАРК 14:53–65 ЛУҚО 22:54, 63–65 ЮҲАННО 18:13, 14, 19–24
СОБИҚ ОЛИЙ РУҲОНИЙ ҲАНАН ОЛДИГА ОЛИБ БОРИЛАДИ
ОЛИЙ КЕНГАШ НОҲАҚ ҲУКМ ҚИЛАДИ
Исони худди жиноятчидек боғланган ҳолда Ҳананнинг ҳузурига олиб кетишяпти. Болалигида Исо маъбадда муаллимларни лол қолдирган пайтда Ҳанан олий руҳоний эди. (Луқо 2:42, 47) Кейинчалик Ҳананнинг баъзи ўғиллари ҳам олий руҳонийнинг вазифасини бажаришган. Ҳозир эса буни унинг куёви Каяфа бажаряпти.
Исо Ҳананнинг уйида экан, Олий Кенгашни йиғиш учун Каяфада вақт бор. У 71 аъзодан иборат. Унга олий руҳоний ва илгари бу мартабага эга бўлган кишилар киради.
Ҳанан «Исони шогирдлари ва таълимотлари ҳақида сўроқ қилади». Исо унга шундай жавоб беради: «Мен дунёга очиқчасига гапирдим. Мен доим барча яҳудийлар йиғиладиган жойларда, ибодатхоналарда ва маъбадда таълим бердим. Ҳеч нарсани пинҳона гапирмадим. Нега мендан сўраяпсиз? Айтганларимни эшитганлардан сўранг». (Юҳанно 18:19–21)
Исонинг ёнида турган соқчилардан бири унинг юзига шапалоқ тушириб: «Бош руҳонийга шундай жавоб берасанми?» — дейди. Исо нотўғри гапирмаганини билиб: «Агар нотўғри гапирган бўлсам, нотўғрилигини айтинг менга, борди-ю тўғри бўлса, нега мени уряпсиз?» — дейди. (Юҳанно 18:22, 23) Шунда Ҳанан Исони куёви Каяфанинг олдига жўнатади.
Шу орада Каяфанинг уйида Олий Кенгашнинг ҳамма аъзолари: олий руҳоний, халқ оқсоқолларию уламолар йиғилади. Фисиҳ байрамида суд қилиш қонунга хилоф эди, лекин ҳеч нарсага қарамай, улар қабиҳ ниятини амалга оширишмоқчи.
Бу одамларни холис дейиш қийин. Исо Лазарни тирилтирганида, Олий Кенгаш Исони ўлдиришга қарор қилган. (Юҳанно 11:47–53) Бундан ташқари, бир неча кун аввал дин раҳбарлари Исони тутиб, ўлдиришга тил бириктиришган. (Матто 26:3, 4) Бундан келиб чиқдики, ҳукм қилинишдан олдин Исога ўлим жазоси чиқарилган эди.
Бош руҳонийлар ва Олий Кенгашнинг бошқа аъзолари қонунга хилоф равишда йиғилгани етмаганидек, Исога қарши сохта айбловлар келтириш мақсадида гувоҳларни излашади. Талайгина гувоҳлар топилади, аммо уларнинг айбловлари бир-бирига зид бўлади. Охири, улардан иккитаси шундай дейди: «Бу киши: “Мен одам қўли билан қурилган шу маъбадни бузиб, уч кун ичида одам қўли билан қурилмаган бошқа маъбадни барпо қиламан”,— деганини ўзимиз эшитдик». (Марк 14:58) Бироқ шунда ҳам уларнинг гувоҳлиги бир-бириники билан тўғри келмайди.
Каяфа Исодан: «Ҳа, нега индамаяпсан? Сенга қарши қўйган айбларига нима дейсан?» — дея сўрайди. (Марк 14:60) Исо гувоҳларнинг сохта айбловларига ҳеч нарса демайди. Шунда олий руҳоний Каяфа бошқача йўл тутади.
Агар кимдир ўзини Худонинг Ўғли деб атаса, яҳудийлар норози бўлиши мумкинлигини Каяфа биларди. Илгари Исо Худони Отам деб атаганида, яҳудийлар у ўзини «Унга тенглаштирди», дея уни ўлдирмоқчи бўлишган. (Юҳанно 5:17, 18; 10:31–39) Уларнинг муносабатини билган Каяфа Исога иғволи савол беради: «Барҳаёт Худо ҳаққи қасам ичиб бизга айт-чи, Худонинг Ўғли Масиҳ сенмисан?» (Матто 26:63) Ҳақиқатан ҳам, Исо ўзини Худонинг Ўғли деб атарди. (Юҳанно 3:18; 5:25; 11:4) Агар Исо бу саволга жавоб бермаса, улар у Худонинг Ўғли ва Масиҳ эмас, деган хаёлга боришлари мумкин. Шунинг учун Исо: «Менман. Сизлар энди Инсон Ўғли Қодир Аллоҳнинг ўнг томонида ўтирганини ҳамда булутлар узра келаётганини кўрасизлар»,— дейди. (Марк 14:62)
Каяфа буни эшитгач, хўжакўрсинга кийимини йиртиб, шундай бақиради: «У Худога қарши гапиряпти! Бизга бошқа гувоҳларнинг нима кераги бор? Мана, у Худога қарши гапирганини ҳозир ўзларингиз эшитдингиз! Бунга нима дейсизлар?» Олий Кенгаш: «У ўлимга лойиқ!» — деб адолатсиз ҳукм чиқаради. (Матто 26:65, 66)
Бундан сўнг Исони масхара қила бошлашади. Уни муштлаб, тарсаки туширишади ва юзига тупуришади. Унинг юзини беркитиб: «Пайғамбар бўлсанг айт-чи, сени ким урди?» — деб мазах қилишади. (Луқо 22:64) Ҳа, ўша кеча Худонинг Ўғлини ноҳақ ҳукм қилишади!