58- БОБ
Халойиқни тўйдиради ва хамиртуруш ҳақида огоҳлантиради
ИСО 4 000 КИШИНИ ТЎЙДИРАДИ
ФАРЗИЙЛАРНИНГ ХАМИРТУРУШИДАН ОГОҲЛАНТИРАДИ
Ўнкентга, Жалила денгизининг шарқий қирғоғига Исонинг олдига улкан оломон оқиб келади. Улар Исони тинглаш ва дардларидан фориғ бўлиш учун келишади. Улар ўзлари билан егулик солинган катта саватлар олиб келишган.
Бир қанча вақтдан сўнг Исо шогирдларига шундай дейди: «Халққа раҳмим келяпти. Мана уч кундан бери мен билан юришибди-ю, егани ҳеч нарсалари йўқ. Агар уларни оч ҳолда жўнатсам, йўлда ҳолдан тойиб қолишади. Ахир баъзилари жуда узоқдан келишган-ку». Шогирдлари бўлса ундан: «Бу хилват жойда шунча кишини тўйдириш учун қаердан нон топамиз?» — деб сўрашади. (Марк 8:2–4)
Исо: «Нечта нонингиз бор?» — деб сўрайди. «Еттита нон ва бир нечта кичкина балиғимиз бор»,— деб айтишади улар. (Матто 15:34) Сўнгра Исо халққа ерга ёнбошлашни буюради. У нонни ва балиқларни олади-да, Худога шукрона айтиб, уларни шогирдларига беради. Шогирдлари эса халққа тарқатишади. Буни қарангки, ҳамма еб тўяди. Қолган бурдаларни йиғиб олишганда, еттита катта сават тўлади. Еганлар эса, аёллару болалардан ташқари 4 000 та эркак бўлади!
Кейин Исо халққа рухсат бериб, шогирдлари билан бирга қайиққа ўтиради-да, Жалила денгизининг ғарбий соҳилига, Магадан юртига сузиб кетишади. Магаданда Исонинг ёнига фарзийлар билан саддуқийлар мазҳабидан бўлганлар келишади ва уни синамоқчи бўлиб осмондан бирор аломат кўрсатишини сўрашади.
Исо уларнинг ниятларини билиб, шундай жавоб беради: «Кеч кираётганда, сизлар: “Осмон қизариб турибди, демак ҳаво очиқ бўларкан”,— дейсизлар; тонг отганда эса: “Осмон қизариб тургани билан, ҳаво бузуқ, демак совуқ ва ёғингарчилик бўлади”,— дейсизлар. Сизлар осмонга қараб, об-ҳаво қанақа бўлишини аниқлай оласизлар-у, аммо шу вақтга тегишли аломатларни аниқлай олмаяпсизлар». (Матто 16:2, 3) Кейин Исо фарзийлару саддуқийларга Юнус пайғамбарникидан бошқа аломат кўрсатилмаслигини айтади.
Исо шогирдлари билан бирга қайиққа ўтириб, Жалила денгизининг шимоли-шарқий соҳилига, Байтсайдага сузиб кетади. Йўлда шогирдлар ўзлари билан нон олишни унутишганини пайқаб қолишади. Уларда фақат битта нон бор экан, холос. Исо фарзийлар ва Ҳироднинг тарафдорлари бўлмиш саддуқийлар билан бўлган учрашувни назарда тутиб, шогирдларини қатъий огоҳлантиради: «Қаранглар, фарзийларнинг ва Ҳироднинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар»,— дейди. «Хамиртуруш» сўзини эшитишганда шогирдлар эсдан чиқиб қолган нон ҳақида гап кетяпти деб ўйлашади. Шогирдларининг нотўғри тушунганини кўриб, Исо улардан: «Нимага нонимиз йўқ, деб баҳслашяпсизлар?» — деб сўрайди. (Марк 8:15–17)
Исо яқиндагина минглаб одамларни нон билан тўйғизди. Шунинг учун шогирдлар Исонинг том маънодаги нон ҳақида ташвишланмаётганини тушунишлари керак эди. «Эсингиздами,— дейди Исо,— бешта нонни 5 000 эркакка бўлиб берганимда, бурдаларидан нечта сават териб олган эдингиз?» «12 та»,— дея жавоб беришади улар. Исо давом этиб: «Еттита нонни 4 000 та эркакка бўлиб берганимда, бурдаларидан нечта сават териб олган эдингиз?» — деб сўрайди. Улар: «Еттита»,— дея жавоб беришади. (Марк 8:18–20)
«Сизларга нон ҳақида гапирмаётганимни наҳот тушунмаган бўлсангиз? — деб сўрайди Исо.— Мен, фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар, дедим». (Матто 16:11)
Ниҳоят, шогирдлар Исо нимани назарда тутганини англашади. Хамиртуруш хамирни ачитиб, кўтаради. Бу ерда эса «хамиртуруш» сўзи рамзий маънода ишлатилиб бузилишни англатади. Демак, Исо шогирдларларини таъсири ёмон бўлган «фарзийлар билан саддуқийларнинг таълимотидан» огоҳлантиради. (Матто 16:12)