60- БОБ
Масиҳ улуғвор қиёфада кўринади
МАТТО 16:28–17:13 МАРК 9:1–13 ЛУҚО 9:27–36
МАСИҲ УЛУҒВОР ҚИЁФАДА
ҲАВОРИЙЛАР ХУДОНИНГ ОВОЗИНИ ЭШИТИШАДИ
Хермон тоғидан тахминан 25 километр нарида жойлашган Филип Кесарияси атрофида Исо халққа таълим бераётиб ҳаворийларига қойилмақом бир гап айтади: «Ишонаверинг, бу ерда турганлардан баъзилар, Инсон Ўғли ўз Шоҳлигида келаётганини кўрмагунча, ўлмайди». (Матто 16:28)
Шогирдлар Исо нима демоқчи эканидан ҳайрон бўлишаётгандир. Орадан тахминан бир ҳафта ўтиб, Исо Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони ёнига олиб, улар билан баланд тоққа чиқади. Эҳтимол, бу кечаси юз бераётгандир, чунки шогирдлар уйқусираётган бўлишади. Исо ибодат қилаётганида, қиёфаси ўзгариб кетади. Ҳаворийлар унинг юзи қуёшдай ярқираб, кийимларидан нур таралаётганини кўришади.
Кейин унинг ёнида «Мусо ва Илёс пайғамбарлар», деб танилган икки зот пайдо бўлади. Улар Исога, унинг «дунёни тарк этиши муносабати билан Қуддусда нималар юз бериши тўғрисида» гапиришади. (Луқо 9:30, 31) Исонинг ўзи яқинда айтганидек «дунёни тарк этиши», эҳтимол, унинг ўлишини ва кейин тирилишини англатади. (Матто 16:21) Бу суҳбатдан шу аён бўладики, Бутруснинг ундовига қарамай, Исо шармандали ўлимдан қочишни хаёлига ҳам келтирмайди.
Учта ҳаворий уйқудан уйғониб, юз бераётган воқеани ҳайрат билан кузатиб, тинглаб туришади. Бу бор-йўғи ваҳий, холос, аммо шунчалик ишонарлики, Бутрус дарҳол суҳбатга қўшилиб: «Устоз, бу ерга келганимиз жуда яхши бўлди. Келинг, учта чодир қуриб берайлик. Бири сиз учун, бири Мусо ва яна бири Илёс пайғамбар учун бўлади»,— дейди. (Марк 9:5) Балки Бутрус бу ваҳий давом этиши учун учта чодир қуришни хоҳлаётгандир.
Бутрус гапириб турганда, бирдан уларни ёрқин булут қоплайди ва булут ичидан: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар»,— деган садо келади. Бу садони эшитгач ҳаворийлар ерга юз тубан йиқилишади, лекин Исо уларга: «Туринглар, қўрқманглар»,— дейди. (Матто 17:5–7) Улар ўрнидан туришганида, у ерда Исодан бошқа ҳеч ким йўқлигини кўришади. Ваҳий тугайди. Эртасига тоғдан тушаётганда, Исо уларга: «Инсон Ўғли тирилмагунча, кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар»,— деб буюради. (Матто 17:9)
Ваҳийда Илёс пайғамбарни кўришгани учун, ҳаворийларда савол туғилади: «Нега уламолар, биринчи Илёс пайғамбар келиши керак, дейишади?» Исо уларга жавобан шундай дейди: «Илёс пайғамбар аллақачон келган эди. Лекин уни танимадилар». (Матто 17:10–12) Исо халқни сувда чўмдириб юрган Яҳёни назарда тутади. Сабаби, у Илёс пайғамбарникига ўхшаш вазифани бажарган: Илёс пайғамбар Элишай пайғамбар учун йўл ҳозирлагани каби, Яҳё ҳам Масиҳ учун йўл ҳозирлаган.
Бу ваҳий Исонинг ҳамда ҳаворийларнинг имонини роса мустаҳкамлаган бўлса керак-а! У Масиҳнинг шоҳона улуғворлигини гўё олдиндан намоён этди. Исо ваъда берганидек, шогирдлар «Инсон Ўғли ўз Шоҳлигида» келганини кўришди. (Матто 16:28) Тоғда улар «унинг улуғворлигини ўз кўзлари» билан кўришди. Гарчи фарзийлар Исодан, у Худо тайинлаган Шоҳ эканини исботлаш учун аломат кўрсатишини талаб қилишган бўлса-да, лекин у бундай қилмади. Исонинг яқин шогирдларига эса, унинг қиёфаси ўзгаришини кўришга ижозат берилган ва бу, Шоҳлик ҳақидаги барча башоратларни тасдиқлаган. Ана шу сабабли, Бутрус кейинчалик: «Биз башоратли сўзга илгаригидан ҳам кўпроқ ишонамиз»,— деб ёзган. (2 Бутрус 1:16–19)