62- БОБ
Камтарин бўлиш сабоғи
МАТТО 17:22–18:5 МАРК 9:30–37 ЛУҚО 9:43–48
ИСО ЯНА ЎЛИМИ ҲАҚИДА АЙТАДИ
БАЛИҚ ОҒЗИДАН ЧИҚҚАН ТАНГА БИЛАН СОЛИҚ ТЎЛАЙДИ
ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИДА КИМ БУЮК?
Қиёфаси ўзгарганидан ва Филип Кесариясида жинга чалинган бола соғайганидан сўнг Исо Кафарнаҳумга жўнайди. У ерга фақатгина шогирдлари билан боради, сабаби, бу ҳақда халойиқдан «кимдир билиб қолишини хоҳламасди». (Марк 9:30) Бу, Исо шогирдларини ўлимига тайёрлаши ҳамда улар бажарадиган вазифалар тўғрисида гаплашиши учун имкон очиб беради. Исо шогирдларига: «Инсон Ўғли душманларининг қўлига тутиб берилади ва улар уни ўлдиришади. Аммо у учинчи куни тирилади»,— деб айтади. (Матто 17:22, 23)
Бу сўзлардан шогирдлар ҳайрон қолмасликлари керак. Исо ўлдирилиши ҳақда аллақачон айтганди, бироқ Бутрус бунга ишонмас эди. (Матто 16:21, 22) Бундан ташқари, учта ҳаворий Исонинг қиёфаси ўзгарганини кўрган ва у «дунёни тарк этиши» ҳақидаги суҳбатни эшитган. (Луқо 9:31) Шогирдлар у нима деганини охиригача тушунмаган бўлишса-да, унинг гапларидан «қайғуга ботишди». (Матто 17:23) Шу билан бир вақтда улар Исодан бу ҳақда тафсилотларни сўрашга ҳам журъат эта олишмади.
Бир оз вақт ўтиб, улар Исо кўпинча хизмат қиладиган шаҳарга — Кафарнаҳумга етиб келишади. Бу ер бошқа ҳаворийларнинг ҳам она шаҳри. Шунда Бутруснинг олдига маъбад солиғини йиғадиган кишилар келишади. Эҳтимол, улар Исони урф-одатларга риоя қилмаганликда айблаш ниятида: «Устозингиз маъбад солиғини тўлайдими?» — деб сўрашади. (Матто 17:24)
«Тўлайди»,— деб жавоб қайтаради Бутрус. Бутрус у билан уйда кўришганда, Исо аллақачон барча нарсадан хабардор бўлади. Шунинг учун, Бутрус гапиришидан олдин Исо ундан: «Нима деб ўйлайсиз, Симун, жаҳон подшоҳлари бож ёки жон солиғини кимдан олишади? Ўз ўғиллариданми ёки бегоналарданми?» — деб сўрайди. Бутрус жавоб бериб: «Бегоналардан-да»,— дейди. «Демак, ўғиллар солиқдан озод экан-да»,— дейди Исо. (Матто 17:25, 26)
Исонинг Отаси Сарвари Оламдир ва Унга маъбадда топинишади. Демак, Худонинг Ўғли қонун бўйича маъбад солиғини тўлашга мажбур эмас. Исо шундай дейди: «Лекин биз ҳақимизда нотўғри фикрга бормасликлари учун денгизга бориб, қармоқ ташланг. Қармоққа илинган балиқнинг оғзини очсангиз, кумуш танга топасиз. Ўшани олиб, икковимиз учун тўланг». (Матто 17:27)
Вақт ўтгач шогирдлар бирга йиғилишади ва Исодан Осмон Шоҳлигида ким энг буюк эканини сўрашади. Бундан сал олдин улар Исонинг ўлими тўғрисида сўрашга журъат эта олишмаган эди, ҳозир эса ўзларининг келажаги борасида савол беришдан қўрқишмаяпти. Улар нима ҳақда ўйлашаётганини Исо билади. Кафарнаҳумга Исонинг орқасидан эргашиб кетаётганда, улар айнан буни жўшқин тарзда муҳокама қилиб кетишганди. Шу боис Исо: «Йўл-йўлакай нима тўғрисида баҳслашдингиз?» — деб сўрайди. (Марк 9:33) Шогирдлар уялганидан индашмайди, сабаби, ораларида ким энг буюк экани тўғрисида баҳслашишганди. Ниҳоят, ҳаворийлар Исодан: «Осмон Шоҳлигида ким энг буюк бўлади?» — деб сўрашади. (Матто 18:1)
Шуниси ажабланарлики, шогирдлар деярли уч йил мобайнида Исони кузатиб, айтганларини эшитишганига қарамай, барибир бу мавзуда гап очишяпти. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, улар номукаммал. Боз устига, улар ўсиб-улғайган диний муҳитда ўрин ва мартабага муҳим эътибор қаратиларди. Бундан ташқари, Исо Бутрусга Осмон Шоҳлигининг «калитларини» ваъда қилгани учун у ўзини устунроқ ҳисоблаган бўлиши мумкин. Ёқуб билан Юҳанно ҳам ўзларини шундай ҳис қилишгандир, ахир улар Исонинг қиёфаси ўзгарганини кўришган-ку.
Сабаби қандай бўлмасин, Исо уларнинг нуқтаи назарини ўзгартириш мақсадида таъсирли бир мисол келтиради. У бир болакайни чақириб, уларнинг орасига турғизади-да, шундай дейди: «Агар ўзгариб, жажжи болалардай бўлмасангизлар, Осмон Шоҳлигига асло кира олмайсизлар. Кимки шу жажжи боладек ўзини паст тутса, у Осмон Шоҳлигида энг буюк бўлади. Кимки шундай жажжи болаларнинг бирини менинг номимдан қабул қилса, у мени қабул қилган бўлади». (Матто 18:3–5)
Таълим бериш усули нақадар ажойиб-а?! Исонинг уларга аччиғи чиқаётгани йўқ, уларни мағрур, очкўз ёки шуҳратпараст деб ҳам атамаган. Аксинча, Исо яққол мисол келтиради. Болаларнинг юксак мартабаси бўлмайди. Шунинг учун Исо, шогирдлари болалар каби бўлишга ўрганиши кераклигини кўрсатади. Кейин Исо сўзларига шундай якун ясайди: «Орангизда ким ўзини паст олиб юрса, ўша буюк бўлади». (Луқо 9:48)