63- БОБ
Исонинг муҳим насиҳатлари
МАТТО 18:6–20 МАРК 9:38–50 ЛУҚО 9:49, 50
ИМОНДАН ҚАЙТАРГАННИНГ ҲОЛИ
АГАР ИМОНДОШ ГУНОҲ ҚИЛСА
Шогирдларининг фикрлаш тарзи қандай бўлиши кераклиги борасида Исо яққол мисол келтирди. Улар ўзини кичик деб билишлари ва ҳеч қандай мавқега эга бўлмаган кичкина болалардек бўлишлари керак. Демак, улар шундай жажжи болаларни Исонинг номидан қабул қилиб, уни қабул қилган бўлишади. (Матто 18:5)
Ҳаворийлар Исонинг сўзларига таънадек қараган бўлишлари мумкин, чунки яқиндагина ким энг буюклиги ҳақида ўзаро баҳслашишганди. Ҳозир эса ҳаворий Юҳанно эндигина содир бўлган воқеа ҳақида Исога шундай дейди: «Устоз, сизнинг номингиз билан жинларни қувиб чиқараётган бир одамни кўрдик. Биз билан бирга юрмагани учун, унга тўсқинлик қилмоқчи бўлдик». (Луқо 9:49)
Юҳанно касалларни соғайтиришга ва жинларни қувиб чиқаришга фақат ҳаворийларнинг ҳаққи бор, деб ҳисоблаяптими? Борди-ю, шундай бўлса ҳалиги яҳудий киши жинларни қандай қувиб чиқарди? Балки Юҳанно бояги киши Исо ва ҳаворийлари билан бирга юрмаётгани учун мўъжизалар яратишга ҳаққи йўқ деб ўйлаётгандир.
Исонинг қуйидаги сўзларидан Юҳанно ҳайрон қолади: «Унга тўсқинлик қилманглар, ахир ким менинг номим билан қудратли ишларни бажарса, бундан кейин дарров мени ёмонлай олмайди. Ахир ким бизга қарши бўлмаса, у биз томонда. Шунингдек, Масиҳнинг издоши бўлганингиз учун сизларга бир пиёла сув берган киши, ишонаверинг, мукофотсиз қолмайди». (Марк 9:39–41)
Бу одам Исонинг тарафдори эканини кўрсатиш учун унинг ортидан эргашиши шарт эмас. Масиҳийлар жамоати ҳали ташкил топмагани боис, ўша кишининг Исо билан юрмагани унга қарши чиқаётганини ёхуд сохта дин манфаатларини кўзлаётганини англатмайди. У Исонинг исмига ишонгани учун жинларни қувиб чиқара олган ва Исонинг сўзларига кўра, бу киши мукофотсиз қолмайди.
Борди-ю, ҳаворийларнинг гаплари ёки ҳаракатлари сабабли ўша одам имондан қайтганда нима бўларди? Бу жуда аянчли оқибатга олиб келарди! Исо шундай дейди: «Менга ишонган бу кичикларнинг бирини ким имондан қайтарса, бўйнига катта тегирмон тошини осиб, денгизнинг чуқур жойида чўктириб юборишлари у учун яхшироқ бўлади». (Марк 9:42) Кейин Исо шогирдларига гуноҳ қилишга сабаб бўладиган ҳар қандай нарсадан — ҳатто қўл, оёқ ёки кўз каби қадрли тана аъзоларидан кечиш кераклигини айтади. Инсон учун азиз бўлган тана аъзоларидан бирини йўқотиб Худонинг Шоҳлигига кириш, ўша аъзони сақлаб қолиб жаҳаннамга (Ҳинном водийсига) ташланишдан кўра яхшироқдир. Ҳаворийлар Қуддус яқинидаги ахлат ёндириладиган ўша водийни кўришган бўлса керак. Демак, улар бу абадий йўқ қилиниш рамзи эканини тушунишади.
Шунингдек, Исо қуйидагича огоҳлантиради: «Эҳтиёт бўлинглар, ушбу кичикларнинг бирортасини ҳам камситманглар. Сизларга айтиб қўяй, уларнинг осмондаги фаришталари ҳамиша самовий Отамнинг юзини кўриб туришади». Хўш, унинг Отаси учун «ушбу кичиклар» қанчалик қадрли? Исо уларга юзта қўйи бўлган бир киши ҳақида мисол айтиб беради. Ўша кишининг қўйларидан бири йўқолиб қолади ва у 99 тасини қолдириб, йўқолганини излагани боради. Уни топгач, қолган 99 тасидан кўра топилган қўйи учун кўпроқ севинади. Исо гапида давом этиб: «Самовий Отам ҳам, ўша кичикларнинг бирортаси йўқолишини истамайди»,— дейди. (Матто 18:10, 14)
Эҳтимол, ҳаворийлар ораларида ким буюк экани ҳақида баҳслашишганини назарда тутиб, Исо уларга: «Ичингизда туз бўлсин ва ўзаро тинч-тотув яшанглар»,— деб насиҳат қилади. (Марк 9:50) Туз овқатни мазали қилади. Рамзий маънода туз қўшилган сўзларни ҳам қабул қилиш осонроқ бўлади ва тинчликни сақлашга ёрдам беради, баҳслар эса уни барбод этади. (Колосаликларга 4:6)
Баъзан жиддий тушунмовчиликлар юзага келади ва Исо бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини тушунтиради. «Мабодо биродарингиз сизга қарши гуноҳ қилса,— дейди Исо,— у билан яккама-якка гаплашиб, айбини кўрсатинг. Агар сизга қулоқ солса, уни қайтариб олган бўласиз. Борди-ю, қулоқ солмаса, ўзингиз билан бир ёки икки кишини олиб боринг, чунки ҳар бир масала икки ёки уч гувоҳнинг сўзлари билан тасдиқланиши керак». Шунда ҳам масала ҳал бўлмаса, унда «жамоатга», яъни масалани ҳал қилишга масъулиятли бўлган оқсоқолларга мурожаат этиш керак. Лекин гуноҳ қилган киши уларга ҳам қулоқ солмаса-чи? Исо шундай дейди: «У сиз учун имонсиз кишидай ҳамда солиқчи каби бўлсин [яҳудийлар бундай кишилар билан мулоқот қилишмасди]». (Матто 18:15–17)
Жамоат оқсоқоллари Аллоҳнинг Каломидаги йўл-йўриқларга амал қилишлари керак. Агар улар одамни айбдор ва уни тузатиш керак деб ҳисоблашса, уларнинг қарори «осмонда қулфланганидай бўлади». Бироқ улар кишини айбсиз деб ҳисоблашса, бу «осмонда очилганидай бўлади». Келажакда масиҳийлар жамоати пайдо бўлганда, бу каби йўл-йўриқлар жуда асқатади. Бундай жиддий масалалар борасида Исо шундай дейди: «Қаерда икки ёки уч киши менинг номимдан йиғилса, мен ўша ерда уларнинг орасида бўламан». (Матто 18:18–20)