Худо ўрнатган никоҳ ришталарини қадрланг
Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин. МАРК 10:9
1, 2. Ибронийларга 13:4 га кўра, қандай йўл тутишимиз лозим?
ТАНГРИ ЯҲОВАНИ ҳурмат қилишни истайсизми? Бўлмасам-чи! Зеро, У ҳурматингизга лойиқдир ва сизни ҳам ҳурмат қилишга ваъда бермоқда. (1 Шоҳ. 2:30; Ҳик. 3:9; Ваҳ. 4:11) Шунингдек, Худо инсонларга, масалан, ҳукмрон ҳокимиятга ҳурмат кўрсатишингизни истайди. (Рим. 12:10; 13:7) Яна бир ўзгача соҳа борки, унда ҳам ҳурмат кўрсатишингиз муҳим. Бу никоҳ ришталаридир.
2 Ҳаворий Павлус: «Никоҳ ҳамманинг назарида ҳурмат-эътиборда бўлиб, никоҳдаги муносабатларингиз булғанмасин»,— деб ёзган. (Иброн. 13:4) Бу Павлуснинг шунчаки кузатувлари эмас эди. Аксинча, у масиҳийларни никоҳини қадрлашга ва уни қимматбаҳо деб билишга шахсан ундаб, мазкур сўзларни ёзган. Сиз ҳам никоҳга нисбатан шундай нуқтаи назардамисиз? Айниқса, ўз никоҳингизга.
3. Никоҳ борасида Исо қайси муҳим маслаҳатни берган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
3 Никоҳ ришталарини қадрлаётган бўлсангиз, мақтовга сазоворсиз. Сабаби, Исо ҳам шундай йўл тутган. Фарзийлар ажрашиш масаласида Исодан сўрашганда, у Тангри илк никоҳ ришталари тўғрисида нима деганига ишора қилиб қуйидаги сўзларни айтган: «Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, иккови бир тан бўлади». Исо: «Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин»,— деб қўшиб қўйган. (Марк 10:2–12 ни ўқинг; Ибт. 2:24)
4. Тангрининг ниятига кўра, никоҳ қандай бўлиши керак эди?
4 Шу йўсин, Исо никоҳнинг Асосчиси Аллоҳ ва бу абадий ришта эканини айтган. Аллоҳ Одамато ва Момоҳавога никоҳ ажрашиш билан якун топиши мумкинлиги ҳақида айтмаган. Аксинча, Тангрининг ниятига кўра, «иккови» биргаликда абадий никоҳ ришталарини қуриши лозим эди.
НИКОҲНИ ЎЗГАРТИРГАН НАРСАЛАР
5. Ўлим никоҳ ришталарига қандай таъсир қилади?
5 Биламизки, Одаматонинг гуноҳи туфайли ўзгаришлар юз берди. Улардан бири никоҳга ҳам таъсир қиладиган ўлимдир. Буни ҳаворий Павлус масиҳийлар Таврот қонуни остида эмаслигини тушунтирганда ёзган сўзларидан кўришимиз мумкин. Павлус ўлим никоҳ ришталарини узишини ва бундан кейин турмуш ўртоқ қайта оила қуриши мумкинлигини айтиб ўтган. (Рим. 7:1–3)
6. Мусонинг қонунида Худонинг никоҳга бўлган нуқтаи назари қандай акс этган?
6 Аллоҳ Исроил халқига Таврот қонунини берганида, оилавий ҳаётга тегишли тафсилотларни ҳам айтиб ўтган. Исроил эркаклари биттадан кўп хотин олишига йўл қўйилган эди. Бу одат Худо Ўз халқига Таврот қонунини беришидан аввал пайдо бўлганди. Шунинг учун, ёмон муносабатда бўлишни тақиқловчи полигамияга (кўп никоҳлилик) тегишли қонунлар берилган эди. Масалан, исроиллик киши чўрисига уйланиб, кейин яна бир хотин олса, биринчи турмуш ўртоғини овқату кийим-кечакдан маҳрум қилмаслиги ва эрлик вазифасидан бош тортмаслиги кутиларди. Худо ундан турмуш ўртоғини ҳимоялашини ва у ҳақда ғамхўрлик қилишини талаб қилган. (Чиқ. 21:9, 10) Гарчи Таврот қонуни остида бўлмасак-да, ундан Яҳованинг никоҳ ришталарига бўлган нуқтаи назарини кўришимиз мумкин. Бу никоҳни қадрлашингизга ёрдам беряптими?
7, 8. а) Қонунлар 24:1 га кўра Тавротда ажрашиш борасида нима дейилган эди? б) Яҳова ажрашишга нисбатан қандай муносабатда?
7 Хўш, Тавротда ажрашиш борасида нима дейилган эди? Тангри никоҳ ришталарини қадрлаган; аммо истисно сифатида ажрашишга йўл қўйган. (Қонунлар 24:1 ни ўқинг.) Масалан, исроиллик эркак «хотинида қандайдир уятли қилиқ борлигини кўрса», у билан ажрашиши мумкин эди. Тавротда «уятли қилиқ» остида нима назарда тутилгани айтилмаган. Лекин бу оддийгина хато эмас, уятсиз ва жиддий нарса бўлгани турган гап. (Қонун. 23:14) Афсуски, Исонинг даврига келиб кўп яҳудийлар «ҳар қандай сабабга кўра» ажрашарди. (Мат. 19:3) Шубҳасизки, никоҳга нисбатан бундай муносабатда бўлишни истамаймиз.
8 Малаки пайғамбар Худонинг ажрашишга нисбатан нуқтаи назари ҳақида ёзган. Ўша пайтда эркак киши «ёшликда уйланган хотинига» хиёнат қилиб, эҳтимол, ёшроқ ва Яҳовага топинмаган аёлга уйланиши оддий ҳол эди. Худонинг нуқтаи назарига ишора қилиб Малаки: «Мен ажралишдан нафратланаман»,— деб ёзган. (Мал. 2:14–16) Бу Аллоҳ илк жуфтлик ҳақида айтган қуйидаги сўзларга уйғун: «[Эркак киши] хотинига боғланиб қолади ва улар бир тан бўлишади». (Ибт. 2:24) Қолаверса, Исо никоҳ ришталари борасида Отасининг нуқтаи назарини таъкидлаб: «Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин»,— деган. (Мат. 19:6)
АЖРАШИШ УЧУН ЯГОНА АСОС
9. Исонинг Марк 10:11, 12 даги сўзлари нимани англатади?
9 Кимдир: «Масиҳийлар ажрашиб қайта турмуш қуриши учун қандайдир асос борми?» — деб сўраши мумкин. Исо ажрашиш борасида шундай деган: «Ким хотинидан ажралиб, бошқасига уйланса, биринчи хотинига бевафолик қилган бўлади. Эридан ажралиб, бошқасига турмушга чиққан аёл ҳам бевафолик қилган бўлади». (Марк 10:11, 12; Луқо 16:18) Шуниси аниқки, Исо никоҳни қадрлаган ва бошқалар ҳам шундай йўл тутишини истаган. Айбсиз турмуш ўртоғи билан ажрашиб, бошқаси билан оила қурган эр ёки хотин зино қилган ҳисобланади. Боиси, шунчаки ажрашиш билан никоҳ ришталарига чек қўйиб бўлмайди. Худонинг назарида улар ҳали ҳам «бир тан». Бунинг устига, Исонинг сўзларига кўра, беайб хотини билан ажрашган эр унинг зино қилишига сабабчи бўлиши мумкин. Қанақасига? Сабаби, ажрашган аёл ўзини моддий тарафдан таъминлаш учун қайта турмуш қуришни исташи мумкин. Бундай никоҳ зино содир этишга тенг.
10. Қайси ягона сабабга кўра масиҳий ажрашиши ва қайта турмуш қуриши мумкин?
10 Исо никоҳ ришталарига чек қўйиш учун фақатгина битта сабаб борлигини айтиб, шундай деган: «Сизларга айтиб қўяй, кимки хотини унга бевафолик [юнонча порниа] қилмаган бўлса-да ундан ажралиб ўзгага уйланса, зино қилган бўлади». (Мат. 19:9, изоҳ) У Тоғдаги ваъзида ҳам худди шу фикрни таъкидлаган. (Мат. 5:31, 32) Иккала вазиятда ҳам Исо «жинсий ахлоқсизликни» назарда тутган. Бу ибора остида никоҳдан ташқари жинсий муносабатда бўлиш, яъни зино, фоҳишалик, расмий никоҳ қурмай жинсий алоқада бўлиш, гомосексуализм ва ҳайвонлар билан жинсий алоқада бўлиш назарда тутилади. Масалан, эр жинсий ахлоқсизлик қилса, хотини у билан ажрашиш ё ажрашмасликка қарор қилиши мумкин. Агар хотин у билан ажрашса, Худонинг назарида уларнинг никоҳ ришталарига чек қўйилади.
11. Нега масиҳийнинг ажрашиш учун Муқаддас Китобга асосланган сабаби бўлса-да, у бундай қилмасликни танлаши мумкин?
11 Шуниси эътиборга лойиқки, Исо турмуш ўртоқ бевафолик (порниа) қилгани учун ажрашиш шарт деб айтмаган. Мисол учун, хотин эрининг бевафолик қилганига қарамай, никоҳини асраб қолишни танлаши мумкин. У ҳали ҳам эрини севиши, уни кечиришга тайёр бўлиши ва никоҳ ришталарини яхшилаш учун ҳаракат қилишга тайёр бўлиши мумкин. Аслида, у ажрашса-ю, аммо қайта турмуш қурмаса, қийинчиликларга дуч келиши ҳеч гап эмас. Унинг моддий ва жинсий эҳтиёжлари ҳақида нима деса бўлади? У ўзини ёлғиз ҳис этмайдими? Ғамхўрлигига муҳтож фарзандлари борми? Ажрашиш туфайли уларни ҳақиқатда ўстириш қийинроқ бўлмайдими? (1 Кор. 7:14) Чиндан ҳам, ажрашишни танлаган беайб турмуш ўртоқ жиддий қийинчиликларга дуч келади.
12, 13. а) Ҳўшеянинг никоҳ ришталари билан нима юз берди? б) Нега Ҳўшея Гўмерани қайтариб олди ва бундан никоҳ борасида қандай сабоқ оляпмиз?
12 Ҳўшея пайғамбар билан бўлган воқеа Худонинг никоҳга бўлган нуқтаи назари ҳақида кўп нарсани очиб бермоқда. Яҳова унга «зино қилиб» фарзандлар туғиб берадиган Гўмера исмли аёлга уйланишни айтади. Гўмера «ҳомиладор бўлиб, унга [Ҳўшеяга] ўғил туғиб берди». (Ҳўш. 1:2, 3) Кейинчалик, у эҳтимол бошқа эркак кишидан қиз ва ўғил туғади. Гарчи Гўмера қайта-қайта зино қилган бўлса-да, Ҳўшея у билан ажрашмади. Охири, у Ҳўшеяни ташлаб кетиб, чўрига айланди. Лекин Ҳўшея уни қайтарди. (Ҳўш. 3:1, 2) Ҳўшеянинг мисоли орқали Яҳова Исроил халқининг бевафолигини такрор-батакрор кечирганини кўрсатмоқчи эди. Бундан қандай сабоқ оляпмиз?
13 Масиҳий турмуш ўртоқ жинсий ахлоқсизликка қўл урса, беайб масиҳий қарор олдида туради. Исо айтганидек, беайб умр йўлдош ажрашиши ва қайта турмуш қуриши мумкин. Лекин шу билан бирга у турмуш ўртоғини кечириши ҳам мумкин. Бундай йўл тутиш хато эмас. Ҳўшея ҳам Гўмерани қайтариб олган. Гўмера Ҳўшеянинг олдига қайтиб келганидан сўнг бошқа эркаклар билан зино қилмаган. Ҳўшея муайян вақт давомида Гўмерга «яқинлашмаган». (Ҳўш. 3:3) Аммо вақт ўтиб, Ҳўшея унга нисбатан эрлик вазифасини бажарган бўлиши мумкин. Шу йўсин, Яҳова халқини қабул қилишга ва улар билан муносабатларини тиклашга тайёр эканини кўрсатган. (Ҳўш. 1:11; 3:3–5) Мазкур мисолдан бугунги кундаги никоҳ ришталари борасида қандай сабоқ оляпмиз? Беайб тараф никоҳини сақлаб қолишга қарор қилиб, турмуш ўртоғи билан жинсий муносабатларини тикласа, бу уни кечирганини англатади. (1 Кор. 7:3, 5) Бу эса ажрашиш учун бўлган асосни йўқ қилади. Бундан кейин жуфтлик никоҳга нисбатан Худонинг нуқтаи назарини акс эттириш учун ҳаракат қилиши зарур.
НИКОҲДА МУАММОЛАР БЎЛГАНДА ҲАМ, УНИ ҚАДРЛАНГ
14. Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 7:10, 11 га кўра, баъзида никоҳда нима юз бериши мумкин?
14 Барча масиҳийлар никоҳни Тангри Яҳова ҳамда Исо сингари қадрлаши керак. Бироқ номукаммал бўлганимиз сабаб, бундай қилиш қийин кечади. (Рим. 7:18–23) Шунинг учун биринчи асрдаги масиҳийларнинг никоҳида муаммолар юзага келгани ажабланарли эмас. Ҳаворий Павлус «хотин эрини ташлаб кетмасин» деб айтган. Лекин баъзи ҳолларда бунинг акси юз берган. (1 Коринфликларга 7:10, 11 ни ўқинг.)
15, 16. а) Никоҳда муаммолар бўлса ҳам, қандай мақсадни кўзлаш керак ва нега? б) Турмуш ўртоқ имондош бўлмаган вазиятларга бу қандай тегишли?
15 Павлус турмуш ўртоқни ташлаб кетишга ёки алоҳида яшашга нима сабаб бўлгани тўғрисида ёзмаган. Масалан, бу турмуш ўртоқ жинсий ахлоқсизлик қилган вазият бўлмагани аниқ. Зеро, бундай вазиятда хотин ажрашиб, қайта турмуш қуриши учун асоси бўларди. Павлус эрини ташлаб кетган хотин «бошқа эрга тегмасин ёки эри билан ярашсин» деган. Шундай экан, уларнинг иккови Худонинг назарида ҳали ҳам биргадир. Павлуснинг маслаҳатига кўра, муаммо нимада бўлса ҳам, жинсий ахлоқсизлик билан боғлиқ бўлмаса, турмуш ўртоқлар ярашиб олиши керак. Уларнинг иккови Муқаддас Китобга асосланган ёрдамни излаб, жамоат оқсоқолларига мурожаат қилиши даркор. Оқсоқоллар тарафкашлик қилмайди, аммо Худонинг Каломига асосланган маслаҳатни беришлари мумкин.
16 Турмуш ўртоқларнинг фақат биттаси Худонинг меъёрлари бўйича яшашга ҳаракат қилса, вазият қийинроқ бўлиши мумкин. Муаммолар юзага келганда, алоҳида яшаш доно қарорми? Юқорида айтилганидай, Муқаддас Ёзувларга биноан, жинсий ахлоқсизлик ажрашиш учун сабаб бўлиши мумкин. Бироқ у ерда алоҳида яшаш учун ҳеч қандай сабаб келтирилмаган. Павлус: «Хотин ҳам эри имондош бўлмаса-ю, у билан яшашга рози бўлса, эрини тарк этмасин»,— деб айтган. (1 Кор. 7:12, 13) Бу сўзлар бизнинг давримизга ҳам тегишли.
17, 18. Нима сабабдан баъзи масиҳийлар никоҳида муаммолар бўлишига қарамай, бирга яшашга қарор қилишади?
17 Бироқ баъзида «имондош бўлмаган» эр хотини билан «яшашга рози» эмаслигини кўрсатиши мумкин. Эр жисмонан зарар келтирадиган даражада ўта зўравон бўлар ва хотини соғлиги ёки ҳаёти хавф остида эканини ҳис этиши мумкин. Эр хотини ва оиласини моддий тарафдан таъминлашдан бош тортиши ёки маънавийлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Бундай вазиятларда баъзи масиҳий хотинлар имондош бўлмаган эри бирга яшашга рози эканини айтса-да, ҳаракатлари билан бунинг аксини кўрсатса, хотин алоҳида яшашни шахсан ўзи қарор қилади. Аммо бошқа масиҳийлар худди шундай вазиятларда аксинча йўл тутган; улар сабр-бардош қилиб вазиятни яхшилаш учун ҳаракат қилган. Нега?
18 Гарчи улар алоҳида яшашса-да, ҳали ҳам эр-хотиндир. Борди-ю, алоҳида яшашса, юқорида тилга олинган қийинчиликларга рўбарў келишади. Ҳаворий Павлус бирга қолиш учун яна бир сабаб келтирган. У мана бу сўзларни ёзган: «Имондош бўлмаган эр хотини орқали муқаддас бўлади, имондош бўлмаган хотин ҳам имонли эри орқали муқаддас бўлади. Акс ҳолда болаларингиз Худонинг назарида нопок бўлар эди, энди бўлса муқаддасдир». (1 Кор. 7:14) Кўпгина садоқатли масиҳийлар оғир вазиятларда ҳам имондош бўлмаган турмуш ўртоғи билан бирга қолган. Айниқса, турмуш ўртоғи кейинчалик Яҳованинг хизматчиси бўлганида, улар бундай қурбонликларга борганидан жуда хурсанд бўлишади. (1 Коринфликларга 7:16 ни ўқинг; 1 Бутр. 3:1, 2)
19. Нима учун Худонинг халқи орасида бир қанча муваффақиятли жуфтликлар бор?
19 Исо ажрашиш, ҳаворий Павлус эса алоҳида яшаш борасида маслаҳат берган. Уларнинг иккови Худонинг хизматчилари никоҳ ришталарини қадрлашини истаган. Дунё бўйлаб Худонинг халқи орасида бир қанча муваффақиятли жуфтликлар бор. Маҳаллий жамоатингизда ҳам бахтиёр эр-хотинларни учратишингиз мумкин. Садоқатли биродарлар хотинларини севади, художўй аёллар эса эрларини ҳурмат қилади. Уларнинг бари никоҳни қадрлашини кўрсатмоқда. Миллионлаб эр-хотинлар Худонинг қуйидаги сўзлари ҳақ эканини тасдиқлаётганидан жуда хурсандмиз: «Шунинг учун эркак киши ота-онасини қолдириб, хотинига боғланиб қолади ва иккови бир тан бўлади». (Эфес. 5:31, 33)