Жамоат ривож топсин!
Имонлилар жамоати тинчликка эришиб... тобора ривож топар. ҲАВОРИЙЛАР 9:31
1. «Худонинг жамоати»га нисбатан қандай саволлар туғиляпти?
МИЛОДИЙ 33- йилнинг Ҳосил байрами куни, Яҳова Исо Масиҳнинг шогирдларини янги халқ, яъни «Худонинг Исроили» деб тан олди (Галатияликларга 6:16). Худонинг Каломига биноан, ушбу муқаддас руҳ билан мойланган масиҳчилар «Худонинг жамоати» бўлди (1 Коринфликларга 11:22). Бу нимани ўз ичига оларди? «Худонинг жамоати» қандай ташкил қилиниши керак эди? Бу жамоат, унинг аъзолари турли жойларда яшашига қарамай, ер юзида қандай фаолият олиб бориши лозим эди? Ва бунинг ҳаётимиз ҳамда бахтимизга қандай алоқаси бор?
2, 3. Жамоатдаги тартиб ҳақида ҳазрати Исо нима деган?
2 Ўтган мақолада айтилганидай, Исо мойланган издошларидан иборат жамоат пайдо бўлишини каромат қилган эди. У, ҳаворий Бутрусга шундай деган: «Мен Ўз умматимни бу тош [Исо Масиҳ] устида бунёд этаман, жаҳаннам кучлари эса ундан устун чиқмас» (Матто 16:18). Бундан ташқари, ҳазрати Исо ҳали ҳаворийлари билан бўлганида, ушбу жамоат қандай фаолият кўрсатиши ва ташкил этилиши ҳақида маълумот берган.
3 Исо амалда ҳам, сўзларда ҳам жамоатда кимдир раҳбарликни ўз зиммасига олишини кўрсатган. Бу одамлар жамоат аъзоларига хизмат қилишлари керак эди. Исо бундай деган: «Биласизларки, халқларнинг ҳокимлари ҳисобланганлар ҳокимлик қилишдан қолишмайдилар, катта амалдорлар элга ўз ҳукмини ўтказадилар. Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча, орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизматда бўлсин. Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, ҳаммангизга қул бўлсин» (Марк 10:42–44). Кўриниб турганидай, «Худонинг жамоати», бир-бирини ҳеч нарса боғлаб турмаган, тарқоқ инсонлардан иборат бир жамият бўлмаслиги керак эди. Аксинча, ҳамма нарса тартиб бўйича бўлиши, жамоат аъзолари эса бир-бири билан ҳамкорлик қилишлари лозим эди.
4, 5. Жамоатдагиларга маънавий таълим бериш муҳимлигини қаердан биламиз?
4 «Худо жамоати»нинг бўлажак Боши, ҳаворийлари ва бошқа шогирдларининг зиммасига муайян вазифалар юкланишини кўрсатган. Бу қандай вазифалар? Ушбу вазифалардан бири, жамоатдагиларга маънавий таълим беришдан иборат бўлган. Эсимизда бўлса, Исо тирилганидан сўнг бир нечта ҳаворийлари олдида Бутрусдан мени севасанми деб сўраган эди. У Исога албатта севаман, деб жавоб берди. Шунда Исо уч маротаба Бутрусга: «Қўзиларимни ўтлат. [...] Қўйларимни боқ. [...] Қўйларимни ўтлат!» — деган эди (Юҳанно 21:15–17). Нақадар масъулиятли вазифа!
5 Кўриниб турганидай, Исо жамоатга қўшилаётган инсонларни сурувдаги қўйлар билан солиштирди. Ушбу қўйларни, яъни имонли эркагу аёллар ва болаларни маънан озиқлантириб, ғамхўрлик қилиш керак бўлган. Модомики, ҳазрати Исо ўз издошларига бошқаларга таълим бериш ва шогирд орттириш вазифасини топширган экан, улар ҳам ўз навбатида Исонинг янги шогирдларига ушбу вазифани қандай бажаришни ўргатишлари керак эди (Матто 28:19, 20).
6. Янги ташкил этилган «Худонинг жамоати»да қандай ишлар қилинган?
6 Энди ташкил этилган «Худо жамоати»нинг аъзолари маънавий таълим олиш ва бир-бирига далда бериш учун мунтазам йиғилиб туришган. «Улар ҳаворийларнинг таълимотига, ҳамдўстликка, нон синдиришга ва тоат-ибодатларга астойдил берилиб борар эдилар» (Ҳаворийлар 2:42, 46, 47). Бундан ташқари, ушбу тарихий баёнотдан кўринишича, жамоат аъзоларига кўмаклашиш учун Муқаддас Китоб талабларига мос келган эркаклар танланган эди. Улар олий маълумотли бўлганлари ёки қандайдир ўзгача қобилиятларга эга эканликлари учун танланишмаган. Балки улар «Муқаддас Руҳ ва ҳикматга тўлиб-тошган» кишилар бўлишган. Масалан, улардан бири бўлмиш Стефан ҳақда «имони комил ва Муқаддас Руҳга тўлган» киши, деб айтилади. Боз устига, жамоатларнинг ташкил этилиши «Худонинг каломи ёйилган сари, Қуддусдаги Исо шогирдларининг сони ниҳоятда кўпайиб боришига» сабаб бўлди (Ҳаворийлар 6:1–7).
Худо тайин этган эркаклар
7, 8. а) Илк масиҳчилар жамоатида ҳаворийлар ва оқсоқоллар ким сифатида хизмат қилишган? б) Жамоат орқали берилган насиҳатлар қандай самара келтирди?
7 Илк жамоатларда масъулиятни ҳаворийлар ўз зиммасига олгани табиийдир. Бироқ улар буни ёлғиз ўзлари қилишмаган. Масалан, Павлус ҳамроҳлари билан Суриянинг Антиохия шаҳрига қайтганида нима юз бергани ҳақида Инжилда бундай дейилган: «Имонлилар жамоатини йиғиб, Худонинг улар билан нималар қилганини... сўзладилар» (Ҳаворийлар 14:27). Улар ҳали ўша ердаги жамоатда бўлишганида, ғайрияҳудийларни суннат қилиш керакми деган бир савол туғилди. Бу масалани ҳал қилиш учун Павлус билан Барнабо етакчи кенгаш сифатида хизмат қилган Қуддусдаги «ҳаворийлар ва оқсоқоллар»нинг олдига йўл олишди (Ҳаворийлар 15:1–3).
8 «Ҳаворийлар ва оқсоқоллар бу масалани муҳокама қилиш учун йиғилишганда», Исонинг укаси Ёқуб оқсоқол бўлиб, ушбу учрашувда раислик қилган эди (Ҳаворийлар 15:6). Масала батафсил муҳокама қилинганидан сўнг, муқаддас руҳ мадади билан улар Муқаддас Ёзувларга мувофиқ хулоса чиқаришди. Улар ушбу хулосани ёзма равишда баён этиб, жамоатларга жўнатиб юборишди (Ҳаворийлар 15:22–32). Жамоатлар бу раҳбарликка риоя қила бошлашганда, бу қандай натижа келтирди? Биродару опа-сингиллар маънан мустаҳкамланиб, далда олишди. Инжилда бу ҳақда: «Шу йўсинда жамоатларнинг имони қувватланиб, сони кундан-кунга ошиб бораётган эди»,— дейилган (Ҳаворийлар 16:5).
9. Маънан етук кишиларга, Муқаддас Китобга биноан қандай вазифалар берилади?
9 Аммо жамоатлар кундан-кунга қандай фаолият кўрсатиши керак эди? Келинг, Крит оролидаги жамоатнинг мисолини кўриб чиқайлик. Гарчи у ер аҳолисининг аксарияти ахлоқсиз инсонлар бўлишса-да, улардан айримлари ўзгариб, Худонинг хизматчилари бўлишди (Титусга 1:10–12; 2:2, 3). Улар Қуддусдаги етакчи кенгашдан анча йироқда жойлашган турли шаҳарларда яшашарди. Лекин бу ҳеч қандай муаммо келтириб чиқармаган, чунки Крит оролидаги жамоатларда ҳам бошқа жойларда бўлганидек, маънан етук эркаклар оқсоқол этиб тайинланган эди. Улар Муқаддас Китобдаги талабларга мос келишган. Зеро «соғлом таълимот билан насиҳат қилишга ҳамда қаршилик қилувчиларнинг адабини беришга иқтидорли» кишиларни оқсоқоллар ёки нозирлар қилиб тайинланган (Титусга 1:5–9; 1 Тимўтийга 3:1–7). Бошқа маънан етук кишилар эса жамоатларда хизматкорлар сифатида ёрдам беришган (1 Тимўтийга 3:8–10, 12, 13).
10. Матто 18:15–17- оятларига биноан, жиддий муаммолар қандай ҳал қилиниши керак эди?
10 Бундай тартиб мавжуд бўлишини ҳазрати Исо айтиб ўтган эди. Матто 18:15–17- оятларида Исо, Худо халқининг аъзолари ўртасида ҳам низо келиб чиқиши, яъни бири бошқасига қарши гуноҳ қилиши мумкинлигига эътибор қаратган эди. Бундай пайтда, жабр кўрган киши ўша инсон билан юзма-юз гапириб, «айбини унга кўрсатиши» керак бўлган. Агар муаммо ҳал қилинмаётган бўлса, бундан хабардор бўлган бир-иккита кишига мурожаат қилиш мумкин эди. Бу ҳам ёрдам бермаса-чи? Исо бундай деган эди: «Агар уларга ҳам қулоқ солмаса, имонлилар жамоатига айт. Агар имонлилар жамоатига ҳам қулоқ солмаса, уни кофир ёки тамагир қаторида сана». Исо бу сўзларни айтганида, «Худонинг жамоати» яҳудийлардан иборат бўлган, шу сабабли бу сўзлар дастлаб уларга тегишли эдиa. Бироқ масиҳчилар жамоати ташкил қилинганида, ушбу Исонинг раҳбарлиги улар орасида ҳам қўлланила бошлади. Бу шунингдек, Худонинг халқи жамоат орқали йўл-йўриқ олишини ва ривож топишини кўрсатмоқда.
11. Муаммолар ҳал қилинишига оқсоқоллар қандай ҳисса қўшишган?
11 Шу каби, жамоатдаги муаммоларни ҳал қилиш ёки гуноҳ содир этилган вазиятларни кўриб чиқиш, оқсоқоллар ёки нозирларнинг зиммасига юкланган. Зеро бу, Титусга 1:9- оятидаги талабларга мувофиқдир. Жамоатлардаги «қолган ишларни битириш», эҳтимол бор бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун ҳаворий Павлус юборган Титус каби, маҳаллий оқсоқоллар номукаммал бўлишганини эътиборга олиш керак (Титусга 1:4, 5). Бугунги кунда оқсоқоллар сифатида хизмат қилиш учун, муайян вақт давомида Худога имонини ва садоқатини кўрсатган кишилар тавсия этилади. Шу сабабли жамоатнинг барча аъзоларида улар орқали берилаётган раҳбарлик ва йўл-йўриққа ишонишларига асослар бор.
12. Оқсоқоллар зиммасига қандай масъулият юкланилган?
12 Эфес жамоатидаги оқсоқолларга ҳаворий Павлус шундай деган: «Ўзингизни ва Муқаддас Руҳ сизларни назоратчи қилиб тайинлаган барча жамоатни кўз-қулоқ бўлиб эҳтиётланглар. Сизлар чўпонлик қилаётган ушбу сурувни Раббимиз [ҳазратимиз, ЯДТ] Исо Ўз қони эвазига сотиб олган» (Ҳаворийлар 20:28). Бугунги кунда ҳам, нозирлар «барча жамоатни кўз-қулоқ бўлиб эҳтиётлаш» учун тайинланишади. Улар бу ишни сурув устидан ҳукмронлик қилиб эмас, аксинча меҳр ила бажаришади (1 Бутрус 5:2, 3). Нозирлар «барча жамоат»ларнинг ривож топишига жон куйдириб, уларга кўмаклашишади.
Жамоатга маҳкам боғлиқ бўлинг
13. Баъзида жамоатда нима юз бериши мумкин ва нега?
13 Оқсоқоллар ва жамоатнинг бошқа аъзолари номукаммал бўлганлари сабабли, вақти-вақти билан тушунмовчиликлар ҳамда муаммолар юзага келади. Ҳатто І асрда айрим ҳаворийлар тириклигида ҳам шундай бўлган (Филиппиликларга 4:2, 3). Айтайлик, оқсоқол ёки бошқа бир киши қўпол, қаттиқ ёки ёлғон қўшиб гапиргандай туюлиши мумкин. Ёхуд назаримизда Муқаддас Китобга зид воқеа содир бўляпти-ю, оқсоқоллар била туриб ҳеч қандай чора кўришмаяпти. Бу масала Худонинг Каломи ва бизга номаълум далиллар асосида ҳал қилинган ёки қилинаётган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Ҳатто сизнинг тасаввурингиз тўғри бўлган тақдирда ҳам, келинг қуйидагини кўриб чиқайлик. Қандайдир вақт мобайнида Коринфдаги жамоатда жиддий гуноҳга йўл қўйилган эди. Албатта, Яҳова бу жамоатнинг манфаатини кўзларди ва У ўз вақтида ушбу масала ҳал қилиниб, керакли ҳамда ўринли чоралар кўрилишига ғамхўрлик қилди (1 Коринфликларга 5:1, 5, 9–11). Ўзимизга бундай савол беришимиз мумкин: «Агар мен ўша вақтда Коринфда яшаганимда, вазият ҳал бўлишидан олдин қандай йўл тутган бўлар эдим?».
14, 15. Нега баъзилар Исо билан юрмай қўйишди ва бундан биз қандай сабоқ оламиз?
14 Келинг, жамоатда яна нима юз бериши мумкинлигини кўриб чиқайлик. Тасаввур қилайлик, кимгадир Муқаддас Китобнинг бирор таълимотини тушуниш ва қабул қилиш қийин кечаётгандир. Бундай одам жавобни Муқаддас Китобдан ва адабиётлардан излаган, шунингдек маънавий жиҳатдан етук имондошларига, шу қаторда оқсоқолларга мурожаат қилган бўлиши мумкин. Бироқ, барибир бу таълимотни англаб, қабул қила олмади. У нима қилиши мумкин? Исо ер юзида яшаганида ҳам, шунга ўхшаш воқеа содир бўлган эди. У ўзи ҳақида «ҳаёт нони» эканлиги ва абадий ҳаётга эришиш учун унинг танасини еб, қонини ичиш лозимлигини айтган эди. Унинг айрим шогирдлари бундан норози бўлишди. Бунинг маъносини тушуниб олишнинг ёки ишонч билан жавобини кутишнинг ўрнига, кўп шогирдлари «У билан бошқа юрмайдиган бўлдилар» (Юҳанно 6:35, 41–66). Яна бир бор ўзимизга савол беришимиз мумкин: «Агарда биз у ерда бўлганимизда, қандай йўл тутган бўлар эдик?».
15 Бугунги кунда ҳам, айримлар мустақил равишда Худога хизмат қила оламиз деб ўйлаб, жамоат билан мулоқот қилмай қўйдилар. Улар эҳтимол бировдан ранжишганини ёки нотўғри вазият ҳал қилинмаётганини баҳона қилишаётгандир ёки қайсидир таълимотни қабул қила олишмагандир. Бундай хатти-ҳаракат оқилонами? Гарчи ҳар бир масиҳчининг Худо билан шахсий муносабатлари бўлса ҳам, ҳаворийлар давридагидек Худо умумжаҳон жамоатдан фойдаланаётганини рад этиб бўлмайди. Бундан ташқари, І асрда Яҳова Таоло маҳаллий жамоатдан фойдаланиб, барака берган. Ва уларда Муқаддас Китоб талабларига мос келган хизматкорлар ва оқсоқолларни тайин этган. Бугунги кунда ҳам худди шундай.
16. Агарда жамоатни қолдириш истаги пайдо бўлса нима ҳақида ўйлаб кўриш муҳим?
16 Агар масиҳчи Худо билан шахсий муносабатларга эга бўлиш етарли деб ҳисобласа, у Худованд ўрнатган тартибни, яъни ҳам маҳаллий, ҳам умумжаҳон жамоатни рад этган бўлади. Мабодо одам Худога якка ўзи ёки кичкина бир гуруҳ ҳамфикрлари билан топинса, бундай киши Худонинг ниятига кўра тайинланган оқсоқоллар ва хизматкорларни тан оляпти дейиш мумкинми? Шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳаворий Павлус Колосадаги жамоатга мактуб ёзиб, уни Лаодикияда ҳам ўқишни буюрганида, «Унда [Исода] томир ёйиб, қарор топиш» муҳимлигини айтган эди. Бу сўзлар жамоатдан айрилиб чиққанларга эмас, балки жамоат аъзоларига фойда келтирди (Колосаликларга 2:6, 7; 4:16).
Ҳақиқат устуни ва пойдевори
17. Жамоат ҳақида 1 Тимўтийга 3:15- оятидан нимани билиб оляпмиз?
17 Ҳаворий Павлус Тимўтийга ёзган мактубида оқсоқоллар ва хизматкорлар учун талабларни баён этган эди. Бундан кейин «барҳаёт Худонинг уммати» ҳақида эслатиб, уни «ҳақиқат устуни ва пойдеворидир», деб айтди (1 Тимўтийга 3:15). Биринчи асрдаги мойланганлардан иборат бўлган жамоат, шубҳасиз бундай устун сифатида хизмат қилган. Албатта, ҳақиқат ҳам масиҳчиларга биринчи навбатда жамоат орқали етказиб берилган. Айнан у ерда улар таълим бериш ва ҳақиқатни ҳимоя қилишни ўрганиб, ривож топишар эди.
18. Нега жамоат учрашувлари жуда муҳим?
18 Бугунги умумжаҳон жамоат ҳам Худонинг хонадони, «ҳақиқат устуни ва пойдеворидир». Бизнинг ривож топишимиз, Худо билан муносабатларимизни мустаҳкамлашимиз ва унинг иродасини бажаришга тайёр бўлишимиз учун, жамоат йиғилишларига қатнаб, уларда иштирок этиш даркор. Ҳаворий Павлус, Коринф шаҳридаги жамоатга хат ёзганида, бундай учрашувларда нима тақдим этилишига эътибор қаратган. Павлус жамоатларда айтилган сўзлар аниқ ва тушунарли бўлсин, зеро шунда жамоатдагилар ривож топишади деб айтди (1 Коринфликларга 14:12, 17–19). Бугунги кунда биз, Худо ташкил қилиб, қўллаб-қувватлаётган жамоатни тан олсак, ривож топишимиз мумкин.
19. Нега жамоат учун миннатдор бўлишимиз керак?
19 Дарҳақиқат, биз масиҳчилар сифатида ривож топишни истасак, жамоатда бўлишимиз даркор. Анча вақтдан бери, жамоат сохта таълимотларга қарши «ҳимоя қалқони» бўлиб келмоқда. Шунингдек, Худованд у орқали хушхабар бутун ер юзи бўйлаб тарқалишига ғамхўрлик қиляпти. Шубҳасизки, Аллоҳ кўп нарсани жамоат орқали амалга оширяпти (Эфесликларга 3:9, 10).
[Изоҳ]
a Илоҳиётшунос Альберт Барнз таъкидлашича, Исонинг «имонлилар жамоатига айт» деган сўзлари, «бундай вазиятларни ўрганиб чиқиш ваколатига эга, яъни руҳоний ёки шундай имтиёзи бор бўлган кишиларга тегишли бўлиши мумкин. Яҳудийлар ибодатхонасида бундай масалаларни кўриб чиқиш, қозилик қилувчи оқсоқолларга топшириларди».
Ёдингиздами?
• Нега Худо жамоатлардан фойдаланади?
• Оқсоқоллар номукаммал бўлишса ҳам, жамоат учун нима қилишади?
• Биз ташриф буюраётган жамоат орқали қандай қилиб ривож топамиз?
[14- саҳифадаги расм]
Ҳаворийлар ва оқсоқоллар Қуддусда етакчи кенгаш сифатида хизмат қилишган
[16- саҳифадаги расм]
Оқсоқоллар ва хизматкорлар жамоатдаги вазифаларни бажариш учун қўлланмалар олишади