132- БОБ
«Чиндан ҳам бу киши Худонинг Ўғли бўлган экан»
МАТТО 27:45–56 МАРК 15:33–41 ЛУҚО 23:44–49 ЮҲАННО 19:25–30
ИСО УСТУНДА ЎЛАДИ
ИСО ЎЛГАНДА ЮЗ БЕРГАН ҒАРОЙИБ ҲОДИСАЛАР
Ҳозир кундузи соат ўн иккилар. Бир зумда «бутун ерни зулмат босади» ва «соат учгача давом этади». (Марк 15:33) Бу даҳшатли зулмат қуёш тутилиши туфайли юзага келгани йўқ. Зеро, ҳозир Фисиҳ байрами ва ой ҳам тўлин. Устига-устак, қуёш тутилиши атиги бир неча дақиқа давом этади, бу зулмат эса анча узоққа чўзилади. Бу зулматни Худо юзага келтирган!
Исони масхара қилганларда бу қандай таассурот қолдирганини бир фараз қилинг! Зулмат давом этар экан, азоб устунига тўртта аёл яқинлашади: Исонинг онаси, Саломия, магдалалик Марям ва кичик ҳаворий Ёқубнинг онаси Марям.
«Азоб устуни» олдида Исонинг қайғу чекаётган онаси ҳамда ҳаворий Юҳанно турибди. Марям ўзи боқиб катта қилган ўғли устунда азоб чекаётганини кўряпти. Юрагига қилич санчилгандай бўляпти. (Юҳанно 19:25; Луқо 2:35) Исо эса ўта кучли оғриққа қарамай, онасининг ғамини ейди. У базўр куч тўплаганча Юҳанно томонга бош силкиб онасига: «Бу сизнинг ўғлингиз»,— дейди. Кейин Марямга қараб қўйиб Юҳаннога: «Бу сизнинг онангиз»,— деб айтади. (Юҳанно 19:26, 27)
Исо эҳтимол, ҳозир бева бўлган онасини энг севимли ҳаворийсининг қарамоғига топширади. Исо Марямнинг ўғиллари, яъни туғишган укалари ҳали унга ишонмаётганини билади. Шу боис, у онасининг ҳам моддий, ҳам маънавий эҳтиёжлари ҳақида қайғуради. Нақадар ажойиб ўрнак, шундай эмасми?!
Чамаси шу пайт зулмат чекинади ва Исо: «Чанқадим»,— дейди. Бу билан башорат амалга ошади. (Юҳанно 19:28; Забур 22:15) Исога бенуқсонлиги охиригача синалсин деб Отаси ундан ҳимоясини дариғ тутаётгандек туюлади. У баланд овозда шундай деб бақиради: «Эли, Эли, лама сабақтани?» Бу сўзларни у эҳтимол, оромий тилида ёки Жалиладаги шеваларнинг бирида айтган. Уларнинг таржимаси: «Аллоҳим, Аллоҳим, нега мени ташлаб қўйдинг?» — демакдир. Ўша ерда турган баъзилар уни нотўғри тушуниб: «Қаранглар! У Илёс пайғамбарни чақиряпти»,— дейишади. Бир киши югуриб бориб шимгични олади-да, уни ачиган шаробга ботиради. Кейин қамиш таёққа илиб, Исога ичириш учун узатади. Аммо бошқалар: «Тўхтанглар-чи! Қани кўрайлик, Илёс пайғамбар келиб уни қутқарармикин»,— дейишади. (Марк 15:34–36)
Исо баланд овозда: «Амалга ошди!» — дея ҳайқиради. (Юҳанно 19:30) Ҳа, Отаси унга топширган вазифани у ер юзида тўлақонли амалга оширади. Охири у: «Ота, ҳаётимни Сенинг қўлларингга топширяпман»,— дейди. (Луқо 23:46) Исо ўзининг ҳаётий кучи ҳақида айтяпти. Яҳова кейинчалик бу кучни унга қайтаришига Исо ишонади. Аллоҳга мутлақ таяниб, Масиҳ бошини эгиб ўлади.
Шунда кучли зилзила рўй беради ва қоялар ёрилиб кетади. Зилзила шу қадар кучли эдики, ҳатто Қуддус атрофидаги мозорлар очилиб, жасадлар ташқарига чиқиб қолади. Жасадларни кўрган йўловчилар «муқаддас шаҳарга» кириб, гувоҳ бўлган нарсаларини бошқаларга ҳикоя қилишади. (Матто 12:11; 27:51–53)
Исонинг нафаси узилганда, Худонинг маъбадидаги Муқаддас хона ва Энг муқаддас хонани бир-биридан ажратиб турган парда юқоридан пастгача иккига бўлиниб, йиртилиб кетади. Худо Ўғлини ўлдирган одамлардан нафратланиши мана шу ажиб ҳодиса орқали намоён этади. Бу шунингдек, Энг муқаддас жойга йўл очилганидан далолат беради. (Ибронийларга 9:2, 3; 10:19, 20)
Табиийки, одамлар қаттиқ ваҳимага тушади. Қатл учун жавобгар бўлган юзбоши: «Чиндан ҳам бу киши Худонинг Ўғли бўлган экан»,— дейди. (Марк 15:39) Эҳтимол, Пилат саройида Исо чиндан ҳам Худонинг Ўғлимикан, деган савол кўтарилганида у ҳам бўлгандир. Энди, юзбоши Исо одил инсон ва ростдан ҳам Аллоҳнинг Ўғли эканига амин.
Бошқа одамлар бундай ғаройиб воқеаларни кўриб, афсус-надоматда «кўксига урганча уйига қайтиб кетишади». (Луқо 23:48) Буларни узоқдан кузатганлар орасида Исонинг шогирдларига ҳамроҳ бўлиб юрган кўплаб аёллар ҳам бор. Бу воқеалардан улар чуқур таъсирланишган.