34- БОБ
Ўн иккита ҳаворий танланади
12 ТА ҲАВОРИЙ
Яҳё Исони Худонинг Қўзиси деб атаганидан қарийб бир ярим йил ўтди. Исо воизлик фаолиятини бошлаганида Идрис, Симун Бутрус, Юҳанно ва эҳтимол Ёқуб (Юҳаннонинг акаси), шунингдек, Филип ҳамда Бартолмей (унинг бошқа исми Натанил) каби самимий кишилар унинг илк шогирдлари бўлишди. Вақт ўтиб, Масиҳнинг издошлари сафига бошқалар ҳам қўшилди. (Юҳанно 1:45–47)
Энди Исо ҳаворийларини, яъни яқин шогирдларни танлашга тайёр. Улар Исонинг яқин дўстлари бўлиб, ундан махсус таълим олишади. Бироқ уларни танлашдан олдин Исо Кафарнаҳумдан узоқда бўлмаган, Жалила денгизи яқинидаги бир тоққа чиқади. Ўшанда у тун бўйи ибодат қилиб, Худодан донолик ва қут-барака сўрайди. Эртаси куни эса, Исо шогирдларини чақириб, улардан 12 тасини ҳаворийлар сифатида танлайди.
Исо, боя исми тилга олинган олтита шогирдини ҳамда солиқ идорасидан чақириб олган Маттони ҳам танлайди. Қолган бештаси — бу Яҳудо (шунингдек, Таддей ва «Ёқубнинг ўғли» деб аталган), ғайратли Симун, Тўма, Алфейнинг ўғли Ёқуб ҳамда Яҳудо Ишқариётдир. (Матто 10:2–4; Луқо 6:16)
Мазкур 12 шогирди бир қанча вақтдан бери Исо билан юргани учун, у уларни жуда яхши танийди. Уларнинг орасида баъзи қариндошлари ҳам бор. Ёқуб билан Юҳанно, эҳтимол, Исонинг холаваччаларидир. Баъзиларнинг ўйлашича, Алфей Исонинг ўгай отаси Юсуфнинг акаси бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, Алфейнинг ўғли ҳаворий Ёқуб Исонинг амакиваччасидир.
Ҳаворийларнинг исмларини эслаб қолиш Исо учун қийин эмас, албатта. Сиз-чи, эслай оласизми? Уларни мана бундай эслаб қолиш мумкин: иккитасининг исми Симун, иккитасиники Ёқуб, яна иккитасиники Яҳудо. Симуннинг (Бутрус) укаси Идрис, Ёқубнинг (Забадийнинг ўғли) укаси эса Юҳанно. Шундай қилиб, саккизта ҳаворийнинг исмини эслаб қолса бўлади. Қолган тўрттаси қуйидагилардир: солиқчи Матто, кейинчалик шубҳаланган Тўма, дарахт тагида ўтирганда чақирилган Натанил ва унинг дўсти Филип.
Ўн битта ҳаворий Исо улғайган Жалиладан эди. Натанил Канах шаҳридан. Филип, Бутрус ва Идрис байтсайдалик, бироқ Бутрус билан Идрис кейинроқ Кафарнаҳумга кўчиб ўтишган. Матто ҳам ўша ерда яшаган бўлса керак. Ёқуб билан Юҳанно балиқчи бўлишган ва улар ҳам Кафарнаҳумда ёки унинг яқинида истиқомат қилишгандир. Фақат битта ҳаворий, кейинчалик Исога хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт, эҳтимол, Яҳудиядан бўлган.