27- БОБ
Матто Исонинг шогирди бўлади
МАТТО 9:9–13 МАРК 2:13–17 ЛУҚО 5:27–32
ИСО СОЛИҚЧИ МАТТОНИ ШОГИРДИ БЎЛИШГА ТАКЛИФ ҚИЛАДИ
ГУНОҲКОРЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ УЧУН МАСИҲ УЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛАДИ
Шол кишига шифо берганидан кейин ҳам, Исо Жалила денгизининг соҳилида жойлашган Кафарнаҳумда қолади. Унинг ёнига яна халойиқ йиғила бошлайди ва Исо уларга таълим беради. Кейин у Леви деб аталмиш Маттони кўриб қолади, у солиқ идорасида ўтирган бўлади. Исо унга: «Менинг издошим бўлинг»,— дейди. (Матто 9:9)
Бутрус, Идрис, Ёқуб ва Юҳанно каби эҳтимол, Матто ҳам Исонинг айрим таълимотлари ва ишлари ҳақида биларди. Уларга ўхшаб, Матто ҳам Исонинг таклифини ўша заҳотиёқ қабул қилади. Бу ҳақида Матто ўзи баён этган хушхабарда шундай деган: «У [Маттонинг ўзи] эса ўрнидан туриб, Исонинг кетидан эргашади». (Матто 9:9) Матто солиқ йиғиш ишини қолдиради-да, Исонинг шогирди бўлади.
Кейинроқ, эҳтимол Исонинг таклифи учун миннатдор эканини кўрсатиш ниятида, Матто уйида катта зиёфат уюштиради. Исо ва унинг шогирдларидан ташқари у ерга собиқ ҳамкорларини ҳам таклиф этади. Бу одамлар ҳамма нафратланадиган Рим ҳукумати учун бандаргоҳга сузиб келадиган кемалардан, асосий йўллардан ўтадиган карвонлардан солиқ йиғишарди. Шунингдек, бошқа жойлардан келтириладиган савдо-сотиқ моллари учун ҳам солиқ олишарди. Хўш, яҳудийлар солиқчиларга қандай муносабатда? Одамлар улардан нафратланишади, сабаби солиқчиларнинг кўпи одамлардан керагидан ортиқ пул талаб қилишади. Бу зиёфатда «гуноҳкор деб танилган» бошқа одамлар ҳам бўлади. (Луқо 7:37–39)
Исонинг бундай кишилар билан ўтирганини кўриб, фарзийлар унинг шогирдларидан: «Нега устозингиз солиқчилар ва гуноҳкорлар билан еб-ичиб ўтирибди?» — дея сўрашади. (Матто 9:11) Бу гапни эшитиб, Исо шундай дейди: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож. Шунинг учун бориб: “Мен қурбонлик эмас, раҳм-шафқат истайман”,— деган сўзлар нимани англатишини билиб олинглар. Ахир мен одил кишиларни эмас, гуноҳкорларни даъват этгани келганман». (Матто 9:12, 13; Ҳўшея 6:6) Фарзийлар Исони «устоз» деб аташлари чин юракдан бўлмайди, лекин улар адолат борасида Исодан ўрганишлари мумкин.
Солиқчилар Исони тинглаб маънан соғайишсин, деб Матто уларни уйига таклиф қилган бўлса керак. Чунки «кўпгина солиқчилар ва гуноҳкорлар... Исонинг орқасидан эргашиб келишган эди». (Марк 2:15) Исо уларга Худо билан яхши муносабатларни ривожлантиришга ёрдам беришни истайди. Ўзини одил деб ҳисоблаган фарзийлардан фарқли ўлароқ, у бундай одамлардан нафратланмайди. Аксинча, уларга раҳми келади. Исо маънавий шифокор сифатида маънан касал бўлганларнинг барига ёрдам бера олади.
Исо жисмонан касал бўлганларга нисбатан раҳмдил бўлгани каби гуноҳкорлару солиқчиларга нисбатан раҳмдил бўлган. Лекин Исо уларнинг гуноҳларига кўз юммаган. Мисол учун, эсингизда бўлса Исо раҳмдиллик ила мохов кишига қўлини теккизиб: «Албатта истайман. Пок бўлинг»,— деган эди. (Матто 8:3) Шундай экан, биз ҳам муҳтожларга раҳмдилликни намоён этиб, уларга айниқса маънавий тарафдан ёрдам беришимиз керак эмасми?!