28- БОБ
Рўза тутиш ҳақида савол
МАТТО 9:14–17 МАРК 2:18–22 ЛУҚО 5:33–39
ЯҲЁНИНГ ШОГИРДЛАРИ ИСОДАН РЎЗА ТУТИШ ҲАҚИДА СЎРАШАДИ
Исо мил. 30 йили Фисиҳ байрамини нишонлаганидан озгина вақт ўтиб, Яҳёни қамоққа ташлашди. Мана, Яҳё бир неча ой қамоқда ўтирибди. У ўзининг шогирдлари Исога эргашишларини хоҳлар эди-ю, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бундай қилмайди.
Мил. 31 йил Фисиҳ байрами яқинлашганда, Яҳёнинг шогирдларидан баъзилари Исонинг олдига келиб: «Биз ва фарзийлар рўза тутамиз-у, лекин нега сизнинг шогирдларингиз рўза тутишмайди?» — дея сўрашади. (Матто 9:14) Фарзийлар учун рўза тутиш диний урф-одатдек бўлган. Кейинчалик Исо бир фарзий ҳақида яққол мисол келтиради. Фарзий ўзини одил деб ҳисоблаб, шундай деб ибодат қилади: «Ё Аллоҳ, Сенга минг қатла шукурки, мен бошқалар сингари... эмасман. Мен ҳафтасига икки марта рўза тутаман». (Луқо 18:11, 12) Яҳёнинг шогирдлари ҳам шу одатга амал қилишаётгандир ёки улар устози ҳибсга олинганидан қайғуриб рўза тутишаётгандир. Улар нега Исонинг шогирдлари бундан қайғуришмаётганини ва рўза тутишмаётганини билишмоқчи.
Уларга жавобан Исо шундай дейди: «Куёв жўралари билан бўлган пайтда жўралари қайғуришадими? Аммо куёв улардан айриладиган кунлар келади. Ўшандагина улар рўза тутишади». (Матто 9:15)
Яҳёнинг ўзи Исони «куёв» деб атаган. (Юҳанно 3:28, 29) Ҳозир Исо шогирдлари билан бирга, шунинг учун улар рўза тутишмайди. Кейинчалик, Исо вафот этганда, шогирдлари қайғуриб, рўза тутишади. Аммо Исо тирилганидан сўнг қайғуриб, рўза тутишга ҳожат қолмайди.
Кейин Исо яна иккита мисол келтиради: «Ҳеч ким эскирган устки кийимга янги матодан ямоқ тикмайди. Чунки янги мато сувга кирганида, эскирган кийим баттар йиртилади. Ҳеч кимса янги шаробни эски мешларга қуймайди. Сабаби мешлар йиртилиб, шароб тўкилиб кетади ва мешлар яроқсиз бўлиб қолади. Аксинча, янги шаробни янги мешларга қуйишади». (Матто 9:16, 17) Қизиқ, Исо бу билан нима демоқчи бўлади?
Яҳёнинг шогирдлари шуни тушунишлари керакки, Исонинг издошлари рўза тутиш каби яҳудийларнинг эски урф-одатларига амал қилишмайди. Исонинг ер юзига келишидан мақсад, эскириб ўз хизматини ўтаб бўлган ва йўқ қилиниш арафасида турган топинишга «ямоқ тикиб», унинг умрини узайтириш эмас. Исо айтган топинишни ўша даврдаги инсоний урф-одатлар билан чалкашиб кетган яҳудийлик динига мослаштириб бўлмайди. Ҳа, Исонинг эски кийимга янги ямоқни тикиш ёки эски мешларга янги шаробни қуйиш нияти йўқ эди.